Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Тошкент шаҳридаги "Фирдавс" жоме масжиди имом-хатиби Бахтиёр домла Сатторовнинг волидаи муҳтармалари вафоти муносабати билан у кишининг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳума онахонни Ўз мағфиратига олсин, иймонлари ва солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айласин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Охират сафарига кузатилган онахон эл корига ярайдиган, дину диёнат йўлида хизмат қиладиган фарзанд ва невараларни ўстирдилар, чиройли тарбия қилдилар.
Ҳақ таоло марҳума онахоннинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳума онахоннинг яқинларига, хусусан, Бахтиёр домлага ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бугун, 14 сентябрь куни Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг навбатдаги VII йиғилиши ўз ишини бошлади.
Анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Аллоҳшукур Пошшозода, Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раиси Сафи Арпагуш, Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули, Қирғизистон мусулмонлари диний назорати раиси, муфтий Абдулазиз қори Закиров ҳамда бошқа қардош ва хорижий давлатлар уламоларидан иборат нуфузли делегациялар иштирок этмоқда.
Ялпи мажлисда нутқ сўзлаган муфтийлар ўз маърузаларида қуйидаги устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратмоқдалар:
– Кенгаш қошидаги Фатво ҳайъати фаолиятини ривожлантириш, уммат учун зарур қўшма фатволар ишлаб чиқиш ва замонавий масалаларга шаръий ечим топиш;
– диний таълим муассасаларида устоз ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, илмий-услубий лойиҳаларни амалга ошириш;
– экстремизм, терроризм, такфирчилик, исломофобия ва мазҳаблараро низо қўзғаш каби таҳдидларга қарши якдил маърифий курашни кучайтириш.
Шунингдек, Уламолар диний-маърифий соҳадаги ана шундай ҳамкорлик бутун Туркий дунё бирдамлигини мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.
Анжуман давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати