Шу йил 12 август куни Тошкент вилоят Адлия бошқармаси томонидан Олмалиқ шаҳри «Эвалак» МФЙ Фахрийлар кўчаси 50-уйда жойлашган «Ҳилол» масжиди давлат рўйхатидан ўтказилиб, унинг рўйхатдан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳнома топширилди.
Таъкидлаш жоизки, шу кунга қадар 150 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган Олмалиқ шаҳрида битта масжид фаолият кўрсатаётган эди.
Мазкур масжид очилиши билан Тошкент вилоятидаги масжидлар сони 225 тага , Республикамиздаги масжидлар сони эса 2071 тага етади.
Аллоҳ таоло ушбу жоме масжидни халқимизга муборак айласин, тоату ибодатларни бардавом қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Марғилон шаҳридаги "Ижодкорлар мактаби"да "Ўзбекистонда аёллар ҳуқуқларига оид диний таълимотлар ва исломда аёллар ҳуқуқи" мавзусида кўргазмали семинар бўлиб ўтди. Унда Дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари М.Каҳҳорова, "Оқила аёллар ҳаракати" вилоят бўлими раҳбари Ю.Раҳимова, вилоят бош отинойиси Ҳ.Комилова ва ҳудудларда фаолият олиб бораётган отинойилар иштирок этди.
Семинарда сўз олган нотиқларнинг хотин-қизларга яратилаётган имкониятлар, аёлларнинг жамиятдаги ўрнини кўтаришга қаратилаётган эътибор, исломда аёллар ҳуқуқлари ҳақида қизиқарли маърузалари тингланди.
Марғилон шаҳар отинойилари томонидан тайёрланган "Бир аёл қисмати" номли саҳна кўриниши намойиш этилди. Унда аёл-қизларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, оилавий ажримларга сабаб бўлаётган ҳолатлар, ўз жонига касд қилишнинг салбий оқибати каби иллатлар кўрсатиб берилди. Ҳаётийлиги ҳамда турмуш тарзимиздаги салбий жиҳатларни очиб, уларга ижобий ечим тақдим қилган саҳна кўриниши иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Фарғона вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати