frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

ГИЁҲВАНДЛИК-АСР ВАБОСИ

25.06.2024   10182   4 min.
ГИЁҲВАНДЛИК-АСР ВАБОСИ

Кейинги асрларда бутун курраи заминга кенг тарқалган бир иллат бугунги кунда ҳаммамизга ташвиш бўлмоқда. Бу иллат – гиёҳвандлик.

  Гиёҳвандлик нафақат бу иллат билан шуғулланувчиларга, балки бутун жамиятга таҳдид солади. Шунинг учун ҳам ҳар йили 26 июн Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни деб эълон қилинган.

   Инсон учун энг бебаҳо бойлик – бу соғлик-саломатликдир. Уни асраш эса ҳар биримизга омонат қилиб берилган. Ислом динида ҳам инсон жони, ақли ва сиҳат-саломатлигини сақлаш, муҳофаза этиш энг муҳим мақсадлардан бўлиб ҳисобланади.

 Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш инсон камолотига, имон-эътиқодига хавф хатар солиш билан бир қаторда мустақил мамлакатимиз ривожланиши ва тараққиётига ҳам ўта салбий таъсир кўрсатади.

 Инсоннинг эътиқоди кучли, мустаҳкам бўлиши билан бирга тани, жисми ҳам соғ, чиниққан, ҳар қандай қийинчилик ва машаққатларга бардош бера оладиган бўлмоғи лозим. Бу ҳақда Ҳазрати жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар:

“Кучли, бақувват мўмин киши Аллоҳ наздида кучсиз мўминдан кўра яхшироқ ва севимлироқдир”.

Демак, инсон Аллоҳга маҳбуб бўлиш йўлида сиҳат-саломатлиги ва соғлиғига катта аҳамият бериши ва уни барча зарарли нарсалардан, хусусан гиёҳвандлик, бангилик каби иллатлардан сақламоғи вожибдир. Зеро, Аллоҳ таоло бизларга Ўзининг покиза неъматларини инъом қилиб, ўша покиза неъматлардангина истеъмол қилишга буюрган: “Эй инсонлар! Ердаги нарсалардан покиза ҳалол ҳолатда енглар! Ва Шайтоннинг изларига эргашманглар! Албатта, у сизларга очиқ душмандир”. (Бақара. 168)

Гиёҳвандлик иллати бугунги кунда дунё ҳамжамиятининг долзарб муаммосига айланди. Турли соҳа мутахассислари ушбу ижтимоий муаммо бўйича иш олиб бормоқдалар. Гиёҳвандликка қарши курашиш юзасидан маҳаллий ва халқаро ташкилотларнинг барчаси инсониятни, хусусан ёш авлодни бу хатарли балодан сақлаб қолиш ташвишида кенг кўламли ишларни амалга ошириб келмоқда. Дарҳақиқат, бугунги кунда гиёҳвандликка қарши курашиш ҳар биримизнинг вазифамиздир.

Гиёҳвандликнинг кишилар соғлиғига, оилаларга, иқтисодга, одоб-аҳлоққа, умуман инсон ҳаётининг барча соҳаларига солаётган таҳдиди кун сайин, соат сайин ортиб бормоқда.

Аллоҳ таоло бу ҳақда барчаларимизни огоҳлантириб, айтади: “...Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!” (Бақара. 195)

“Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳмлидир”. (Нисо. 29)

Динимиз таълимотларида инсон ҳаёти, соғлиғига зарар берадиган, ақл-ҳушини карахт қиладиган ҳар қандай гиёҳванд модда у қандай кўринишда бўлишидан қатъий назар, зарарли деб ҳисобланади.

Гиёҳвандлик ёки бангиликнинг бошланиши ва келиб чиқишига сабаб бўлган омиллар ҳақида тўхталганда қуйидагиларга эътибор қилиш лозим:

Биринчидан: гиёҳванд моддаларга мойиллик, унга ўрганиб қолишликда шахснинг ҳолатлари аҳамиятликдир. Масалан, тажанглик, асабий ҳолатлари, ўзини назорат қила олмаслиги, иродасизлиги, ўз талабини қондира олмаслик, баъзи ҳаётий қийинчиликларга бардош бера олмаслик.

Иккинчидан: ёш авлодни келгусидаги жисмоний ва маънавий шаклланиши, асосан оиладаги муҳит, ота-онасининг кимлиги, оилада қандай ўрин эгаллашига, эр-хотиннинг ўзаро муомаласига, фарзандининг ҳар томонлама шаклланишида улар олиб бораётган тарбиявий ишларга боғлиқ.

Учинчидан: ҳаёт шуни кўрсатадики, ёш авлоднинг камол топишида, маълум бир фойдали яхши ёки ёмон йўлга киришида атроф теваракдаги ўртоқлари, ошна-оғайнилари, айниқса ўша муҳитдаги ўртоқларининг таъсири каттадир.

Шунинг учун оилада, ёшларнинг тарбиясида ҳамма вақт уларни қаерда ва кимлар билан биргаликда бўлишлари, нима иш билан машғул эканлари, қандай ўртоқлари борлигини назорат қилиш жуда муҳимдир.

Инсон ҳаёти, ёш авлод келажагига раҳна солиши мумкин бўлган гиёҳвандлик-бангиликка қарши курашиш мустақил юртимизнинг ҳар бир фуқароси, қолаверса, ҳар биримизнинг муҳим вазифаларимиздан бўлиб ҳисобланади. Зеро, жамият ҳаётидаги мавжуд ҳар қандай зарарли иллатни йўқ қилиш ва унинг олдини олиш ҳар биримизнинг вазифамиз, шарафли бурчимиздир.


Муҳаммад Ибрагимов,
Наманган шаҳар Исмоил Махдум жоме
масжиди имом хатиби

Бошқа мақолалар

“Azzaman” газетаси: Янги Ўзбекистонда кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда

11.08.2026   66338   2 min.
“Azzaman” газетаси: Янги Ўзбекистонда кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда

Ироқнинг “Azzaman” газетасида “Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги: Давлат барпо этишдан Учинчи Ренессанс сари” номли мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Мақолада таъкидланишича, Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида босиб ўтган тараққиёт йўли, амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузи тобора юксалиб бормоқда.

1991 йилда қўлга киритилган мустақиллик Ўзбекистон халқи ҳаётида тарихий бурилиш ясаб, миллий давлатчилик асосларини шакллантириш, иқтисодий тараққиёт пойдеворини яратиш ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш жараёнини бошлаб берди.

2016 йилдан бошлаб Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатда “Янги Ўзбекистон” тамойили асосида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу жараёнда Ўзбекистон Марказий Осиёда изчил ва мувозанатли ривожланиш йўлидан бораётган давлат сифатида эътироф этилмоқда.

Муаллиф Ўзбекистонда сўнгги йилларда иқтисодиётни либераллаштириш, инвестицияларни жалб этиш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инфратузилмани модернизация қилиш, рақамлаштириш ва тадбиркорлик муҳитини яхшилаш борасида амалга оширилган чора-тадбирларга эътибор қаратган.

Мақолада аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, таълим ва соғлиқни сақлаш хизматлари сифатини ошириш, ёшлар ҳамда хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар ҳақида ҳам алоҳида фикр юритилган.

Нашрда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Учинчи Ренессанс” ғояси Ўзбекистон тараққиётининг муҳим стратегик йўналишларидан бири сифатида баҳоланган. Унда Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий ва Имом Термизий каби буюк алломалар етишиб чиққан юрт бугунги кунда илм-фан, инновация, технология ва инсон капиталини ривожлантириш орқали янги уйғониш даврини яратишга интилаётгани қайд этилган.

Ироқ матбуоти Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси тарихидаги ўрнига ҳам тўхталиб, мамлакатда бой илмий-маърифий меросни ўрганиш ва тарғиб қилишга қаратилган лойиҳалар амалга оширилаётганини таъкидлаган. Жумладан, Тошкент шаҳрида бунёд этилган Ислом цивилизацияси маркази Мовароуннаҳр алломаларининг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссасини намойиш этувчи муҳим илмий-маданий маскан сифатида қайд этилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари