Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
16 Июл, 2025   |   21 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:24
Қуёш
05:04
Пешин
12:34
Аср
17:40
Шом
19:58
Хуфтон
21:31
Bismillah
16 Июл, 2025, 21 Муҳаррам, 1447

Бахилликда бахт йўқ

20.07.2020   6477   3 min.
Бахилликда бахт йўқ

Қашшоқликда кун кечирган, кийишга пойабзали ҳам бўлмаган одам фақирликдан нажот сўраб туну кун дуо қилар, давлатманд бўлишни хоҳларди. “Бойиб кетсам, ҳаммага ёрдам бераман, ҳеч ким оёқ кийимисиз қолмайди”, деб ўзига сўз берарди. Вақтлар ўтиб у жуда бойиб кетди-ю, ўзига берган ваъдаларини унутди. Кундан-кун нафси бойликка ҳакалак отиб борди. Сарф-харажатдан қочиб уйланмади ҳам.

У қирқ ёшга тўлганда хизматкорлари ҳамроҳлигида шаҳар айланишга чиқди. Йўлда кекса, оёқяланг бир кишини учратди. Отидан тушиб унинг олдига келди ва сўради:

– Нега бундай юрибсиз, отахон?

– Пойабзал олишга пулим йўқ, ўғлим, – деб жавоб берди қария. – Аҳволимга раҳми келганлар бурда нон, луқма таом беришади. Менга кунда бир маҳал овқат етади. Биттагина оёқ кийим ҳам бўлсайди, кунимни шукр билан ўтказардим.

– Сиз шукр қиладиган аҳволдамисиз? – ҳайратланди бой.

–  Ўғлим, сен бой одамга ўхшайсан? – ўз навбатида сўради қария ҳам.

– Ҳа, ҳалол ишлаб бойидим. Нима, давлатманд бўлиш айбми?

– Нега айб бўлсин? – деди отахон ва ундан ўзига бир пойабзал олиб беришини илтимос қилди.

– Аллоҳдан сўранг, – тўнғиллади бой отига минаркан. – Мен тиланчиларни ёқтирмайман. Ҳаммага ёрдам бераверганимда, бунчалик бойимасдим.

Унинг ортидан қараб қолган қария хитоб қилди: “Бойлар ҳам ялангоёқ юриши мумкин, буни унутма!”

Орадан ойлар ўтди, қаҳрамонимиз мамлакатдаги энг бой одамга айланди. Аммо ўша отахоннинг гапини ҳеч унутолмади. Оёқяланг юрмаслик учун кўшкининг ҳар тарафини оёқ кийимларига тўлдириб ташлади. Ҳар ер-ҳар ерга пойабзал тўлдирилган сандиқлар қўйдирди. Бу ишдан кўнгли жойига тушди, чунки ҳамма нарсасини йўқотган тақдирда ҳам, умрининг охиригача кийишга етадиган пойабзаллари борлигидан хурсанд эди.

Кутилмаганда у ғалати касалликка чалиниб, оёқ тирноқлари кундан-кунга ўса бошлади, лекин уларни ҳеч нарса билан олиб бўлмасди. Ҳар сафар олдингисидан каттароқ пойабзал ясаттирарди. Тинмай ўсаётган тирноқлари билан уларни кийишга қийнала бошлади ва ялангоёқ юришга мажбур бўлди. Шундай қилса, тирноқлари қисқараётганини сезди. Шаҳар кўчаларини кезар экан, яна ўша отахонга дуч келди. Бойдан: “Менга оёқ кийим олиб берасанми?” деб сўради қария.

– Албатта, истасангиз, юз жуфт олиб бераман.

– Ўғлим, менга бир жуфти етади. Оёқяланг юриш осонмас, буни пойабзали борлар тушунмайди.

– Шаҳарда машҳур косиб бор, – деди бой, – қандай оёқ кийим кераклигини унга айтинг, ҳақини мен тўлайман.

– Мени хурсанд қилдинг, сени Аллоҳ хурсанд қилсин! – чин дилдан дуо қилди отахон.

Ўша кундан сўнг бой ҳаётини фақат яхшилик ва эҳсон билан ўтказа бошлади. Бир муддатдан кейин касали ҳам тузалди ва у яна пойабзал кийиб юрадиган бўлди. 

 

ЎМИ матбуот хизмати

Бошқа мақолалар

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Ҳаж” ва “Умра” маркази янги умра мавсумини 2025 йил август ойидан бошланишини эълон қилади

15.07.2025   4794   1 min.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Ҳаж” ва “Умра” маркази янги умра мавсумини 2025 йил август ойидан бошланишини эълон қилади

Сўнгги йилларда умра сафарларини юқори савияда ташкил этиш, зиёратчиларга сифатли ва қулай хизматлар кўрсатиш ҳамда ибодатларни шариат талабларига мувофиқ адо этиш ишлари “Ҳаж” ва “Умра” маркази томонидан амалга ошириб келинмоқда.

30 йилдан зиёд амалий тажриба асосида зиёратчиларимиз учун 10 кунлик махсус умра дастури таклиф этилмоқда.

Дастур доирасида қуйидаги қулайликлар назарда тутилган:

“Uzbekistan Airways” авиакомпанияси орқали Тошкент–Жидда–Тошкент йўналишида тўғридан-тўғри парвозлар;

3 кеча Мадина, 7 кеча Маккада бўлиш;

Жидда–Мадина, Мадина–Макка ва Макка–Жидда йўналишларида замонавий автобуслар хизмати;

Макка ва Мадина шаҳарларида барча шароитларга эга меҳмонхоналар;

3 маҳал мазали таомлар;

Мадина шаҳрида Набавий масжиди, “Равза”, Қубо, Қиблатайн масжидлари ва Уҳуд майдонига зиёрат;

Макка шаҳрида Арафот, Мино, Муздалифа водийлари ҳамда Нур ва Савр тоғларига зиёрат;

Жидда шаҳридаги Қизил денгизга саёҳат.

Умра сафари давомида зиёратчиларга тажрибали ишчи гуруҳи, таниқли имом-хатиблардан иборат гуруҳ раҳбарлари, малакали шифокорлар ҳамроҳлик қилиб, ибодат ва сафарни осон ва хотиржам ўтишини таъминлайдилар.

Умра сафарига бориш ниятида бўлган барча юртдошларимизни ушбу имкониятдан фойдаланишга таклиф этамиз.

Мурожаат учун телефонлар:

Ҳаж ва Умра Маркази
+998778821858
+998998821858

Ҳудудий масъуллар:
Андижон вил. +998999012979
Фарғона вил. +998902723477
Наманган вил. +998902181117
Сирдарё вил. +998911012816
Жиззах вил. +998941955554
Самарқанд вил. +998979121674
Қашқадарё вил. +998995803520
Сурхондарё вил. +998915861007
Бухоро вил. +998906116486
Навоий вил. +998997516005
Хоразм вил  +998910941100
Қорақалпоғистон Рес. +998973490457