Aтоқли турк олими Фуат Сезгин Aфрика, Осиё ва Европа хариталари дастлаб мусулмонлар томонидан тузилгани, уларнинг муаллифлари европаликлар деган фикр нотўғри эканини таъкидлади, деб ёзади “Aнадолу” агентлиги.
26 йил давомида бу масалани ўрганган олим шундай деди: “Мен тадқиқотни бошлаганимда, биздаги барча хариталарни европаликлар яратган деб ўйладим... Бу фикр Европада ҳам, ислом оламида ҳам кенг тарқалган. Бироқ, биз бу қанчалик қийинлигини унутдик. Географик координаталарни акс эттирувчи аниқ харитани яратиш жуда узоқ ишдир. Масалан, инглизлар 18-19-асрларда Aвстралия харитасини чизишни бошладилар.
Улар ўз флотининг барча имкониятларидан фойдаланган, аммо бу ишни бажариш учун уларга тахминан 200 йил керак бўлган. Ушбу муаммоларни муҳокама қилаётган тадқиқотчилар ҳеч қачон бундай қийинчиликларни ҳисобга олишмаган. Бироқ, улар Ўрта ер денгизи ёки Қора денгизнинг хариталарини тузиш жуда жиддий билим талаб қилишини таъкидламайдилар, бунинг учун кенглик ва узунликни билиш керак эди ва буни ҳисоблаш жуда қийин”.
Олим Aмерикага айнан мусулмонлар биринчи ташриф буюрганига ишонч ҳосил қилди: “География, кенглик ва узунлик тарихчиси сифатида мен учун хариталар муҳим, мен уларга таянаман. Aмерикага мусулмонлар етиб келганига тўлиқ аминман. Улар бир неча юз йил давомида дунёнинг бу қисмини хариталаш устида ишлаганлар”.
Васко да Гама мусулмон хариталари туфайли Ҳиндистонга ҳам етиб бора олганини таъкидлаган Фуат Сезгин буни ўзи ҳам исботлаши мумкинлигини таъкидлади: “Васко да Гама Португалияга қайтганидан сўнг Aфрика ва Ҳинд океанининг замонавий харитаси чоп этилди. Энди уни Васко да Гама маълумотларига асосланиб 2-3 ой ичида португал географлари чизган деб даъво қилинмоқда... Буни айтадиган одамларнинг картографиядан билимлари йўқ. Бундай хариталарни 500 йилдан кейин ҳам яратиб бўлмайди. Ва бу нотўғри маълумот бутун дунёга тарқалди”.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Беҳисоб пул ва бойликларни чекиш-ичиш, кайфу сафо учун сарф қилиш – Аллоҳга шукр қилишми?!
Ёшлик даврини зино ва ҳаром ишлар билан ўтказиш – Аллоҳга шукр қилишми?!
Телефон орқали ўзгаларга зарар етказиш, ҳар хил бўлмағур ишларда фойдаланиш – Аллоҳга шукр бўладими?!
Егуликларни чиқинди қутисига ташлаш, уволни билмаслик – Аллоҳга шукр қилишми?!
Закотни ўз вақтида адо этмаслик, садақадан тийилиш – Аллоҳга шукр қилиш деганими?!
Интернетда фойдасиз нарсалар учун вақт ажратиш, вақтни бекорга зое қилиш – Аллоҳнинг берган неъматларига шукр қилишми?!
Ахир Аллоҳ таоло бизларга шукр қилишни ва У Зотнинг фазлини эътироф қилишга буюрган-ку: «Бас, Мени ёд этингиз, (Мен ҳам) сизларни ёд этурман. Менга шукр қилингиз, ношукрчилик қилмангиз!»[1].
Қолаверса, Аллоҳ таоло шукр қилувчиларни азобламаслиги хабарини ҳам берган: «Агар шукр қилсангиз ва иймон келтирсангиз, Аллоҳ сизларни нега азобласин?! Аллоҳ шукрни қабул этгувчи ва билгувчи Зотдир»[2].
Шукр – Аллоҳ таоло ато этган неъматларнинг давомли бўлишининг гаровидир: «Яна Парвардигорингиз билдирган (бу сўзлар)ни эслангиз: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир”»[3]. «...Агар шукр қилсангиз (ва иймон келтирсангиз) У Зот сизлар учун рози бўлур...»[4].
Бу дунёда борлигимизга шукр қилиш – ота-оналаримизга яхшилик қилишимиздадир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг розилиги – ота-онанинг ризосидадир” [5], деганлар.
Қариндошчилик муносабатларини йўлга қўйиш, улар билан борди-келди қилиш, узилган ришталарни тиклаш ҳам Аллоҳ бизга қариндош, яқинлар бергани неъматининг шукридир. Набий алайҳиссалом бу борада: “Ризқида кенгчилик бўлиши, ажали ортга сурилиши кимни хурсанд қилса, қариндошчилик алоқаларини боғласин”, деганлар[6].
Садақа бериш – Аллоҳ бизни мол-дунё билан сийлагани учун шукр қилиш демакдир. Садақа Аллоҳ таолонинг ғазабини ўчиради. Набий алайҳиссалом: “Махфий қилинган садақа Яратганнинг ғазабини ўчиради. Қариндошчилик алоқаларини боғлаш умрни узайтиради. Яхшилик қилиш ёмон ўлим топишдан асрайди”, [7] деганлар.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Бақара сураси, 152-оят.
[2] Нисо сураси, 147-оят.
[3] Иброҳим сураси, 7-оят.
[4] Зумар сураси, 7-оят.
[5] Ибн Ҳиббон ривояти.
[6] Имом Бухорий ривояти.
[7] Имом Табароний ривояти.