Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Ноябр, 2024   |   27 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:02
Қуёш
07:26
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:58
Хуфтон
18:17
Bismillah
28 Ноябр, 2024, 27 Жумадул аввал, 1446

Мусулмон жамиятларида оилавий муносабатлардаги муаммолар: сабаб ва ечимлар 

7.08.2020   2760   6 min.
Мусулмон жамиятларида оилавий муносабатлардаги муаммолар: сабаб ва ечимлар 

Оила жамиятнинг бир бўлаги. Оилавий муносабатлар одоб-ахлоқ ва ҳуқуқий нормалар орқали тартибга солинади. Оилавий муносабатларни тартибга солиниши жамият фаровонлиги ва тараққиётига катта таъсир этади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5938-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан жорий йилнинг 5 август ойига қадар 15 минг 413 та ажрим ёқасига келиб қолган оилаларнинг 9 минг 980 таси яъни, 60 фоизи яраштирилди. Шунингдек, 11 минг 985 та никоҳи қонуний расмийлаштирилмаган оилалар аниқланиб, уларнинг 5 минг 960 таси ёки 57,8 фоизининг никоҳи қонуний расмийлаштирилди.

2020 йилнинг 6 август куни Ўзбекистон ҳалқаро ислом академиясида “Мусулмон жамиятларида оилавий муносабатлардаги муаммолар: сабаб ва ечимлар” мавзусида халқаро мутахассислар ва юртимиздаги исломшунос олимлар, имом-хатиблар, диний билим юрти мудирлари ва талабалар иштирокида видиео семинар ўтказилди.

Видео семинарда ислом илмлари бўйича етук мутахассис олим, Россия Федерациясининг Татаристон Республикасидаги Булғор ислом академияси профессори Шайх Абдураззоқ ас-Саъдий ўз маърузаси билан иштирок этди.

Ҳозирда Иорданияда истиқомат қилаётган, асли ироқлик Шайх Абдураззоқ ас-Саъдий маърузанинг кириш қисмида исломда оила муқаддас экани, оилавий ахлоқ муносабатларини тартибга солувчи оят ва ҳадислар, эр ва хотиннинг ҳуқуқлари, фарзанд тарбияси ҳақида гапириб ўтди.

Маърузачи мавзу юзасидан мусулмон жамиятларидаги оилавий муносабатларда юзага келаётган муаммоларнинг асосий сабаблари сифатида қуйдагиларни санаб ўтди:

  • ёшларнинг диний таълим-тарбияси, одоб-ахлоқи сустлиги;
  • ёшлар оила олдидаги бурчи ва масъулиятини ҳис этмаслиги;
  • эр-хотин ажрим сабабли Аллоҳнинг омонати бўлган ўз фарзандлари тақдирини ўйламаслиги ва бунга масъулиятсизлик билан қараши;
  • оиланинг моддий ҳолати, етишмовчилик, эрнинг тоқатидан ортиғи талаб қилиниши;
  • эр ёки хотинниг оилавий муносабатлардаги хиёнати, аёлга нисбатан зўравонлик;
  • интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали оила қадриятларига ёт бўлган омиллар таъсири;
  • жинсий муносабатларда тиббий нуқсонлар;
  • эр-хотиннинг оилавий муносабатларида бир-бирини тушунмаслиги, оилада доимий низо ва жанжал каби омиллар сабаб бўлмоқда.

Мазкур муаммоларнинг ечими сифатида маърузачи қуйдаги тавсияларни санаб ўтди:

  • ёшлар оила қуришларидан аввал бўлажак эр ёки хотиннинг мол-давлати, шон-шуҳратига эмас, тарбияси ва ахлоқи, маънавий гўзаллигига эътибор қаратишлари лозимлиги;
  • ёшларнинг оилавий муносабатларида ўзаро келишмовчилик келиб чиққан ҳолатларда, ажралиш учун шошмасдан, ўртани ислоҳ қилиш ва яраштириш учун ҳар икки тарафдан вакилларни чақиришлари;
  • оилада иқтисодий танглик ҳолатида эрдан талоғини беришга шошмасдан, борига қаноатли ва сабрли бўлиш;
  • диний идора томонидан оила муқаддаслиги, фарзанд тарбияси, талоқнинг оқибатлари каби мавзуларда жума тезисларини ишлаб чиқиш ва мусулмон оммасига етказиш;
  • диний идора тизимида оилаларда вужудга келаётган ноҳақлик, зулм ва ажримларни олдини олиш мақсадида фиқҳий илмга эга бўлган 2-3 кишидан иборат етук мутахассислар ҳайъатини тузиш ва муаммоларга ўз вақтида ечимини топиб бериш каби фикрлар айтиб ўтилди.

Қадимдан ҳалқимиз орасида бир мақол бор: “Бир кун жанжал бўлган уйда қирқ кун барака бўлмайди”. Оилаларни меҳр-муҳббат ва ўзаро садоқат остида тартибга солувчи бу каби ҳикматли ўгитларни қадимги шарқ мусулмон халқлари орасида кўплаб мисолларини учратиш мумкин.

Аммо, охирги вақтларда олиб борилаётган тадқиқотлар натижасида, айнан, аҳолисининг аксар қисми мусулмонлардан иборат бўлган мамлакатларда ажримлар сони ортиб бораётганини кўришимиз мумкин. Бу албатта, кўпчиликни ташвишга солади. Сабаби, турмуш қурган қанчадан-қанча ёш қизлар бева бўлиб, ёш болалар тирик етим қолмоқда, ота-она меҳри ва тарбиясидан маҳрум бўлмоқда.

Статистик маълумотларга кўра, 2019 йилга қадар Ўзбекистонда 10 йил давомида оилавий ажримлар сони икки баробарга ошган. 2008 йилда 16 мингдан ортиқ никоҳдан ажралиш ҳоллари қайд этилган бўлса, бу кўрсаткич 2018 йилга келиб 32 мингдан ортиб кетган. 2019 йилда эса ажримлар сони ўсишдан тўхтаб, 23 мингга тушгани айтилмоқда.[1]

Жорий йилнинг август ойига қадар биргина Тошкент шаҳрида оилаларнинг 1692 таси ажрашган, 918 та оила эса ажрим ёқасига келиб қолган.[2]

Тожикистон Республикасида мазкур ҳолат юзасидан 2019 йилга нисбатан жорий биринчи ярим йилликда ажрим ҳолати 49 тага камайгани ва 931 та оилавий ажримлар қайд этилгани, яъни 5%га камайгани таъкидланади.[3]

Абу Дабидаги статистика Марказининг 2019 йил июль ойида берган маълумотига кўра, 2018 йил рўйхатдан ўтган никоҳларнинг 30% бир йил ўтмасдан ажрим ҳолати қайд этилганини таъкидлайди.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, оила муносабатларида пайдо бўлаётган муаммоларни олдини олиш, ёшларнинг оиладаги масъулиятини ошириш ва шу орқали оила мустаҳкамлигини таъминлаш мақсадида миллий ва диний қадриятларимизга асосланган бу каби илмий семинарлар, кенг кўламли тушунтириш ишлари катта самара беради.

Ўзбекистон ҳалқаро ислом академиясида ўтказилган видео семинар якунида академия проректори профессор З.Исломов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосарлари Ҳ.Ишматбеков ва И.Иномовлар Шайх Абдураззоқ ас-Саъдийнинг мазмунли маърузаси учун ўз миннатдорчиликларини изҳор қилиб, келгусида бундай долзарб мавзуларда суҳбатлар ташкил этилишида яқиндан ҳамкорлик олиб борилишига умид билдирдилар. 

 

Ўзбекистон ҳалқаро ислом академияси

Исломшунослик факультети декани

 ўринбосари, исломшунослик фанлари

бўйича фалсафа доктори М.ҲАЙДАРОВ

 

 

[1] “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан тақдим этилган маълумот.

[2] Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан тақдим этилган маълумот.

[3] https://tj.sputniknews.ru/society/20200725/1031633955/dushanbe-braky-razvody.html

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Расулуллоҳ ﷺнинг ризқ йўлида меҳнат қилишларидаги ҳикматлар

25.11.2024   1952   1 min.
Расулуллоҳ ﷺнинг ризқ йўлида меҳнат қилишларидаги ҳикматлар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йигитлик ёшларини қаршилашлари билан ризқ йўлида ҳаракат қила бошладилар. У зот кейинчалик ўзлари ҳақида бундай деганлар: “Мен Макка аҳлининг қўйларини арзимаган чақалар эвазига боқиб берардим”.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ризқ ва озуқа топиш мақсадида чўпонлиқ қилишларида учта муҳим ибрат бор:

1) У зотнинг амакилари Абу Толиб жуда ҳам меҳрибон ва ғамхўр эди. Лекин, Расулуллоҳ алайҳиссалом имконлари етганича амакиларига кўмаклашар эдилар. Гарчи топаётган фойдалари амакилариникига нисбатан жуда оз бўлса ҳам, бу нарсада ташаккур билдириш, имкон қадар ёрдамлашиш ва гўзал муносабат бор эди.

2) Аллоҳ таолонинг илоҳий ҳикмати бизга: инсон ўз қўли билан касб қилиб топган нарсалари энг тотли ва лаззатли эканини билдирмоқда. Энг қадрсиз ва ёмон нарса эса қийинчилик ва машаққатсиз топилган мол-дунё эканига ишора қилмоқда.

3) Агар инсонларни тўғри йўлга етакловчи насиҳат қилиши ортидан инсонларнинг қўлига қараб қолса, унинг эслатмалари ҳеч қандай қийматга эга бўлмайди. Шунинг учун ҳар бир инсоннинг қасб-ҳунари бўлиши керак. Шундагина инсонлардан бирортаси унга на миннат қилади ва на унинг тилини қиса олади.


Солиев Элёрбек Муҳаммад Мусо ўғли,
“Файзуллахўжа ўғли Муродхожи” жоме масжиди имом-ноиби.