Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Ноябр, 2024   |   26 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:25
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:17
Bismillah
27 Ноябр, 2024, 26 Жумадул аввал, 1446

Ислом тарихи: ҲИЖРИЙ БЕШИНЧИ ВА ОЛТИНЧИ ЙИЛДАГИ МУҲИМ ҲОДИСАЛАР

20.07.2020   3608   13 min.
Ислом тарихи: ҲИЖРИЙ БЕШИНЧИ ВА ОЛТИНЧИ ЙИЛДАГИ МУҲИМ ҲОДИСАЛАР

 

ҲИЖРИЙ БЕШИНЧИ ЙИЛДАГИ МУҲИМ ҲОДИСАЛАР

ДАВМАТУЛ ЖАНДАЛ ҒАЗОТИ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Арабистон яриморолининг шимолидаги Давматул жандал атрофидаги қабилалар йўлтўсарлик қилиб, ўтган-кетганни талаётганлари, Мадинага босқин уюштириш мақсадида каттагина лашкар ҳам тўплашаётгани ҳақида хабар келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минг кишилик қўшин билан рабиъул аввал ойининг 25-кунида Давматул жандалликларнинг адабини бериб қўйиш мақсадида қўшин тортиб, Мадинадан йўлга чикдилар. Улар бор-будини мусулмонларга ўлжа қилиб қолдириб, қочиб кетишди.

Шу билан бирга, тинч ҳаёт ҳам давом этар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам раҳбарлиги остидаги саҳобалар Ислом давлатини Аллоҳ таолонинг бевосита кузатуви билан мукаммаллаштириб борар эдилар. Қуръони Каримнинг оятлари нозил бўлиши билан уларни ҳаётга татбиқ қилишарди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам кўп нарсаларни баён қилиб берар эдилар, ибодат, ахлоқ-одоб, муомала ва қонун-қоидалар секин-аста исломийлашиб борар эди. Булар энг муҳим нарсалар бўлиб, уларнинг қандай амалга ошгани тафсир, ҳадис, фиқҳ ва бошқа китобларимизда батафсил баён қилинган.

Бунинг хабари атрофга тарқалиб, кишиларда Исломга бўлган қизиқиш ортар ва якка-якка ҳолда келиб, мусулмонлар сафига қўшилар эдилар.

Табиийки, бу ҳолат Ислом душманларини ташвишга солар эди. Мусулмонлар тинчлик-омонликда ўз ҳолларига ташлаб қўйилса, ҳамма улар томонга ўтиб кетишини ўйлаб, хавотирда қолишди. Ниҳоят «Ҳаммамиз бирлашиб, мусулмонларни йўқ қилмасак бўлмас экан», деган фикрга келдилар.

 

ХАНДАҚ (АҲЗОБ) ҒАЗОТИ

Шаввол ойида Исломни ва мусулмонларни бутунлай йўқ қилиб ташлаш мақсадида барча Ислом душманлари уюшиб жам бўлди. Қурайш, Ғатафон ва бошқа қабилалар тўпланиб, Мадинага юриш қилишди. Уларнинг сони ўн мингта эди. Уларни бу юришга Хайбардаги яҳудийлар қизиқтиришди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан маслаҳат қилдилар. Салмон Форсий розияллоҳу анҳу Мадинанинг атрофига хандақ қазиб, уни ҳимоя қилишни маслаҳат бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу маслаҳатга амал қилдилар. Мусулмонларнинг сони уч минг эди.

Душман аскарлари томонидан мусулмонларга қарши уюштирилган қамал бир ойча давом этди. Бану Қурайза аҳдини бузиб, мусулмонларга қарши душманга қўшилди. Нуъайм ибн Масъуд Ашжаъий мусулмон бўлди. Ҳарбий хийла билан Қурайза, Қурайш ва ғатафонликларнинг ўртасига нифоқ солди. Ҳар бир гуруҳнинг олдига бориб, бошқаси уни зиддига ҳаракат қилаётганини айтиб, уларнинг ўртасини бузди. Натижада улар тарқалиб кетишди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло мушрикларга Ўзининг лашкарларидан бирини – кучли шамол юбориб, уларнинг чодирларини бузиб, қозонларини ағдариб ташлади. Шундан кейин улар қочиб қолишди.

Бу ҳақда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Аҳзоб сурасида шундай хабар берган:

«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг. Ўшанда устингизга лашкарлар келган эди. Уларнинг устига шамолни ва сиз кўрмаган лашкарларни юбордик. Аллоҳ нима қилаётганингизни кўриб турувчидир!» (9-оят)

Аллоҳ таоло совуқ қиш кечасида кофирлар қўшини устига ўта совуқ шамолни юборди. Шамол уларнинг қозон ва чодирларини учириб кетди. Оловларини ўчириб ташлади. Бирор киши қоматини тик тутиб юролмай қолди.

Уламоларимиз: «Сиз кўрмаган лашкарлар»дан мурод фаришталар бўлиб, улар мушрикларнинг қалбларига қўрқинч солганлар-у, уруш қилмаганлар», дейдилар.

Хандақ ғазоти Қурайш мушрикларининг Мадинаи му-навварага қилган охирги ҳужуми эди.

 

БАНУ ҚУРАЙЗА ҒАЗОТИ

Бану Қурайза қабиласи иттифоқдошлик шартномасини бузди. Улар мусулмонлар учун энг қийин бўлган ҳолатларда ҳиёнат қилишди, Аҳзоб урушида қурайшликларга қўшилишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хандақ ғазотидан кейин, зулқаъда ойида уларни қамал қилдилар. Охири таслим бўлишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улар ҳақида ўзларининг илтимосларига кўра, улар билан ҳижратдан олдин иттифоқдош бўлган Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳуни ҳакам қилдилар. У киши мазкур қабиланинг эркакларининг қатл қилиниши, аёллари ва болаларининг асир олиниши ҳақида ҳукм чиқардилар. Бу уларнинг оғир жиноятларига муносиб ҳукм эди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳуга: «Улар ҳақида Аллоҳ таолонинг етти осмон устидан қилган ҳукми каби ҳукм қилдингиз», дедилар.

 

ҲИЖРИЙ ОЛТИНЧИ ЙИЛДАГИ МУҲИМ ҲОДИСАЛАР

САҲРО АРАБЛАРИНИНГ ТАЪЗИРИНИ БЕРИШ

Қурайш ва яҳудийлар билан ишлар битиб бўлгандан кейин учинчи душман - аъробийлар қолишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қанча сарийялар юбориб, уларни қўрқитдилар. Ёмонликларини даф этиб, мусулмон-ларга озор беришдан тўхтатдилар.

 

БАНУ МУСТАЛИҚ ҒАЗОТИ

Шаъбон ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Бану Мусталиқ қабиласининг у зотга қарши одам тўплаётгани ҳақида хабар келди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам душманни кутиб ўтирмасдан, устига бостириб боришга қарор қилдилар. Ўша сафар Ислом лашкари ичида илк марта Ибн Салул бошлиқ кўплаб мунофиқлар ҳам чиқишди. Мусулмонларнинг Хандақ ғазотидаги ғалабасидан кейин улар тарозининг оғир палласи томонига ўтиб олишган эди.

Икки тараф Бану Мусталиқнинг Мурайсиъ номли қудуғи олдида тўқнашди. Шунинг учун ушбу ғазот «Мурайсиъ ғазоти» ҳам дейилади. Урушда мусулмонлар ғолиб келдилар, кофир-мушриклар эса енгилишди.

 

ИФК ҲОДИСАСИ

Худди шу ғазотдан қайтишда Ибн Салул бошлиқ мунофиқлар Оиша онамиз ҳақларида «ифк» – бўҳтон тарқатишди.

Гапни бошқа ёққа буриб, ҳақиқатдан четга чиқиш, ёлғондан уйдирма тўқиш, бўҳтон ва иғво қилиш араб тилида «ифк» дейилади.

Мунофиқлар Оиша онамизга нисбатан ифк – иғво, бўҳтон, туҳмат ва уйдирма уюштиришди. Уларнинг ифкига баъзи содда мусулмонлар ҳам қўшилдилар. Орада катта фитна юз берди. Оиша онамизни зино қилганликда айблай бошлашди.

Ниҳоят барча ишни ҳикмат ила қиладиган Аллоҳ таолонинг Ўзи аралашиб, ҳаммасини ўз жойига келтирди. Hyp сурасининг ўн оятида Оиша онамиз оқландилар (11–20-оятлар). Ҳамма, ҳатто Оиша онамизнинг ўзлари ҳам: «Менга оқлов тушди», дедилар.

 

ҲУДАЙБИЯ СУЛҲИ ВА РИЗВОН БАЙЪАТИ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зулқаъда ойининг боши, душанба куни 1400-1500 нафар саҳобалари билан умра қилиш ниятида йўлга чиқдилар. Макканинг ғарбий тарафи, Жидда йўли, Ҳарами шариф чегарасидаги Ҳудайбия деган жойга етиб борганларидан хабар топган Қурайш мушриклари қўрқиб кетишди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга Абу Суфён ва Қурайшнинг бошқа бошлиқларига бориб, уруш учун эмас, балки Байтуллоҳни зиёрат қилиш мақсадида келганларининг хабарини етка-зиш учун ҳазрати Усмонни юбордилар.

Сўнг ҳазрати Усмоннинг қатл қилинганлари ҳақида миш-миш тарқалди. Шу сабабли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларни байъатга чақирдилар. Саҳобалар у зот томон шошилиб бориб, байъат қилдилар ва бу «Ризвон», яъни «Розилик байъати» деган ном билан тарихга кирди,

Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ортга қочмаслик ҳақида байъат қилдилар. Ҳазрати Усмон учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бир қўлларини иккинчисига қўйиб байъат қилдилар. Кейин ҳазрати Усмоннинг ўлдирилгани бекор ran эканининг хабари келди. Ҳазрати Усмон қайтиб келдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурайш билан сулҳ туздилар:

Ўн йилгача уруш бўлмайди. Одамлар омонда бўлиб, бир-бирларига адоват қилишдан тийиладилар.

Ким Қурайшдан Муҳаммаднинг олдига келса, Муҳаммад уни қайтариб беради.

Ким Муҳаммаднинг олдидан Қурайшга келса, Қурайш уни қайтариб бермайди.

Ким Муҳаммад билан ахднома тузиб, иттифоқчи бўлса бўлаверади.

Ким Қурайш билан ахднома тузиб, иттифоқчи бўлса бўлаверади.

Бу йил Муҳаммад ва саҳобалари Маккага кирмай, қайтиб кетадилар.

  1. Келаси йили келиб, қиличларини қинида сақлаган ҳолда Маккага киришади. У ерда уч кун қолишади. Бу вақтда мушриклар ташқарига чиқиб туришади.

Ҳудайбиядан Мадинага қайтиб кетаётганларида, йўлда Аллоҳ таоло Фатҳ сурасини нозил қилди.

 

ҲУДАЙБИЯ СУЛҲИ ҲАҚИДА

Саҳобаларнинг кўплари бу сулҳни ёқтирмадилар. Натижаси уларга ёмон бўлиб кўринди. Улар ўзларини мағлуб бўлгандек, енгилгандек ҳис қилдилар. Улар орасида Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳам бор эдилар.

Лекин инсоф ва диққат билан назар солинадиган бўлса, ушбу сулҳ мусулмонлар учун катта яхшилик экани, унинг манфаати кўп экани англаб етилади.

Мазкур сулҳнинг имтиёзларидан бири – Қурайш мусулмонлар жамиятини биринчи бор эътироф қилиши эди.

Иккинчидан, бу сулҳ мусулмонлар учун Ислом даъватини тарқатишдан бошқа иш қилмасликка фурсат эди.

Ушбу сулхдан кейин жуда кўп одамларнинг Ислом динига киргани ҳам мана шу фикрни қўллаб-қувватлайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳудайбия сулҳидан кейин Арабистон яриморолининг чор атрофидаги подшоҳ ва ҳокимларни Исломга чақириб, мактублар юбордилар.

Ушбу сулҳ мусулмонлар учун яҳудийлар билан ҳисоб-китобни тўғрилаб олишга ҳам фурсат бўлди.

Шунинг учун мазкур сулхдан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбарга ғазот қилиб, ғалаба қозондилар ва Ислом шариатининг кўпгина ҳукмлари мана шу пайтда такомиллашди.

Аммо Қурайшнинг ўзига мусулмонлардан борганларини қайтариб бермаслиги тўғрисидаги шартга келадиган бўлсак, уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари баён қилиб бердилар: «Ким биздан уларга кетган бўлса, Аллоҳ таоло уни биздан узоқ қилди. Ким улардан бизга келса, биз уни қайтариб берамиз. Аллоҳ таолонинг Ўзи унга енгиллик беради, нажот беради», дедилар.

Мана шу сулҳ, Қуръони Карим васф қилганидек, ҳақиқий, очиқ-ойдин фатҳ бўлди.

Ҳақиқатдан ҳам, Ҳудайбия сулҳи улкан фатҳ, балки кўп қиррали фатҳ бўлгани кейинчалик маълум бўлди:

«Ҳудайбия Ислом даъвати учун фатҳ бўлди. Исломда бундан улуғроқ фатҳ бўлган эмас», дейдилар салаф уламо-ларимиз. Бунгача қаерда бўлсалар, урушга йўлиқар эдилар. Сулҳ тузилиб, уруш тўхтагандан сўнг одамлар бир-бирларидан эмин бўлдилар. Бир-бирлари билан учрашиб, ўтиришиб, гаплашиб-суҳбатлашадиган бўлдилар. Озгина ақли бор одам бундай суҳбатлардан кейин Исломни қабул қилар эди. Ҳудайбия сулҳи билан Макка фатҳи орасида ўтган салкам икки йил мобайнида ундан аввалги ўн тўққиз йилдагидан кўпроқ одам Исломга кирди. Ёдингизда бўлса, Ҳудайбияда иштирок этганларнинг сони нари борса 1500 нафар эди. Салкам икки йилдан сўнг Макка фатҳ қилинганида 10000 киши қатнашди. Уларнинг ичида Холид ибн Валид ва Амр ибн Осга ўхшаш фотиҳ саҳобийлар ҳам бор эдилар.

Ҳудайбия сулҳи Ислом ерларининг кенгайишига ҳам сабаб бўлди. Аввал ҳамма куч-эътибор мушрикларга қаратилган эди. Сулҳ тузилиб, уларнинг ёмонлигидан омонда бўлинганидан сўнг яҳудийлар билан ҳисоб-китобни жойига қўйишга имкон топилди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Шом йўлидаги Хайбар шаҳридан Ислом учун доимий хавф-хатар бўлиб турган яҳудийларни чиқаришга муяссар бўлдилар. У ерларни фатҳ қилиб, ўлжаларни фақат Ҳудайбияда иштирок этганларга бўлиб бердилар.

Бу сулҳ мусулмонлар билан мушриклар орасини «фатҳ қилди» – очди. Авваллари мушриклар Исломни ва мусулмонларни мутлақо тан олишмас эди. Бундан бир йил олдин Макка мушриклари атрофдан одам тўплаб, Мадинага бостириб боришган, бу билан мусулмонларни ниҳоятда оғир аҳволга солиб қўйишган эди. Қурайш қабиласини етакчи деб биладиган бошқа араб қабилалари ҳам бундан қаттиқ таъсирланишган эди. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам умрага бирга боришга чақирганларида улардан ҳеч ким қўшилмаган. Аксинча, улар «Мусулмонлар бу сафардан соғ қайтмайдилар», деб ўйлашган эди. Мунофиқлар эса бундан ҳам ёмонроқ гумонларга боришди. Лекин Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз бошлиқ мусулмонларга нусрат берди. Сулҳ тузилиб, қурайшликлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонларни сиёсий жиҳатдан ўзларига тенг деб эътироф этиб, уларга илтимос билан мурожаатда бўлишди. Ҳеч шубҳа йўқки, бу воқеа Ислом тарихидаги энг улкан фатҳ эди. Шу боис ҳам мазкур фатҳни Қуръони Карим «очиқ-ойдин фатҳ» деб номлади.

Ушбу улуғ ҳодисадан кейин бошқа қабилалар ва жамоалар ҳам мусулмонларга ҳурмат назари билан қарай бошлашди. Уларга аввал қўшилмаган аъробийлар (кўчманчи араблар) узр айтиб кела бошлашди. Мадинаи мунавварадаги мунофиқларнинг ҳам овозлари пасайиб қолди. Турли тарафлардан айрим араб қабилалари ўз вакилларини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига юборишди.

Шу билан бирга, Ҳудайбия қалбларни ҳам фатҳ қилди. Кишилар Ислом учун барча фидокорликка тайёр ҳолга келдилар.

Буларнинг ҳаммаси улкан ютуқ ва буюк фатҳ эди.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

ҲИЖРИЙ ЕТТИНЧИ ЙИЛДАГИ МУҲИМ ҲОДИСАЛАР:

Подшоҳ ва ҳокимларни Исломга даъват қилиш;

Араб амирларига йўлланган мактублар;

Хайбар ғазоти;

Бошқа фатҳлар;

Зотур-Риқоъ ғазоти;

Амр ибн Ос ва Холид ибн Валиднинг Исломга кириши;

Қазо умра.

ҲИЖРИЙ САККИЗИНЧИ ЙИЛДАГИ МУҲИМ ҲОДИСАЛАР:

Муъта ғазоти;

Зотус-Салосил сарийяси;

Макка фатҳи;

Макка фатҳининг аҳамияти;

Ҳунайн ғазоти;

Тоиф ғазоти.

Кутубхона
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Фароиз илми билимдони эди

25.11.2024   3321   3 min.
Фароиз илми билимдони эди

Улуғ устозларнинг ибратли ҳаёт йўллари, солиҳ амаллари, гўзал хислатлари барчамизга ўрнакдир. Ана шундай етук олимлардан бири Шайх Дўстмуҳаммад домла Турсундир. У киши 1938 йили Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида туғилган. Домла дастлабки таълимни бобоси мулла Абдуллоҳ Охундан, сўнгра замонасининг етук уламолари муфтий Равшан ҳазрат, Маҳмуд домла, тошкентлик Лазгин домла, Душанбе шаҳар қозиси Абдурашид домла, Абдуллоҳ охундлардан Қуръон, тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақида имларини олган. 


Шайх Дўстмуҳаммад домла аллома Мавлавий Ҳиндистонийдан сабоқ олган. Шунингдек, Нақшбандия тариқати шайхи Ҳазрати Муҳаммад Шариф Ҳисорий, Шайх Абдуссалом Ғилоний, Ҳожи Муқимхон Эшон Ургутий, Абдусаломхон эшон, Шайх Миён Бўритош Нақшбандий, Шайх Аҳмаджон Махдум, Шайх Абдулҳай, Зиёвуддин Бобохон каби улуғ устозлардан иршод олиб, муршиди комил даражасига етган.


Дўстмуҳаммад домла илм олиш билан бирга уни халққа етказиш, маърифат тарқатишда ҳам фаол бўлган. Буюк фақих фаолияти давомида Денов шаҳридаги “Саййид ота” мадрасасида мударрислик қилиб, талабаларга фиқҳдан таълим берган. Шу билан бирга у киши олимларни эъзозлаган ва шогирдларини ҳам шунга тарғиб қилган. Давраларда бирор кишининг хатосини гапирмаган. Ҳаммани яхшилик билан тилга олар, динга, элга, бирдамликда хизмат қилиш кераклигини таъкидлаган. Янги диний адабиётлардан ҳар доим хабардор эди. Давраларда ҳамсуҳбатларини яхшиликка, китобхонликка чорлаган.


Бундан ташқари, Шайх Дўстмуҳаммад домла Шўрчи туманидаги “Домла Қосим” масжидининг бунёд этилишида ҳам ташаббускорлик кўрсатган ва кўп йиллар ушбу масжидга имом бўлган.


Дўстмуҳаммад домла замондош уламолар билан яқин алоқада бўлиб, улар билан суҳбатлар қилган. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам у кишининг фиқҳий масалаларда етук уламо бўлганини эътироф этган.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Фароизни ўрганинглар ва уни одамларга ўргатинглар, у илмнинг ярмидир, у унутилади, у менинг умматимдан биринчи суғуриб олинадиган нарсадир” (Имом ибн Можа ривояти), деганлар.


Дўстмуҳаммад Турсун домла, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, уммат орасидан илк бор кўтарилиб кетаётган фароиз, яъни мерос тақсимоти масаласида биринчилардан бўлиб ўзбек тилида 17 бобдан иборат “Мерос рисоласи” асарини ёзган. Китобда марҳумнинг мол-дунёси нималарга сарфланиши ва ундан кимлар мерос олиши оят ва ҳадислар асосида баён қилинган.


Инсонларни бир-бирларига нисбатан меҳр-муҳаббатли бўлишга ташвиқ қилган, ёшларни ҳамма вақт замона фитналарига аралашиб қолмасликларини тайинлаган. Динимиз ривожида домланинг саъй-ҳаракатлари самарасиз кетмади. Ўзидан кўплаб китоблар ва қўлёзмалар мерос қолдирди. Шайхнинг шогирдлари бугунги кунда ҳам домла бошлаб берган илм йўлини давом эттирмоқда.


Шайх Дўстмуҳаммад домла 2013 йилда оламдан ўтиб, Шўрчи туманидаги “Ҳошимхон эшонбобо” қабристонига дафн этилган. Айни кунда Музработ туманида у кишининг номи билан “Дўстмуҳаммад бобо” жоме масжиди фаолият юритмоқда.


Аллоҳ таоло домлани раҳматига олсин!

Акбар ШУКУРОВ,

Музработ тумани “Дўстмуҳаммад бобо”

жоме масжиди имом ноиби

Фароиз илми билимдони эди
Мақолалар