Бугун, 16 июль куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Ҳадис илми мактабига ҳужжат топширган абитуриентлар учун кириш имтиҳонлар бошланди.
Ҳадис илми мактабига ҳужжатларни қабул қилиш жараёни шу йилнинг 20 июнидан бошланган бўлиб, 10 июлга қадар ўрта махсус диний таълим муассасаларини тамомлаган 92 нафар абитуриент ҳужжат топширди.
Бугун эса мазкур абитуриентлар Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида суҳбат асосида илк ижодий имтиҳондан ўтадилар. Улар 17 июль куни иккинчи босқичда “Ўзбекистон тарихи” фанидан тест топширадилар.
Умумий имтиҳон натижалари 18 июль куни эълон қилинади.
Абитуриентларнинг билимларини Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг қабул ҳайъати аъзолари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Тошкент ислом институти ва Мир Араб олий мадрасасининг малакали педагог-ўқитувчилари баҳолаб боради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
7–8 сентабрь кунлари Индонезия Ҳаж ва Умра вазири Муҳаммад Ирфон Юсуф бошчилигидаги делегация Бухоро вилоятига ташриф буюрди.
Меҳмонларни темир йўл вокзалида вилоят ҳокими ўринбосари Б.Шаҳриёров, А.Қаландаровлар бошчилигидаги мутасаддилар кутиб олди.
Ҳоким ўринбосари Б.Шаҳриёров, А.Қаландаров , туризм бошқармаси бошлиғи А.Ражабов ва бош имом-хатиб Ж.Элов иштирокидаги учрашувда Бухоронинг ислом цивилизацияси тарихидаги ўрни, муқаддас қадамжолар ва алломалар меросини тарғиб қилиш, зиёратчилар оқимини ошириш ҳамда янги зиёрат туризми йўналишларини шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.
Жакарта–Бухоро йўналишида чартер ва тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди.
Имом ал-Бухорий, Абдухолиқ Ғиждувоний ва Баҳоуддин Нақшбанд меросини Индонезияда тарғиб қилиш мақсадида Жакартадаги олий таълим муассасалари ва туристик компанияларда маъруза ҳамда тарғибот тадбирларини ташкил этиш таклиф қилинди.
Делегация Баҳоуддин Нақшбанд мажмуаси ва Бухоронинг тарихий марказлари билан танишиб, шаҳарнинг зиёрат туризми салоҳияти ҳақида маълумот олди.
Ташриф — Бухоро ва Индонезия ўртасидаги зиёрат туризми, диний-маърифий ҳамда маданий алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати