Индонезия Шариат Банки (Sharia Bank of Indonesia (BSI)) раҳбари Хари Гунарди мамлакат жаҳон савдосида ҳалол маҳсулотларнинг етакчига айланиш имкониятига эга эканлигини таъкидлади. Бу ҳақда IQNA сайтининг “VOI” нашрига таяниб хабар берди.
Унинг қайд этишича, Индонезияда 65 миллионга яқин кичик ва ўрта корхоналарда BSI билан ҳалол турмуш тарзининг жорий этилиши Индонезияга ҳалол маҳсулотларнинг жаҳон савдосида етакчи бўлиш учун янги имконият берган. Бундан ташқари, у мамлакатда ҳалол маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналар жаҳонда ҳалол маҳсулотлар ишлаб чиқариш қутби сифатида глобал марказ яратиш имкони борлигини ҳам юқори баҳолади. Шунингдек, Хари Гунарди буни маҳаллий ва халқаро ҳамкорлар орқали амалга ошириш мумкинлигини билдирди.
– Ҳалол саноати Индонезияда ҳам, жаҳон миқёсида ҳам катта салоҳият ва талабга эга бўлган соҳадир”, дейди у ўз нутқида. – Aҳолиси 85 фоиздан ортиқ мусулмон бўлган Индонезия, ҳалол саноатида жаҳонда етакчи бўлиш ва ҳар бир фаолият соҳасига ҳалол турмуш тарзини жорий этиш учун ажойиб имкониятга эга.
Aввалроқ, Индонезия вице-президенти Маъруф Aмин Индонезия BSI халқаро кўргазмасини ташкил этиш орқали Индонезия исломий молия саноати бошқа мамлакатларга ҳам кенгайишига умид билдирган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бугун, 1 июнь куни Ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа таклифига биноан Жидда шаҳрида ташкил этилган 49-ҳаж анжуманида Ўзбекистон делегацияси вазирлар, муфтийлар, уламолар ва ҳаж хизматига алоқадор турли соҳалар етакчилари билан бирга иштирок этди.
Мамлакатимиз делегацияси таркибида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, “Ҳаж” ва “Умра” бўйича атташе Шуҳрат Амоний ва бир қатор соҳа мутасаддилари қатнашди.
Қуръони карим тиловати билан бошланган анжуманни мамлакат Ҳаж ва умра ишлари вазири кириш сўзи билан очиб, мартабали меҳмонларни Маккаи мукаррамага ташрифлари ва нуфузли тадбирдаги иштироки билан қутлаб, ҳаж мавсумини юқори даражада ўтказиш юзасидан амалга оширилаётган янги лойиҳалар тўғрисида сўзлади.
Халқаро анжуман доирасида ҳаж ибодатини енгиллаштириш, зиёратчиларга қулай шароит яратиш, жорий ҳаж мавсуми ёзнинг иссиқ кунларига тўғри келаётгани, ҳожилар саломатликларига эътибор қилишлари, Арафот ҳудудидаги Раҳмат тоғига чиқишдан сақланишлари, шунингдек, ҳаж хизматидаги ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби муҳим мавзулар муҳокама қилинди.
Халқаро анжуманда Саудия Арабистони Подшоҳлигининг зиёратчиларга хизмат кўрсатиш соҳасида амалга ошираётган кўламли ишлари ҳақида сўз юритилди. Мусулмонларга хизмат қилиш учун Икки Муқаддас Масжиддаги энг муҳим лойиҳа ва катта ўзгаришлар тақдимот қилинди. Шунингдек, ҳаж амалини адо этишда қонуний рухсатномаларга ва амалдаги қоидаларга риоя қилиш алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Маълумот ўрнида, ушбу симпозиум 1970 йилдан буён ҳар йили ўтказилади. Бу йилги анжуманда 50 дан ортиқ давлатдан 500 дан зиёд олим ва мутафаккирлар мавзу юзасидан муҳим масалаларни муҳокама қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати