Бугун пойтахтимиздаги Маърифат марказининг Симпозиумлар саройида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан “Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс асоси” Ўзбекистон олимлари форуми ўз ишини давом эттирди.
Куннинг биринчи ярмида илмий анжуманнинг ялпи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Сенати ва Олий Мажлиси аъзолари, Президент маслаҳатчилари, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази, Фанлар академияси ва бир қатор илмий-тадқиқот институт мутасадди ва профессор-ўқитувчилари, олимлар, уламолар, диний соҳа мутахассислари иштирок этди.
Анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари сўзга чиқиб: “Биз аждодларимиз билан доимо фахрланиб келамиз. Энди уларга муносиб бўлиш вақти келди. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бунинг учун барча шароитлар муҳайё этилади, етук уламолар иштирокида учрашувлар қиламиз, илмий суҳбатлар қурамиз.
Марказда аждодларимизнинг асарлари тадқиқ этилади, таржималари амалга оширилади, таҳлил қилинади. Ушбу мақсадда Ўзбекистоннинг энг етакчи олимлари, мутахассислари, илмий изланувчилари, ҳатто хорижнинг етук алломалари жалб қилинади. Шу боис ушбу марказ юртимизда илмий изланиш олиб бораётган тадқиқотчиларнинг энг муҳим масканига айланишига ишонамиз”, дея таъкидлаб, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази келгусида чин маънода III Ренессанс асоси бўлишга умид билдирди.
Илмий анжуман давомида сўзга чиққанлар, Президентимизнинг бевосита ташаббуслари билан барпо этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Марказий Осиёда ягона экани, у келгусида III Ренессанснинг маънавий-марифий устунларидан бирига айланиши ва бунинг учун бугунги кун олимлари олдида катта вазифалар тургани ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Куннинг иккинчи ярмида форум шўъбаларга бўлинган ҳолда давом этди. Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказининг келгуси фоаолиятига оид бағишланган семинарлар ва тақдимотлар бўлиб ўтди.
Форумда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг уламо ва имом-хатиблари фаол қатнашиб, мавзулар доирасида ўзининг таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Жорий йил 25-26-июл кунлари Россия Федерацияси мусулмонлари диний бошқармаси томонидан Қозон шаҳрида ташкил этилаётган “Маънавий ипак йўли: Катта Евроосиё маконида анъанавий қадриятларнинг маъноси” мавзусидаги В халқаро илмий-теологик конференцияси бўлиб ўтмоқда.
Ушбу конференцияда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Дин ва миллатлараро муносабатлар масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари О.Салиев, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Д.Махсудов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари М.Муҳаммадсиддиқов ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори У.Ғафуров иштирок этмоқда.
Конференцияда “Маънавий ипак йўли: Катта Евроосиё ҳудудида анъанавий қадриятларнинг аҳамияти”, “Катта Евроосиё халқлари: кундалик диний ҳаётнинг замонавий этнографик тадқиқотлари”, “Қуръоннинг замонавий ислом маданияти ва таълимда акс этиш шакллари” каби мавзулар муҳокама қилиниши режалаштирилган.
Маълумот учун, Ушбу конференцияда Россия, Хитой, Қирғизистон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, БАА, Баҳрайн, Қатар, Ҳиндистон, ЖАР, Эфиопея, Бразилия, Хитой, Эрон, Миср, Белорус, Монголия давлатларининг мусулмон диний идоралари, тегишли ташкилотлари ҳамда экспертлари иштирок этмоқда.
Ушбу конференция дастлаб 2016-йил Хитойнинг Урумчи шаҳрида бўлиб ўтган, кейинчалик, 2017-йил Қозон, 2018-йил Бишкек, 2019-йил Остона шаҳрида ташкил этилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати