Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Январ, 2025   |   10 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:48
Пешин
12:36
Аср
15:32
Шом
17:16
Хуфтон
18:35
Bismillah
10 Январ, 2025, 10 Ражаб, 1446

2. БАҚАРА (сигир) сураси, 53–57 ОЯТЛАР

22.07.2020   2888   5 min.
2. БАҚАРА (сигир) сураси, 53–57 ОЯТЛАР

وَإِذۡ ءَاتَيۡنَا مُوسَى ٱلۡكِتَٰبَ وَٱلۡفُرۡقَانَ لَعَلَّكُمۡ تَهۡتَدُونَ٥٣

  1. Ҳидоят топишингиз учун Биз Мусога Китоб ва Фурқонни берганимизни эсланглар.

Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом қавмини кечирганидан кейин у кишига ва қавмига Тавротни нозил қилди. Таврот (ибронийча "тора", яъни қонун, шариат маъносида) Аллоҳнинг ҳидоят китоби бўлиб, унинг аслий нусхасида Исроил авлодлари Аллоҳнинг тавҳидига чақирилган, яҳудийларни одоб-ахлоққа, инсоний фазилатларни эгаллашга, пайғамбарларига итоат этишга ва Аллоҳга ибодат қилишга буюрилган. Аммо кейинчалик Таврот одамлар қўли билан ўзгартирилган, баъзи ҳукмлар олиб ташланган, кераксиз нарсалар қўшиб юборилган. "Фурқон" сўзи Ҳақ ва ботилни, яхши ва ёмонни ажратувчи, мўъжиза маъноларини англатади. Бу оятда эса Мусо алайҳиссаломга нозил қилинган шариат маъносида келган.

وَإِذۡ قَالَ مُوسَىٰ لِقَوۡمِهِۦ يَٰقَوۡمِ إِنَّكُمۡ ظَلَمۡتُمۡ أَنفُسَكُم بِٱتِّخَاذِكُمُ ٱلۡعِجۡلَ فَتُوبُوٓاْ إِلَىٰ بَارِئِكُمۡ فَٱقۡتُلُوٓاْ أَنفُسَكُمۡ ذَٰلِكُمۡ خَيۡرٞ لَّكُمۡ عِندَ بَارِئِكُمۡ فَتَابَ عَلَيۡكُمۡۚ إِنَّهُۥ هُوَ ٱلتَّوَّابُ ٱلرَّحِيمُ٥٤

  1. Мусонинг ўз қавмига: "Эй қавмим, бузоққа сиғиниб, ўзларингга жабр қилдинглар, энди бир-бирингизни ўлдириш билан Яратувчингизга тавба қилинглар. Шундай қилганингиз Яратувчи ҳузурида сизларга яхшироқдир" деганини эсланглар. Шундай қилиб, Аллоҳ таоло тавбаларингизни қабул қилди, У албатта кечирувчидир, раҳмлидир.

Мусо алайҳиссалом қавмининг бузоққа сиғиниб, ўзига жабр қилганини айтганидан кейин: "Энди Аллоҳга тавба қилинглар ва бир-бирларингни ўлдиринглар, шундай қилганингиз Аллоҳ ҳузурида сизларга яхшироқдир", дейди. Ибн Касирнинг ёзишича, "Эрта тонгда, ғира-ширада бузоққа ибодат қилмаганлар қўлларида қилич тутган ҳолда бузоққа ибодат қилганларни қиличдан ўтказа бошлашди ва бир кечанинг тонгида етмиш минг кишини ҳалок этишди" (Ибн Касир. "Қисасул-анбиё", Қоҳира нашри, 284-бет). Баъзи ривоятларда уч минг киши ҳалок бўлгани айтилади. Шундан кейингина Аллоҳ уларнинг тавбаларини қабул қилди.

وَإِذۡ قُلۡتُمۡ يَٰمُوسَىٰ لَن نُّؤۡمِنَ لَكَ حَتَّىٰ نَرَى ٱللَّهَ جَهۡرَةٗ فَأَخَذَتۡكُمُ ٱلصَّٰعِقَةُ وَأَنتُمۡ تَنظُرُونَ٥٥

  1. "Эй Мусо, Аллоҳни аниқ кўрмагунимизча ҳаргиз сенга ишонмаймиз" деб қараб турганларингизда сизларни яшин урганини ҳам эсланглар.

Мусо алайҳиссалом билан бирга мулоқотга борганлар Мусонинг Аллоҳ таолога қилган муножотини, Аллоҳнинг Мусога қилган такаллумини, амр ва қайтариқларини ўз қулоқлари билан эшитишди. Мусо алайҳиссалом Аллоҳдан ваҳийни қабул қилиб олиб, уламолар ёнига қайтиб келди. Улар эса ҳазрати Мусодан Аллоҳни очиқ-равшан кўрсатишни талаб қилиб туриб олишди. Бани Исроилдан етмиш оқсоқол Мусо алайҳиссаломнинг сўзларига ишонмай енгилтаклик қилиб турганида барчаларини яшин уриб ҳалок бўлди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг ривоятларига қараганда, Мусо алайҳиссалом мийқотга танлаган етмиш киши Исроил авлодларининг уламолари бўлиб, улар билан бирга Мусо, Ҳорун, Юшаъ, Нозоб, Абийҳулар бор эди.

ثُمَّ بَعَثۡنَٰكُم مِّنۢ بَعۡدِ مَوۡتِكُمۡ لَعَلَّكُمۡ تَشۡكُرُونَ٥٦

  1. Кейин шояд шукр қилсангизлар, деб ўлганингиздан сўнг қайта тирилтирдик.

Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломнинг ношукр қавми бузоққа сиғиниб, Ўзига ширк келтирганидан кейин барчаларини фақат ҳалок қилиш билангина кечиришини билдирган эди. Шунда бузоққа сиғинмаганлар унга сиғинганларни ўлдиришди, Аллоҳ таоло уларга берган ваъдасига вафо қилиб, ҳалок бўлганларнинг барини Ўз изни билан қайта дунёга келтирди, яъни улар ҳалок бўлишганидан кейин Аллоҳ таоло уларнинг шукр қилишлари учун қайтадан яна тирилтирди.

وَظَلَّلۡنَا عَلَيۡكُمُ ٱلۡغَمَامَ وَأَنزَلۡنَا عَلَيۡكُمُ ٱلۡمَنَّ وَٱلسَّلۡوَىٰۖ كُلُواْ مِن طَيِّبَٰتِ مَا رَزَقۡنَٰكُمۡۚ وَمَا ظَلَمُونَا وَلَٰكِن كَانُوٓاْ أَنفُسَهُمۡ يَظۡلِمُونَ٥٧

  1. Ва булутни устингизга соябон қилдик, сизларга манна ва салвани туширдик: "Сизларга ризқ қилиб берганларимизнинг покизасини енглар". Бизга зулм қилишмади, ўзларигагина зулм қилишди.

Аллоҳ таоло Бани Исроилга неъматларни тўкис ато қилган. Уларни жазирама иссиқдан ҳимоя қилиш учун устларига булутларни соябон қилиб қўйди. Ҳар куни субҳи содиқдан қуёш кўтарилгунича осмондан ҳар бир кишига бир соъ миқдорида (икки ярим килога яқин) "манна таранжубин" деган ширинлик ёғар эди. Одамлар кун бўйи шуни тановул қилишарди. "Салва" эса бедана каби кичик парранда бўлиб, шом пайти уйлар атрофида тўпланиб қолар эди, қоронғи тушганидан кейин уларни бемалол тутиб, кабоб қилиб ейишар эди. Мужоҳид: "Манна кўриниши лимонга ўхшаш ширин мева, салво – қуш", дейди. Саъид ибн Зайд бундай деган: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Манна замбуруғи ва унинг суви кўзга шифодир", деганлар (Бухорий ривояти). Лекин Исроил авлодлари Аллоҳ таоло берган шундай неъматлардан баҳраманд бўлиб ҳам Аллоҳга ширк келтиришди ва ўзларига зулм қилишди.

Тафсири ирфон
Бошқа мақолалар

Бу мўъжизани ким инкор қила олади?

10.01.2025   2061   1 min.
Бу мўъжизани ким инкор қила олади?

 Биласизми? Силикат моддасига бой бўлган тупроққа дафн қилинган инсоннинг скелети вақт ўтиши билан тош ва харсангга айланади.
 Агар у пири‌т (темир сульфиди) моддасига бой минтақага дафн қилинса, ундай жасад темир ҳайкалга айланиб қолиши мумкин!

Бу илмий ҳақиқат яқинда аниқланган бўлса-да, Қуръонда бу ҳақида 1445 йил олдин ҳайратланарли тарзда жуда аниқлик билан баён этилган. Қуръонда бундай дейилган:

وَقَالُوا أَإِذَا كُنَّا عِظَامًا وَرُفَاتًا أَإِنَّا لَمَبْعُوثُونَ خَلْقًا جَدِيدًا

"Улар: “Биз суякларга  ва чанг- тупроқларга айланиб кетганимиздан кейин ҳам, янгитдан тирилтириламизми?” дедилар. “Сен уларга, тошга ёки темирга айланинглар”, деб айт"
(Исро сураси, 50-оят).

Бу оят яқин йилларда кашф этилган — суяклари тошга айланган ёки темир ҳайкалга айланган қазилмаларга очиқ ва равшан ишора қилмоқда. Гўёки Қуръонда хабар берилган ушбу далиллар олимлар кашф қилишларини узоқ асрлардан бери кутиб ётгандек.

Шундай экан, ақлли инсон бундай очиқ-ойдин ва равшан мўъжизани қандай инкор қила олади? Қуръоннинг бу мўъжизаси кундуздаги қуёшдек равшан эмасми?

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ