Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Ноябр, 2024   |   27 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:02
Қуёш
07:26
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:58
Хуфтон
18:17
Bismillah
28 Ноябр, 2024, 27 Жумадул аввал, 1446

Қурбонлик ва ийд куни одоблари

28.07.2020   3499   11 min.
Қурбонлик ва ийд куни одоблари

Маълумки, Зулҳижжа ойи уруш ҳаром қилинган тўртта ҳурматли ойларнинг бири саналади. Аллоҳ таоло еру осмонни яратган вақтдан бошлаб бу ойни ҳурматли қилди. Бу ойда урушиш, гуноҳу маъсият амалларни қилиш оғир гуноҳ саналади. 

Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунининг фазилати ҳақида Қуръони карим оятлари ва Пайғамбаримиз ﷺ нинг қатор ҳадисларида баён этилган. Жумладан, Қуръони каримда шундай марҳамат қилинган:

 

(وَيَذْكُرُوا اسْمَ اللَّهِ فِي أَيَّامٍ مَّعْلُومَاتٍ  (سورة الحج/28

 

яъни: “Маълум кунларда Аллоҳ номини зикр қилиш учун” (Ҳаж сураси, 28-оят). Абдуллоҳ ибн Аббос رضي الله عنه оятдаги “маълум кунлар”ни “Зулҳижжанинг аввалги ўн куни”, деб тафсир қилганлар. Бу кунларда қурбонлик қилишни ният қилган мўмин-мусулмонлар жонлиқларни ҳозирлайдилар, ўнинчи куни Қурбон ҳайити намозидан кейин қурбонлик қиладилар. Шунингдек, Арафа кунининг бомдод намозидан бошлаб такбири ташриқни айта бошлайдилар. Шунингдек, Қуръони каримда келган:

(وَلَيَالٍ عَشْرٍ (سورة الفجر/2

яъни: “Қасамёд этаман “Ўн кеча” билан” (Фажр сураси, 2-оят)ининг жумласини ҳам Ибн Аббос, Ибн Зубайр ва Мужоҳид رضي الله عنه лар “Зулҳижжанинг аввалги ўн куни”, деб тафсир қилганликлари ворид бўлган.

Пайғамбаримиз ﷺ Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунининг фазилати ҳақида шундай марҳамат қилганлар:

عن عبد الله بن عمر أن النبي صلى الله عليه وسلم قال: "ما مِن أيَّامٍ أعظَمُ عندَ اللَّهِ وَ لاَ أَحَبُّ إليهِ فيهنَّ العَمَلُ من هَذِهِ الأَيَّامِ: عشرِ ذي الحِجَّةِ فأَكثِروا فيهنَّ منَ التَّهليلِ و التَّسبيحِ والتَّكبيرِ والتَّحميدِ 

(رواه أبو بكر بن أبي شَيْبَة ، و عبد بن حميد وأبو يعلى، والبيهقي في الشعب بسند صحيح)

яъни: Абдуллоҳ ибн Умар رضي الله عنه дан ривоят қилинади, Пайғамбар ﷺ дедилар: “Ҳеч бир кун ва унда қилинган бирорта амал Аллоҳнинг наздида Зулҳижжа ойининг ўн кунида қилингандан буюкроқ ва Унга маҳбуброқ эмас. Бас, бу кунларда таҳлил, тасбиҳ, такбир ва таҳмидни кўп айтинг” (Имом Абу Бакр ибн Шайба, Имом Абд ибн Ҳумайд, Имом Абу Яъло, Имом Байҳақийларнинг ривояти).

Дарҳақиқат, бу кунларда Аллоҳ таолога яқинлик ҳосил қилиш имконияти мавжуд. Шунинг учун бундай фазилатли кунларни ғанимат билиб, қўлдан келганча тоату ибодат, зикру тасбиҳ ва хайру саховат қилиш мақсадга мувофиқдир.

Шундай улуғ кунларда, айниқса, ота-она, қавм-қариндошлар, қарздорлар, моддий жиҳатдан қийналган, эҳтиёжманд кишиларнинг ҳолидан хабар олиш, уларнинг ҳожатларини чиқариш энг савобли амаллардан саналади. Меҳрибонлик уйларидаги норасида гўдаклар, ногиронлар шифохонасидаги ёрдамга муҳтож кишилар, ҳатто, руҳий хаста одамларнинг ҳолидан хабар олиб, уларнинг яшаш шароитларини яхшилашга кўмаклашиш ҳам айни савобдир. Бундай ишларни қилган киши савоб топишдан ташқари, ўзининг ҳолатига шукрона қилишга ҳам ўрганади. Зеро, Пайғамбаримиз ﷺ дан шундай ҳадиси шариф ворид бўлган:

 

(عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه قَالَ: قَالَ رَسُولُ اَللَّهِ صلى الله عليه وسلم: "انْظُرُوا إِلَى مَنْ هُوَ أَسْفَلَ مِنْكُمْ وَلَا تَنْظُرُوا إِلَى مَنْ هُوَ فَوْقَكُمْ  فَهُوَ أَجْدَرُ أَنْ لَا تَزْدَرُوا نِعْمَةَ اَللَّهِ عَلَيْكُمْ" (مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ

яъни: “Дунёвий неъматлар борасида ўзингиздан қуйироқ даражадаги кишиларга қарангиз, ўзингиздан устунроқ кимсаларга боқмангиз, зеро бу Аллоҳнинг сизга берган неъматларига беписанд бўлмаслигингизга (шукр қилишингизга) сабаб бўлади” (Муттафақун алайҳ). Ҳадиснинг маъноси шуки, агар инсон бемор бўлса, ҳаётда ундан ҳам оғирроқ хаста кимсалар бор эканлигини мулоҳаза қилиши лозим. Агар фақир бўлса, ундан ҳам камбағалроқ кишилар ҳам бор эканлиги ҳақида фикр юритиши керак. Агар бошига бирор ташвиш тушган бўлса, одамлар орасида ундан ҳам нотинчроқ кимсалар борлиги ҳақида ўйлаши керак. Шунда у ўзининг ҳолатига шукр қилади ва унинг қадрига етишга ҳаракат қилади.

Азизлар! Бу улуғ кунларда қилинган ибодатларнинг савоби ҳам кўп бўлади. Хусусан, нафл рўза тутиш ҳақида Пайғамбаримиз ﷺ дан қуйидаги ҳадис ворид бўлган:

(قال النبي صلى الله عليه و سلم: "صِيَامُ يَوْمِ عَرَفَةَ أَحْتَسِبُ عَلَى اللَّهِ أَنْ يُكَفِّرَ السَّنَةَ الَّتِي قَبْلَهُ وَالسَّنَةَ الَّتِي بَعْدَهُ" (رواه الامام مسلم

яъни: Пайғамбаримиз ﷺ: “Арафа кунининг рўзаси ўтган йилги ва келаси йилги гуноҳларга каффорат бўлади, деб Аллоҳдан умид қиламан”, деганлар (Имом Муслим ривояти).  

Зулҳижжа ойининг аввалги ўн куни унда энг улуғ ибодатлар жам бўлгани учун ҳам қадрлидир. Яъни, Арафа куни Ҳаж ибодати адо этилади, Қурбон ҳайити куни Ҳайит намози ўқилади ва Қурбонлик амаллари бажарилади, улардан хайру саховатлар амалга оширилади.

Бу кунда ҳамма, бою камбағал баробар хурсанд бўладиган кундир, бу кунда Аллоҳ таолонинг кўплаб хайру баракаси ер юзидаги бандалари устига ёғилади. Зеро, мусулмонларнинг энг мўтабар байрамларидан бири Қурбон ҳайити Зулҳижжа ойининг 10-куни нишонланади. Қурбон ҳайити Ҳаж ибодатлари тамом бўлгани муносабати ила ва Аллоҳ азза ва жалланинг йўлида қурбонлик қилишга тайёрликни изҳор қилишлик учун шариатга киритилган байрам ҳисобланади.

Қурбонлик қилиш тўғрисида Қуръони каримда қуйидагича келган:

 

(فَصَلِّ لِرَبِّكَ وَانْحَرْ  (سورة الكوثر/2

 

яъни: “Бас, Раббингиз учун (беш вақт ёки Қурбон ҳайити учун) намоз ўқинг ва (туя) сўйиб қурбонлик қилинг! (Кавсар сураси, 2-оят). Ушбу ояти каримани олимларимиз қурбонликнинг вожиб эканлигига далолат қилади, деб тафсир қилишган.

Динимиз буюрган молиявий ибодатлардан бири зулҳижжа ойининг ўнинчи, ўн биринчи ва ўн иккинчи кунларидан бирида қурбонлик қилишдир. Қурбонлик кимларга вожиб бўлиши тўғрисида Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” китобида қуйидагича баён қилинган: “Қурбонлик озод, мусулмон, муқим, қурбонлик кунларида қодир бўлиб қолса ўзи ва вояга етмаган боласи номидан сўйиши вожибдир”. Мазкур шартлар топилган кишининг мулки закот нисобига етган бўлса ёки айнан қурбонлик куни қодир бўлиб қолса бажариш вожиб бўлиб қолади.

Шунингдек, қурбонлик ҳақида Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Паёғамбаримиз صلى الله عليه وسلم шундай деганлар:

 

عَنْ الْبَرَاءِ بْنِ عَازِبٍ قَالَ قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "اِنَّ اَوَّلَ مَا نَبْدَاُ بِهِ فىِ يَوْمِنَا هَذا اَنْ نُصَلِّىَ ثُمَّ نَرْجِعَ فَنَنْحَرَ فَمَنْ فَعَلَ فَقَدْ اَصَابَ سُنَّتَنَا وَمَنْ ذَبَحَ قَبْلَ الصَّلاَةِ فَاِنَّمَا هُوَ لَحْمٌ قَدَّمَهُ لِاَهْلِهِ لَيْسَ مِنَ النُّسُكِ فىِ شَيْءٍ" (رواه الإمام البخارى).

яъни: “Дарҳақиқат, бугунги кунда ишимизни аввал ийдул азҳо (қурбон ҳайити) намозини ўқиш, сўнгра (уйларимизга) қайтиб қурбонлик билан бошламоғимиздир. Кимки, шуларни бажарса, у суннатимизга мувофиқ иш қилибди. Кимдаким, ҳайит намозидан олдин сўйса, у қурбонлик эмас, балки ўз аҳли учун тақдим қилган гўштдир” (Имом Бухорий ривояти).

Демак, юқорида келтирилган ҳадиси шариф ва бошқа далилларни ҳужжат қилиб олимларимиз Қурбонлик вақти зулҳижжа ойининг ўнинчи куни ҳайит намози ўқилганидан сўнг бошланиб, ўн иккинчи куни шом кирмасидан тугашини белгилаб қўйишган. Ҳайит намози ўқилмасидан олдин қурбонлик қилиш мумкин эмас. Қурбонлик учун сўйиладиган ҳайвонлар:
- беш ёшга тўлган туя;

- икки ёшга тўлган қорамол;

- бир ёшга тўлган қўй ва эчки қурбонлик қилинади. Олти ойлик қўйни ҳам, агар жуссаси бир ёшга тўлган қўй жуссасидек бўлса, қурбонлик учун сўйиш мумкиндир.

Қўй ва эчкини фақат бир киши қурбонлик қилади. Туя ва қорамолни етти киши биргаликда қурбонликка сўйишса бўлади. Улар улушларини килолаб тортиб олишлари керак.

Икки кўзи ё бир кўзи кўр, юролмайдиган даражада чўлоқ, ориқ, қулоқ ва думи кесилган ҳайвонларни қурбонлик қилиб бўлмайди. Агар қулоқ ва думининг учдан бири ё бундан ками кесилган бўлса, қурбонлик қилиш мумкин. Ҳайвон қурбонлик учун ётқизилганида айбли бўлиб қолса, масалан, оёғи синиб қолса, қурбонликка ўтади.

Қурбонлик қилган киши қурбонлигининг гўштидан ейди, истаган кишиларга ҳадя қилади ва бир қисмини кейин ейиш учун олиб қўяди. Агар оиласи катта бўлса, қурбонлик гўштининг ҳаммасини оила учун олиб қолиши мустаҳабдир.

Аллоҳ таоло сизу бизга қалбимиздаги ниятимизга кўра муомала қилади. Чунки, Қуръони каримда марҳамат қилинади:

 

لَنْ يَنَالَ اللَّهَ لُحُومُهَا وَلَا دِمَاؤُهَا وَلَكِنْ يَنَالُهُ التَّقْوَى مِنْكُمْ كَذَلِكَ سَخَّرَهَا لَكُمْ لِتُكَبِّرُوا اللَّهَ عَلَى مَا هَدَاكُمْ وَبَشِّرِ الْمُحْسِنِينَ  (سورة الحج/37).

 

яъни: “Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли - У зотни улуғлашларингиз учун - уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!” (Ҳаж сураси, 37-оят).

Ҳақиқатан ҳам, қурбонликка сўйилган ҳайвонларнинг гўштларига ҳам, қонларига ҳам Аллоҳ таоло муҳтож эмас. Қурбонлик қилишдан мақсад банданинг Яратувчи амрига итоатини ва тақвосини намоён этишдир. Банда ихлос билан қурбонлик қилиб, Аллоҳ йўлида жонлиқ сўймоқдами, демак, ўша банданинг Аллоҳ таолога тақвоси бор экан. Аллоҳнинг розилиги учун борини қурбон қилишга тайёр экан. Шу билан бирга қурбонлик қилиш банда учун Аллоҳни улуғлашга бир фурсатдир.

Одатда ҳайит кунида ҳамма бир-бирини улуғ кун билан самимий муборакбод этади. Улуғ кунларда биринчи ўринда бизларни дунёга келишимизга сабабчи бўлган ота-оналаримизни, улардан кейин қариндош-уруғларимизни, ёру биродарларимизни, беморларни ҳақларига дуо қиламиз. Уларнинг кўнглини сўраш ва кўтаришга ҳаракат қиламиз. Айрим сабаблар билан ўзаро аразлашган гина-қудратли кишилар ҳам бир-бирларини муборак байрам кунида кечириб, ўзаро узрлар айтиб, бир-бирларига қучоқ очишлари лозим бўлади. Бу кун барчага қувонч улашиладиган кундир. Яна шуни ёдда тутмоғимиз лозим бўладики, Қурбон ҳайити байрам бўлгани учун, уни азага, хафагарчиликка айлантирмаслик даркор. Ўтганларимизни эслаш, уларни руҳларини шод этиб дуойи хайрлар қилишимиз яхши амал ҳисобланади, лекин булар ҳайит байрамига асло таъсир қилмаслиги лозим.

 

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг розилиги йўлида холис ниятлар билан қилаётган қурбонликларимизни, ибодатларимизни даргоҳида ҳусни мақбул айласин!

 

 Насриддин Мирзаев

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Замонавий шароитда фатво беришнинг аҳамияти

26.11.2024   1525   6 min.
Замонавий шароитда фатво беришнинг аҳамияти

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Алҳамду лиллаҳ вассолату вассаламу ала Росулиллаҳ. Аммо баъду.

Фатво – мусулмонлар ҳаётидаги муҳим ҳуқуқий ва диний ҳужжат бўлиб, муфтий ёки фақиҳ томонидан Қуръон ва суннат асосида берилади. Унинг роли ислом аҳкомларини тушунтириш ва амалга оширишда жуда муҳим ҳисобланади.

Фатволар мусулмонлар ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлиб, турли ижтимоий, иқтисодий ва маънавий муаммоларни ҳал қилишда ўта муҳимдир. Айниқса, ҳозирги мураккаб замонда фатво бериш жараёни кўплаб янги муаммолар ва саволларга жавоб топишни тақозо қилмоқда.

Фатво берувчи шахсдан шариат аҳкомларига тўғри ва аниқ ёндашиш, замонавий илмларни билиш, ижтимоий шароитлардан хабардор бўлиш, жамиятдаги турли хил бўлиб турган муаммоларга ҳаққоний ечим топиш талаб этилади. Фатво фақатгина аниқ далилларга асосланган ва шариат аҳкомларига мувофиқ бўлиши керак.

Ҳозирги замонда фатво бериш жараёни уламоларнинг билимлари инсоният тараққиёти ва жамият ўзгаришлари билан ҳамоҳанг бўлишини талаб қилади. Муфтийлар ҳам диний, ҳам дунёвий илмларни пухта ўрганиб, ҳар бир саволга шариат аҳкомларига мос ва замонавий аҳамиятга эга жавоб беришлари керак. Фатво беришдаги адолат, тушунарлилик ва замонавий ёндошув мусулмонлар ҳаётини яхшилашга хизмат қилади.

Ҳозирги замонда фатво бериш анъанавий услублардан фарқли равишда тезкор ахборот, интернет технологиялари ва глобализация таъсирида ривожланмоқда.

Фатво бериш жараёнида интернет орқали тарқатиш имконияти пайдо бўлди, бу эса фатволарнинг кенг тарқалишига хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, интернетда тарқатилган ҳар хил тушунчалар ва шубҳали маълумотлар сабабли фатво берувчи уламоларнинг масъулияти ҳам ошди.

Фатво беришда жаҳоннинг турли нуқталарида яшовчи мусулмонларнинг масалаларини кўпроқ универсал ҳал этишга эҳтиёж пайдо бўлди. Замонавий фатво чиқариш жараёнида халқаро даражадаги ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий масалалардан хабардор бўлиш ҳам муҳим ўрин тута бошлади.

Ижтимоий тармоқлар фатволарни оммавийлаштиришда катта рол ўйнайди, аммо шу билан бирга турли мазҳаблар ўртасида тушунмовчиликларни келтириб чиқариши мумкин. Бу вазиятда уламолардан фатво беришда барча ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маҳорати ва сабр-тоқат билан иш тутиши муҳим аҳамиятга эга.

Замонавий жамиятда турли хил мафкуравий, ҳуқуқий ва иқтисодий муаммолар, янги ижтимоий муносабатлар туфайли уламолар янги ҳолатларда фатво беришга мажбур бўлмоқдалар. Бу ҳолларда мутахассис уламолар томонидан ижтиҳод қилиш талаб этилади, яъни маълум мавзу ёки муаммонинг шариатга мос келувчи энг тўғри ва оқилона ечимини топиш лозим.

Фатволар ижтимоий тартибни сақлашда, мусулмонлар орасида тинчлик ва ҳамжиҳатликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Уламолар фатволарнинг инсонлар ҳаётига, иқтисодиёт ва сиёсатга қандай таъсир кўрсатишини ҳам ҳисобга олишлари зарур.

Ҳозирги замонда фатво бериш анъанавий ва замонавий билимларнинг уйғунлашган ҳолда амалга оширилишини талаб этади. Фатво беришда инсоният манфаати учун хизмат қилиш, фатвонинг аниқ ва тушунарли бўлишини таъминлаш муҳимдир.

Фатво берувчи шахс Қуръон ва ҳадисни мукаммал билиши, ислом фиқҳи ва унинг мазҳаблари бўйича кенг билимга эга бўлиши, шунингдек ижтиҳод (қўшимча ақлий фаолият) қила олиш қобилиятига эга бўлиши зарур.

Замонавий даврдаги фатво анъанавий фатводан ўзининг бир неча жиҳатлари билан ажралиб туради. Бунда асосий омиллардан бири – глобализация ва ахборот-коммуникация технологияларининг тарқалиши бўлиб, улар муфтийларнинг иш тартибига ўз таъсирини кўрсатмоқда.

Ҳозирда кўплаб муфтийлар онлайн савол-жавоб йўли билан фатволар берадилар. Бу жамият учун қулайлик туғдиради, аммо ушбу фатволарнинг сифатини ва ишончлилигини сақлаш муҳим.

Глобализация даврида мусулмонлар жаҳоннинг турли жойларида яшаб, турли маданият ва қонунлар таъсирида бўладилар. Шу сабабли фатво беришда янада универсал ва бошқа ҳудудлардаги мусулмонларга ҳам муносиб ечимларни таклиф қилиш зарурати пайдо бўлди.

Фатво берувчи уламолар, шунингдек, мусулмонларнинг хорижий жамиятлардаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари, турли динлар билан ҳамкорлик ва тинчликни таъминлаш масалалари бўйича фатволар беришга мажбур.

Замонавий фатволар, айниқса, ёшлар орасида кенг тарқалган интернетга боғлиқ масалалар, сунъий интеллект, криптовалюта ва бошқа янги иқтисодий воситаларни ҳам қамраб олиши керак.

Бугунги кундаги кўнгилочар маданият, оилавий муносабатлар ва гендер масалалари бўйича фатволар янгича талабларга мувофиқ бўлиши ва мусулмонларга тушунарли бўлиши зарур.

Ҳозирги замонда фатволар нафақат диний, балки ижтимоий-иқтисодий ва давлатчилик муносабатларида ҳам катта аҳамият касб этмоқда. Улар мусулмонлар ҳаётида қонуний ва ахлоқий қоидаларни белгиловчи йўналтирувчи ролини ўйнайди. Фатволар жамиятда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларни олдини олиш учун ҳам хизмат қилади. Ислом ҳуқуқи ва давлат қонунларини уйғунлаштириш масалаларида фатволар муайян аҳамиятга эга, хусусан, мусулмон жамиятларида фатво чиқаришда давлат қонунчилиги ҳам эътиборга олиниши лозим.

Фатволар ижтимоий тартибни сақлаш, турли ҳолатларда адолатни таъминлаш учун хизмат қилади. Масалан, оилавий муносабатлар, эр-хотин бурчлари ёки мерос масалаларидаги фатволар, жамиятда тинчлик ва тартибни таъминлашда аҳамиятлидир. Замонавий шароитда жамиятда турли хил маданиятлар ва ғоялар таъсирида пайдо бўлган саволларга фатволар орқали мусулмонлар ўз қадриятларини сақлашлари мумкин.

Бугунги замонда илм-фан ва технологиялар жадал ривожланмоқда ва уларнинг шариат нуқтаи назаридан кўриб чиқилиши талаб этилмоқда. Масалан, тиббий генетика, сунъий интеллект ёки органлар трансплантацияси каби муаммолар мусулмонлар ҳаётида муҳим ўрин тутмоқда. Муфтийлар бу масалалар бўйича шариат нуқтаи назаридан фатво бериш орқали мусулмонларга тўғри йўл кўрсатишади.

Замонавий шароитда фатволар мусулмонлар ҳаётида турли соҳалардаги муаммоларга ечим топиш, маънавий ва ахлоқий қадриятларни ҳимоя қилиш, ижтимоий барқарорликни сақлашда муҳим аҳамиятга эга. Улар жамиятдаги ўзгаришларга нисбатан шариат талабларига мос йўл тутишда йўл-йўриқ кўрсатиб, мусулмонларга замонавий дунёда ўз диний бурчларини адо этишда ёрдам беради. Фатволар замонавий илмий ва технологиявий ютуқларга шариат нуқтаи назаридан қараш имконини беради, алалоқибат мусулмон жамиятининг барқарор ва аҳил бўлишига ҳисса қўшади.

Ҳомиджон Ишматбеков,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари.