Аллоҳ таоло розилигини истаб қурбонлик қилиш, аслий эҳтиёжидан бошқа моли кумуш нисобига етган мусулмонларга вожибдир. Ана шундай миқдор моли бўлиб қурбонлик қилмаган одам жуда кўп манфаатлардан маҳрум бўлади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Бас, Раббингиз учун намоз ўқинг ва (туя) сўйиб қурбонлик қилинг!» (Кавсар, 2).
Қурбонлик қилишдан мақсад банда ўзининг Аллоҳ амрига итоатини, тақвосини намоён этишдир. Аллоҳ таоло банда сўйган ҳайвоннинг гўштига ҳам, қонига ҳам муҳтож эмас: «Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли – У зотни улуғлашларингиз учун – уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!» (Ҳаж, 37).
Банда Аллоҳга қанча ибодат қилса ҳам оз. Чунки биргина ҳидоят неъматининг шукрини қанча ибодат қилса ҳам адо этолмайди. Қурбонлик қилиш Аллоҳ таолонинг амрини адо этишга банданинг тайёр эканини кўрсатади ва тўғри йўлга ҳидоят қилгани учун Аллоҳ таолога шукр этиш бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки қурбонликни дили хурсанд ва савоб умидида қилса, у (қурбонлик) унинг учун дўзахдан парда бўлади”, дедилар (Табароний ривояти).
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Фотима, тур, қурбонлигингга гувоҳ бўл. Чунки қурбонлик қонининг биринчи қатраси (томчиси) томиши билан ўтган гуноҳларингиз мағфират қилинади”, дедилар.
Абу Саъид розияллоҳу анҳу айтади: «“Ё Аллоҳнинг расули, бу фақат Муҳаммад оиласи учун хосми ёки барча мусулмонлар учунми?” деб сўрадилар. У зот: “Муҳаммад оиласи ва барча мусулмонлар учун” дедилар».
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ёш, навқирон, бақувват жониворларни қурбонлик қилинглар. Чунки улар (қиёмат куни) сирот устидаги уловларингиздир” (Талхийсул хабийр).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки қурбонлик қилишга имкони бўлиб, қурбонлик қилмаса ийдгоҳимизга келмасин”, дедилар. Бошқа бир ҳадисда эса: “Ҳар ким қурбонлик қилишга қодир бўлса-ю, қурбонлик қилмаса, вафотидан кейин мажусийлар ёки насронийлар қаторида тирилади”, дедилар.
Аллоҳ таоло барча мусулмонларга қурбонликларининг ажрини кўпайтириб берсин.
ЎМИ матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита ҳамкорлигида ўтказиб келинаётган намунавий-амалий тадбирларнинг навбатдагиси жорий йилнинг 12 февраль куни Хоразм вилояти Урганч шаҳрида ўтказилди.
“Охун бобо” жоме масжидида ўтказилган ташкилий йиғилишда диний идора мутахассислари, Хоразм вилояти вакиллиги раҳбарияти, туман-шаҳарлар бош имом-хатиблари ҳамда отинойилари, шунингдек, Урганч шаҳридаги масжид имом-хатиблари, ноиблари, отинойилар, “Ҳаж-2024” зиёратчилари ва МФЙлар раислари таклиф қилинди.
Тадбирга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосарлари Зайниддин Эшонқулов ва Обиджон Қодиров бошчилик қилишди.
Йиғилишда сўзга чиққан Обиджон Қодиров ижтимоий тармоқдан фойдаланиш, масжид телеграм гуруҳларини ривожлантириш, диний маърифий материаллар билан бойитиш, имом-хатибларнинг масжид қавми ва ёшлар билан яқиндан муносабат ўрнатиш ҳамда кунлик намозларда олиб бориладиган суҳбатларни ҳаётий мисоллар билан бойитиб бориш каби кўрсатма ва тавсиялар бериб ўтди.
Тадбир давомида Хива шаҳридаги “Мурувват” уйига Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан ажратилган 2 дона ногиронлик аравачаси ва бошқа зарурий жиҳозлар, жами 11 533 000 сўмлик хайрия ишлари олиб борилди.
Имом-хатиблар 7 тоифага мансуб 150 та оилага, отинойилар 4 тоифага мансуб 25 та оилага, умумий ҳисобда 175 та оилага кириб, маънавий-маърифий тарғибот ҳамда амалий ёрдам тадбирларини олиб боришди. 30 та хонадонда маънавий кўмакка муҳтож бўлганларни қийнаб келаётган саволларга жавоблар берилди. Ногирон ва касалманд, эҳтиёжманд фуқаролар, шунингдек, табаррук ёшдаги қариялар яшайдиган 21 та оилага кириб, даволаниш ва дори дармон учун моддий ёрдам кўрсатилди.
Ҳомийларни жалб қилган ҳолда эҳтиёжмандларга озиқ-овқат, кийим-кечак, уй-рўзғор буюмлари ҳадя қилинди. Нотинч бўлиб турган оилалар ўрганилиб, аразлашган, жанжаллашганларнинг аксари яраштирилди.
***
Вилоят бош имом-хатиби Хайрулла домла Абдуллаев ҳамроҳлигида Урганч шаҳридаги Имом Фахриддин ар-Розий ўрта махсус ислом таълим муассасаси талабалари билан очиқ мулоқот ҳам ўтказилди. Зайниддин домла Эшонқулов кейинги йилларда юртимизда ёшлар таълим-тарбиясини юксалтиришга катта эътибор берилаётгани, кенг имкониятлар тақдим этилаётгани, жумладан, янги диний таълим муассасалари очилаётгани, уларда устоз ва талабаларга барча шароитлар муҳайё қилинаётгани, Ислом институтида магистратура йўналиши ташкил этилганига эътибор қаратди.
***
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Назорат ва таҳлил бўлими мудири Исомиддин Зухриддинов томонидан туман-шаҳар бош мутаваллилари ва Урганч шаҳрида фаолият олиб бораётган масжид мутаваллилари учун ўқув-семинари ташкил этилди.
***
Тадбир сўнгида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, Урганч шаҳри имом-хатибларининг маънавий-маърифий ҳамда масжид бошқарувидаги фаолиятида кузатилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати