Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги «Вақф» хайрия жамоат фондининг Самарқанд вилояти филиали «Меҳр-2020» фонди жамоаси билан ҳамкорликда боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд оилалар учун ажойиб совға ҳозирлашди. Янги ўқув йили олдидан вилоятнинг шаҳар ва туманларида истиқомат қилаётган ана шундай оилаларнинг 1000 нафардан ортиқ фарзандларини ўқув қуроллари, мактаб формалари билан таъминлаш учун хайрия акциясини бошлаб юборишди. Бунда саховатпеша ҳомийларимиз томонидан дастлабки босқичда Нуробод туманида 40 нафар болажонга мактаб формалари ва ўқув қуроллари сотиб олиниб, хайрия қилинди.
Зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам етимни кафилликка олган кишига жаннатда ўзлари билан бирга бўлишини башорат бериб, кўрсаткич ва ўрта бармоқлари билан ишора қилганча шундай деганлар: “Мен билан етимни кафилликка олган киши жаннатда мана шундай ёнма-ён бўламиз”.
Эзгу ишга сиз ҳам ҳисса қўшинг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов ва Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев Марғилон шаҳрида аҳоли орасида ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш мақсадида учрашув ўтказилди.
Зайниддин домла диний-маърифий соҳадаги янгиликлардан бохабар этиш баробарида Ҳақ таоло берган неъматлар шукрини адо этиш, буюк аждодларимизга муносиб бўлиш, илм-маърифат ва касб-ҳунар ўрганишга ҳарис бўлиш сингари мавзуларда мавъиза қилиб берди. Шунингдек, суҳбатда динимизни ишончли устоз ва саҳиҳ манбалардан ўрганиш, ҳар ишда мўътадил бўлиш лозимлиги борасида сўзлаб, гуноҳ иш ва жаҳолатдан сақланиш, хайрли амалларда бардавом бўлишга чақирди.
Иштирокчилар якунда уламоларга ўз миннатдорликларини изҳор этдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати