Шу йил 8 август куни ижтимоий тармоқларда тарқалган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига гўёки номзодлар кўриб чиқилиб, Azon.uz сайти таъсисчиси Мубашшир Аҳмад маъқулланди, деган мазмундаги хабар сохта ва мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайди.
Мазкур асоссиз хабар тарқалган заҳотиёқ, Azon.uz таҳририяти ушбу хабар нотўғри экани, унга кўр-кўрона ишониб кетмасликка чақириб, раддия эълон қилди.
Таъкидлаш зарурки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимида Усмонхон Алимов ҳазратлари фаолиятларини давом эттирмоқдалар.
Биз, фазилатли муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига узоқ йиллар мўмин-мусулмонларимиз хизматида бардавом бўлишларини Аллоҳ таборака ва таолодан сўраймиз.
Аҳоли орасида асоссиз ва ёлғон хабар тарқатиш Ислом дини таълимотларига кўра, қаттиқ қораланади, қонунчиликда эса жавобгарликка тортилишини эслатиб ўтамиз.
Ўз навбатида мўмин-мусулмонларни мана шундай фитна ва иккиланишларга сабаб бўладиган ёлғон хабарларни тарқатмасликка чақирамиз.
Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлда собитқадам қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Юртимизда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, ҳанафий мазҳаби асосида пок динимизнинг асл моҳиятини аёл-қизларга етказиш, бидъат-хурофотларнинг олдини олиш муҳим вазифа ҳисобланади. Бу жараёнда, табиийки, отинойиларнинг алоҳида ўрни бор.
Шу йил 13 август куни Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани «Шайх Зайниддин» жоме масжиди мажлислар залида Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган отинойилар иштирокида тадбир ташкил этилди.
Йиғилишни Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов кириш сўзи билан очиб, бугунги кунда диний соҳа ҳодимлари, шу жумладан, отинойиларнинг масъулияти, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашдаги ўрни, аёл-қизларни турли ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, соф Ислом дини таълимотининг асл моҳиятини кенг оммага етказиш ва ҳар қандай жаҳолатни илм-маърифат билан енгиш мумкинлиги тўғрисида гапирдилар.
Тадбирда Тошкент шаҳар, “Маърифий тарғибот маркази” давлат муассасаси директори, “Шуҳрат” медали сохиби, Хидиров Мирзохид Ғайратович Тошкент шаҳар бош имом хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Зулайҳо Соатова, Тошкент шаҳар ҳокимлиги масъул ходимаси Нилуфар Иргашева ва Тошкент шаҳар туманлари бош имом-хатибларнинг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчилари ва ҳудуд отинойилари иштирок этди.
Тошкент шаҳар, "Маърифий тарғибот маркази" давлат муассасаси директори, “Шуҳрат” медали сохиби, Хидиров Мирзохид Ғайратович 2025-йил 25-февралдаги Ўзбекистон Республикасининг 1037-сонли Қонуни билан Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепсиясининг мазмун –моҳияти. Мутаассиблик нима? Радикализм атамаси ҳақида. Мутаассиб ва радикал шахснинг белгилари, бир-биридан фарқи ва уни аниқлаш усулари. Улар билан суҳбат ўтказиш усуллари тўғрисида маъруза қилди.
Нилуфар Иргашева отинойилар фаолияти билан боғлиқ бир қатор масалалар тўғрисида фикр алмашди. Шу билан бирга 6 ой давомида отинойилар томонидан амалга оширилиган ишлар юзасидан таҳлилий фикрини билдириб, шунингдек, хар бир отинойи МФЙ идораларда “Жахолатга карши маърифат” лойиҳаси асосида ташкил этилаётган маьнавий-маьрифий тадбирларни ўтказишда фаол бўлишлари лозимлигини ва аёлларни урфимиз ва миллийлигимизга хос кийинишларини ва бошқаларга тақлид қилмасликларини ҳақида босқичма-босқич тушунтириш ишларини олиб боришини таъкидлаб ўтди. Йиғилиш доирасида отинойиларнинг саволларига жaвоблар қайтарилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати