Кейинги йилларда юртимизда барча соҳалар қатори диний-маърифий соҳада ҳам катта ўзгаришлар ва ислоҳотлар бўляпти. Буни биз сўнги уч ярим йил ичида муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев ташаббуслари билан ташкил этилган илм-маърифат масканлари мисолида яққол кўришимиз мумкин. Улар қаторига Имом Бухорий ва Имом Термизий илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказларини киритишимиз мумкин.
Бугун ҳам ана шу эзгу ишлар давом этмоқда. Жорий йил 11 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузурида ташкил этилди. Шунингдек, Имом Мотуридий номидаги халқаро стипендия таъсис этилди.
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:
- ақида ва калом илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган Имом Мотуридий ва унинг издошлари бўлган алломаларнинг улкан илмий, диний-маънавий меросини чуқур ўрганиш, улар яратган асарларнинг илмий-изоҳли таржима ва қиёсий матнларини нашр этиш, халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб қилиш;
- ислом динининг инсонпарварлик моҳияти, маърифий-маданий роли ва ривожланиш йўналишларини илмий асосда ўрганиш ва кенг афкор оммага, жумладан, халқаро жамоатчиликка етказиш;
- Имом Мотуридий, Абу Муин Насафий каби алломаларнинг калом илми ривожига қўшган ҳиссаси ва унинг тараққиётида тутган ўрнини чуқур тадқиқ этиш, ёш авлодни миллатлараро ва динлараро бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, тинчлик-тотувлик каби ислом динининг асл қадриятлари руҳида тарбиялаш;
- “жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида ислом динининг илм-маърифат, маънавий поклик, тинчлик-осойишталик, тараққиёт ва бунёдкорликка чақирувчи ғояларини халқимиз, айниқса, ёшларга етказишдан иборат экани қайд этилди.
Ҳужжатда Марказ ҳамда Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом олами ташкилоти (ICESCO)га аъзо мамлакатлар ва бошқа давлатларнинг махсус муассасалари, университетлари ўртасида самарали халқаро ҳамкорликни ўрнатиш ва ривожлантириш бўйича аниқ чоралар белгиланди.
Шунингдек, Қарорда “Эл-юрт умиди” жамғармаси мунтазам равишда Марказ илмий ходим ва тадқиқотчиларининг хорижда амалиёт ўташи ва стажировкасини ташкил этиш бўйича амалий чораларни кўриши қайд этиб ўтилди.
Юртимизда бу каби нуфузли дорулфунуннинг ташкил этилиши орқали Имом Мотуридий ва унинг издошларининг мусулмон оламидаги машҳур асарлари ўзбек тилига таржима қилинади ва халқимизга етказилади. Юртимиз мотуридийшунос олимлари хорижий мамлакатларда ўтказиладиган халқаро конференцияларда иштирок этадилар. Марказ муассислигида “Мотуридийлик” маънавий-маърифий, илмий-адабий журнали нашр этилади.
Келгусида “Мотуридийлик таълимоти ва ҳозирги замон” мавзусида конференция ва семинарлар ўтказилиши режалаштирилган. Шунингдек, дунё қўлёзма фондларида сақланаётган Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотига оид қўлёзма асарлар нусхалари жамланади ҳамда уларнинг каталоги яратилади. Йиғилган малумотлар асосида мотуридийлик таълимотига оид энциклопедия тайёрланади.
Яна қувонарлиси ўзбек ва жаҳон кино ихлосмандлари учун Имом Мотуридий, Абу Муин Насафий каби алломаларнинг ҳаёти ва илмий мероси ҳақида бадиий ва ҳужжатли фильмлар тайёрланади.
Қайд этиш керакки, бугунги кунда дунёда мавжуд 1,9 млрд мусулмон аҳолининг 38% ёки 726 миллиони мотуридийлик таълимотига амал қилади. Улар Покистон, Ҳиндистон, Туркия, Миср, Россия каби 20 га яқин давлатда истиқомат қилади.
Бир сўз билан айтганда, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг ташкил этилиши Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларнинг янги босқичи сифатида улуғ аллома аждодларимизнинг ибратли ҳаёти ва бой илми меросини чуқур тадқиқ этиш, халқимиз, хусусан, ёшларимизни эзгу умуминсоний ғоялар, муқаддас динимизнинг илм-маърифат, ҳалол-поклик, юксак ахлоқ ва эзгулик таълимоти асосида тарбиялаш имконини беради.
Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати
Айни кунларда ҳаж сафарига киришган илк зиёратчиларимиз Мадина шаҳридаги беш юлдузли “Zamzam Pullman” замонавий меҳмонхонасида истиқомат қилишмоқда.
Мазкур меҳмонхона Масжиди Набавийнинг ёнида жойлашган бўлиб, зиёратчиларимиз беш маҳал намозни адо этиш, Равзаи шарифга кириш ва бир неча бор Расул алайҳиссаломга салом йўллаш саодатига эга бўлмоқда.
Меҳмонхонада ҳозирланган шароитлар барча ҳожиларимизни мамнун этмоқда. Ҳар бир хонада кийим жавони, ёзув столи, совутгич ва музлатгич, қибла кўрсаткичи, жойнамоз, Қуръони карим, телевизор бор. Фойе, лифт ва хоналар кенг ва ёруғ.
Ҳожиларга хизмат кўрсатадиган ошхона-ресторанда ҳам зарур ўринлар ва барча қулайликлар яратилган. Бир неча минг кишилик ошхонада ибодатга қувват бўладиган лазиз таомлар, салатлар, сархил мевалар, ширинликлару шарбатлар тортиқ қилинмоқда.
Мазкур меҳмонхонада жойлашган Ўзбекистон ишчи гуруҳи штаби барча ташкилий ишларни рисоладагидек бўлиши учун 24 соат давомида узлуксиз зиёратчилар хизматида бўлмоқда.
Мавсум давомида ҳожиларимиз тетик, соғлом бўлишлари учун аввало, ўзлари, сўнгра тиббиёт ходимлари ҳам масъул. Бу йил ҳам ҳожиларимизнинг соғликларини доимий кузатиб бориш учун олий тоифали шифокорлар жалб этилган. Улар ҳамюртларимиз саломатликлари учун туну кун хизматда бўлиб туришибди.
Тиббиёт ходимлари ҳожиларнинг сиҳатларини кўздан кечириб, керакли ёрдам, маслаҳат ва дори-дармонлар бермоқда. Тиббий хизмат марказларида муолажа учун керакли жиҳозлар, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш учун шароитлар мавжуд. Барча турдаги касалликларга биринчи ёрдам кўрсатиш мақсадида юртимиздан етарли даражада дори-дармонлар олиб борилган.
Жорий мавсумда ҳожиларимизга яна бир қулайлик ва туҳфа улашилди. Ўзбекистон алоқа оператори тарафидан бу йилги ҳар бир зиёратчига интернет трафиги ва бонусли дақиқалари мавжуд бўлган бепул телефон сим картаси, махсус сумка, термос, соябон ва бош кийим кабилар тақдим этилди.
Жорий мавсумда бўлғуси ҳожиларга хизмат кўрсатиш сифати янги босқичга олиб чиқилгани ва шароитлар сезиларли даражада яхшилангани барчани чексиз мамнун этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати