Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Май, 2025   |   16 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:31
Қуёш
05:05
Пешин
12:24
Аср
17:24
Шом
19:37
Хуфтон
21:05
Bismillah
14 Май, 2025, 16 Зулқаъда, 1446

Босниядаги тарихий масжид узоқ йиллик танаффусдан сўнг яна очилди

18.07.2024   3159   1 min.
Босниядаги тарихий масжид узоқ йиллик танаффусдан сўнг яна очилди

Босния ва Герцеговинадаги тарихий Сенан Бей масжиди Туркия томонидан таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.

1992–1995 йиллардаги Босния ва Герцеговина уруши чоғида серб қўшинлари томонидан вайрон қилинган тарихий Сенан Бей масжиди Туркия томонидан асл режага кўра таъмирланиб, очилди, деб ёзади IQNA сайти “Aнадолу”га таяниб.

Чайнич шаҳрида жойлашган Сенан Бей масжиди дастлаб Усмонлиларнинг машҳур меъмори Сенан Бей томонидан қурилган.

Масжид 1992 йил 8 июнь куни Босния уруши пайтида серб кучлари томонидан вайрон қилинган эди. Уни таъмирлаш ишлари 2016 йилда бошланган эди. Саккиз йиллик бунёдкорлик ишларидан сўнг тарихий масжид намозхонлар учун яна қайта очилди.

Масжидни қайта тиклаш лойиҳаси Турк вақфлари Бош бошқармаси ҳамда Босния ва Герцеговина Ислом жамияти томонидан ҳамкорлигида амалга оширилди.

Мазкур лойиҳа нафақат масжидга қаратилган, балки унинг асл қиёфасини тиклаш учун ҳудудни ободонлаштиришни ҳам ўз ичига олган.

Босния муфтийси Рамзи Питич масжидни таъмирлаш ва қайта тиклаш муҳимлигини таъкидлаб, ушбу масжиднинг очилишига тайёргарлик ишлари якунланганини эълон қилди.

Унинг таъкидлашича, Сенан Бей масжиди Горазд вилоятида сўнгги 10 йил ичида очган учинчи масжид бўлиб, уни қайта тиклаш Чайниcага янги ҳаёт бахш этади ва боснияликларга масжидга ташриф буюриш учун янги сабаб ва мотивация беради.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бошқа мақолалар

Мадина – Расулимиз яшаган ва дафн этилган шаҳар

06.02.2024   3104   2 min.
Мадина – Расулимиз яшаган ва дафн этилган шаҳар

Мадинаи Мунаввара – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрат қилган, Қуръони каримнинг бир қанча оятлари нозил бўлган, саҳобалар юрган, Пайғамбаримизнинг муборак таналарини ўз бағрига олган, улуғ саҳобаи киромлар дафн этилган, Маккадан кейинги энг фазилатли шаҳар.

Мадина – Аллоҳ таоло мадҳ этган шаҳар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: Албатта, Аллоҳ таоло Мадинани Тоба деб номлаган”.

“Тоба” – “покиза”, “озода”, “хушрўй” каби маъноларни англатади.

Мадина – йўллари фаришталарга тўла, унинг эшикларини фаришталар қўриқлайдиган шаҳар.

Шу сабаб, бу муборак нурли шаҳарга вабо ҳам, Дажжол ҳам кира олмайди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мадинанинг йўлларида фаришталар бор. Унга ўлат ҳам, Дажжол ҳам кира олмайди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дейдилар: “Мадинага Масиҳ Дажжолнинг қўрқинчи кирмайди. Ўша кунда унинг етти эшиги бўлиб, ҳар эшикда иккитадан фаришта туради” (Имом Бухорий ривояти).

Мадина – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхши кўрган, унга ошиққан шаҳар. Анас розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон сафардан келиб, Мадинага назарлари тушса, уловларини тезлатар ва агар бирор уловда бўлсалар, унга муҳаббатларидан ҳалиги уловни қистар эдилар” (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).

Мадина – Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳаққига кўп дуолар қилган шаҳар. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳим! Мадинада Маккага берган баракангдан икки ҳисса кўп қилгин, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу муборак шаҳарнинг ҳаққига яна бундай дуо қилганлар: “Аллоҳим! Бизга худди Маккага бўлган муҳаббатимиз каби ёки ундан ҳам кучлироқ қилиб Мадинани севимли қилгин” (Имом Бухорий ривояти).

Бундан ташқари Мадинаи шарифда Набий алайҳиссаломнинг масжидлари, муборак Бақиъ қабристони, Ислом тарихида илк қурилган Қубо масжиди, Қиблатайн масжиди, Уҳуд тоғи кабилар ҳам бор.

 Даврон НУРМУҲАММАД