Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Январ, 2025   |   11 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:48
Пешин
12:36
Аср
15:33
Шом
17:17
Хуфтон
18:36
Bismillah
11 Январ, 2025, 11 Ражаб, 1446

Сабрли бўлиш мўмин кишининг фазилатидир!

7.08.2020   2729   4 min.
Сабрли бўлиш мўмин кишининг фазилатидир!

Шу кунларда айрим ижтимоий тармоқ юритувчилари томонидан масжидларда жамоат ибодатини бошлаш масаласи илгари сурилмоқда. Тўғри, бугун барчамиз жоме масжидларни тўлдириб, жамоат намозларини ўқишни, дуою илтижолар қилишни жуда ҳам соғиндик.

Бироқ ҳозирги коронавирус билан боғлиқ жуда ҳам кескин вазиятни ҳам зинҳор эсдан чиқармаслик зарур! Бутун дунёни ларзага солган коронавирус инфекцияси кенг авж олмоқда. Жамоат ибодатлари соғинчини тушуниш мумкин. Лекин бундай масалаларда эҳтирос билан эмас, балки илм билан ёндашган яхши, чунки инсон ҳаётини сақлаш шариатнинг энг асосий мақсадларига киради. Шунинг учун яна бироз сабр-қаноат қилайлик, вазият яхши томонга ўзгариши учун дуо-ю тазарруларда бардавом бўлайлик.

Хабарингиз бор, Республика махсус комиссияси қарори билан фуқаролар саломатлиги ва ҳаётини асраш мақсадида, жамоат жойлари, хусусан, ошхоналар, кафелар, жамоат транспортлари фаолияти, жамоавий тадбирлар, тўйю томошалар вақтинча тўхтатилди. Шу жумладан, масжидларда жамоат бўлиб ибодат қилиш ҳам тўхтади. 

Маълумки, Ислом динимизда бундай ҳолатда ҳар бир киши иш бошилар ва шифокорлар кўрсатмаларига қатъий риоя этишлари зарур. Ушбу касалликнинг олдини олиш бўйича мутахассислар қандай йўл-йўриқ беришса, уларга ҳеч қандай эътирозсиз амал қилишимиз лозим бўлади. Зеро, ояти каримада: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз!”, деб марҳамат қилинади (“Нисо” сураси 59 оят).

Хабарингиз бор, дунё мамлакатларида коронавирус касаллиги тарқалиши турлича давом этмоқда. Ушбу касаллик юқиш эҳтимоли катта бўлгани боисидан жуда кўп мамлакатларда масжидларда жамоат бўлиб ибодат қилиш тўхтатилди. Ҳатто ҳаж ва умра каби улуғ ибодатлар ҳам дунё мамлакатлари учун бекор қилинди.

Эпидемиологик мураккаб вазиятда карантиннинг кескинлашуви ҳақидаги қарорларни ҳам тўғри тушуниш керак бўлади. Вабо, ўлат шароитларига тааллуқли илм-фан кўрсатмаларининг аксари фиқҳий аҳкомларга тўла мосдир. Ислом динида юқумли касаллик тарқалиб, у ердаги киши сабр қилса ва бошқа жойга бориб касалликнинг ўзгаларга юқишига сабабчи бўлмаса, унга улуғ савоблар битилиши баён этилгани бежиз эмас, албатта.

Аллоҳ таоло бандаларини мудом қийинчиликка ташлаб қўймайди, балки тезда енгиллик беради: “Албатта, Аллоҳ тезда тангликдан кейин енгилликни пайдо қилур” (Талоқ, 7), деб марҳамат қилинади. Ҳазрати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Хурсанд бўлинглар! Сизларга енгиллик келди. Ҳаргиз бир қийинчилик икки енгилликдан устун келмайди” (Имом Ҳоким ривояти).

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. Шундай ҳолатларда сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй, Муҳаммад)!” (“Бақара” сураси, 155-оят).

Яна бир ояти каримада эса: “Эй, имон келтирганлар! Сабр қилингиз, бағрикенг бўлингиз ва (Аллоҳ йўлига) тахт бўлиб турингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, зора (охиратда) нажот топсангиз!”, деб баён қилинган.

Яна бир муҳим жиҳат. Ҳозирги масъулиятли онларда ҳеч биримиз зинҳор шайтон васвасасига учмасдан, шошқалоқликка берилмаслигимиз керак. Бундай оғир дамларни бирдамлик, ҳамфикрлик билан енгишимиз лозим. Мана шундай синовли дамларда одамларни чалғитиш, уларнинг орасига фитна солиш ва норозилик кайфиятини урчитиш гуноҳ. Бир ҳадиси шарифда: “Фитна ухлаб ётган нарсадир, ким уни тўзитиб уйғотса, уни Аллоҳ лаънатласин”, деб таъкидланади.

Биз ишонамизки, халқимиз бу ўрнатилган тартиб-қоидаларни тўғри тушунади, турли фитналарга, ҳар-хил ножўя чақириқларга берилмайди. Бошга келган синовларни сабр-қаноат, чекловга итоат ила ёруғ кунларга умид билан енгиб ўтади, инша Аллоҳ.

Шундай экан, вазият барқарорлашгунга қадар бугунги вақтимизнинг қадрига етиб, Қуръон тиловати, илм-маърифат билан шуғулланиш, зикру тасбиҳлар каби эзгу ва савоб амаллар билан машғул бўлишимиз айни муддаодир.

Илоҳим, коронавирус аталмиш хасталик тезда даф бўлсин. Аллоҳ таоло беморларга шифо берсин. Юртимиз масжидлари яна жамоатлар ила қоим бўлсин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Бу мўъжизани ким инкор қила олади?

10.01.2025   2547   1 min.
Бу мўъжизани ким инкор қила олади?

 Биласизми? Силикат моддасига бой бўлган тупроққа дафн қилинган инсоннинг скелети вақт ўтиши билан тош ва харсангга айланади.
 Агар у пири‌т (темир сульфиди) моддасига бой минтақага дафн қилинса, ундай жасад темир ҳайкалга айланиб қолиши мумкин!

Бу илмий ҳақиқат яқинда аниқланган бўлса-да, Қуръонда бу ҳақида 1445 йил олдин ҳайратланарли тарзда жуда аниқлик билан баён этилган. Қуръонда бундай дейилган:

وَقَالُوا أَإِذَا كُنَّا عِظَامًا وَرُفَاتًا أَإِنَّا لَمَبْعُوثُونَ خَلْقًا جَدِيدًا

"Улар: “Биз суякларга  ва чанг- тупроқларга айланиб кетганимиздан кейин ҳам, янгитдан тирилтириламизми?” дедилар. “Сен уларга, тошга ёки темирга айланинглар”, деб айт"
(Исро сураси, 50-оят).

Бу оят яқин йилларда кашф этилган — суяклари тошга айланган ёки темир ҳайкалга айланган қазилмаларга очиқ ва равшан ишора қилмоқда. Гўёки Қуръонда хабар берилган ушбу далиллар олимлар кашф қилишларини узоқ асрлардан бери кутиб ётгандек.

Шундай экан, ақлли инсон бундай очиқ-ойдин ва равшан мўъжизани қандай инкор қила олади? Қуръоннинг бу мўъжизаси кундуздаги қуёшдек равшан эмасми?

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ