Республика махсус комиссиясининг қарори билан шу йил 17 август, душанба кунидан эътиборан юртимиздаги барча диний ташкилотлар ўз фаолиятини давом эттиради. Бунда карантин талаблари ва санитария-гигиена қоидаларига қатъий амал қилиш талаб этилади. Бу ҳақида Республика махсус комиссиясининг қарорида шундай дейилади: «Махсус комиссия қарори билан 17 августдан бошлаб диний ташкилотлар фаолиятига (ҳар куни дезинфекция ишларини амалга ошириш ҳамда қатъий ижтимоий масофани сақлаш чекловларига риоя этилишини таъминлаган ҳолда) рухсат берилади».
Шунингдек, қуйидаги муҳим тавсия ва талабларга сўзсиз амал қилиш, масжидлар фаолиятининг давомли бўлишига асосий омил бўлади, жумладан:
- масжидларнинг кириш жойини дезинфекцион “тўшак”лар билан жиҳозлаш, бирламчи дезинфекциялаш воситалари, пирометрлар (контактсиз ҳарорат ўлчагич) билан таъминлаш;
- ҳар бир фуқаро масжид ичида тиббий ниқобда бўлиши, ҳудудга киришда қўлларини дезинфекциялаш воситасидан фойдаланиши;
- масжидга ташриф буюрган ҳар бир шахснинг касаллик аломатларини текшириш (ҳарорат ўлчаш ва ташқи аломатлар), тана ҳарорати 37ºС ва ундан юқори бўлган ҳолатда фуқароларни алоҳидалаш ва 103 телефон рақами орқали тез тиббий ёрдамга хабар бериш;
- ибодат вақтида ижтимоий масофаланишни сақлаш, фуқаролар орасидаги масофани 1,5 метр этиб белгилаш (махсус чизиқлар ёрдамида катакларга ажратган ҳолда);
- ҳар бир масжиднинг кириш қисмига касалликдан сақланиш, ҳудудда карантин талабларига қатъий амал қилиш, хусусан, 65 ёшдан катта фуқароларни масжидларга вақтинча ташриф буюрмай туришлари тавсия этилиши тўғрисидаги ахборот лавҳаларини ўрнатиш;
- масжид маъмурияти томонида иш фаолиятни карантин даврида ташкил этиш бўйича тегишли буйруқ ва ички тартибларни ишлаб чиқиш (бунда ёши 65 ёшдан улуғ фуқароларни вақтинча ташриф буюрмай туришларини тавсия этиш);
- масжидларда жума намозини вақтинча адо этмаслик;
- ҳудудий Санитария-эпидемиология хизмати ходимлари томонидан масжидларнинг барча ходимлари билан тушунтириш ишларини ташкил этиш;
- ушбу хизмат томонидан белгиланган муддатда (ҳар 3 кунда ёки ҳафтада бир маротаба) масжидлардаги санитария-эпидемиологик ҳолатни ўрганиш ва тавсиялар бериш;
- масжидлар бинолари ва ҳудудини ҳар куни дезинфекция қилиш, хоналарни шамоллатиш;
- масжидга кириш ва чиқиш жойларида аҳолининг тўпланишига қатъий йўл қўймаслик;
- таҳоратхонадан фақат зарур шароитлар яратилган (бир марталик сочиқ-салфетка, антисептик воситалар, суюқ совунлар билан таъминлаш, қисқа муддатларда дезинфекция қилиш), ижтимоий масофаланишни сақлаган ҳолда фойдаланиш каби тартиб-интизомлар алоҳида таъкидланади.
Муҳтарам юртдошлар, мазкур белгиланган карантин тартиб-қоидаларига амал қилайлик. Синовли кунларда ўзимиз, яқинларимиз, халқимиз саломатлигини асраб-авайлайлик.
Коронавирус хасталигини жиловлаш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга ўзаро ҳамжиҳат бўлайлик!
Дин ишлари бўйича қўмита
ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизматлари
#Ноёб_фотолар
• Беш республика муфтийси Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон, диний назорат масъул котиби Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳамроҳлигида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари II қурултойи делегатлари ҳамда Россия, Шимолий Кавказ ва Озарбайжондан келган уламолар Усмон мусҳафини зиёрат қилмоқда.
1948 йил, Тошкент
•Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу халифалиги даврларида милодий 651 йили, ҳижрий 24 йили Қуръони Карим кийик терисига бир неча нусхада ёзилиб, Ислом оламининг марказий шаҳарларига юборилди. Мусҳафнинг расмда тасвирланган ўша қадимий табаррук нусхаларидан бири ҳозирги пайтда Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида сақланмоқда.
• Ҳазрати Усмон Мусҳафининг юртимизга келиб қолиши тарихи ҳақида турли ривоятлар бор. Ҳазрати Усмон мусҳафи дастлаб Самарқандга олиб келинган. Уни Амир Темур, Қаффол Шоший, Ҳазрати Усмоннинг куёвлари Саид олиб келган деган ривоятлар машҳур. Бу ҳақда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати раиси ўринбосарлари, таниқли олимлар Шайх Исмоил Махдум Саттиев, Шайх Юсуфхон Шокиров, шунингдек, Ҳамид Зиёев, Ҳабибуллоҳ Солиҳ ва бошқаларнинг фикрлари эътиборга лойиқ.
• Усмон мусҳафи руслар бостириб келгунга қадар ҳижрий 1285 йилгача Самарқандда турди.
•1869 йилнинг майида Туркистон бош губернатори Фон Кауфман буйруғи билан Самарқанд шаҳри ҳокими Серов воситачилигида ерли мусулмон уламолари розилиги билан Мусҳаф Санкт-Петербургга жўнатилди ва 1917 йилга қадар ўша ердаги кутубхонада сақланади.
• Ҳукуматнинг 1923 йил 25 июндаги қарорига кўра Усмон Мусҳафи Туркистон мусулмонларига 1924 йилда қайтарилди.
Мусҳафи шариф бирмунча вақт Тошкент масжидларида сақланди, сўнг Ўзбекистон халқлари тарихи музейига кўчирилди. 1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлган мусулмонларнинг IV қурултойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Мусҳафи Усмон Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати ихтиёрига қайтариб берилди.
• Ҳозирда Мусҳаф Ҳазрати Имом мажмуасининг Мўйи муборак мадрасасидаги Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида сақланмоқда.
• Мусҳафни мўътадил табиий иқлим шароитида асрашга мўлжалланган махсус мослама Германиядан келтирилган. Ҳар йили бу нодир Мусҳафни минглаб ватандошларимиз ва хорижий меҳмонлар зиёрат қилишади.
t.me/muftiylaruz