frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

2. БАҚАРА (сигир) СУРАСИ, 60–62 ОЯТЛАР

24.07.2020   18172   6 min.
2. БАҚАРА (сигир) СУРАСИ, 60–62 ОЯТЛАР

 ۞وَإِذِ ٱسۡتَسۡقَىٰ مُوسَىٰ لِقَوۡمِهِۦ فَقُلۡنَا ٱضۡرِب بِّعَصَاكَ ٱلۡحَجَرَۖ فَٱنفَجَرَتۡ مِنۡهُ ٱثۡنَتَا عَشۡرَةَ عَيۡنٗاۖ قَدۡ عَلِمَ كُلُّ أُنَاسٖ مَّشۡرَبَهُمۡۖ كُلُواْ وَٱشۡرَبُواْ مِن رِّزۡقِ ٱللَّهِ وَلَا تَعۡثَوۡاْ فِي ٱلۡأَرۡضِ مُفۡسِدِينَ٦٠

  1. Эй Бани Исроил, Мусо қавми учун сув сўраганида: "Ҳассангни тошга ур" деганимизни эсланглар. Шунда ўн икки чашма отилиб чиқди ва барча одам ўз сувхонасини билиб олди. "Аллоҳ таоло берган ризқдан еб-ичинглар, Ер юзида бузғунчилик қилиб юрманглар" деб айтдик.

Бани Исроил қақроқ саҳрода узоқ қолиб, ташналикдан қийналаётган пайтда Мусо алайҳиссалом ўз қавми учун Аллоҳдан сув сўрайди. Шунда унга "Ҳассангни тошга ур", дейилади. Тошдан ўн икки қавмга етарли сув берувчи ўн икки булоқ отилиб чиқади. Энди Бани Исроил осмондан тушган манна ва салвони еб, устидан тошдан сизиб чиқувчи сувдан ичишди. Мусо алайҳиссалом юрсалар ҳам, турсалар ҳам ўша тошни бирга олиб юрар эдилар. Аммо табиати бузуқ қавм бўлган Исроил авлодлари шунда ҳам Парвардигорларига шукр айтишни эп кўрмади. Осмондан тушаётган тайёр таомлар, оқизиб қўйилган зилол сувларга ҳам қаноат қилмай пайғамбарлари орқали Аллоҳдан яна бошқа нарсаларни сўрай бошлади.

وَإِذۡ قُلۡتُمۡ يَٰمُوسَىٰ لَن نَّصۡبِرَ عَلَىٰ طَعَامٖ وَٰحِدٖ فَٱدۡعُ لَنَا رَبَّكَ يُخۡرِجۡ لَنَا مِمَّا تُنۢبِتُ ٱلۡأَرۡضُ مِنۢ بَقۡلِهَا وَقِثَّآئِهَا وَفُومِهَا وَعَدَسِهَا وَبَصَلِهَاۖ قَالَ أَتَسۡتَبۡدِلُونَ ٱلَّذِي هُوَ أَدۡنَىٰ بِٱلَّذِي هُوَ خَيۡرٌۚ ٱهۡبِطُواْ مِصۡرٗا فَإِنَّ لَكُم مَّا سَأَلۡتُمۡۗ وَضُرِبَتۡ عَلَيۡهِمُ ٱلذِّلَّةُ وَٱلۡمَسۡكَنَةُ وَبَآءُو بِغَضَبٖ مِّنَ ٱللَّهِۗ ذَٰلِكَ بِأَنَّهُمۡ كَانُواْ يَكۡفُرُونَ بِ‍َٔايَٰتِ ٱللَّهِ وَيَقۡتُلُونَ ٱلنَّبِيِّ‍ۧنَ بِغَيۡرِ ٱلۡحَقِّۗ ذَٰلِكَ بِمَا عَصَواْ وَّكَانُواْ يَعۡتَدُونَ٦١

  1. "Эй Мусо, бир хил таомга сабр қила олмаймиз, Парвардигорингга илтижо қил, бизларга ерда унадиган нарсалардан - сабзавот, тарра-бодринг, саримсоқ, мош, пиёзлардан чиқариб берсин" деганингизни эсланглар. Мусо: "Яхши нарсани паст нарсага алиштирасизми, бирор шаҳарга тушинг, сўраган нарсаларингизни топасиз", деди. Уларга хорлик-муҳтожлик туширилди ва Аллоҳ таолонинг ғазабига гирифтор бўлишди. Бу, Аллоҳ таолонинг ҳукмларига куфр келтиришгани, пайғамбарларни ноҳақ ўлдиришгани учундир. Бу, итоатсизлик қилиб, ҳаддан ошишгани учундир!

Исроил авлодлари Аллоҳга осийлик ва шаккоклик қилишда шу даражага етишдики, Аллоҳ осмондан уларга беминнат тушириб турган ширинлик ва парранда гўштига ҳам рози бўлишмади. Неъматларга шукр айтиш, Аллоҳ бераётган ризқдан миннатдор бўлиш ўрнига яна пайғамбарларини қийин-қистовга ола бошлашди. Улар Мусо алайҳиссаломга: “Парвардигорингга айт, ширинлик ва гўшт ейиш жонга тегди, энди бизга ердан сабза-кўкатлар, бодринг, саримсоқ, мош, пиёз каби нарсаларни ундириб берсин", деб туриб олишди. Шунда Мусо алайҳиссалом уларни инсофга чақирмоқчи бўлдилар, "ахир бу нарсаларни истаган шаҳрингизнинг бозоридан топасизлар, Аллоҳнинг бераётганига бундай ношукр бўлманглар”, дея насиҳат қилдилар. Аммо феъли бузуқ қавм бу насиҳатларга қулоқ солмади. Улар ана шундай итоатсизликлари, ношукрликлари ва Аллоҳ берган ризққа рози бўлмаганлари учун Парвардигорнинг ғазабига учрашди. Аллоҳ таоло уларни Ўз ваҳийларига куфр келтиришгани, Ўзи юборган пайғамбарларни ҳақоратлашгани ва ноҳақ ҳалок қилишгани учун жазолади. Улар Аллоҳ таолонинг ғазабига учрагани учун қиёматгача хорлик, мусибат ва саргардонликка гирифтор этилишди. Ким Аллоҳга итоатсизлик қилса, Унинг амр-фармонларини инкор этса, ҳаддидан ошиб осийлик қилса, бундайларнинг жазоси ҳам худди Бани Исроилники каби бўлади.

إِنَّ ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ وَٱلَّذِينَ هَادُواْ وَٱلنَّصَٰرَىٰ وَٱلصَّٰبِ‍ِٔينَ مَنۡ ءَامَنَ بِٱللَّهِ وَٱلۡيَوۡمِ ٱلۡأٓخِرِ وَعَمِلَ صَٰلِحٗا فَلَهُمۡ أَجۡرُهُمۡ عِندَ رَبِّهِمۡ وَلَا خَوۡفٌ عَلَيۡهِمۡ وَلَا هُمۡ يَحۡزَنُونَ٦٢

  1. Имон келтирганлар, яҳудийлар, насронийлар ва собиийлардан қай бирлари Аллоҳга, қиёмат кунига ишонса ва яхши амаллар қилса, ўшаларга Парвардигорлари ҳузурида албатта мукофот бордир, уларга хавф ҳам йўқдир, ғамгин ҳам бўлишмайди.

Бани Исроил қавми "Биз пайғамбарлар авлодимиз, Аллоҳ наздида бошқа жамоалардан афзалмиз" деб ғурурланарди. Аллоҳ таоло уларнинг бу ғурурига жавобан оят нозил қилиб марҳамат этадики, афзаллик бир гуруҳга хос нарса эмас, балки қайси тоифада имон ва яхши амал бўлса, ўшаларга саодат ёр бўлади. Собиийлар ҳар диндан оз-оздан ҳукм олган, Иброҳим алайҳиссалом динида юрамиз деб, аслида фаришталарга ибодат қилувчи бир қавмдир. Улар Забур тиловат қилишган ва Каъбага қараб намоз ўқишган. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: «Нафсим ядида (қўлида) бўлган Зотга қасамки, ушбу умматдан бирор киши – яҳудийми, насронийми, мен ҳақимда эшитса-ю, менга юборилган нарсага имон келтирмаса, дўзах аҳлидан бўлади», деганлар (Муслим ривояти).

Мужоҳид айтади: "Салмон Форсий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга таркидунё қилувчи роҳиблар ҳақида айтиб берганида, у зот: "Улар дўзахдадир", дедилар. Салмон: "Бу гапдан менга Ер юзи қоронғи бўлиб кетди. Шундан сўнг ушбу оят тушди ва елкамдан тоғ ағдарилгандек бўлди", деган эди". Суддий айтади: "Бу оят Салмон Форсийнинг ҳамроҳлари ҳақида тушган. Салмон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, ҳамроҳларининг ибодатлари ва ижтиҳодлари ҳақида хабар беради: "Эй Аллоҳнинг элчиси, улар намоз ўқишади, рўза тутишади ва сизнинг пайғамбар этиб юборилганингизга гувоҳлик беришади", деди. Салмон уларнинг мақтовини тугатгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам "Эй Салмон, улар дўзах аҳлидандир" деганларида Аллоҳ таоло мазкур оятни туширди". Ибн Аббос, Мурра, Ибн Масъуд ва бошқа кўпгина саҳобалардан ривоят қилинади: "Бу оят Салмон Форсий ҳақидадир, у киши Жундий сабур аҳлининг улуғларидан эди".

Тафсири ирфон
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

"Имом Бухорий" ордени — юксак эҳтиром рамзи!

28.08.2026   11003   2 min.

Куни кеча мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан муҳтарам Президентимиз томонидан юксак давлат мукофотларига сазовор бўлган бир гуруҳ ватандошларимиз тақдирланди.

Энг қувончлиси шуки, тадбирда диний-маърифий соҳада фидокорона хизмат қилиб келаётган, халқимизнинг маънавий юксалишига беқиёс ҳисса қўшаётган таниқли уламоларимиз ва фахрийларимизнинг заҳматли меҳнатлари юксак даражада эътироф этилди!

Хусусан, Диний идора тизимида узоқ йиллардан бери самарали хизмат қилиб келаётган устозлардан  Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фахрийлар кенгаши раиси Шайх Абдулазиз Мансур, Самарқанд вилояти Пайариқ тумани "Имом ал-Бухорий" жоме масжиди фахрий имоми Маҳмуджон домла Ибодуллаев, Бухоро вилояти Когон тумани "Баҳоуддин Нақшбанд" жоме масжиди имом-хатиби Абдуғофур домла Раззоқов "Имом Бухорий" орденини Давлатимиз Раҳбаридан қабул қилиб олишди.

Устозларнинг илмий-маърифий фаолияти, халқ ичида маърифат улашишдаги фидойиликлари давлатимиз томонидан юксак қадрлангани бутун диний-маърифий соҳада меҳнат қилаётганлар учун катта фахр ва шарафдир.

Ушбу воқеа Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳага, миллий қадриятларимизни авайлаб-асраш ҳамда ривожлантиришга қаратилаётган изчил ва хайрли сиёсатнинг амалий ифодасидир.

Халқимизда қадимдан маърифат аҳлини улуғлаш, уларнинг заҳматли меҳнатини қадрлаш эзгу анъана саналади. Ислом таълимотида ҳам илм эгаларига алоҳида мақом ва ҳурмат билан қаралади. Зеро, Имом Термизий бобомиз ривоят қилган ҳадиси шарифда: «Уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир», дейилган.

Уламоларга кўрсатилаётган бундай эътиборнинг нечоғли хайрли экани қуйидаги ҳикматда ҳам ўз ифодасини топган. Улуғ зотлардан бири Товус раҳматуллоҳи алайҳ отасидан қуйидагича ривоят қилган: «Тўрт кишини ҳурмат қилиш суннатдир: олим, ёши улуғ инсон, подшоҳ ва ота» (Имом Абдураззоқ ривояти).

Мазкур юксак мукофот миллий ва диний қадриятларимизни тиклаш, Ислом маърифатини кенг тарғиб этиш, жамиятда бағрикенглик ва тинчлик-омонликни бардавом сақлаш йўлидаги кўп йиллик хайрли хизматларнинг муносиб эътирофидир.

Давлатимизнинг бундай эътибори диний соҳа ходимларига янада улкан масъулият юклайди, маънавий юксалиш йўлидаги хайрли хизматлар кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилади, инша Аллоҳ.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари