Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Июл, 2024   |   22 Муҳаррам, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:39
Қуёш
05:15
Пешин
12:35
Аср
17:34
Шом
19:47
Хуфтон
21:16
Bismillah
28 Июл, 2024, 22 Муҳаррам, 1446
Мақолалар

Ҳаракат ва ният муштараклиги ҳар қандай олис манзилни яқин қилади

22.07.2024   2724   9 min.
Ҳаракат ва ният муштараклиги  ҳар қандай олис манзилни яқин қилади

Қобилжон ота кун қизимасдан ҳовлидаги кўчатларга сув бериб юрганди, дарвозадан кимдир чақирди:

– Ассалому алайкум, узр, тонгдан безовта қилдим. Соат тўққиз яримда тайёр бўлиб туринг, “Сулола” тўйхонасида муфтий Нуриддин Холиқназар иштирокида туманимиз маҳалла фаоллари билан маърифий тадбир ўтказилар экан, бирга чиқамиз.

Маҳалла раисининг таклифи Қобилжон отага маъқул келди. “Демак, ҳожиларимизнинг ҳаммаси сафардан қайтибди, муфтий бунақа пайтда охирги самолётда учиб келади. Учрашув зиёрат ва ибодат таассуротлари ҳақида бўлади-ёв. Бундай тадбирларга кексалардан ташқари кўпроқ ёшларни ҳам чақириш керак эди”. Ота кўнглидан шу ўйларни ўтказганча тадбир бўлаётган жойга кириб борганида йиғилганларнинг аксарияти ёшлар эканини кўриб, дили ёришди. 

Тошкент шаҳри Олмазор тумани аҳли билан мулоқотни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназар бундай сўзлар билан бошлади:

– Мана, бу йил ҳам бутун дунё мусулмонлари қатори минглаб юртдошимиз ҳаж зиёрати ва ибодатларини адо этиб, ватанимизга қайтиб келди. Ҳожиларимиз ибодатларини эмин-эркин ва тўла-тўкис амалга ошириши учун Саудия Арабистонида барча шароит муҳайё қилинди.

Табаррук жойларда гуноҳдан пок бўлиб, соғ-омон қайтган ватандошларимиз ибратли фазилатлари, жамият ҳаётидаги фаол иштироки билан барчага намуна бўлади. Улар ўсиб келаётган ёш авлодни ватанпарвар, маънавиятли, маърифатли, ота-онасига, юртига хизмат қиладиган содиқ, солиҳ фарзандлар бўлиши учун ўз ҳиссаларини қўшишга бел боғлади. Бугун улар ёрдамга муҳтож кишилар, камбағаллар, мискин ва фақирларнинг ҳолидан хабардор бўлишга ҳаракат қиляпти.

Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг ўтган йил 22 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишида Президентимиз ҳажга, умрага бориб келган ҳар бир юртдошимиз маънавият тарғиботчиси бўлиши, одамларни яхшиликка бошлаши кераклиги борасида мулоҳазалар билдириб, янги ташаббусларни илгари сурган эди.

Мусулмон оламида ҳожилик азалдан улуғ мақом ҳисобланиб, бу мақом эгалари ўз комиллиги, соғлом эътиқоди, маънавияти, инсонийлиги, эзгу амаллари билан бошқаларга намуна бўлган. Қурбон ҳайити муносабати билан давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон халқига йўллаган табригида “Умид қиламизки, ҳожиларимиз Ватанимизга қайтгач, жамиятимиздаги меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёшлар тарбияси ҳамда оилалар тотувлигини кучайтиришда ибрат ва намуна кўрсатадилар”, деб юксак ишонч билдирилди.

Глобал ўзгаришлар, ғоявий таҳдидлар, тинчлик ва осойишталикка бўлаётган салбий таъсирлар кучайган айни дамда хожиларимиз олдига қўйилаётган бу масъулиятли вазифалар жуда муҳимдир. Чақирув, ўз навбатида, ҳаж зиёратини адо этаётган юртдошларимиз томонидан катта мамнуният билан қабул қилинди.

Мамлакатимиз мусулмонлари Президентимиз даъватига лаббай деб, мурожаат йўллади. Унда ҳожилар юртга қайтганимиздан кейин янги Ўзбекистон фидойиси бўлиб, маънавият тарғиботчисига айланамиз, дея эзгу ташаббусни қўллаб-қувватлади. Жонажон халқимизни бугунги мураккаб замонда бирлаштириб, она ватанимиз тараққиётига холис хизмат қилиш, маҳалламизда адашганлар бўлмаслигига эришиш каби улкан мақсадлар йўлида шижоат кўрсатишга сўз бердилар.

Дарҳақиқат, кишилик жамияти пайдо бўлибдики, дин одамларни эзгуликка, комиллик ва инсонпарварликка чорлаб, зарарли одатлар ва бошқаларга озор бериш каби ёмон иллатлардан узоқлаштирувчи асосий воситалардан бири бўлган. Хожиларимизни маънавият тарғиботчиси сифатида эзгу ишларга шахсан давлатимиз раҳбари томонидан таклиф қилиниши келгусидаги ишларнинг натижадорлиги, узвийлиги ҳамда сифатини кафолатлайди. Бу барча соҳаларда инсон қадри етакчи ўринга чиқаётган янги Ўзбекистондаги кенг кўламли ислоҳотлар мазмунига нақадар уйғун ва ҳамоҳанг экани билан янада аҳамиятлидир.

Бугунги ислоҳотларнинг асосий негизини ватанпарварлик, халқпарварлик, адолатпарварлик, халқимизнинг давлатдан рози бўлиб яшашига эришиш каби эзгу амаллар ташкил этади. Шу билан бирга, ислоҳотлар замирида аждодларимизнинг илмий-маънавий мероси ва шонли тарихимизни чуқур ўрганиш, ушбу йўналишда тадқиқотлар қилиш, муқаддас қадамжоларни асраб-авайлаш, ёшларимиз илм олиши учун муносиб шарт-шароитлар яратиб, шу орқали уларнинг истеъдод ва қобилиятларини юзага чиқариш, диний-маърифий соҳада изчил ўзгаришлар қилиб, халқимизнинг бу борадаги орзу-истакларини рўёбга чиқаришдек эзгу мақсадлар мужассам.

Бугун маҳаллада ишлаш тизимини мутлақо янги механизм асосида ташкил этишга қаратилган “маҳалла еттилиги” фаолияти йўлга қўйилди. Янги Ўзбекистон маҳалладан бошланаётган, халқ розилиги учун барча юқори ташкилотлар маҳаллага тушаётган даврнинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Ислоҳот маҳалладан, ҳар биримизнинг инсоний фазилатларимиздан бошланмас экан, биз истаган натижани, кўзлаган манзилни ўз қўлимиз билан ортга сурган, берилаётган шунча катта имкониятларни бой берган бўламиз.

Ҳар бир иш чин ихлос билан, ишонч билан қилинган ният ва ҳаракатдан бошланади. Биз янги Ўзбекистонни маърифатли жамият, инсон қадрини улуғловчи юрт сифатида барпо этишни мақсад қилганмиз.

– Муборак ҳаж зиёрати давомида мусулмон кишига суннат, фарз ва вожиб амалларни адо этиб, юртимизга эсон-омон қайтиб келдик, – дейди Тошкент вилояти Зангиота туманида яшовчи Мирвоҳид Султонов. – Бизнинг галдаги вазифамиз одамларни яхшиликка чақириш, ёмонликдан қайтариш, маҳаллаларда маънавий ишлар самарадорлигига эришиш учун ҳиссамизни қўшишдан иборат бўлади.

Республика Маънавият ва маърифат маркази тарғиботчилари бўлган зиёлилар ўз сафларига яна 15 мингга яқин тарғиботчи, йўл кўрсатувчи, маърифат улашиб, маънавият сабоғини берувчи қўшилаётганидан мамнунлигини айтишди, – дейди ёш тадбиркор Исомиддин Раҳимбобоев. – Маҳалладаги тарғибот ишларида айнан муқаддас хаж зиёратини амалга ошириб келган фаоллар иштирок этиши жуда катта натижа беради. Уларнинг биз билан бирга бўлиши жамиятимиз ҳар томонлама ривожланишига катта имкониятдир. Ушбу ташаббусларни қатъий амалга ошириш маҳалла тизими ходимларига ҳам катта амалий ёрдам бўлади.

Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан ҳожиларни тарғиботчи сифатида сафларга қўшиш, улар билан ишлаш, тарғибот тадбирларини ташкил қилиш бўйича алоҳида чора-тадбирлар, янги лойиҳа ва семинар-тренинглар давом этмоқда. Жорий йил ташкил этилаётган янги тажрибадан келиб чиқиб, 2025 йилда ҳаж зиёратига борадиган фуқаролар билан манзилли ишлаш йўналишида ҳам муҳим ишлар бошлаб юборилган.

– Маҳалламизда ҳожиларимиз билан тарғибот ишларига киришдик, – дейди Сурхондарё вилояти Музработ тумани “Ал Ҳаким ат-Термизий” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Сайидали Нурмаҳматов. – Уларнинг иштирокида ишсизлар бандлигини таъминлаш, жиноятчиликка мойил шахслар билан якка тартибда ишлаш, ажрим ёқасида турган ва нотинч бўлган оилаларни соғломлаштириш, турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган шахслар ва уларнинг оила аъзолари билан манзилли ишлаш йўналишларига алоҳида эътибор қаратяпмиз. Мазкур ишлар бугунги кунда барча маҳалла фаолларини бирлаштирмоқда, келгусида мамлакатимиз ҳар томонлама ривожланишига катта ҳисса бўлиб қўшилмоқда.

Кенг қамровли ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари натижасида халқимизнинг онгу тафаккури, дунёқараши ўзгармоқда. Боиси, мавжуд муаммоларни ҳал этиш, маънавий-маърифий ишлар самараси ва таъсирчанлигини ошириш, кўлами ва миқёсини янада кенгайтириш, мамлакат аҳолиси, аввало, ёшлар қалбида ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини кучайтириш, соҳадаги ишларни мувофиқлаштириш бўйича ягона тизим яратилди. Бунга Президентимизнинг 2021 йил 26 мартдаги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор замин бўлмоқда.

Ҳужжатда белгилаб берилган устувор йўналишлардан келиб чиқиб ҳожиларимиз ўз маҳалласи, қўни-қўшниси, ёшлар тарбиясида масъулиятни зиммасига олишни ният қилган. Яъни улар маънавият тарғиботчиси – маънавият соҳасидаги янгиликлар ва ахборотларни тарқатувчи, кишиларни эзгуликка даъват этувчи, маънавий ҳаётнинг барча соҳаларидаги илғор жараён ва воқеаларни мунтазам равишда таҳлил этиб, бу борадаги долзарб муаммолар ечимини топиш бўйича хабар, маълумот, таклифларни оммага тарқатувчи шахс сифатида майдонга чиқмоқда.

Ҳозирги даврда ҳуқуқий демократик давлат, адолатли фуқаролик жамияти барпо этишдек улуғвор ва мураккаб вазифаларни ҳал этиш, энг аввало, таълим-тарбия, маънавият-маърифат, тарғибот-ташвиқот масаласига бориб тақалади. Маънавият тарғиботчилари сафида ҳожиларимизнинг борлиги жамиятимизда маънавиятни юксалтириш, тарбия, ахлоқ масалаларини мустаҳкамлашда янада катта имконият бўлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназарнинг Олмазор тумани фаоллари ва ёшлари билан мулоқотидан чиқиб, қайтишда Қобилжон ота ҳамроҳларига гурунг бериб келди:

– Бир қайиқчининг кичик қайиғи ва икки эшкаги бўлиб, уларнинг бирига “ният”, иккинчисига эса “ҳаракат” деб ёзилган экан. Қайиққа минган одамлар бу ёзувлар сабабини сўраса, у бундай жавоб берар экан: “Мен фақат “ният” деб ёзилган эшкакни ҳаракатлантирсам, у ҳолда қайиқ бир жойда айланиб тураверади. Агар фақат “ҳаракат” деб ёзилган эшкакни ҳаракатлантирсам ҳам қайиқ жойидан жилмайди. Қачонки иккаласини биргаликда айлантирсам, қайиқ шиддат билан манзил томон ҳаракатга келади. Инсон ҳам фақат ният қилса-ю, ҳаракат қилмаса, бир жойда айланган қайиқ каби манзилга етолмайди. Мақсадга етиш учун “ният” ва “ҳаракат” бирга бўлиши лозим. Қаранг, давлатимиз раҳбарининг нияти ва ҳаракати нақадар улуғ. Муфтийнинг маърузасида англатилган шу муддаони ёшларимиз ҳам англаган бўлсин, илоҳим!

Нодир МАҲМУДОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири

Мақолалар
Бошқа мақолалар

ҚУРЪОНИ КАРИМДА ВАТАН ТУШУНЧАСИ

27.07.2024   283   1 min.

Муаллиф: Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари

“Муҳаббат” истилоҳда: “Кўрган нарсага хоҳиш қилиш ва уни яхши деб ўйлаш”, деганидир.
Муҳибнинг одати муҳаббат қилган нарса
ёки инсонга тегишли бўлган ҳамма нарсани яхши кўради.
Роғиб Асфаҳоний раҳматуллоҳи
алайҳ 
Хулоса қилсак, муҳаббат – нозик туйғу. Шунинг учун Ватан муҳаббати тилда эмас, амалда кўринадиган туйғудир, дейилади.
Муҳаббат бирга яшайдиган кишиларгина тушунадиган жонли тажрибадир.

 

Матн мутолааси учун:

Видео форматда кўриш учун:

Матнни Абдулқайюм Исмоил ўқиди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати