Барча юртдошларимиз сингари биз, Тошкент вилояти аҳолиси, барча мўмин-мусулмонлар муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига йўллаган Қурбон ҳайити табригини эшитиб, жуда хурсанд бўлдик, бошимиз кўкка етди. Ундаги умидбахш сўзлар бугунги синовли кунларда дардимизга малҳам бўлди.
Шунингдек, “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони том маънода халқимизга байрам туҳфаси бўлди.
Айниқса, Фармонда 14 ёшгача болалари бўлган эҳтиёжманд оилаларга тўланадиган нафақа олувчи оилалар сонини 700 мингтага етказиш, эҳтиёжманд оналар сонини 400 мингтага ошириш масаласи қанчадан-қанча ўксик кўнгилларга рўшнолик олиб киради.
Аслида, бугунги кунда она ва бола саломатлиги, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш бўйича жуда кўп ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хотин-қизларимизнинг дарду ташвиши, муаммоларини жойларга чиқиб ҳал этиш йўналишида алоҳида тизим яратилди. Агар она ҳаётдан рози бўлса, унинг фарзанди ҳам шу юрт корига ярайдиган, ватанпарвар, халқпарвар ҳақиқий фидойи бўлиб вояга етади.
Фармон ижроси юзасидан амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида, албатта, жамиятда ўзгариш, одамлар ҳаётида розилик кайфияти пайдо бўлади. Шу нуқтаи назардан Фармондаги кам таъминланган инсонларга қаратилган эътибор алоҳида таҳсинга лойиқ.
Яна бир жиҳатга алоҳида тўхталиб ўтиш лозим. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фондини қўллаб-қувватлаш учун 150 млрд сўм маблағ ажратилиши бу биз соҳа вакилларига олам-олам қувонч бағишлади. Бу, албатта, 6,5 минг диний ходимнинг даромадларини тиклаш имконини беради ва уларнинг ишчанлик кайфияти ҳамда фаолиятларида ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади, албатта.
Тўғри, бу йил синовларга тўла бўлди. Шунга қарамай, мўмин-мусулмонларимиз тушкунликка тушмасдан, кайфиятларини бузмасдан, тоату ибодат, дуода бардавом бўладилар.
Ўз навбатида, яқинларига, қўни-қўшниларига, ёрдамга муҳтож оилаларга имкон қадар саховат кўрсатишга ошиқишганини гувоҳи бўлдик. Бир сўз билан айтганда, пандемия бизни янада жипслаштирди, бир-биримизга меҳру муҳаббатимизни оширди. Муаммолар қаршисида нақадар кучли эканимизни, ҳар қандай синовни биргаликда енгиб ўтишимизни кўрсатди.
Албатта, бундан кейин ҳам Яратганнинг бизларга кўрсатган марҳаматига шукр қилиб, сабр-матонат билан бу балоларни юртимиздан даф бўлишини сўраб, дуолар қилишимиз зарур. Чунончи, ояти каримада: «Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир. Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир» (Шарҳ сураси, 5–6-оятлар), деб марҳамат қилинган.
Албатта, ёруғ кунлар, фаровон ва маъмур ҳаёт ҳали олдинда. Иншоаллоҳ, юртимиз ўз тараққиёт йўлидан бундай буён ҳам дадил одимлаб, олдимизга қўйган улуғ мақсадларимизга албатта эришамиз. Бизни ҳеч қандай синов, офат, бало енга олмайди.
Хайрулла ТУРМАТОВ,
Тошкент вилояти бош имом-хатиби
Биласизми? Силикат моддасига бой бўлган тупроққа дафн қилинган инсоннинг скелети вақт ўтиши билан тош ва харсангга айланади.
Агар у пирит (темир сульфиди) моддасига бой минтақага дафн қилинса, ундай жасад темир ҳайкалга айланиб қолиши мумкин!
Бу илмий ҳақиқат яқинда аниқланган бўлса-да, Қуръонда бу ҳақида 1445 йил олдин ҳайратланарли тарзда жуда аниқлик билан баён этилган. Қуръонда бундай дейилган:
وَقَالُوا أَإِذَا كُنَّا عِظَامًا وَرُفَاتًا أَإِنَّا لَمَبْعُوثُونَ خَلْقًا جَدِيدًا
"Улар: “Биз суякларга ва чанг- тупроқларга айланиб кетганимиздан кейин ҳам, янгитдан тирилтириламизми?” дедилар. “Сен уларга, тошга ёки темирга айланинглар”, деб айт"
(Исро сураси, 50-оят).
Бу оят яқин йилларда кашф этилган — суяклари тошга айланган ёки темир ҳайкалга айланган қазилмаларга очиқ ва равшан ишора қилмоқда. Гўёки Қуръонда хабар берилган ушбу далиллар олимлар кашф қилишларини узоқ асрлардан бери кутиб ётгандек.
Шундай экан, ақлли инсон бундай очиқ-ойдин ва равшан мўъжизани қандай инкор қила олади? Қуръоннинг бу мўъжизаси кундуздаги қуёшдек равшан эмасми?
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ