Муҳаррам ойи қандай ой? Муҳаррам ойи – мусулмонлар тақвимининг биринчи ойидир. Бу ой Аллоҳ таоло уруш, қон тўкишни ҳаром қилган (Зулҳижжа, Зулқаъда, Муҳаррам, Ражаб) тўрт ойнинг бири бўлиб, унинг ўнинчи куни яъни, ашуро куни алоҳида фазилатларга эга.
Ашуро қандай кун? Бу кун ҳақида Набий (алайҳиссалом): “Бу шундай яхши кундирки, бу кунда Аллоҳ Бани Исроилни душманларидан қутқарган. Шу боис Мусо алайҳиссалом бу кунда рўза тутган. Мен Мусога кўпроқ (яқин бўлишга) ҳақлироқман”, дедилар ва у кунда рўза тутиб, одамларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрдилар” (Имом Бухорий ривояти).
Ашуро куни қандай фазилатларга эга? Бу кун рўза тутиш ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ашуро кунининг рўзаси – Аллоҳдан умид қиламанки – бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Бу кун яқинларга кенгчилик қилиш, бир йиллик кенгчиликка сабаб бўлади. Абу Саъд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Набий (алайҳиссалом): “Ким Ашуро куни аҳли аёлига ҳадя улашса, Аллоҳ йилнинг барчасида унга ҳам ҳадя улашади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Суфён ибн Уяйна (раҳматуллоҳи алайҳ): “Бу ҳадисни олтмиш йил тажриба қилдим ва фақатгина яхшилик кўрдим”.
Ашуро кунини Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қандай ўтказардилар? Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу кунни ўтказиб юбормаслик учун қаттиқ ҳаракат қилардилар, унинг савобига эришиш учун бу куннинг келишини интиқлик билан кутардилар. Бу ҳақда Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни Ашуро куни рўзасини бошқасидан афзал кўриб, соғиниб, Рамазон ойи рўзасини кутиб соғингандек, бошқа кун ва ой рўзасини кутганларини кўрмадим” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Эсда тутинг! Муҳаррам ойининг ёлғиз ўнинчи кунида эмас, балки бу кунга қўшиб, бир кун олдинги ёки бир кун кейинги кунда ҳам рўза тутиш лозим.
Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ашуро куни рўзасини тутиб, одамларни ҳам бу куннинг рўзасини тутишга буюрганларида, саҳобалар: “Ё, Расулуллоҳ! Бу кун яҳудий ва насронийлар улуғлайдиган кун-ку!” дейишди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ хоҳласа келаси йил тўққизинчи куни ҳам тутамиз”, дедилар. Аммо, келаси йил келмасидан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафот этдилар (Имом Муслим ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД тайёрлади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳаётда инсон учун одоб ва маданият асосий масала ҳисобланади. Улар билан хулқ гўзал, амал зийнатли бўлади. Кечасию кундузи содир қилинадиган турли-туман яхши амаллар натижасида жамият аъзолари ўртасида тотувлик, иттифоқ пайдо бўлади. Шунинг учун Ислом шариати инсон ҳаётининг ҳар бир жабҳасида одоб ва ахлоқ борасида раҳнамолик қилади. Зеро, Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳар бир яхшиликка муваффақ қилувчи ва ёрдам сўралувчи Зотдир.
Қуйида сафар одоблари ва унга оид баъзи масалаларни зикр этиб ўтамиз.
1. Сафар олдидан истихора қилиш.
2. Гуноҳ-маъсиятлардан тавба қилиш.
3. Имкон қадар қарзларини тўлаш ёки шу ишга вакил тайинлаш, омонатларни эгаларига топшириш каби ишлар билан зиммасидаги бошқаларнинг ҳақини ҳалоллаб олиш.
4. Аҳли аёлини нафақа билан таъминлаш.
Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ сафар қилувчи сафарга чиқишдан олдин баъзи вазифаларни адо этиши лозимлигини айтиб ўтганлар:
а) Аҳли аёлини нафақа билан таъминлаш;
б) Ўзида бирон кишининг омонати ёки қарзи бўлса, уни адо этиш;
в) Бирор ишга масъул бўлса, ишидаги жорий интизомга риоя қилиш;
г) Сафар харажатлари ҳалолдан бўлиши.
5. Ота-онасини ёки итоат этиши вожиб бўлган кишиларни рози қилиш.
6. Жума куни завол вақтидан олдин сафарга чиқиш.
7. Солиҳ ҳамроҳ танлаш.
Шерик танлаш сафарнинг муҳим жиҳатларидан бўлиб, танланган ҳамроҳ тақводор, яхши фикрли, тоат ва ибодатда кўмакчи бўлиши лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эҳтиёт юзасидан тунда ёлғиз сафар қилишдан қайтарганлар.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлар ёлғизликда нималар борлигини мен билганчалик билганларида, бирорта отлиқ кечаси ёлғиз юрмас эди», деганлар» (Имом Бухорий ривояти).
Абу Бурда ибн Абу Мусо отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Солиҳ суҳбатдош билан ёмон суҳбатдош мушк соҳиби билан темирчининг дам ургичига ўхшайди. Мушк соҳибидан қуруқ қайтмайсан – ё уни (мушкни) сотиб оласан, ё ҳидини туясан. Темирчининг дам ургичи эса баданингни ёки кийимингни куйдиради ёхуд ундан нохуш ҳид туясан» (Имом Бухорий ривояти).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳамроҳларнинг энг яхшиси тўрт киши бўлишидир», дедилар» (Доримий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг наздида ҳамроҳларнинг энг яхшиси – ҳамроҳига яхши бўлганидир. Аллоҳнинг наздида қўшниларнинг энг яхшиси – қўшнисига яхши бўлганидир», дедилар» (Имом Термизий ривояти).
8. Биродарларига сафарга кетаётганини билдириб, уларнинг хайрли дуоларини олиш.
9. Имкони бўлса, сафарга пайшанба куни чиқиш.
10. Ҳаж сафари учун ажратилган молнинг ҳалол бўлишига, шубҳадан холи бўлишига қаттиқ эътибор бериш.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтадилар:
«Мусофирнинг зоди роҳиласи (сафарга сарфлайдиган харажатлари) ҳалол, покиза бўлиши, сафар мобайнида (ён-атрофдагиларга) ширинсуханлиги, ҳамсафарларига хушмуомалалиги, еб-ичиш ва харажатларда қўлидан келганича уларга ёрдам бериши улуғ инсон эканининг аломатидир».
11. Сафарга тонг саҳарда чиқиш.
12. Сафар олдидан икки ракъат намоз ўқиш.
13. Садақа қилиш.
14. Сафар анжомларини олиш.
15. Ҳамроҳлардан бирини бошлиқ қилиб сайлаш.
Ҳадиси шарифда сафардаги шериклар тажрибали, омонатдор, фаҳм-фаросатли, солиҳ кишини бошлиқ қилиб сайлаб, унга итоат этишга буюрилганлар.
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сафар қилувчилар уч киши бўлса, албатта бирларини бошлиқ қилиб олсинлар», деганлар» (Абу Довуд ривояти).
16. Қариндош, дўст-биродарлари билан видолашиш.
17. Сафар дуоларини ўқиш.
Сафар олдидан, сафар асносида, сафардан қайтганда ўқиладиган дуо ва зикрлар ҳадиси шарифларда келган. Аллоҳ насиб этса, кейинги сонларда ўша дуолардан баъзиларини зикр қиламиз.
Абдуманнон Абдуллоҳ