Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Январ, 2025   |   11 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:48
Пешин
12:36
Аср
15:33
Шом
17:17
Хуфтон
18:36
Bismillah
11 Январ, 2025, 11 Ражаб, 1446

Эзгуликнинг мукофоти фақат эзгуликдир

3.08.2020   2433   7 min.
Эзгуликнинг мукофоти фақат эзгуликдир

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Ҳайит байрамлари қадимдан юртимизда ўзгача, халқимизга хос меҳр-оқибат, шукроналик, мурувват, бағрикенглик ва саховат ифодаси бўлиб келган.

Жорий Қурбон ҳайити ҳам кўтаринки руҳда, халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган миллий ва диний қадриятларига мос равишда кенг нишонланди.

Шукронамизнинг, шоду ҳуррамлигимизнинг яна бир сабаби, шубҳасиз, куни кеча Президентимиз томонидан Ўзбекистон халқига йўлланган Қурбон ҳайити табриги ҳамда унинг мантиқий давоми сифатида қабул қилинган “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги тарихий Фармондир.

Ушбу воқелик коронавирус пандемияси туфайли халқимиз бошига тушган синовли кунларда кўнглимизни нурафшон қилди, руҳимизни кўтариб, эртанги бугундан-да бахтли кунларга ишончимизни янада мустаҳкамлади, десак, янглишмаган бўламиз.

Давлатимиз раҳбарининг ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирларнинг айни Қурбон ҳайити кунларида қабул қилингани бежиз эмас. Зеро, Президентимиз табригида таъкидланганидек, бу қутлуғ байрамнинг моҳиятида мужассам бўлган эзгу ва савоб ишлар қилиб яшаш, ўзаро ёрдам, меҳр-саховат, сабру қаноат, шукроналик, тинчлик ва соғликни қадрлашдек улуғ фазилатлар бугун алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Дарҳақиқат, муқаддас динимиз ғоят гўзал, барча замон ва маконларга мос ва хос. Исломнинг гўзаллиги шундаки, мусулмон киши ўзига раво кўрган нарсасини дўстига, биродарига илинмагунича ҳақиқий мўмин бўла олмайди. Шу боис динимизда инсонлар фақат яхшилик қилишга даъват этилади. Қилинган яхшилик туфайли кўнгиллар равшан тортади, ўзгача руҳий тетиклик туюлади, ҳузур-ҳаловат, хотиржамлик барқарор бўлади.

Аллоҳ таоло Ар-Раҳмон сурасининг 60-оятида: “Эҳсон (эзгулик)нинг мукофоти фақат эҳсон (эзгулик)дир”, деб марҳамат қилади. Муқаддас динимизнинг эзгулик, хайру саховат, меҳр-оқибат, мурувват каби олижаноб ғоялари жамиятда ижтимоий адолатнинг қарор топишига хизмат қилмоқда.

Динимиз буюрган хайрли амалларга узукка қўйилган кўздек ярашиб тушган саховат тадбирлари бугунги карантин даврида ҳар қачонгидан ҳам кенг қулоч ёяётганининг боиси шундаки, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир” (Бақара сураси, 261-оят), деб марҳамат қилган.

Аллоҳ таоло бу мисол билан битта хайрли иш учун битта эмас, то 700 ва ундан ортиқ савоб ато этиши мумкинлигини билдирмоқда. 

Ҳақиқатан ҳам, инсоннинг икки дунё саодатига эришиши эзгу амаллар устига бино қилинган. Қадимдан бир майизни қирқ бўлишиб ейишга одатланган халқмиз. Қўшнимиз оч экан, ўзимиз тўқ ҳолда ухлай олмаймиз. Бунга бизнинг диний, маърифий маданиятимиз асло йўл қўймайди. Бугунги синовли кунларда халқимиз муҳтожларга ўзининг нонини бермоқда, кийимини улашмоқда.

Хабарингиз бор, коронавирус пандемияси туфайли бу йилги муборак ҳаж амалини бажариш чекланди. Бундай фурсатни ғанимат билган саховатпеша юртдошларимиз исломнинг бешинчи арконини адо этиш учун йиғган маблағларини эҳтиёжманд, кам таъминланган оилаларга ҳадя қилмоқда. Бу эзгу анъаналаримизни, урф-одатларимизни бутун дунёга ибрат қилиб кўрсатиш мумкин.

Қайд қилиш керакки, Президентимиз ташаббуси билан бутун мамлакатимиз бўйлаб кенг қулоч ёзган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати бу борадаги эзгу ишларга янгича кўлам, маъно-мазмун бахш этди.

Ўтган қисқа вақт давомида ушбу Ҳаракат доирасида амалга оширилган улкан ҳажмдаги хайрия тадбирлари ва меҳр-мурувват амаллари ҳам шундан яққол далолат беради.

Атрофимизда умри давомида яхши ниятлар билан тўплаган маблағларини кўмакка муҳтожлар оилаларга тарқатаётган, уларга уй-жой қуриб бераётган, энг муҳими, ҳаётий эҳтиёжларини қондираётган ватандошларимизни ҳақли равишда замонамиз қаҳрамонлари дейиш мумкин. Зеро, мутафаккир бобомиз Алишер Навоий ҳазратлари:

Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,

Онча борким Каъба вайрон бўлса, обод айлагай,

дея илтифот қилади. Ўз вақтида қилинган эҳсоннинг савоби улуғ бўлади. Ўзи муҳтож бўла туриб, ўзгаларга эзгулик улашган, уларнинг кўнглини кўтарган кишининг икки дунёси обод бўлиши ҳаётда кўп кузатилган.

Қувонарлиси, давлатимиз раҳбарининг юқорида қайд этилган Фармонига мувофиқ, пандемия даврида доимий даромад манбаига эга бўлмаган, кам таъминланган, ёрдам ва кўмакка муҳтож аҳоли қатламларини ва оилаларни ҳамда иқтисодиётни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш мақсадида аввал ажратилган 10 триллион сўм маблағга қўшимча равишда республика бюджетидан яна қарийб 2,5 триллион сўм маблағ йўналтириш белгиланди.

Бундан ташқари, ушбу ҳужжатга кўра, 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб пенсиялар, болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга, зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақалар миқдори 1,1 баробар оширилди.

Шу йилнинг якунига қадар 14 ёшгача болалари бўлган эҳтиёжманд нафақа олувчи оилаларнинг амалдаги сони 2 баробарга оширилиб, 700 мингтагача, бола 2 ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа олувчи эҳтиёжманд оналарнинг амалдаги сони 330 мингдан 400 мингтага, моддий ёрдам олувчи кам таъминланган оилаларнинг амалдаги сони эса 89 мингдан 100 мингтага кўпайтирилади.

Тўлаш муддати шу йилнинг июль-сентябрь ойларида тугайдиган болалари бўлган оилаларга ва бола парвариши билан шуғулланадиган оналарга нафақа тўлаш навбатдаги 6 ой муддатга узайтирилди.

Республика бюджетидан моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларнинг рўйхатларига (“темир дафтар”) киритилган оилаларни молиявий қўллаб-қувватлаш учун “Саховат ва кўмак” жамғармасининг ҳудудий бўлимларига 200 миллиард сўм, тез тиббий ёрдам бригадалари ходимларига бир марталик пул мукофоти бериш учун 100 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Жамиятимизда тинчлик, дўстлик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик ғояларини кенг тарғиб этиб келаётган диний соҳада хизмат қилаётган вакилларни моддий рағбатлантириш ҳамда жойларда хайру саховат, мурувват борасида амалга оширилаётган ишларни, жаҳолатга қарши маърифат руҳидаги кенг қамровли тадбирларни янги босқичга кўтариш учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фондига 150 миллиард сўм маблағ ажратилиши биз учун алоҳида аҳамиятли воқелик бўлди.

Дунёда иқтисодий инқироз кечаётган бир пайтда халқимизга бу қадар ҳиммат кўрсатилиши ҳеч биримизни бефарқ қолдирмайди. Бу руҳимизни кўтарибгина қолмай, шукроналик туйғуларимизни, ғайрат-шижоатимизни янада оширишга хизмат қилади.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, Президентимиз Фармони “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини янада қувватлантирди, балки ҳар биримизни яна бир бор эзгулик қонунлари асосида яшашга ундади, ўзгаларга яхшилик соғиниб, меҳр-оқибат, хайр-саховат кўрсатишда ибрат ва намуна бўлди. Зеро, муборак ҳадисда қайд этилганидек, “Саховат — бир дарахт. Унинг илдизлари жаннатда, шохлари дунёга тушиб туради. Кимки унинг шохидан ушласа, илдизлари (жаннат) сари тортади...”

 

Усмонхон АЛИМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

ОИТСдан сақланишнинг осон-ишончли йўли

10.01.2025   2758   4 min.
ОИТСдан сақланишнинг осон-ишончли йўли

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


"Аллоҳ сиздан енгиллатмоқни ирода қиладир. Ва инсон заиф яратилгандир".

Инсонни Аллоҳ таолонинг Ўзи яратган. У Зот Ўз бандасининг хусусиятларини яхши билади. Шунинг учун ҳам инсонга фақат Аллоҳ таолонинг кўрсатмаларигина тўғри келиши мумкин. Ушбу оятда Аллоҳ таоло инсоннинг заиф ҳолда яратилганини таъкидламоқда. Яратувчининг Ўзи «заиф яратилган», деб турганидан кейин, шу заиф инсонга йўл кўрсатишда У Зот оғирликни хоҳлармиди? Йўқ, У Зот енгилликни хоҳлайди.

Ислом шариати, умуман, енгиллик устига бино қилингандир. Бу ҳақда кўплаб оят ва ҳадислар бор. Ҳаммаси ўз ўрнида баён қилинади. «Нисо» сурасининг бошидан муолажа қилиб келинаётган масалалар, хусусан, эркак ва аёл, оила, никоҳ масаласига келсак, ушбу оятда бу масалаларда ҳам Аллоҳ Ўз бандаларига енгилликни исташи таъкидланмоқда. Зоҳирий қаралганда, диний кўрсатмаларни бажариш қийин, шаҳватга эргашганларнинг йўлларида юриш осонга ўхшайди. Исломда ҳамма нарса ман қилинган-у, фақат биргина йўлга рухсат берилганга ўхшайди. «Номаҳрамга қарама», «У билан ёлғиз қолма», «Уйланмоқчи бўлсанг, олдин аҳлининг розилигини ол», «Маҳр бер», «Гувоҳ келтир» ва ҳоказо. Ҳаммаси қайдлаш ва қийинчиликдан иборат бўлиб туюлади. Шаҳватга эргашганлар эса «Ёшлигингда ўйнаб қол, гуноҳ нима қилади», дейишади. Бу эса содда ва осон кўринади. Ҳақиқатда эса ундай эмас. Натижага қараганимизда бу нарса яққол кўзга ташланади. Дунё тарихини кузатадиган бўлсак, оила масаласига енгил қараган, жинсий шаҳватга берилган халқлар, давлатлар ва маданиятлар инқирозга учраган. Қадимий буюк империяларнинг шармандаларча қулашининг асосий омилларидан бири ҳам шу бўлган.

Бизнинг асримизга келиб, Ғарбда, ўзларининг таъбири билан айтганда, жинсий инқилоб бўлди. Жинс борасида олимлар етишиб чиқдилар. Улар «Жинсий ҳуррият бўлмагунча, инсон тўлиқ ҳур бўла олмайди. Агар жинсий майллар жиловланса, инсонда руҳий тугун пайдо бўлиб, унда қўрқоқлик ва бошқа салбий сифатлар келиб чиқишига сабаб бўлади», каби ғояларни тарқатишди. Оқибатда жинсий инқилоб авжига чиқди.

Натижасини – ҳар хил бало-офатлар буҳронини ҳозир ўзлари кўриб-татиб туришибди. Ахлоқий бузуқлик, оиланинг ва жамиятнинг парчаланиши, ҳаётга қизиқишнинг йўқолишидан ташқари, сон-саноғига етиб бўлмайдиган муаммолар пайдо бўлди. Жинсий инқилоб оқибатида тараққий этган ғарб давлатларининг туб аҳолиси даҳшатли суръатда камайиб бормоқда. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган таносил касалликлари келиб чиқди, ҳар йили сон-саноқсиз одамлар шу касалликлардан ўлмоқда. Насл бузилиб, одамлари заифҳол ва касалманд бўлиб бормоқда. Турли ақлий ва руҳий касалликлар урчиди. Охири келиб, касалликларга қарши инсондаги табиий монеликнинг йўқолиши (ОИТС) касаллиги пайдо бўлди. Бу касаллик ҳақли равишда, XX аср вабоси деб номланди. Унинг давоси йўқ. Бу дардга чалинишнинг сабаби зинодир. У билан касалланган одам тез муддатда ўлади. Ҳамма даҳшатда. Бу дардга чалинмасликнинг йўллари ахтарилмоқда, бу йўлда беҳисоб маблағлар сарфланмоқда, мазкур вабога чалинмасликнинг турли чоралари таклиф этилмоқда. Қонунлар чиқарилмоқда, идоралар очилмоқда.

Лекин шаҳватга эргашганлари сабабли улар энг осон, энг ишончли битта йўл – Аллоҳнинг йўлига қайтишни хаёлларига ҳам келтиришмаяпти. Ақалли ушбу дарднинг бевосита сабабчиси бўлмиш зинони ман этувчи қонун чиқаришни ҳеч ким ўйлаб ҳам кўрмаяпти. Чунки шаҳватга эргашганлар шаҳватга қарши чиқа олмайдилар. Уларнинг ўзлари шаҳватга банда бўлганлари учун унга эргашганлар. Ўзларини зоҳирий енгил кўринган ишга уриб, энди оғирликдан бошлари чиқмай юрибди. Зоҳирий оғир кўринган бўлса ҳам, Аллоҳ кўрсатган йўлга юрган бандалар бошида мазкур оғирлик ва машаққатларнинг бирортаси ҳам йўқ. Улар мутлақ енгилликда, фаровон турмуш кечирмоқдалар.

"Тафсири Ҳилол" китобидан

Мақолалар