Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Июн, 2025   |   21 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:49
Пешин
12:29
Аср
17:39
Шом
20:02
Хуфтон
21:40
Bismillah
17 Июн, 2025, 21 Зулҳижжа, 1446

ҚАБР АЗОБИ ҲАҚ!

22.07.2024   5192   3 min.
ҚАБР АЗОБИ ҲАҚ!

Аҳли сунна вал жамоа этиқоди бўйича қабр азоби ва ундаги роҳат, оят ва ҳадслар билан ҳақдир.

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар розияллоҳу анҳумдан келган хабарлар асосида қабр азобига – ким шунга лойиқ бўлса – ва унда Мункар ва Накирнинг Роббидан, динидан ва Набийсидан сўроқ қилишига иймон келтирамиз. Қабр жаннат боғларидан бир боғдир ёки дўзах чуқурларидан бир чуқурдир.

Яъни, осий бўлиб, азобга лойиқ бўлганлар учун қабр азоби бўлишига иймон келтирамиз. Мункар ва Накир номли икки фаришта банданинг қабрида туриб, уни Робби, дини ва Набийси ҳақида савол-сўроқ қилишига иймон келтирамиз.

Далиллар:

  1. «Ва Оли Фиръавнни ёмон азоб ўрабди. У дўзахдир. Унга эртаю кеч кўндаланг қилинурлар. (Қиёмат) соати қоим бўлган куни: «Оли Фиръавнни ашаддий азобга киритинглар», дейилур» (Ғофир сураси, 45–46-оятлар);
  2. «Уларни то ҳалокатга учрайдиган кунларига йўлиққунларигача тек қўй. У кунда ҳийлалар уларга ҳеч фойда бермас ва уларга ёрдам ҳам берилмас. Ва албатта, зулм қилганларга ундан ўзга азоб ҳам бор, лекин кўплари билмайдилар» (Тур сураси, 45–47-оятлар);
  3. «Аллоҳ иймон келтирганларни дунё ҳаётида ва охиратда субутли сўз ила собитқадам қилур. Ва Аллоҳ золимларни залолатга кетказур» (Иброҳим сураси, 27-оят);
  4. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Банда қабрига қўйилиб, асҳоблари ундан қайтганларида, у аларнинг кавушлари тақиллашини эшитиб турганда, ҳузурига икки фаришта келиб, уни ўтирғизишади ва унга: «Мана бу одам (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳақида нима дер эдинг?» дейишади.

Шунда мўмин: «Унинг Аллоҳнинг бандаси ва Расули эканига гувоҳлик бераман», дейди.

Шунда унга: «Дўзахдаги жойингга назар сол. Аллоҳ унинг ўрнига сенга жаннатдан жой берди», дейилади.

У икки жойни ҳам кўради», деганлар.

(Бухорий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.)

  1. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қабрнинг ёнидан ўтиб кетаётиб:

«Бу иккови азобланмоқда. Азобланишлари катта нарсада эмас. Улардан бири пешобдан сақланишга эътибор бермас эди. Бошқаси эса чақимчилик қилиб юрар эди», дедилар. Бир хурмонинг ҳўл шохини олиб келиб, иккига бўлиб, икки қабрга биттадан суқиб қўйдилар.

Кишилар: «Эй Аллоҳнинг Расули, нега бундай қилдингиз?» дейишди. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Шоядки, булар қуригунча икковларидан азоб енгиллатилса», дедилар» (Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизлардан бирингиз қабрга қўйилса, унинг олдига қорамтир-зангори рангли икки фаришта келади. Улардан бири Мункар, бошқаси Накир дейилади», деганлар (Термизий ривоят қилган).

Хулоса шулки, қабр азоби ва неъмати ҳақида, икки фариштанинг сўроқ-савол қилиши ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан инкор қилиб бўлмайдиган даражада кўплаб хабарлар келган. Бунга иймон келтириш вожибдир. Ким инкор қилса, кофир бўлади.

Аммо ўша азоб ёки неъмат қандай бўлиши ҳақида гапирмаймиз. Чунки бу дунёда унга ўхшаш нарса бўлмагани учун, ақл уни тасаввур қила олмайди. Шариатда эса бу борада ақл кўтарадиган нарса келгани йўқ.

«Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар» китобидан

 

Абдулвохид Исақов,
Наманган шахар “Мирёқуббой Мирҳакимбой” жоме
масжиди имом-хатиби

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Расулуллоҳ ﷺнинг мерослари тарқатилмоқда

13.01.2025   16591   1 min.
Расулуллоҳ ﷺнинг мерослари тарқатилмоқда

Мақоланинг аудио шакли

Саҳобалар ичида энг зеҳни ўткири Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Кунлардан бирида бозорга бордим. Одамларнинг мол-дунё билан овора эканликларини кўриб уларга:

– Сиз бу ерда савдо-сотиқ билан машғулсиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мерослари тарқатилаётганидан хабарингиз йўқми? – дедим. Савдогарлар қўлларидаги молларини ташлаб:

– Йўқ, қаерда? – деб ҳовлиқиб сўрадилар.

– Фалон масжидда, – деб жавоб бердим. Улар шошиб масжид томон югуриб кетишди.

Аммо бироздан сўнг қайтиб келиб:

– Нега бизни алдадингиз? Масжидда ҳеч қандай мерос тарқатилмаяпти-ку? –дейишди.

Мен:

– Қандай қилиб? Ахир масжидда кимларни кўрдингиз? – деб сўрадим.

Улар:

– Қуръон ўқиётган қориларни ва ҳадис ўрганаётган толиби илмларни, –дейишди.

– Ана шу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросларидир, – деб жавоб бердим.

“Ўзимдан сўнг сизга икки нарса қолдирдим, агар уларни маҳкам тутсангиз ҳаргиз адашмайсиз. Улар Аллоҳнинг китоби ва Пайғамбарнинг ҳадисидир”, деган севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломлар бўлсин”.

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар