Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Апрел, 2025   |   25 Шаввол, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:05
Қуёш
05:32
Пешин
12:26
Аср
17:11
Шом
19:15
Хуфтон
20:35
Bismillah
23 Апрел, 2025, 25 Шаввол, 1446
Янгиликлар

Турк рассомининг масжидларни безашдаги 28 йиллик меҳнати

22.07.2024   2074   2 min.
Турк рассомининг масжидларни безашдаги 28 йиллик меҳнати

Ислом хаттотлиги ва наққошлиги соҳасида фаол ижод қилган турк рассоми 28 йилдан буён масжидларни безаш билан шуғулланиб, бутун Туркия бўйлаб ўнлаб масжидларни ўз санъати билан безатган. 

Бундан қарийб 28 йил муқаддам турк рассоми Серҳат Язар ислом санъатини ўзлаштириш йўлини бошлаган ва бугунги кунда унинг нақшинкор асарлари бутун Туркия бўйлаб 100 дан ортиқ масжидни безатиб турмоқда, - деб хабар қилди “IQNA” сайти “ Hurriyet Daily ”га таяниб.

Туркиянинг шарқий қисмидаги Елазиг шаҳрида яшовчи 46 ёшли рассом Сарҳат Язар талабалик чоғида хаттотлик ва таҳзиб санъатига бўлган меҳрини кашф этган ва ўзининг расм чизишга бўлган табиий истеъдодини анъанавий турк санъатига бўлган иштиёқи билан уйғунлаштирган.

Унинг 28 йил давомида яратган санъат асарлари, жумладан, барокко услубидаги асарлари, хаттотлик ва масжид безаклари унга катта мақтовлар олиб келди. Язар ўзининг ижодий фаолияти ҳақида шундай деди: “Мен ўзимнинг қизиқувчанлигим туфайли шу соҳада ишлай бошладим”.

Бу қизиқувчанлик уни бошқа машҳур хаттотлар қаторига қўшилиб, масжидларни безаш билан шуғулланувчи жамоа тузишга ундади. Йиллар давомида Язар ўзининг чиройли чўткаларини (мўйқаламини) Туркиянинг турли минтақаларидаги масжидларга олиб келган. Унинг лойиҳалари давомийлиги ҳар хил бўлиб, масжид тафсилотлари ва ишлатилган нақшларга қараб 20 кундан бир йилгача давом этади.

Ишининг машаққатлилигига қарамай, у тайёр маҳсулотдан катта завқ олади, жараённи игна билан қудуқ бурғулашга қиёслайди. Язар айни дамда Елазиғдаги Саҳоба масжидидаги ишини якунламоқда.

Ижодий фаолиятини давом эттиришга қизиқиш билдирар экан: “Меҳр билан қилинган ҳар қандай иш нафақат чарчоқни кетказади, балки катта завқ келтиради, токи Аллоҳ бизга умр берса, кучимиз бор экан, биз бу санъатни давом эттирамиз. Санъат - бу чексиз саёҳатга ўхшайди ва мен ҳар куни, ҳар сафар ва ҳар бир янги масжидда янги нарсаларни қўшиб, янада чиройли асарлар яратишга ҳаракат қиламан”.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими И.Аҳмедов тайёрлади

Дунё янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Диний-маърифий соҳалардаги ислоҳотлар инсон манфаатларига қаратилгани билан диққатга сазовор

23.04.2025   1050   11 min.
Диний-маърифий соҳалардаги ислоҳотлар инсон манфаатларига қаратилгани билан диққатга сазовор

Кейинги йилларда диний-маърифий соҳалардаги эзгу ташаббуслар фуқароларнинг виждон эркинлигига оид ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли таъминлаш, уларнинг диний амалларни адо этишлари учун зарур барча шароит ва имкониятларни яратиш, муқаддас Ислом динининг тинчликпарвар, маърифатпарвар, эзгуликка йўғрилган ғояларини тарғиб этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 21 апрелдаги “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада яна бир муҳим қадам бўлди. 

Мазкур ҳужжатнинг аҳамияти ҳақидаЎзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори, таниқли диншунос олим Музаффар Комилов билан ЎзА мухбири суҳбатлашди. 

 – Музаффар Муротович, Президентимизнинг “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг аҳамияти ҳақида сўзлаб берсангиз.

 – Ҳақиқатдан ҳам, муҳтарам Президентимизнинг ушбу фармони диний-маърифий соҳага давлат сиёсати даражасидаги эътиборнинг яна бир ёрқин намунаси дейишимиз мумкин. “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  фармоннинг мазмун-моҳиятини эътиборга оладиган бўлсак, бугун бу соҳага алоҳида эътибор ва меҳрни ҳис қилиб турибмиз. 

Мазкур фармон мамлакатимизда диний соҳадаги давлат сиёсатини янада такомиллаштиришга оид муҳим ҳужжатлардан бири бўлиб фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш, диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш ва диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишда алоҳида аҳамият касб этади.

4 та бўлим 17 та банддан иборат бўлган фармонда бугун диний-маърифий соҳада муаммо бўлиб турган айрим йўналишларни муҳтарам Президентимизнинг ўзлари алоҳида таҳлилларга асосланган ҳолда кўриб чиқиб, унинг ечимиларини берди.

Энг аввало, бугунги мураккаб шароитда дунёда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларни кузатиб, мамлакатимизда “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган халқчил тамойилга асосланган ислоҳотлар қанчалик муҳим эканлигини ушбу фармондан кўришимиз мумкин.

Фармонда белгиланган асосий мақсадлар, фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш, ҳар бир шахснинг динга эътиқод қилиш ёки қилмаслик ҳуқуқини кафолатлаш, диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўймаслик, диний бағрикенглик ва конфессиялараро тотувликни мустаҳкамлаш, турли динларга эътиқод қилувчи фуқаролар ўртасида ўзаро ҳурмат ва тушуниш муҳитини яратишдан иборат.

Диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишда диний таълим муассасаларини ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва диний-маърифий соҳадаги халқаро ҳамкорлик бугун кун тартибида турган долзарб масалалардан эканлигини кўриб турибмиз. 

Жамиятда виждон эркинлигини кафолатлаш, диний бағрикенглик, фуқаролараро тотувлик ҳамда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш мақсадида “Бағрикенг жамият – барқарор давлат” тамойили асосида Дин ишлари бўйича қўмита билан Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ички ишлар вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг янги ҳамкорлик тизими йўлга қўйилади. Бу жамиятдаги муаммоларни мутасадди ташкилотлар билан биргаликда, баҳамжиҳат, бамаслаҳат ҳал қилиш учун асос ва тамал тоши вазифасини бажаради.

Шунингдек, ушбу фармон билан диний-маърифий соҳадаги ташкилотлар фаолиятининг самарадорлигини ошириб бориш мақсадида доимий асосда фаолият кўрсатувчи Диний-маърифий соҳада таълим, фан ва илмий-тадқиқотга оид фаолиятни мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилишини шахсан ўзим юқори кайфият билан қабул қилдим. Сабаби, мувофиқлаштирувчи кенгаш диний-маърифий соҳада таълим, фан ва илмий-тадқиқот ишларининг барча жараёнларини мувофиқлаштириш масалаларига масъул бўлган маслаҳат органи ҳисобланади.

Ушбу фармоннинг ижроси орқали мамлакатимизда диний соҳадаги давлат сиёсати янада такомиллашади, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланади, жамиятда тинчлик ва тотувлик муҳити мустаҳкамланади.

– Ушбу фармонга мувофиқ, Ўзбекистон халқаро ислом академияси Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясига айлантирилди. Ўқув-илмий даргоҳининг қайта номланиши унинг фаолиятига қандай таъсир кўрсатади?
 

–Ўзбекистон халқаро ислом академияси – диний-маърифий соҳадаги таълим, дин ва давлат муносабатлари уйғунлигини ва бирдамлигини кўрсатиб берадиган олий таълим муассасаси ҳисобланади. Бугун Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси номига ўзгартирилгани бевосита академияни ўзининг фаолиятидаги қамровни, илмий-академик  йўналишлар, тадқиқотлар ва шу соҳадаги ишларни мувофиқлаштириш масаласини олдига қўяди. Айнан шу мақсадда академиянинг номи шу  йўналишга мос равишда ўзгартирилди. 

Академияга жуда катта вазифалар қўйилган. Жумладан, 6 та банддан иборат топшириқ яъни, исломшунослик, диншунослик, дин психологияси, ислом иқтисодиёти, манбашунослик, халқаро муносабатлар ва эҳтиёж мавжуд бўлган бошқа соҳалар бўйича кадрлар тайёрлаш, таълим жараёнига илғор педагогик технологияларни, илм-фан ва техниканинг сўнгги ютуқларини ҳамда етакчи хорижий олий таълим ташкилотлари тажрибаси асосида ишлаб чиқилган таълим дастурларини жорий этиш, виждон эркинлиги ва конфессиялараро бағрикенгликни таъминлаш, радикаллашув, экстремизм ва терроризмга қарши курашиш ҳамда диний соҳадаги давлат сиёсатининг асосларига оид илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш олдимизда турган энг муҳум вазифалар.

Диний-маърифий йўналишдаги илмий тадқиқотларни, илмий-оммабоп адабиётларни тайёрлаш ва нашр қилиш, илм-фан йўналишига тадбиқ этиш шунингдек, интернет тармоғида турли холис ва нохолис фикрлар билдирилаётган манбааларнинг ўрнига ҳақиқий илмий, асосли хулосаларга эга бўлган контентлар билан тўлдириш талаб этилади. Албатта, ёшларда юксак маънавий ва ахлоқий фазилатларни ривожлантириш, Ватанни севиш, унинг тақдирига дахлдорлик, касбга садоқат ҳиссини мустаҳкамлаш, таълим-тарбия жараёни ҳамда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, мамлакатимизда ва хорижда диний соҳада фаолият олиб бораётган илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш бўйича алоҳида вазифа ва топшириқлар берилган.

Қолаверса, мазкур фармон билан академияга бир қатор ҳуқуқлар ҳам берилаяпти. Кўп йиллар давомида академияда йиғилиб қолган муаммолар, жумладан, хориждан профессор-ўқитувчиларни чақиришда номутаносибликлар бор эди. Академияга ўқув-илмий жараёнларга жалб этилган юқори малакали хорижий мутахассисларга муносиб тўловларни амалга ошириш, талаб кўп бўлган йўналиш ва мутахассисликлар бўйича тўлов-контрактлар суммасини бир неча баробарга оширган ҳолда талабаларнинг тўлов-контракт маблағларини тўлаш муддатларини белгилаш ва узайтириш имконияти берилди. 

Етук хорижий мутахассисларни жалб қилиш ҳамда Академия вакилларини хорижий илмий-тадқиқот ва таълим муассасаларига малака ошириш ва тажриба орттириш учун юборишдаги айрим муаммолар ҳам ўз ечимини топди. Академияга ўз грифи асосида дарсликлар ҳамда бошқа ўқув ва илмий адабиётларни яратиш ва нашр этиш имкониятининг берилгани мақсадга мувофиқ бўлди. Бундан бутун жамоамиз, профессор-ўқитувчилар, илм аҳли, зиёлилар жуда ҳам мамнун. 

– Ҳужжатда Бухоро вилояти ҳокимлигининг Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси маркази муассислигида Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш ҳам кўзда тутилган.  Ушбу марказ юртимиз маърифий ҳаётида қандай ўрин эгаллайди? Сизнингча, ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд илмий меросининг аҳамияти қандай?

– Ҳар бир миллат ўзининг маънавий бойлиги, тарихий мероси ва улуғ алломалари билан фахрланади. Бундай улкан шахсиятлардан бири тасаввуф илми ва ирфон йўлининг йирик намояндаларидан бири бўлмиш Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларидир. У кишининг илмий мероси нафақат Ислом оламида, балки бутун инсоният маънавиятида алоҳида ўринга эгадир.

Фармон асосида Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот марказининг ташкил этилиши, очиғи бу, бизнинг бир неча йиллардан буён ушалмай турган орзуйимиз эди. Эсимда бор, ўтган йили Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим жаноби олийлари Тошкентга келганларида ҳам Бухорога қилган ташрифлари давомида “ҳазрат Баҳоуддин Нақшбандга бизда миллионлаб эргашувчи издошлар бор, агар бу ерларда яхши имкониятлар бўлса келиб илмий тадқиқотлар олиб борилса, асарлари ўрганилса, нақшбандийлик таълимотини ёшларга тўғри талқин қила оладиган мутахассислар доирасидаги давра суҳбати ва конференциялар ўтказилса мақсадга мувофиқ бўларди”,  деган таклифларни билдирган эди. 

Фармон билан Бухорода Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази ташкил этилиб, буюк аждодимиз Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқати алломаларининг юксак инсонпарварлик ғояларини илмий асосда ўрганиш, ёш авлодни бағрикенглик ҳамда ўзаро ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида тарғибот ишларини олиб бориш, тасаввуф таълимоти тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини илмий тадқиқ этиш, “Етти пир” алломалари ва азиз авлиёларнинг бой илмий-маънавий меросини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш, нақшбандийлик таълимотининг эзгу ғояларини тадқиқ этиш учун илмий-назарий ва услубий масалаларга бағишланган анжуман, конференция, кўргазма, семинар-тренинг, танловлар ҳамда бошқа маданий-маърифий тадбирларни ташкил этиш, тасаввуф таълимотининг илмий асосланган ғояларини тарғиб қилиш, сохта тариқатчиликнинг олдини олиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишининг асосий вазифалари этиб белгиланди.

Шу билан бирга Баҳоуддин Нақшбанд илмий меросини ўрганиш орқали академик тадқиқотлар йўналишлари ҳам кенгаймоқда. Зеро, ул зотнинг  асарлари нафақат ирфонга оид, балки ижтимоий, ахлоқий ва маданий соҳаларда ҳам мустаҳкам асосга эга. Ушбу мерос халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган бўлиб, унинг тадқиқи турли тилларга таржима қилинаётгани ва дунё илмий жамоатчилиги орасида қизиқиш уйғотаётгани  бунинг исботидир. Бу мерос ҳар бир инсонни камтарлик, поклик, адолат ва эзгуликка чорлайдиган мустаҳкам йўлдир.

– Мазкур фармонга кўра, 2025 йил 1 сентябрга қадар “Ҳаж ва Умра ягона портали”ни яратиш кўзда тутилган. Ушбу порталнинг  ишга тушиши муборак зиёратга борувчилар учун қандай енгилликлар яратади? 

–  Фармонга мувофиқ, 2025 йил 1 сентябрга қадар “Ҳаж ва Умра ягона портали” яратилади. Ушбу ташаббус мамлакатимизда диний соҳадаги ислоҳотларнинг янги босқичидан далолат беради. Мазкур порталнинг жорий этилиши зиёрат қилувчилар учун бир қанча қулайликларни яратади.

Аввало, электрон тартибда мурожаат ва рўйхатдан ўтиш имкони туғилади. Бу орқали фуқаролар Ҳаж ёки Умра зиёратига бориш учун навбатга туриш, ҳужжатларни тўплаш ва топшириш каби жараёнларни онлайн шаклда амалга оширишлари мумкин бўлади. Бу эса уларнинг вақтини ва саъй-ҳаракатларини тежашга хизмат қилади.

Иккинчидан, шаффофлик таъминланади. Порталда навбатлар, тўловлар ва бошқа барча жараёнлар очиқ тарзда намоён бўлади. Бу орқали коррупциянинг турли кўринишларининг олди олинади.

Учинчидан, хизматлар марказлаштирилади. Сафар олдидан зарур бўлган тиббий кўриклар, маълумотномалар, суғурта ва бошқа хизматлар ҳам портал орқали мувофиқлаштирилади. Шу тариқа зиёратга тайёргарлик кўриш янада осонлашади.

Тўртинчидан, ахборот хабардорлиги ошади. Зиёратчилар учун зарур бўлган барча маълумотлар – сафар жадвали, манзиллар тўғрисидаги маълумотлар, диний-маърифий йўриқномалар, зиёрат одоблари ва бошқа кўрсатмалар тўлиқ электрон тарзда тақдим этилади.

Бешинчидан, тезкор алоқа ва мурожаат хизматлари йўлга қўйилади. Зиёрат давомида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни ҳал этиш, фавқулодда ҳолатларга жавоб бериш имконини берадиган электрон мурожаат ва алоқа тизими ҳам порталнинг муҳим қисми бўлади. Бу ташаббус мамлакатимизда диний соҳани рақамлаштириш ва фуқароларга хизмат кўрсатиш даражасини янада юксалтиришга қаратилган муҳим қадамлардан бири бўлиб хизмат қилади.

– Самимий суҳбат учун ташаккур!

 

Назокат Усмонова, ЎзА мухбири

МАҚОЛА