Оила жамиятнинг бир бўлаги. Оилавий муносабатлар одоб-ахлоқ ва ҳуқуқий нормалар орқали тартибга солинади. Оилавий муносабатларни тартибга солиниши жамият фаровонлиги ва тараққиётига катта таъсир этади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5938-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилди.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан жорий йилнинг 5 август ойига қадар 15 минг 413 та ажрим ёқасига келиб қолган оилаларнинг 9 минг 980 таси яъни, 60 фоизи яраштирилди. Шунингдек, 11 минг 985 та никоҳи қонуний расмийлаштирилмаган оилалар аниқланиб, уларнинг 5 минг 960 таси ёки 57,8 фоизининг никоҳи қонуний расмийлаштирилди.
2020 йилнинг 6 август куни Ўзбекистон ҳалқаро ислом академиясида “Мусулмон жамиятларида оилавий муносабатлардаги муаммолар: сабаб ва ечимлар” мавзусида халқаро мутахассислар ва юртимиздаги исломшунос олимлар, имом-хатиблар, диний билим юрти мудирлари ва талабалар иштирокида видиео семинар ўтказилди.
Видео семинарда ислом илмлари бўйича етук мутахассис олим, Россия Федерациясининг Татаристон Республикасидаги Булғор ислом академияси профессори Шайх Абдураззоқ ас-Саъдий ўз маърузаси билан иштирок этди.
Ҳозирда Иорданияда истиқомат қилаётган, асли ироқлик Шайх Абдураззоқ ас-Саъдий маърузанинг кириш қисмида исломда оила муқаддас экани, оилавий ахлоқ муносабатларини тартибга солувчи оят ва ҳадислар, эр ва хотиннинг ҳуқуқлари, фарзанд тарбияси ҳақида гапириб ўтди.
Маърузачи мавзу юзасидан мусулмон жамиятларидаги оилавий муносабатларда юзага келаётган муаммоларнинг асосий сабаблари сифатида қуйдагиларни санаб ўтди:
Мазкур муаммоларнинг ечими сифатида маърузачи қуйдаги тавсияларни санаб ўтди:
Қадимдан ҳалқимиз орасида бир мақол бор: “Бир кун жанжал бўлган уйда қирқ кун барака бўлмайди”. Оилаларни меҳр-муҳббат ва ўзаро садоқат остида тартибга солувчи бу каби ҳикматли ўгитларни қадимги шарқ мусулмон халқлари орасида кўплаб мисолларини учратиш мумкин.
Аммо, охирги вақтларда олиб борилаётган тадқиқотлар натижасида, айнан, аҳолисининг аксар қисми мусулмонлардан иборат бўлган мамлакатларда ажримлар сони ортиб бораётганини кўришимиз мумкин. Бу албатта, кўпчиликни ташвишга солади. Сабаби, турмуш қурган қанчадан-қанча ёш қизлар бева бўлиб, ёш болалар тирик етим қолмоқда, ота-она меҳри ва тарбиясидан маҳрум бўлмоқда.
Статистик маълумотларга кўра, 2019 йилга қадар Ўзбекистонда 10 йил давомида оилавий ажримлар сони икки баробарга ошган. 2008 йилда 16 мингдан ортиқ никоҳдан ажралиш ҳоллари қайд этилган бўлса, бу кўрсаткич 2018 йилга келиб 32 мингдан ортиб кетган. 2019 йилда эса ажримлар сони ўсишдан тўхтаб, 23 мингга тушгани айтилмоқда.[1]
Жорий йилнинг август ойига қадар биргина Тошкент шаҳрида оилаларнинг 1692 таси ажрашган, 918 та оила эса ажрим ёқасига келиб қолган.[2]
Тожикистон Республикасида мазкур ҳолат юзасидан 2019 йилга нисбатан жорий биринчи ярим йилликда ажрим ҳолати 49 тага камайгани ва 931 та оилавий ажримлар қайд этилгани, яъни 5%га камайгани таъкидланади.[3]
Абу Дабидаги статистика Марказининг 2019 йил июль ойида берган маълумотига кўра, 2018 йил рўйхатдан ўтган никоҳларнинг 30% бир йил ўтмасдан ажрим ҳолати қайд этилганини таъкидлайди.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, оила муносабатларида пайдо бўлаётган муаммоларни олдини олиш, ёшларнинг оиладаги масъулиятини ошириш ва шу орқали оила мустаҳкамлигини таъминлаш мақсадида миллий ва диний қадриятларимизга асосланган бу каби илмий семинарлар, кенг кўламли тушунтириш ишлари катта самара беради.
Ўзбекистон ҳалқаро ислом академиясида ўтказилган видео семинар якунида академия проректори профессор З.Исломов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосарлари Ҳ.Ишматбеков ва И.Иномовлар Шайх Абдураззоқ ас-Саъдийнинг мазмунли маърузаси учун ўз миннатдорчиликларини изҳор қилиб, келгусида бундай долзарб мавзуларда суҳбатлар ташкил этилишида яқиндан ҳамкорлик олиб борилишига умид билдирдилар.
Ўзбекистон ҳалқаро ислом академияси
Исломшунослик факультети декани
ўринбосари, исломшунослик фанлари
бўйича фалсафа доктори М.ҲАЙДАРОВ
[1] “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан тақдим этилган маълумот.
[2] Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан тақдим этилган маълумот.
[3] https://tj.sputniknews.ru/society/20200725/1031633955/dushanbe-braky-razvody.html
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳ бир куни илмий мажлисларида шундай дедилар: «Инсонга ҳаётда ғам, мусибат ва машаққатлар етади. Агар банда чуқурроқ ўйлаб кўрса, бу машаққат ва қийинчиликлар Аллоҳ таолонинг неъматлари эканини англайди. Масалан, беморлик ҳам бир неъмат. Фақирлик ва муҳтожлик ҳам неъмат. Қалб кўзи очиқ инсон бу нарсалар Аллоҳ таолонинг неъматлари эканини кўради. Ҳақиқатда, машаққат ва қийинчиликлар неъматдир. Аммо бизнинг қосир ақлимиз уларнинг неъмат эканини сиғдира олмайди».
Шу ўринда мусибат ва қийинчиликлар қандай қилиб неъмат бўлади? деган савол туғилади. Бу саволнинг жавоби ҳадиси шарифда келади. Унда айтилишича, Аллоҳ таоло охиратда машаққат ва мусибатларга сабр қилган бандаларига беҳисоб ажр-мукофотлар беради, ўшанда дунёда у қадар мусибатга учрамаган одамлар у бандаларни кўриб, кошки, ҳаёти дунёда бизга ҳам мусибат ва машаққатлар етганда эди, биз ҳам сабр қилган ва сабримизга мана шундай ажр-савоблар олган бўлар, бу кунда сабр қилувчилар билан бирга турар эдик, деб орзу қиладилар.
Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деб турганларида, мажлисга бир одам кириб келди. У ногирон бўлиб, турли хил дардларга мубтало эди. У келиб, Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳга: «Менинг ҳаққимга дуо қилинг, Аллоҳ таоло менга бу машаққатлардан нажот берсин», деди.
Мавлоно Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Биз ўша мажлисда ҳозир эдик. Ўшанда ҳайрон бўлдик, Ҳожи Имдодуллоҳ Маккий раҳматуллоҳи алайҳ бутун мусибатлар ва қийинчиликларнинг неъмат эканини айтиб турибдилар. Бу ёқда эса бу одам ўзидан машаққат ва қийинчиликларнинг кетишини истаб дуо сўраяпти. Агар бу ногирон одамдан машаққатлар кетишини сўраб дуо қилсалар, у ҳолда неъматнинг зое бўлишини сўраган бўладилар-ку? Ҳожи Имдодуллох Маккий раҳматуллоҳи алайҳ шу пайт қўлларини дуога кўтардилар ва: «Аллоҳим! Ҳақиқатда, барча мусибат ва машаққатлар неъматдир. Лекин, Аллоҳим, биз ожизмиз. Сен бизнинг ожизлигимизга назар сол ва бу машаққат неъматини саломатлик неъматига алмаштириб бер!» деб дуо қилдилар».
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан