30 июнь – “Ёшлар куни” муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг Диний идора тизимида хизмат қилаётган ёшларга мурожаатномаси Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти, Тошкент шаҳри ва вилоятлар вакилликлари мутасаддилари томонидан ҳудудларда диний соҳада меҳнат қилаётган ёшларга ўқиб эшиттирилди.
Мурожаатномада сўнгги йилларда мамкатимизда баркамол авлодни қўллаб-қувватлаш, уларга кенг имкониятлар яратиш борасида кенг кўламли ишлар қилинаётгани, ўз навбатида, келажагимиз ворислари ҳам бундай имкониятлардан фойдаланган ҳолда кўплаб ютуқларга эришаётгани таъкидланган.
Шунингдек, динимизда навқирон ўғил-қизларга катта эътибор қилингани, бу борада ояту карима, ҳадиси шарифлар борлиги қайд этилиб, фарзандларимизни илму маърифат эгаллаш, она Ватан равнақи ва муборак динимиз ривожи йўлида собитқадам бўлишга чақирилган.
Ўтказилган тадбирларда 30 июнь – “Ёшлар куни” муносабати билан вакилликлар томонидан ёшларга эсталик совғалари топширилди ва дастурхон ташкил этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Шу йилнинг 22 апрель куни Андижон вилояти бош имом-хатиби Мирзамақсуд домла Алимов бошчилигида Марҳамат туманидаги “Обиджон Ботиров” жоме масжидида вилоятнинг шаҳар ва туманлари бош имом-хатиблари, отинойилар ва ҳожилар иштирокида туманда фаолият кўрсатаётган масжид имом-хатибларининг фаолият самарадорлигини ошириш юзасидан сайёр семинар йиғилиши ўтказилди.
Даставвал семинар иштирокчилари бўлган шаҳар-туман бош имом-хатиблар, отинойилар томонидан ўзларига бириктирилган хонадонларга кириб, аҳоли билан юзма-юз кўришиб, уларга маънавий ва моддий ёрдамлар кўрсатилди. Сўнгра шаҳар-туман бош имом-хатиблари ўзига бириктирилган масжидларда пешин намозини адо этиб, намозга келган жамоатга маърифий суҳбатлар қилиб берди.
Семинарда нотиқлар томонидан Марҳамат туманидаги масжидларнинг фаолияти ҳақида кенг маълумотлар берилиб, имом-хатибларнинг фаолият самарадорлиги ошириш бўйича керакли кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Шунингдек, тумандаги масжидларда имом-хатиблик фаолиятида намунали ва фаол меҳнат қилаётган қатор имом-хатиблар вилоят бош имом-хатибининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Тадбир якунида қози домла бошчилигида масжид ҳудудига яхши ниятлар ила манзарали дарахт кўчатлари ўтказилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Андижон вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати