Босния ва Герцеговинадаги тарихий Сенан Бей масжиди Туркия томонидан таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.
1992–1995 йиллардаги Босния ва Герцеговина уруши чоғида серб қўшинлари томонидан вайрон қилинган тарихий Сенан Бей масжиди Туркия томонидан асл режага кўра таъмирланиб, очилди, деб ёзади IQNA сайти “Aнадолу”га таяниб.
Чайнич шаҳрида жойлашган Сенан Бей масжиди дастлаб Усмонлиларнинг машҳур меъмори Сенан Бей томонидан қурилган.
Масжид 1992 йил 8 июнь куни Босния уруши пайтида серб кучлари томонидан вайрон қилинган эди. Уни таъмирлаш ишлари 2016 йилда бошланган эди. Саккиз йиллик бунёдкорлик ишларидан сўнг тарихий масжид намозхонлар учун яна қайта очилди.
Масжидни қайта тиклаш лойиҳаси Турк вақфлари Бош бошқармаси ҳамда Босния ва Герцеговина Ислом жамияти томонидан ҳамкорлигида амалга оширилди.
Мазкур лойиҳа нафақат масжидга қаратилган, балки унинг асл қиёфасини тиклаш учун ҳудудни ободонлаштиришни ҳам ўз ичига олган.
Босния муфтийси Рамзи Питич масжидни таъмирлаш ва қайта тиклаш муҳимлигини таъкидлаб, ушбу масжиднинг очилишига тайёргарлик ишлари якунланганини эълон қилди.
Унинг таъкидлашича, Сенан Бей масжиди Горазд вилоятида сўнгги 10 йил ичида очган учинчи масжид бўлиб, уни қайта тиклаш Чайниcага янги ҳаёт бахш этади ва боснияликларга масжидга ташриф буюриш учун янги сабаб ва мотивация беради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Шу йил 3-7 январь кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларининг 237 нафар педагог-ўқитувчилари учун қисқа муддатли малака ошириш ўқувлари ташкил этилди.
Ўқув-машғулотлари махсус режа ва дарс жадвали асосида бўлиб ўтди. Дарслар замонавий ахборот технологиялари ва интерфаол услублар ёрдамида ўтилди. Унга Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳудудий бошқармалари, юртимиздаги етакчи олий таълим муассасаларидан маърузачилар таклиф қилинди.
Малака ошириш давомида педагог-ўқитувчиларнинг давлат ва дин муносабатлари, ўқув жараёнида педагогик технологиялардан унумли фойдаланишда билим ва кўникмаларини юксалтириш, талабалар орасида мутаассиблик ва радикаллашувнинг олдини олиш, таълим муассасаларида ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш бўйича масъулиятини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур ўқув-машғулотларни муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга сертификатлар тақдим этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати