Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Август, 2025   |   21 Сафар, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:04
Қуёш
05:32
Пешин
12:33
Аср
17:20
Шом
19:26
Хуфтон
20:47
Bismillah
15 Август, 2025, 21 Сафар, 1447

Бебаҳо неъмат

02.02.2024   841   4 min.
Бебаҳо неъмат

Бир куни мактабимдаги синфдошларим ва устозларим билан сафарга чиқдик. Сафар асносида чиройли манзаралар бўлса, тасвирга оламан дея дадамдан қўл телефонларини сўрадим. Дадам “Эҳтиёт қил” деб менга ўзлари яқинда сотиб олган телефонларини бердилар.

Сафарда узоқ йўл юрдик. Манзилга борганимиздан кейин ҳамма тушликка йиғилди. Шунда чўнтагимни қарасам, дадамнинг телефонлари йўқ. Юрагим дукиллаб уриб кетди. Сафар ҳалтамни, сумкамни, ҳатто хаёл билан солиб қўйгандирман деб ёнимда бирга ўтириб келган дугонамнинг сумкасини ҳам қарадим. Йўқ, ҳеч қаерда йўқ! Тамом бўлдим деб ўйладим. Чунки дадам бекорга эҳтиёт қил демадилар. Ахир бу телефонни яқинда олгандилар. Олганларига ҳали бир ой ҳам бўлмаганди. Қолаверса, бундай телефонлар энди-энди чиқа бошлаган пайт, қиммат турар эди. Тополмаганимга роса йиғладим.

Ноилож дугонамнинг телефонидан онамга қўнғироқ қилиб вазиятни тушунтирдим. Онамдан яхшигина дакки эшитдим. “Эҳтиёт қилолмасанг, олиб кетишга бало бормиди!?” дедилар. Онамга “Дадамга айтманг, ўзим пулини йиғиб, дадамга янги телефон олиб бераман” дедим, гарчи бундай қила олишимга кўзим етмаса ҳам. Кейин телефонни ўйлаб роса сиқилдим. Онам айтиб қўйсалар нима бўлади? Айтмасалар, ҳам борганимдан кейин телефон йўқлигини дадам биладилар-ку! “Телефон қани?” деб сўрасалар нима дейман?!

Шундай ўйлар билан бошим ғувиллаб ўтирсам, дугонамнинг телефонига онам телефон қилиб қолдилар.

- “Лаббай онажон” дедим қўрқиб.

- “Дадангга айтдим!”

- “Нега айтдингиз онажон, ахир айтманг дегандим-ку! Энди дадам мени роса уришадилар, ўлдирадилар” деб йиғлаб юбордим. Шунда онам бир пас жим турдилар-да, менинг бир умр эсимдан чиқмайдиган ўша гапни айтдилар:

- “Қўрқма қизим. Кимдир ўғирлаган бўлса керак дедим. Даданг “Майли, қизимга айт, сиқилмасин. Уч кунлик сафарини шу нарсани ўйлаб ўтказмасин. Мазза қилиб ўйнаб, яйраб келсин. Битта телефон экан-ку, қизим учун, керак бўлса, бутун дунёни фидо қиламан!” дедилар. Хотиржам бўл қизим!”.

Ўша онда ишонсангиз, қотиб қолгандим, кулишимни ҳам, йиғлашимни ҳам билмасдим. Ич-ичимдан шундай туйғулар жўшдики, қани ҳозир дадам ёнимда бўлсалару, бўйниларидан қаттиқ қучоқлаб олсам! Телефон қанчалик қимматбаҳо бўлмасин, дадамнинг наздиларида мендан қадрли эмаслигини билдим.

Бутун сафар давомида хурсанд бўлиб юрдим, вақтим чоғ ўтди. Мени осмонларда учиб юришимга сабаб бўлган нарса сафардаги қизиқ-қизиқ воқеалар, сўлим гўшалар ва улардан олган таассуротларим эмас, балки дадамнинг мана шу гаплари эди: “Керак бўлса қизим учун бутун дунёни фидо қиламан”.

Уйга қайтганимда отам мени табассум билан кутиб олдилар. Бағриларига босиб “Қизим, бутун дунё фидо бўлсин сенга” дедилар. Мен отамни қучоқлаган кўйи кўзимдаги ёшларни тўхтатолмасдим...

Ўша кундан кейин мен отамнинг Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло томонидан берилган қанчалар бебаҳо неъмат эканларини англадим. Уларнинг маслаҳатларисиз, йўл-йўриқларисиз ва улардан беркитиб ҳам бирор иш қилмайдиган бўлдим. Ота ўз қизига фақат энг тўғри йўлни кўрсата олишига ўз ҳаётимда гувоҳ бўлдим.

Ўша воқеадан кейин қўл телефонимни ҳам жуда эҳтиётлайдиган бўлдим.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Маънавиятли аёл-қизлар кўпайса, жамият барқарор бўлади

14.08.2025   3343   2 min.
Маънавиятли аёл-қизлар кўпайса, жамият барқарор бўлади

Юртимизда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, ҳанафий мазҳаби асосида пок динимизнинг асл моҳиятини аёл-қизларга етказиш, бидъат-хурофотларнинг олдини олиш муҳим вазифа ҳисобланади. Бу жараёнда, табиийки, отинойиларнинг алоҳида ўрни бор. 
 

Шу йил 13 август куни Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани «Шайх Зайниддин» жоме масжиди мажлислар залида Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган отинойилар иштирокида тадбир ташкил этилди.
 

Йиғилишни Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов кириш сўзи билан очиб, бугунги кунда диний соҳа ҳодимлари, шу жумладан, отинойиларнинг масъулияти, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашдаги ўрни, аёл-қизларни турли ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, соф Ислом дини таълимотининг асл моҳиятини кенг оммага етказиш ва ҳар қандай жаҳолатни илм-маърифат билан енгиш мумкинлиги тўғрисида гапирдилар.
 

   Тадбирда Тошкент шаҳар, “Маърифий тарғибот маркази” давлат муассасаси директори, “Шуҳрат” медали сохиби, Хидиров Мирзохид Ғайратович Тошкент шаҳар бош имом хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Зулайҳо Соатова, Тошкент шаҳар ҳокимлиги масъул ходимаси Нилуфар Иргашева ва Тошкент шаҳар туманлари бош имом-хатибларнинг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчилари ва ҳудуд отинойилари иштирок этди.


   Тошкент шаҳар, "Маърифий тарғибот маркази" давлат муассасаси директори, “Шуҳрат” медали сохиби, Хидиров Мирзохид Ғайратович 2025-йил 25-февралдаги Ўзбекистон Республикасининг 1037-сонли Қонуни билан Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепсиясининг мазмун –моҳияти. Мутаассиблик нима? Радикализм атамаси ҳақида. Мутаассиб ва радикал шахснинг  белгилари, бир-биридан фарқи ва уни аниқлаш усулари. Улар билан суҳбат ўтказиш усуллари тўғрисида маъруза қилди.

  
  Нилуфар Иргашева отинойилар фаолияти билан боғлиқ бир қатор масалалар тўғрисида фикр алмашди. Шу билан бирга 6 ой давомида отинойилар томонидан амалга оширилиган ишлар юзасидан таҳлилий фикрини билдириб, шунингдек, хар бир отинойи МФЙ идораларда “Жахолатга карши маърифат” лойиҳаси асосида ташкил этилаётган маьнавий-маьрифий тадбирларни ўтказишда фаол бўлишлари лозимлигини ва аёлларни урфимиз ва миллийлигимизга хос кийинишларини ва бошқаларга тақлид қилмасликларини ҳақида босқичма-босқич тушунтириш ишларини олиб боришини таъкидлаб ўтди. Йиғилиш доирасида отинойиларнинг саволларига жaвоблар қайтарилди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати

 

Маънавиятли аёл-қизлар кўпайса, жамият барқарор бўлади Маънавиятли аёл-қизлар кўпайса, жамият барқарор бўлади
Ўзбекистон янгиликлари