Жорий йилнинг 23-27 июль кунлари Татаристоннинг Қозон шаҳрида Россия Федерацияси мусулмонлари диний идораси томонидан ташкил қилинадиган халқаро Қуръон мусобақаси бўлиб ўтади.
Ушбу мусобақада «Саййид Муҳйиддин Махдум» мадрасаси битирувчиси Мустафоқул қори Абдураҳмонов Абдуваҳоб ўғлининг иштирок этиши режалаштирилган.
Аллоҳ таоло Мустафоқул қорига мусобақада муваффақият ато қилсин!
Бир неча кундан буён Қўқон ва Марғилон шаҳарларида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчиликларидаги бир гуруҳ уламолар томонидан кенг халқ оммаси билан учрашув, аҳоли вакиллари билан мулоқот, жоме масжидларда мавъизалар ва савол-жавоблар амалга оширилмоқда.
Суҳбатларда динимиз бир жамиятда яшаётган инсонларни ўзаро тинч-тотув, ҳамжиҳатликда яшашга буюриши, улар ўртасида меҳр-оқибат, бир-бирига нисбатан ҳурмат бўлишни талаб этиши, охирги вақтларда ана шу меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат ришталарини пайдо қиладиган, уларни янада мустаҳкам бўлишига сабаб бўладиган фазилатларни кенг ёйиш жуда ҳам зарур бўлаётгани ҳаётий мисоллар асосида тушунтирилмоқда.
Муфтий ҳазратлари кишилар мусулмон уммати сифатларига муносиб бўлиши, ҳадиси шарифларда баён этилган комил мўмин фазилатлари билан зийнатланиши, ҳар ишда мўътадиллик, одамлар орасида саломни кенг ёйиш кабиларни сўзлаш баробарида буларнинг зидди бўлмиш риёкорлик, такаббурлик, кўр-кўрона тақлид, ғулуга кетиш, ота-онага оқ бўлиш, зулм ва зўравонлик каби гуноҳ ишлардан сақланишга чақирдилар.
Уламолар билан юзма-юз мулоқот ва тўғридан-тўғри савол-жавоблардан аҳоли ўз миннатдорликларини изҳор этмоқдалар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати