Маълумки, Зулҳижжа ойи уруш ҳаром қилинган тўртта ҳурматли ойларнинг бири саналади. Аллоҳ таоло еру осмонни яратган вақтдан бошлаб бу ойни ҳурматли қилди. Бу ойда урушиш, гуноҳу маъсият амалларни қилиш оғир гуноҳ саналади.
Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунининг фазилати ҳақида Қуръони карим оятлари ва Пайғамбаримиз ﷺ нинг қатор ҳадисларида баён этилган. Жумладан, Қуръони каримда шундай марҳамат қилинган:
(وَيَذْكُرُوا اسْمَ اللَّهِ فِي أَيَّامٍ مَّعْلُومَاتٍ (سورة الحج/28
яъни: “Маълум кунларда Аллоҳ номини зикр қилиш учун” (Ҳаж сураси, 28-оят). Абдуллоҳ ибн Аббос رضي الله عنه оятдаги “маълум кунлар”ни “Зулҳижжанинг аввалги ўн куни”, деб тафсир қилганлар. Бу кунларда қурбонлик қилишни ният қилган мўмин-мусулмонлар жонлиқларни ҳозирлайдилар, ўнинчи куни Қурбон ҳайити намозидан кейин қурбонлик қиладилар. Шунингдек, Арафа кунининг бомдод намозидан бошлаб такбири ташриқни айта бошлайдилар. Шунингдек, Қуръони каримда келган:
(وَلَيَالٍ عَشْرٍ (سورة الفجر/2
яъни: “Қасамёд этаман “Ўн кеча” билан” (Фажр сураси, 2-оят)ининг жумласини ҳам Ибн Аббос, Ибн Зубайр ва Мужоҳид رضي الله عنه лар “Зулҳижжанинг аввалги ўн куни”, деб тафсир қилганликлари ворид бўлган.
Пайғамбаримиз ﷺ Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунининг фазилати ҳақида шундай марҳамат қилганлар:
عن عبد الله بن عمر أن النبي صلى الله عليه وسلم قال: "ما مِن أيَّامٍ أعظَمُ عندَ اللَّهِ وَ لاَ أَحَبُّ إليهِ فيهنَّ العَمَلُ من هَذِهِ الأَيَّامِ: عشرِ ذي الحِجَّةِ فأَكثِروا فيهنَّ منَ التَّهليلِ و التَّسبيحِ والتَّكبيرِ والتَّحميدِ
(رواه أبو بكر بن أبي شَيْبَة ، و عبد بن حميد وأبو يعلى، والبيهقي في الشعب بسند صحيح)
яъни: Абдуллоҳ ибн Умар رضي الله عنه дан ривоят қилинади, Пайғамбар ﷺ дедилар: “Ҳеч бир кун ва унда қилинган бирорта амал Аллоҳнинг наздида Зулҳижжа ойининг ўн кунида қилингандан буюкроқ ва Унга маҳбуброқ эмас. Бас, бу кунларда таҳлил, тасбиҳ, такбир ва таҳмидни кўп айтинг” (Имом Абу Бакр ибн Шайба, Имом Абд ибн Ҳумайд, Имом Абу Яъло, Имом Байҳақийларнинг ривояти).
Дарҳақиқат, бу кунларда Аллоҳ таолога яқинлик ҳосил қилиш имконияти мавжуд. Шунинг учун бундай фазилатли кунларни ғанимат билиб, қўлдан келганча тоату ибодат, зикру тасбиҳ ва хайру саховат қилиш мақсадга мувофиқдир.
Шундай улуғ кунларда, айниқса, ота-она, қавм-қариндошлар, қарздорлар, моддий жиҳатдан қийналган, эҳтиёжманд кишиларнинг ҳолидан хабар олиш, уларнинг ҳожатларини чиқариш энг савобли амаллардан саналади. Меҳрибонлик уйларидаги норасида гўдаклар, ногиронлар шифохонасидаги ёрдамга муҳтож кишилар, ҳатто, руҳий хаста одамларнинг ҳолидан хабар олиб, уларнинг яшаш шароитларини яхшилашга кўмаклашиш ҳам айни савобдир. Бундай ишларни қилган киши савоб топишдан ташқари, ўзининг ҳолатига шукрона қилишга ҳам ўрганади. Зеро, Пайғамбаримиз ﷺ дан шундай ҳадиси шариф ворид бўлган:
(عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه قَالَ: قَالَ رَسُولُ اَللَّهِ صلى الله عليه وسلم: "انْظُرُوا إِلَى مَنْ هُوَ أَسْفَلَ مِنْكُمْ وَلَا تَنْظُرُوا إِلَى مَنْ هُوَ فَوْقَكُمْ فَهُوَ أَجْدَرُ أَنْ لَا تَزْدَرُوا نِعْمَةَ اَللَّهِ عَلَيْكُمْ" (مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ
яъни: “Дунёвий неъматлар борасида ўзингиздан қуйироқ даражадаги кишиларга қарангиз, ўзингиздан устунроқ кимсаларга боқмангиз, зеро бу Аллоҳнинг сизга берган неъматларига беписанд бўлмаслигингизга (шукр қилишингизга) сабаб бўлади” (Муттафақун алайҳ). Ҳадиснинг маъноси шуки, агар инсон бемор бўлса, ҳаётда ундан ҳам оғирроқ хаста кимсалар бор эканлигини мулоҳаза қилиши лозим. Агар фақир бўлса, ундан ҳам камбағалроқ кишилар ҳам бор эканлиги ҳақида фикр юритиши керак. Агар бошига бирор ташвиш тушган бўлса, одамлар орасида ундан ҳам нотинчроқ кимсалар борлиги ҳақида ўйлаши керак. Шунда у ўзининг ҳолатига шукр қилади ва унинг қадрига етишга ҳаракат қилади.
Азизлар! Бу улуғ кунларда қилинган ибодатларнинг савоби ҳам кўп бўлади. Хусусан, нафл рўза тутиш ҳақида Пайғамбаримиз ﷺ дан қуйидаги ҳадис ворид бўлган:
(قال النبي صلى الله عليه و سلم: "صِيَامُ يَوْمِ عَرَفَةَ أَحْتَسِبُ عَلَى اللَّهِ أَنْ يُكَفِّرَ السَّنَةَ الَّتِي قَبْلَهُ وَالسَّنَةَ الَّتِي بَعْدَهُ" (رواه الامام مسلم
яъни: Пайғамбаримиз ﷺ: “Арафа кунининг рўзаси ўтган йилги ва келаси йилги гуноҳларга каффорат бўлади, деб Аллоҳдан умид қиламан”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Зулҳижжа ойининг аввалги ўн куни унда энг улуғ ибодатлар жам бўлгани учун ҳам қадрлидир. Яъни, Арафа куни Ҳаж ибодати адо этилади, Қурбон ҳайити куни Ҳайит намози ўқилади ва Қурбонлик амаллари бажарилади, улардан хайру саховатлар амалга оширилади.
Бу кунда ҳамма, бою камбағал баробар хурсанд бўладиган кундир, бу кунда Аллоҳ таолонинг кўплаб хайру баракаси ер юзидаги бандалари устига ёғилади. Зеро, мусулмонларнинг энг мўтабар байрамларидан бири Қурбон ҳайити Зулҳижжа ойининг 10-куни нишонланади. Қурбон ҳайити Ҳаж ибодатлари тамом бўлгани муносабати ила ва Аллоҳ азза ва жалланинг йўлида қурбонлик қилишга тайёрликни изҳор қилишлик учун шариатга киритилган байрам ҳисобланади.
Қурбонлик қилиш тўғрисида Қуръони каримда қуйидагича келган:
(فَصَلِّ لِرَبِّكَ وَانْحَرْ (سورة الكوثر/2
яъни: “Бас, Раббингиз учун (беш вақт ёки Қурбон ҳайити учун) намоз ўқинг ва (туя) сўйиб қурбонлик қилинг!” (Кавсар сураси, 2-оят). Ушбу ояти каримани олимларимиз қурбонликнинг вожиб эканлигига далолат қилади, деб тафсир қилишган.
Динимиз буюрган молиявий ибодатлардан бири зулҳижжа ойининг ўнинчи, ўн биринчи ва ўн иккинчи кунларидан бирида қурбонлик қилишдир. Қурбонлик кимларга вожиб бўлиши тўғрисида Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” китобида қуйидагича баён қилинган: “Қурбонлик озод, мусулмон, муқим, қурбонлик кунларида қодир бўлиб қолса ўзи ва вояга етмаган боласи номидан сўйиши вожибдир”. Мазкур шартлар топилган кишининг мулки закот нисобига етган бўлса ёки айнан қурбонлик куни қодир бўлиб қолса бажариш вожиб бўлиб қолади.
Шунингдек, қурбонлик ҳақида Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Паёғамбаримиз صلى الله عليه وسلم шундай деганлар:
عَنْ الْبَرَاءِ بْنِ عَازِبٍ قَالَ قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "اِنَّ اَوَّلَ مَا نَبْدَاُ بِهِ فىِ يَوْمِنَا هَذا اَنْ نُصَلِّىَ ثُمَّ نَرْجِعَ فَنَنْحَرَ فَمَنْ فَعَلَ فَقَدْ اَصَابَ سُنَّتَنَا وَمَنْ ذَبَحَ قَبْلَ الصَّلاَةِ فَاِنَّمَا هُوَ لَحْمٌ قَدَّمَهُ لِاَهْلِهِ لَيْسَ مِنَ النُّسُكِ فىِ شَيْءٍ" (رواه الإمام البخارى).
яъни: “Дарҳақиқат, бугунги кунда ишимизни аввал ийдул азҳо (қурбон ҳайити) намозини ўқиш, сўнгра (уйларимизга) қайтиб қурбонлик билан бошламоғимиздир. Кимки, шуларни бажарса, у суннатимизга мувофиқ иш қилибди. Кимдаким, ҳайит намозидан олдин сўйса, у қурбонлик эмас, балки ўз аҳли учун тақдим қилган гўштдир” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, юқорида келтирилган ҳадиси шариф ва бошқа далилларни ҳужжат қилиб олимларимиз Қурбонлик вақти зулҳижжа ойининг ўнинчи куни ҳайит намози ўқилганидан сўнг бошланиб, ўн иккинчи куни шом кирмасидан тугашини белгилаб қўйишган. Ҳайит намози ўқилмасидан олдин қурбонлик қилиш мумкин эмас. Қурбонлик учун сўйиладиган ҳайвонлар:
- беш ёшга тўлган туя;
- икки ёшга тўлган қорамол;
- бир ёшга тўлган қўй ва эчки қурбонлик қилинади. Олти ойлик қўйни ҳам, агар жуссаси бир ёшга тўлган қўй жуссасидек бўлса, қурбонлик учун сўйиш мумкиндир.
Қўй ва эчкини фақат бир киши қурбонлик қилади. Туя ва қорамолни етти киши биргаликда қурбонликка сўйишса бўлади. Улар улушларини килолаб тортиб олишлари керак.
Икки кўзи ё бир кўзи кўр, юролмайдиган даражада чўлоқ, ориқ, қулоқ ва думи кесилган ҳайвонларни қурбонлик қилиб бўлмайди. Агар қулоқ ва думининг учдан бири ё бундан ками кесилган бўлса, қурбонлик қилиш мумкин. Ҳайвон қурбонлик учун ётқизилганида айбли бўлиб қолса, масалан, оёғи синиб қолса, қурбонликка ўтади.
Қурбонлик қилган киши қурбонлигининг гўштидан ейди, истаган кишиларга ҳадя қилади ва бир қисмини кейин ейиш учун олиб қўяди. Агар оиласи катта бўлса, қурбонлик гўштининг ҳаммасини оила учун олиб қолиши мустаҳабдир.
Аллоҳ таоло сизу бизга қалбимиздаги ниятимизга кўра муомала қилади. Чунки, Қуръони каримда марҳамат қилинади:
لَنْ يَنَالَ اللَّهَ لُحُومُهَا وَلَا دِمَاؤُهَا وَلَكِنْ يَنَالُهُ التَّقْوَى مِنْكُمْ كَذَلِكَ سَخَّرَهَا لَكُمْ لِتُكَبِّرُوا اللَّهَ عَلَى مَا هَدَاكُمْ وَبَشِّرِ الْمُحْسِنِينَ (سورة الحج/37).
яъни: “Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли - У зотни улуғлашларингиз учун - уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!” (Ҳаж сураси, 37-оят).
Ҳақиқатан ҳам, қурбонликка сўйилган ҳайвонларнинг гўштларига ҳам, қонларига ҳам Аллоҳ таоло муҳтож эмас. Қурбонлик қилишдан мақсад банданинг Яратувчи амрига итоатини ва тақвосини намоён этишдир. Банда ихлос билан қурбонлик қилиб, Аллоҳ йўлида жонлиқ сўймоқдами, демак, ўша банданинг Аллоҳ таолога тақвоси бор экан. Аллоҳнинг розилиги учун борини қурбон қилишга тайёр экан. Шу билан бирга қурбонлик қилиш банда учун Аллоҳни улуғлашга бир фурсатдир.
Одатда ҳайит кунида ҳамма бир-бирини улуғ кун билан самимий муборакбод этади. Улуғ кунларда биринчи ўринда бизларни дунёга келишимизга сабабчи бўлган ота-оналаримизни, улардан кейин қариндош-уруғларимизни, ёру биродарларимизни, беморларни ҳақларига дуо қиламиз. Уларнинг кўнглини сўраш ва кўтаришга ҳаракат қиламиз. Айрим сабаблар билан ўзаро аразлашган гина-қудратли кишилар ҳам бир-бирларини муборак байрам кунида кечириб, ўзаро узрлар айтиб, бир-бирларига қучоқ очишлари лозим бўлади. Бу кун барчага қувонч улашиладиган кундир. Яна шуни ёдда тутмоғимиз лозим бўладики, Қурбон ҳайити байрам бўлгани учун, уни азага, хафагарчиликка айлантирмаслик даркор. Ўтганларимизни эслаш, уларни руҳларини шод этиб дуойи хайрлар қилишимиз яхши амал ҳисобланади, лекин булар ҳайит байрамига асло таъсир қилмаслиги лозим.
Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг розилиги йўлида холис ниятлар билан қилаётган қурбонликларимизни, ибодатларимизни даргоҳида ҳусни мақбул айласин!
Насриддин Мирзаев
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَا مِنْ صَاحِبِ ذَهَبٍ وَلَا فِضَّةٍ لَا يُؤَدِّي مِنْهَا حَقَّهَا إِلَّا إِذَا كَانَ يَوْمُ الْقِيَامَةِ صُفِّحَتْ لَهُ صَفَائِحَ مِنْ نَارٍ، فَأُحْمِيَ عَلَيْهَا فِي نَارِ جَهَنَّمَ، فَيُكْوَى بِهَا جَنْبُهُ وَجَبِينُهُ وَظَهْرُهُ، كُلَّمَا بَرَدَتْ أُعِيدَتْ لَهُ، فِي يَوْمٍ كَانَ مِقْدَارُهُ خَمْسِينَ أَلْفَ سَنَةٍ حَتَّى يُقْضَى بَيْنَ الْعِبَادِ، فَيَرَى سَبِيلَهُ إِمَّا إِلَى الْجَنَّةِ وَإِمَّا إِلَى النَّارِ. قِيلَ: يَا رَسُولَ، اللهِ فَالْإِبِلُ؟ قَالَ: وَلَا صَاحِبِ إِبِلٍ لَا يُؤَدِّي مِنْهَا حَقَّهَا، وَمِنْ حَقِّهَا حَلَبُهَا يَوْمَ وِرْدِهَا، إِلَّا إِذَا كَانَ يَوْمُ الْقِيَامَةِ بُطِحَ لَهَا بِقَاعٍ قَرْقَرٍ أَوْفَرَ مَا كَانَتْ لَا يَفْقِدُ مِنْهَا فَصِيلًا وَاحِدًا، تَطَؤُهُ بِأَخْفَافِهَا وَتَعَضُّهُ بِأَفْوَاهِهَا، كُلَّمَا مَرَّ عَلَيْهِ أُولَاهَا رُدَّ عَلَيْهِ أُخْرَاهَا فِي يَوْمٍ كَانَ مِقْدَارُهُ خَمْسِينَ أَلْفَ سَنَةٍ حَتَّى يُقْضَى بَيْنَ الْعِبَادِ، فَيَرَى سَبِيلَهُ إِمَّا إِلَى الْجَنَّةِ وَإِمَّا إِلَى النَّارِ. قِيلَ: يَا رَسُولَ اللهِ، فَالْبَقَرُ وَالْغَنَمُ؟ قَالَ: وَلَا صَاحِبِ بَقَرٍ وَلَا غَنَمٍ لَا يُؤَدِّي مِنْهَا حَقَّهَا، إِلَّا إِذَا كَانَ يَوْمُ الْقِيَامَةِ بُطِحَ لَهَا بِقَاعٍ قَرْقَرٍ لَا يَفْقِدُ مِنْهَا شَيْئًا، لَيْسَ فِيهَا عَقْصَاءُ وَلَا جَلْحَاءُ وَلَا عَضْبَاءُ، تَنْطَحُهُ بِقُرُونِهَا، وَتَطَؤُهُ بِأَظْلَافِهَا، كُلَّمَا مَرَّ عَلَيْهِ أُولَاهَا رُدَّ عَلَيْهِ أُخْرَاهَا، فِي يَوْمٍ كَانَ مِقْدَارُهُ خَمْسِينَ أَلْفَ سَنَةٍ حَتَّى يُقْضَى بَيْنَ الْعِبَادِ، فَيَرَى سَبِيلَهُ إِمَّا إِلَى الْجَنَّةِ وَإِمَّا إِلَى النَّارِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا التِّرْمِذِيَّ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир тилла ёки кумуш соҳиби унинг ҳаққини адо этмас экан, албатта, қиёмат кунида унинг учун оловдан бўлган тахтачалар тайёрланади. Улар жаҳаннам оловида қиздирилади. Сўнгра улар пешонасига, икки ёнбошига ва орқасига босилади. Совиб қолиши билан (яна қайтадан қиздирилиб,) унга қайтарилади. Миқдори эллик минг йил бўлган кунда одамлар орасида ҳукм чиқарилгунча шундай қилинади. Кейин йўлини билади: ёки жаннатга ёки дўзахга бўлади», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, туя-чи?» дейилди. У зот: «Қайси бир туя соҳиби ҳам унинг ҳаққини бермаса, сувга борган куни уни соғиш ҳам ҳаққидандир. Албатта, қачон қиёмат куни бўлса, уни у(туя)ларнинг олдига теп-текис, сип-силлиқ ерга ташлаб берилади. Уларнинг ҳаммаси, битта бўталоғи ҳам қолмай, тўлиқ бўлади. Уни туёқлари билан босадилар, оғизлари билан тишлайдилар. Унинг устидан бири ўтса, бошқаси қайтиб келаверади. Миқдори эллик минг йил бўлган кунда, одамлар орасида ҳукм чиқарилгунча шундай қилинади. Кейин йўлини билади: ёки жаннатга ёки дўзахга бўлади», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, қорамол ва қўй-чи?» дейилди.
«Қайси бир қорамол ва қўй соҳиби ҳам ундан ҳаққини бермаса, албатта, қиёмат куни бўлганда у уларнинг олдига теп-текис, сип-силлиқ ерга ташлаб берилади. Улардан бирортаси ҳам қолмайди. Уларнинг ичида шохи буралгани, шохсизи, шохи сингани бўлмайди. Уларнинг ҳаммаси шохи билан уни сузади ва туёғи билан тепкилайди. Унинг устидан бири ўтса, бошқаси қайтиб келаверади. Эллик минг йил бўлган кунда, одамлар орасида ҳукм чиқарилгунча шундай қилинади. Кейин йўлини кўради: ёки жаннатга, ёки дўзахга», дедилар» (Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган).
Бу ҳадиси шарифда закотни бермаган кишиларнинг ҳоли қиёмат куни қандай бўлиши жуда жонли тарзда васф қилинмоқда.
Қиёмат кунининг сифатларидан бири – миқдори эллик минг йил бўлган кундир. Ўша куни одамларнинг ҳаммаси тўпланиб, уларнинг ҳисоб-китоби битиб, жаннатий ёки дўзахий эканлиги ҳақида ҳукми илоҳий чиққунича ҳозирги дунё кунлари билан ҳисобланганда ана шунча муддат ўтади.
Бу дунёда закоти берилмаган олтин ва кумушлар қиёмат куни оловдан бўлган тахтачалар ҳолига келтирилиб, жаҳаннам оташида яна роса қиздирилиб, ўз эгасининг пешонасига, ёнбошларига ва орқасига босилар, унинг ўша аъзолари жизғинак қилиб куйдирилар экан. Агар у тахтачалар сал совиб қолса, яна қайтадан қиздирилар ва яна шиддат билан босилар экан. Шу ҳолат бу дунёнинг ҳисоби билан ҳисоблаганда, эллик минг йил давом этар экан.
Сўнгра ҳукм чиқиб, мазкур закотни бермаган одам дўзахий бўлса, дўзахнинг азобини тортгани равона бўлар экан. Агар Аллоҳ раҳм қилиб, бошқа амаллари кўплиги учун жаннатга ҳукм қилса, миқдори эллик минг йил бўлган кундаги тортган азоби билан қутулиб қолар экан.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу баённи эшитганлар туясининг закотини бермаганларнинг ҳоли нечук бўлишини сўрадилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ҳолини ҳам батафсил баён қилиб бердилар.
Сўнгра саҳобаи киромлар қорамол ва қўйларнинг закотини адо этмаганларнинг ҳоли қандай бўлишини сўрадилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бунга ҳам батафсил жавоб бердилар.
Ушбу ҳадисда Маҳшар куни закоти чиқарилиши фарз бўлган молу мулкнинг уч тоифаси бўйича закотни адо этмаганларнинг ҳоли қандай бўлиши васф қилинмоқда. Улар бутун халойиқнинг олдида шармандаи шармисор бўлиб, шунчалар азоб тортишар экан.
Албатта, бошқа тоифадаги мол-мулкнинг закотини бермаганлар ҳам муносиб жазо тортишлари турган гап. Тўғри, улар жаннатга киришлари мумкин. Лекин жаннатга киргунча шунча вақт азоб тортиш осонми?! Қолаверса, закотни бермаган банданинг жаннатга кирмай қолиш хавфи устун. Шунинг учун бу дунёда закотни ўз вақтида адо этишга ҳаракат қилмоқ зарур.
«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди