Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Июл, 2025   |   22 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:25
Қуёш
05:05
Пешин
12:34
Аср
17:39
Шом
19:58
Хуфтон
21:30
Bismillah
17 Июл, 2025, 22 Муҳаррам, 1447

“Масжидун Набавий” кучли жазирамага тайёрланди

26.06.2024   2971   1 min.
“Масжидун Набавий” кучли жазирамага тайёрланди

Саудия Арабистонининг Икки Муқаддас Масжид масжиди ишлари бўйича бош бошқармаси ҳаждан янги келган зиёратчилар келиши олдидан Пайғамбаримиз масжиди “Масжидун Набавий”ни ёзнинг жазирама иссиғига чидамли этиб тайёрлади.

Ҳароратнинг ошишини инобатга олган ҳолда, бошқарма томонидан мусулмонларнинг қулайлиги ва фаровонлигини таъминлаш учун махсус чора-тадбирлар амалга оширилди.

Юқори технологияли кондиционер (совутгич) тизими “Масжидун Набавий”даги ҳарорат шароитларини тартибга солишда муҳим роль ўйнайди. Ушбу тизимнинг марказий стансияси бутун муқаддас масжид бўйлаб салқин ҳавони самарали тарқатиш учун илғор технологиялардан фойдаланган ҳолда дунёдаги энг йирик сув совутгичлар билан жиҳозланган, деб ёзади, IslamNews “ Asharq al-Awsat ” нашрига таяниб.

Масжиднинг ҳовли ҳудудларида зиёратчилар автоматик тизимда ишлайдиган 250 та улкан соябон остида жазирама иссиқдан ҳимояланишади. Сув пуркагич вентиляторлари масжид ва унинг радиусидаги ҳавони янада совутади, марказий сув пуркагич тизими мунтазам стерилизация қилинади. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Дунё янгиликлари
Бошқа мақолалар

Қарияни овора қилибсан-ку

14.07.2025   4522   3 min.
Қарияни овора қилибсан-ку

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ниҳоят, Макка фатҳ бўлди. Бир пайтлар ғордан ваҳий даҳшатидан титраб-қалтираб ёлғиз тушиб келган бир нафаргина Инсон бутун бир умматга айланди.

Тун зулматида Қурайш ўлдиришга қасд қилган Инсон Маккадан содиқ дўсти билан Мадина томон чиқиб, бир неча йилдан сўнг Макканинг тўрт дарвозасидан куппа-кундуз куни ғолиб бўлиб кириб келди! Курайш эса, ўша куни ўзларидан қасос олинишини кутиб, у зотнинг олдида бош эгиб ўтирарди. Уларни нима қилди деб ўйлайсиз?

У кишини ёлғончига чиқарганларни, азият берганларни, Каъба атрофида сажда қилаётганида устига туянинг эшини (яъни, кўп китобларда " سَلَى جَزُور"ни туянинг ичак-чавоғи деб ёзишади. Устоз Абдул Азим Зиёуддин домла «Нурул яқийн» китобларида ёзган изоҳда бундай тушунтирганлар: «Имом Бухорий ривоятида سَلَى جَزُور ва Муслим ривоятида سَلَى جَزُور, яъни «туянинг қоғоноғини» дейилган. Қоғоноқ — ҳомилани ўраб турувчи шиллиқ парда, йўлдош.) ағдарганларни, Абу Толиб дарасида қамал қилганларни, у кишини ёлғончи, сеҳргар, мажнун деб айблаганларни, сўнгра у кишини ўлдириш учун ҳар бир қабиладан биттадан киши танлаб, у кишининг қони барчага тарқалиши учун биргаликда ўлдирмоқчи бўлганларни нима қилди деб ўйлайсиз?

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан қасос олмадилар. Балки уларга: «Бораверинглар, сизлар озодсизлар!» дедилар!

Абу Бакр розияллоҳу анҳу уйига бориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилишлари ва исломга кириши учун қартайиб қолган, оёқларини кўтаришга ҳам мажоли йўқ отаси Абу Қуҳофани олиб келди. У ҳали-ҳамон иймон келтирмаган эди. Уни кўрган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қарияни овора қилибсан-ку, уни уйида қолдирсанг бўлмасмиди, биз ўзимиз унинг олдига борар эдик», дедилар.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу айтди: «Ё Аллоҳнинг Расули! Сизнинг боришингиздан кўра отам келиши тўғрироқдир».

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ўтиришга таклиф қилдилар. Унинг кўксини силадилар ва: «Мусулмон бўл», дедилар. Абу Қуҳофа иймон келтирди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу йиғлади. Қўлида кўп саҳобалар исломга кирган, кўп буюклар иймонга кирган буюк саҳобанинг отаси энди Исломга кирди...

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одобларига қаранг! У киши ёши бир жойга бориб қолган қариянинг ҳузурларига келишини ноўрин билдилар. Ўзлари унинг олдига боришга тайёр эканликларини айтдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо ёши катталарга шафқатли эдилар. Доимо: «Сочлари оқарган мусулмонни икром қилиш Аллоҳни улуғлашдандир!» дер эдилар.

Бир қария Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни қидириб келди. Саҳобалар унга йўл беришмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга: «Кичигимизга раҳм қилмаган, каттамизни ҳурмат қилмаганлар биздан эмас!» дедилар.

Қарияларга худди отамиз ёки бобомиз каби муомалада бўлишимиз лозим. Онахонларга эса онамиз ёки бувимиз каби муомалада бўлишимиз керак. Инсон қариганда ўзининг заифлиги, беморлиги ва ожизлигига қараб қачонлардир ёш бўлганини, кучли бўлган пайтларини эслайди, эзилади. Гарчи бошқаларга кўрсатмаса-да, қалбида синиқликни ҳис қилади. Бу синиқликка фақатгина атрофдагилар берадиган эътибор ва ҳурматгина даво бўла олади! Кўнгил олиш ибодатдир!


«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди