Ҳар бир соҳа ривожида ўзаро тажриба алмашинув, дўстона ҳамкорлик, янги илмий, инновацион янгилик ва кашфиётлардан баҳраманд бўлиш муҳим омиллардан ҳисобланади. Шу маънода тез суратлар билан ривожланиб бораётган Ўзбекистон ҳам барча соҳаларда дунё ва яқин қўшни давлатлар билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, манфаатли янги лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида аҳамият қаратиб келмоқда. Албатта, ўзаро дўстона муносабатлар мустаҳкамланишида таълим тизими, кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорлик узоқ йиллик ҳамкорлик алоқаларига боғланишига хизмат қилиши билан эътиборлидир.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Озарбайжон илоҳиёт институти ҳамкорлигида ўтказилган “Диний бағрикенглик давлат ва жамият ривожланишининг муҳим омили” мавзусидаги онлайн видео-конференция шу маънода ўзига хос аҳамиятга эга бўлди. Унда ҳар икки таълим муассасаси ўртасида яқин ва узвий ҳамкорликка доир Англашув меморандуми имзоланиши режалаштирилгани мулоқотларнинг янада самарали кечишига хизмат қилди.
Қатор нуфузли ташкилотлар вакиллари иштирокида ташкил этилган онлайн видео-конференция юқори савияда бўлиб ўтди. Унда Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Республика маънавият ва маърифат маркази, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Тошкент ислом институти ҳамда таниқли олимлар, профессор-ўқитувчилар иштирок этди.
Шунингдек, анжуманда Кавказ мусулмонлари идораси раиси Шайхулислом Аллоҳшукур Пашазода, Кавказ мусулмонлари идораси раиси биринчи ўринбосари, муфтий Салмон Мусаев, Озарбайжон Республикасидан — Диний муассасалар билан ишлаш бўйича давлат қўмитаси раиси Мубариз Гурбанли, Озарбайжон илоҳият институти ректори Агил Ширинов, институт Фан ва инновациялар бўйича проректори Мирнияз Мурсалов, Озарбайжон – Ўзбекистон дўстлиги парламент гуруҳи раҳбари Элдор Иброҳимов, ушбу гуруҳ аъзолари - Жаваншир Пашазаде, Анвар Искандаров, Жейҳун Маммедовлар қатнашди.
Анжуманда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилаётгани таъкидланди. Жумладан, илм-фан, алломалар илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, кадрлар алмашинувини йўлга қўйиш, ҳамкорликда мунтазам равишда халқаро илмий-амалий конференциялар ўтказиш борасида ўзаро фикр алмашилди.
Тадбир иштирокчилари томонидан “Диний бағрикенглик давлат ва жамият ривожланишининг муҳим омили” мавзусида тўпланган бой тажрибалар, мулоҳазалар ҳамда таклифлар ҳақида маълумот берилди.
Таъкидланганидек, ҳозирги пандемия шароитида кишиларнинг бир-бирларига меҳр-оқибатли бўлишлари, инсоният бошига келган синовларни сабр-бардош, ақл-идрок билан енгиб ўтиши мақсадга мувофиқ. Диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ҳар бир жамият ривожи учун муҳим аҳамият касб этиши яна бир бор таъкидланди.
Анжуман давомида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Озарбайжон Республикаси диний ташкилотлар билан ишлаш давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Озарбайжон илоҳиёт институти ўртасида ўзаро ҳамкорликка қаратилган Англашув меморандуми имзоланди.
Илм-фан тараққиёти, соҳага оид олиб борилаётган тадқиқотлар, ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, исломшунослик ривожи йўлида ҳар иккала таълим муассасаси салоҳияти ва имкониятидан унумли фойдаланиш имзоланган Англашув меморандум бош мақсадларидан экани таъкидланди.
Шунингдек, анжуманнинг иккинчи қисми — уч йўналишда яъни, “Жамиятда диний бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш: Ўзбекистон ва Озарбайжон тажрибаси”, “Диний қадриятларни сақлаб қолиш ва ривожлантириш”, “Исломий таълим ва замонавийлик” мавзуларида олиб борилди. Олимлар, соҳа вакиллари тўплаган ўз тажриба ва маълумотлари билан ўртоқлашишди.
Мазмунли ўтган мулоқот сўнгида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, қадим илдизлари туташ халқларимизнинг дунё илм-фани тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган алломаларимиз илмий-маънавий меросини чуқур тадқиқ этишда амалий ишларга ўтиш вақти-соати келгани билдирилди. Бунда диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик, ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш давлат ва жамият ривожининг ажралмас бўлаги бўлиб хизмат қилиши яна бир бор исботланди.
Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати
Маъруф ибн Файруз ал-Кархий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
“Дунё тўрт нарсадан иборат: мол, сўз, уйқу ва таом. Мол туғёнга олиб боради, сўз адаштиради, уйқу эсдан чиқаради, таом шаҳватга етаклайди”.
“Солиҳлар кўп, лекин улар ичида сиддиқлар кам”.
“Аллоҳ кимга яхшиликни истаса, унга амал эшигини очиб, тортишиш эшигини ёпади. Агар ёмонлик истаса, амал эшигини ёпиб, тортишиш эшигини очади”.
“Аллоҳга таваккул қил, токи У сенинг устозинг ва шикоят қиладиган Зотинг бўлсин. Чунки инсонлардан наф йўқ”.
“Кўзларингизни тийинг, ҳатто урғочи қўйдан ҳам”.
“Сахийлик — муҳтож пайтда муҳтож нарсани бошқа бировга беришдир”.
“Тунги ибодат мўмин учун қиёмат кунида нур бўлиб, ўнгу сўлини ёритади. Кундузги нафл рўза эса, бандани дўзахнинг иссиғидан узоқлаштиради”.
“Қиёмат кунида бир нидо қилгувчи: “Эй Аллоҳни мадҳ қилганлар туринглар”, деб нидо қилади. Шунда, “Қул ҳува Аллоҳу аҳад”ни кўп ўқиганлар туришади”.
“Авлиёларнинг аломати нима?” — деб сўрашди. “Аломатлари учтадир: Аллоҳ учун ғам чекади, Аллоҳ билан машғул бўлади ва Аллоҳ томонга қочишади”.
Довуд Тоийнинг дўстларидан бири менга: “Амални ташлама. У сени Роббингнинг розилигига яқинлаштиради”, деди. Мен ундан: “Қайси амални?” деб сўрадим. У: “Роббингга доимий итоат, мусулмонларга хизмат ва уларга насихат” деди.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ