وَإِذۡ قُلۡنَا لِلۡمَلَٰٓئِكَةِ ٱسۡجُدُواْ لِأٓدَمَ فَسَجَدُوٓاْ إِلَّآ إِبۡلِيسَ أَبَىٰ وَٱسۡتَكۡبَرَ وَكَانَ مِنَ ٱلۡكَٰفِرِينَ٣٤
Одам алайҳиссаломнинг яратилгани хабари фаришталарга етганида улар бу зотнинг шаклу шамойилларини кўриб: "Бу жасадда ҳис-туйғу ва ҳаракат бўлса ҳам оқибати яхши бўлмайди, балки улар манфаат йўлида бир-бирлари билан урушиб, жонларига қасд қилишади, улардан фойда йўқ", дейишди. Парвардигор уларга жавобан: "Бу вужуднинг ҳикматини Ўзим биламан", деди. Аллоҳ таоло нарсалар номини билишда Одамга фитрий таълим берди, бундан фаришталар ожиз эди. Оқибатда улар Одамга ато этилган илму фазл баракотидан унга сажда қилишди. Уламолар Аллоҳ таолонинг фаришталарга буюрган саждаси қай тарзда бўлгани ҳақида бир неча ривоятлар келтиришган. "Сажда" сўзи луғатда "бўйин эгиш, ўзини паст олиш" маъноларини англатади. Шаръий истилоҳда эса сажда ибодатни ният қилиб, пешонани ерга қўйишдир. Фаришталарнинг Одам алайҳиссаломга сажда қилишларида Аллоҳ яратган махлуқнинг афзаллигига иқрор бўлиш ва унга таъзим бажо келтириш мақсад қилинган. Бу сажда ибодат ниятидаги пешонани ерга қўйиш маъносида эмас, чунки Аллоҳ таоло Ўзидан бошқага сажда ва ибодат қилишни ширк, деб атаган. Фаришталар эса ширкдан бутунлай пок, маъсумдирлар. Бу тадбирдан фаришталарни синаш, яхши ва ёмон орасини ажратиш ҳам кўзда тутилган.
Иблис алайҳиллаъна эса кибр ва ғурурга бориб бундан бош тортди. Бу итоатсизлик ва осийлик замирида кибр ётибди. Кибр эса динимизда қаттиқ қораланган иллатлардан. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Кимнинг қалбида хантал (горчица) уруғича такаббурлик бўлса, жаннатга кирмайди", деганлар" (Термизий ривояти); Ҳориса ибн Ваҳб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан: "Сизларга дўзах аҳллари хабарини берайми?" деб сўрадилар. Улар: "Ҳа", дейишди. У зот: "Қўпол, мутакаббир ва ўзини катта олувчилар", дедилар" (Муслим ривояти).
Агар банда мутакаббирлик қилиб, Аллоҳнинг оятларини менсимаса, тан олмаса, гуноҳга ботади. Гуноҳ эса унинг дилини қорайтиради, ҳақни танишдан тўсади. Кўзини тўғри йўлни, яъни Исломни кўрмайдиган, қулоғини диний насиҳатни эшитмайдиган қилиб қўяди. Қуръонда зикр қилинган "Улар қандай далилни кўришса ҳам ишонишмайди, тўғри йўлни билишса ҳам унга юришмайди. Хато йўлни билишса ҳам унга юришади" (Аъроф, 146). ана шундай адашган кимсалардир. Бундайларни Аллоҳ ўз оятларидан қайтариш, тўсишга ваъда беряпти. Аллоҳ оятларидан ғафлатда бўлиш, улардан узилиш эса икки дунё саодатини бой беришдир. Мутакаббир кимса яхшиларга эргашишдан ор қилади, ўзини ҳаммадан, барча нарсадан, ҳатто Аллоҳнинг амр-фармонларидан ҳам устун кўради. Бу билан у Аллоҳгагина хос сифатларга даъвогарлик қилган, буюк қудрат эгаси Аллоҳга ўзини шерик санаган бўлади. Банда бунга асло ҳақли эмас, шунинг учун оятда "ноҳақ кибр қиладиганлар" дейилмоқда. Сабаби, банданинг ўзини Аллоҳ яратган, Ер юзидаги барча неъматларини унга Аллоҳ бериб қўйган, Инсондаги куч-қудрат, мол-дунё, саломатлик ва ҳаёт ўзича келиб қолмаган, булар ҳам Парвардигорнинг инъомидир. Буни тан олмаслик, инкор қилиш эса қаттиқ хатодир, Аллоҳнинг динидан узоқлашишдир. Бундайни эса Аллоҳ Ўз оятларини англаш, улардан манфаатланиш ва ҳаётини уларга мувофиқ қуриш бахтидан маҳрум этади. Бу эса бандаларга нисбатан адолатсизлик ёки зулм эмас, балки қилмишларига, ноҳақ кибрларига яраша муносиб жазодир.
Шу боис, кибр Аллоҳ таолога осийлик қилиб содир этилган биринчи ва ўта ёмон гуноҳдир. Қуръони каримда келишича: "(Аллоҳ сўради): "(Аллоҳ): «Сенга саждани буюрганимда сажда қилишингга нима монелик қилди?» деди. У: «Ундан яхшироқман, мени ўтдан яратдинг, уни тупроқдан яратгансан», деди" (Аъроф, 12). Уламолар "Иблис фаришта бўлганми ёки йўқми?" деган масалада икки хил фикрни айтишган: бир тоифа уламолар Иблис фаришталардан бири бўлган, дейди, чунки Аллоҳ таоло уни ҳам фаришталар билан бирга Одам алайҳиссаломга сажда қилишга буюрган. Одатда, бир турга мансуб бўлмаган нарсалар номи алоҳида зикр этилади. Кейинги тоифа уламолар эса Иблис фаришталардан бўлмаган, деган фикр айтган. Чунки Аллоҳ таоло айтади: "Шунда сажда қилишди, фақат иблис қилмади. У жинлардан эди. У Парвардигорининг амрига бўйсунмади" (Каҳф, 50). Худди Одамнинг асл хилқати инс бўлгани каби Иблисники жин бўлган. Шунингдек, у оловдан, фаришталар эса нурдан яратилган. Иблиснинг зурриёти бор, фаришталарники йўқ. Бу хусусдаги батафсил хабарлар Қуръони каримнинг Каҳф сурасида келган.
وَقُلۡنَا يَٰٓـَٔادَمُ ٱسۡكُنۡ أَنتَ وَزَوۡجُكَ ٱلۡجَنَّةَ وَكُلَا مِنۡهَا رَغَدًا حَيۡثُ شِئۡتُمَا وَلَا تَقۡرَبَا هَٰذِهِ ٱلشَّجَرَةَ فَتَكُونَا مِنَ ٱلظَّٰلِمِينَ٣٥
Фаришталар Одамга (алайҳиссалом) сажда қилганида Иблис бундан бош тортгач, Аллоҳ таоло Одам алайҳиссалом ва унинг жуфтига эҳтиром кўрсатиб, уларга жаннатнинг истаган ерида яшашни буюрди ва у ердаги барча неъматлардан бемалол еб-ичишга рухсат берди. Фақат биргина дарахтга яқинлашмаслик, унинг мевасини емаслик ҳақида огоҳлантирди. Жумҳур уламолар фикрича, оятдаги жаннат "Дорус-савоб" (мукофотлар диёри) деб номланган бўлиб, Аллоҳ таоло уни охиратда мўминлар учун тайёрлаб қўйган. Бошқа бир уламолар: жаннат Ердан баланд жойда барпо қилинган боғ-роғлар бўлиб, Аллоҳ уни Одам ва унинг жуфти учун яратган, дейишади. Муфассирлар ейиш ман қилинган дарахт номи ва нави ҳақида турли фикрлар айтишган. Ўша мевани анжир, буғдой, узум деганлар ҳам бор. Қуръони каримда унинг нима экани очиқ айтилмаган. Имом Ибн Жарир Табарий бу тўғридаги холис фикрни айтади: "Аллоҳ таоло Одам ва унинг жуфтини жаннат дарахтларидан бирининг мевасини ейишдан ман қилган" дейиш билан кифояланиш тўғрироқ бўлади. Чунки унинг қайси дарахт экани ҳақида бизда бирон-бир аниқ маълумот йўқ. Қуръони карим ва саҳиҳ ҳадисларда ҳам унинг қандайлиги зикр этилмаган. Буни билиш ё билмасликдан ҳеч қандай фойда ҳам, зарар ҳам кўрилмайди" ("Тафсиру Ибн Жарир" , 1-жилд, 561-бет).
فَأَزَلَّهُمَا ٱلشَّيۡطَٰنُ عَنۡهَا فَأَخۡرَجَهُمَا مِمَّا كَانَا فِيهِۖ وَقُلۡنَا ٱهۡبِطُواْ بَعۡضُكُمۡ لِبَعۡضٍ عَدُوّٞۖ وَلَكُمۡ فِي ٱلۡأَرۡضِ مُسۡتَقَرّٞ وَمَتَٰعٌ إِلَىٰ حِينٖ٣٦
Одам алайҳиссалом ва жуфтининг шайтон васвасасига алданиб, ман қилинган дарахт мевасидан тотиб қўйишлари уларнинг жаннатдан чиқарилишларига сабаб бўлди. Улар Парвардигор амрига зид иш қилиб қўйиб, ўзларига зулм қилишди ва жаннат боғларидаги роҳат-фароғатдан маҳрум бўлишди. Аллоҳ таоло хабар беради: "Шундай алдов билан уларни мойил қилди. Икковлари дарахтдан татиб кўришган эди, авратлари ўзларига кўриниб қолди ва жаннатдаги япроқларни улаб, шу билан ўз авратларини тўсмоқчи бўлишди. Шунда Парвардигорлари уларга нидо қилиб айтди: «Сизларни бу дарахтдан қайтармаганмидим ва шайтон сизларга душман демаганмидим!»" (Аъроф, 22). Шу тариқа Одам, Ҳавво ва Иблисга Ер юзига тушиш амр қилинди ва то ажал келгунича у жойдан фойдаланиб туриш билдирилди. Оятдаги "бирингиз бирингизга душмандирсиз" жумласида инсонларнинг бир-бирига ғанимлиги эмас, балки Одам авлодлари ва шайтон ўртасидаги душманчилик зикр этилган.
فَتَلَقَّىٰٓ ءَادَمُ مِن رَّبِّهِۦ كَلِمَٰتٖ فَتَابَ عَلَيۡهِۚ إِنَّهُۥ هُوَ ٱلتَّوَّابُ ٱلرَّحِيمُ٣٧
Шундан сўнг дарҳол эс-ҳушини йиғиб олган Одам алайҳиссалом Парвардигоридан мағфират сўрашга шошилди. Бунинг учун Аллоҳ таолодан бир неча тавба сўзларини ўрганди. Баъзи фикрларга кўра, бу сўзлар Қуръони каримнинг Аъроф сурасида баён этилган: "Икковлари: «Парвардигоримиз, ўзимизга зулм қилдик, агар бизни кечирмасанг ва раҳм қилмасанг, албатта зиён кўрувчилардан бўлиб қоламиз», дейишди” (23-оят). Одам алайҳиссалом ва Момо Ҳавво шайтоннинг қасамига алданиб: "Шу дарахтдан есак, Аллоҳнинг шафқат-марҳаматига эришиб, фаришталар каби бўламиз ва жаннатда абадий қолиб кетамиз" деб, бу ишга журъат қилишди. Охири бор ҳақиқатни тушуниб, дарров надомат чекишди, зулмларига иқрор бўлиб, истиғфор айтишди. Аллоҳ таоло уларнинг тавбасини қабул қилди, зеро, У тавба қилувчиларнинг тавбасини кўплаб қабул қилувчи ва бандаларига раҳматини кенг этувчи Зотдир.
Парвардигори олам гуноҳ қилган бандаларини «мўминлар» деб атаб, уларни тавбага чақиради: «Барчаларингиз Аллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар, шояд шунда нажот топсангизлар» (Нур, 31). Бу хитоб умумийдир. Тавбага юзланиш инсон жинсига фарз қилинган азалий ҳукмдир. Тавба ҳар бир шахс зиммасидаги фарзи айндир. Яна Аллоҳ таоло айтади: «Мен тавба қилган, имон келтириб, солиҳ амал қилган, сўнгра ҳидоятда юрганларни кўплаб мағфират қилувчиман» (Тоҳо, 82). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай ривоят қилинади: «Эй одамлар, Аллоҳга тавба қилинглар! Мен бир кеча-кундузда юз марта тавба қиламан». У зот шундай деб турганларида биз умматлари тавба қилмасдан ва истиғфор айтмасдан умр ўтказишимиз нечук бўларкан?! Яъни, тавба ҳар қандай шароитда, ҳеч бир истисносиз вожибдир. Банданинг тавбаси тугал ва умр бўйи давом этса, мақсадга мувофиқ бўлади.
Ҳасан Басрий Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай ривоят қилади: «Аллоҳ таоло иблисни туширган вақтда (иблис): “Сенинг иззатинг билан қасам, мен Одам фарзандидан то унинг руҳи жасадидан ажралмагунича ажралмайман!” деди. Аллоҳ таоло айтди: “Менинг қудратим, улуғлигим ҳаққи, бандамдан тавбани ўлим билан келаётган ғар-ғара вақтида ҳам тўсмайман!”»
Луқмони ҳаким ўғлига шундай деган: «Эй ўғлим, тавбани кечиктирма, чунки ўлим кутилмаганда келади. Ким тавбани кечиктириб, нажотга шошилмас экан, иккита катта хатар ичида қолади: биттаси – гуноҳлар зулмати тўпланиб, қалбни тўла қоплайди, сўнг уни муҳрлаб ташлайди. Гуноҳ муҳрланган қалбдан ўчмайди: иккинчи хатар – касаллик ёки ўлим тавбадан илгари келиб, хатоларни ўнглаш учун вақт қолмайди».
قُلۡنَا ٱهۡبِطُواْ مِنۡهَا جَمِيعٗاۖ فَإِمَّا يَأۡتِيَنَّكُم مِّنِّي هُدٗى فَمَن تَبِعَ هُدَايَ فَلَا خَوۡفٌ عَلَيۡهِمۡ وَلَا هُمۡ يَحۡزَنُونَ٣٨
Шайтон ўзи лаънатга учраганидан кейин Ҳазрати Одам ва Момо Ҳаввонинг жаннатда роҳат-фароғатда юришларига рашк ва ҳасад қилиб, бунга чидай олмаганидан тоқати тоқ бўлди. Охири қасам ичиб, уларни алдади ва Аллоҳ таоло ман қилган дарахт мевасидан едирди. Шунда икковлари Аллоҳ таолонинг ғазаби билан жаннатдан чиқарилишди. Ҳазрати Одам бир қанча вақт ҳайрон ва паришон ҳолда йиғлаб юрганларидан кейин Аллоҳ таоло раҳм этиб, бир неча сўз (дуо)ларни илҳом билан маълум қилди. Одам алайҳиссалом уларни қабул қилиб олди. Ана шу калималар баракотидан у зотнинг тавбалари қабул бўлди. Сўнгра Аллоҳ таоло Одам ва унинг авлодларига: "Агар Менинг ҳидоятимда юрсанглар, сизларга ҳеч қандай хавф-хатар бўлмайди, икки дунёда иззат-икром кўрасизлар", деб амр қилди. Ўргатилган дуо будир: “Роббана золамна анфусана ва иллам тағфирлана ва тарҳамна ланакунанна минал хосирин” (Аъроф, 23). Маъноси: «Парвардигоримиз, ўзимизга зулм қилдик, агар бизни кечирмасанг ва раҳм қилмасанг, албатта зиён кўрувчилардан бўлиб қоламиз».
وَٱلَّذِينَ كَفَرُواْ وَكَذَّبُواْ بَِٔايَٰتِنَآ أُوْلَٰٓئِكَ أَصۡحَٰبُ ٱلنَّارِۖ هُمۡ فِيهَا خَٰلِدُونَ٣٩
Аллоҳ таолога куфр келтириб, Унинг амр-фармонларини инкор қилган кимсалар фақат ўзларига зулм қилишади. Улар куфрлари ва кибрга борганлари сабабли Аллоҳ таолонинг Ўз Пайғамбари орқали юборган илоҳий ваҳийларини (яъни, Қуръони карим оятларини) ёлғонга чиқаришади. Кофир ва мушрик кимсаларнинг Қуръон оятларини инкор этишларига сабаб, уларнинг Ислом даъватига қулоқ осишга, Пайғамбар алайҳиссаломга эргашишга ҳавойи нафслари, кибрлари, қалбларидаги шубҳа-гумон хасталиклари тўсқинлик қилаётгани туфайли Ҳақни тан олишни истамаётганликларидир. Бундай жоҳил ва нодон кимсаларнинг жойи албатта дўзахдадир ва унда абадий азоб-уқубатларга гирифтор бўлган ҳолда қолиб кетишади.
Дўзах Ислом талабларини бажармаган, ҳаддидан ошган кофир, мушрик, мунофиқларга, шайтон ва унга эргашганларга ваъда қилинган азоблар жойидир. Дўзах даҳшатли чуқурлик бўлиб, унинг ичида мангу олов ёниб туради, гуноҳкорлар шу оловга ташланади. Дўзах азоб-уқубатларини англаш учун бу ҳақда Қуръони каримда келган бир-икки оят мазмунини билиб олиш кифоя. Дўзахга тушишлари аён бўлган, бу дунёда куфр, ширк, нифоқ, гуноҳ ва исён билан ўтган кимсаларнинг башаралари қўрқинчга тўла, юзлари қорайиб кетган ҳолда оловда, қизиган дўзахда куядилар, чанқасалар, қайноқ сув ичадилар, таомлари заҳарли гиёҳ бўлади. Пайғамбарни, илоҳий Китобни, қиёматни ва қайта тирилишни ёлғонга чиқарувчилар заққум дарахтининг мевалари билан қорин тўлдирадилар ва бунинг устидан қайнаб турган сувдан ичадилар. Бундай «зиёфат»дан Аллоҳнинг Ўзи асрасин!
Аллоҳ таолонинг оятларига куфр келтирганлар ва уларни ёлғонга чиқарганлар бу дунёда ҳам турли бало-офатларга йўлиқишлари исботланган, инкор этилмас ҳақиқатдир. Дўзахга кирган куфр аҳли кўпроқ азоб тортишлари учун тана терилари ҳар гал етилиб пишганда янги тери билан алмаштирилади ва азоблари янгидан бошланади. Бу ҳолат абадул-абад давом этади. Умар розияллоҳу анҳу: «Бу оят тафсирини мен Расулулоҳдан соллаллоҳу алайҳи васаллам эшитганман, бир соатда тери етмиш марта алмаштирилади», деган. Бошқа ривоятларда эса, тери бир кунда ёхуд бир соатда олти минг марта ёки етмиш минг марта алмаштирилади ҳам дейилган.
Кибр, ўзини бошқалардан юқори деб ҳисоблаш, улардан устун қўйиш, ўзини бошқаларга нисбатан юксак кўриш ва уларга нисбатан мағрурлик қилишдир. Бу, кўпинча одамларнинг бошқа кишиларни пастга уриш, улар билан адолатли муносабатда бўлмаслик ва ўзини жуда катта кўрсатиш каби хулқ-атворларни ўз ичига олади.
Саодат калити ҳушёрлик ва фаҳму фаросатдадир. Бадбахтлик манбаси кибр ва ғафлатдадир.
Банда учун Аллоҳ таолонинг неъматлари ичида иймон ва маърифатдан улуғи йўқдир. Унга эришиш учун бағрикенглик ва қалб кўзи ўткирлигидан бошқа васила йўқдир.
Куфр ва маъсиятдан каттароқ бало ва офат йўқдир. Мазкур икки нарсага чақиришда қалб кўрлиги ва жаҳолат зулматидан бошқа нарса йўқдир.
Зийрак кишилар Аллоҳ таоло уларни ҳидоятини ирода қилган ва қалбларини Исломга кенг қилиб қўйганлардир.
Мутакаббирлар Аллоҳ таоло уларни залолатини ирода қилган ва қалбларини худди осмонга чиқаётгандаги каби тор ва танг қилиб қўйганлардир. Мутакаббир ўз ҳидоятига кафил бўлиши учун қалб кўзи очилмаган кишидир.
Аллоҳ таоло: “Мўминлардан ихтиёрий эҳсон қилувчиларини ва зўрға топиб-тутувчиларини истеҳзо ила масхаралайдиганларни Аллоҳ “масхара” қилади ва улар учун аламли азоб (бор)дир” (Тавба сураси, 79-оят), деб айтган.
Яна: “Эй мўминлар! (Сизлардан) бирор миллат (бошқа) бир миллатни масхара қилмасин! Эҳтимолки, (масхара қилинган миллат) улардан яхшироқ бўлса. Яна (сизлардан) аёллар ҳам (бошқа) аёлларни (масхара қилмасин)! Эҳтимолки, (масхара қилинган аёллар) улардан яхшироқ бўлса. Ўзларингизни (бир-бирларингизни) лақаблар билан атамангиз!” (Ҳужурот сураси, 11-оят);
“(Кишилар ортидан) ғийбат қилувчи, (олдида) масхара қилувчи ҳар бир кимсанинг ҳолига вой!” (Ҳумаза сураси, 1-оят).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир-бирларингизга ҳасад қилманглар ва савдода сохталик билан келишиб, нархларни оширманглар. Бир-бирларингизга ғазаб қилманглар ҳамда орқа ўгириб, муносабатларни бузманглар. Баъзиларингиз айримларингиз савдоси устига савдо қилмасин. Аллоҳнинг бандалари, биродар бўлинглар. Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм ҳам қилмайди, хўрламайди ҳам, паст ҳам санамайди. Тақво бу ерда”, деб, уч бора қалбларига ишора қилдилар. “Мусулмон биродарини паст санаган киши ёмон эканига далолат қилади. Ҳар бир мусулмоннинг бошқа мусулмонга қони, моли ва обрўсини (суиистеъмол) қилиши ҳаромдир”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ: “Тадаббур қилган кишига бундан-да фойдаси кўп, манфаати улуғ ва яхшироқ ҳадис бўлмаса керак”, дедилар.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қалбида зарра миқдорича кибри бор киши жаннатга кирмайди”, дедилар. Шунда бир киши: "Ё Расулуллоҳ, киши чиройли кийим ва чиройли пойабзал кияди (бу ҳам кибр бўладими?)" деганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ чиройлидир. Чиройлини яхши кўради. Кибр эса ҳақни бузиш ва кишиларга паст назар билан қараш”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Биз «юз ўгирма» деб таржима қилган маъно оятда «тусоъъир» деб келган. Бу маъно, аслида, туяда учрайдиган бир касалликка нисбатан ишлатилар экан. Ўша касалликка мубтало бўлган туя доимо бошини пастдан-юқорига ҳаракатлантириб, ёнбошга силтаб турар экан. Мутакаббирлик билан бурнини жийириб, юзини одамлардан ўгирадиган кишилар ана ўша касал туяга ўхшатилмоқда.
«Одамлардан такаббур-ла юз ўгирма».
Ҳа, мусулмон киши учун одамларни камситиш, уларни паст санаш жуда ёмон иллат. Ҳатто юриш-туришда ҳам кибру ҳаводан, такаббурликдан сақланиш керак.
«…ва ер юзида кибр-ҳаво ила юрма».
Бу жуда ёмон нарса. Бошқаларга кибр оғир ботади. Энг муҳими: «Албатта, Аллоҳ, хеч бир мутакаббир ва мақтанчоқни севмас».
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан нақл қилинган ривоятда: «Кимнинг қалбида заррача мутакаббирлик бўлса, Аллоҳ уни дўзахга юзтубан ташлайди», дейилган.
Шунингдек, ибн Абу Лайло ривоят қилган хадисда: «Ким кийимини кўз-кўз қилиб, мақтанчоқлик ила судраб юрса, Аллоҳ таоло унга назар солмайди», дейилган.
Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Илм ўрганинг, илм учун сакинат ва виқорни ҳам ўрганинг. Ва сизларга илм ўргатаётганларга тавозеъ билан ўзингизни паст тутинг!” (Имом Табароний “ал-Авсат”да ривоят қилган).
Муаллимга кибр қилиш, уни менсимаслик тубан хулқ ҳамда нифоқ аломатларидан ҳисобланади. Имом Табароний “Ал-Кабир”да ривоят қилган ҳадиси шарифда бундай дейилади: “Уч тоифа инсон борки, уларни фақат мунофиқгина хорлайди: Исломда мўйсафид бўлган қария, илм соҳиби ва одил раҳбар”.
Устоз ва муаллимга ўзни паст тутиб, ҳокисор бўлиш нажот эшиги, илм таҳсил қилишнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Динимиз шунга буюради, шунга ўргатади. Бу устозларнинг шогирдлари устидаги ҳақларидандир.
Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Ўқувчи муаллимига итоаткор ва ройиш бўлиши, унинг сўзига қулоқ солиб, ўз ишларида у билан маслаҳатлашиб туриши ва оқил бемор самимий ва моҳир табиб сўзини қабул қилганидек у ҳам ўз муаллимининг сўзини қабул қилмоғи лозим. Шунингдек, муаллимига эҳтиром кўзи билан боқиши, унинг ўз ишида комил иқтидор ва малака соҳиби эканлиги ва бошқа устозлардан устунлигига ишониши лозим. Ана шунда ундан манфаат олиши осон бўлади”.
Олимларимиз айтадиларки, талаба ўз устозининг камоли аҳлият ва иқтидор соҳиби эканлигига, ўз ишининг моҳир мутахассиси эканлигига эътиқод қилиб, ишониши керак. У ҳақда фақат яхши фикрда бўлиши лозим. Агарчи, устозидан диёнатга очиқ-ойдин терс келадиган хатти-ҳаракатни кўриб қолса ҳам уни фақат яхшиликка йўйиб, яхши гумонда бўлиши керак. Акс ҳолда унинг баракасидан маҳрум бўлади.
Ибн Синонинг устози Кушёрнинг ҳузурига бир киши осмон илмини ўрганиш мақсадида келибди. 2-3 ой ўтса ҳамки, устози илм беришни бошламаганидан сўнг айтибди:
– Ҳазрат, энди менга жавоб берсангиз. Уч ой бўлди ҳамки дарс бермадингиз. Вақтингиз йўқ шекилли…
Шунда устоз:
– Мен сенга бажонидил дарс берардим-у, лекин сен ҳузуримга келганингдаги “бу илмдан менинг унча-мунча хабарим бор”, деган кибр-ҳавойинг ҳали ҳам кетмади. Мен бир идишга қачонки у бўш бўлсагина сув қуяман. Афсус, сенинг калланг ҳаво билан тўлиб қолган экан, – деб жавоб қилибди.
Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ дедиларки: "Агар мутакаббир кишини кўрсанг билгинки, унинг намози кам ёки ундан бутунлай маҳрум бўлган. Чунки кибр билан кўп сажда қилиш бирга жамланмайди".
Ривоят қилишларича: Бир кишиникига меҳмон келиб қолди. Уйда меҳмонга қўядиган ҳеч вақо йўқ эди. У бир литр қатиқ олиб келиб, беш литр сув қўшиб, туз ва муз солиб, айрон тайёрлади. Бир литр қатиқ беш литр сувни қабул қилиб, тотли ичимликка айланди. Агар ўша қатиққа бир томчи бензин тушиб кетганида уни ичиб бўлмас эди.
Худди шунингдек, салгина такаббурлик ҳам амални бузиб юборади. Мутакаббир кимса Аллоҳдан тўсилади, халойиқ томонидан нафратга учрайди. Аллоҳ таоло бу ҳақда «Чунки уларга ёлғиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ дейилган вақтда кибр-ҳаво қилган эдилар», деган (Соффот сураси, 35 оят).
Ҳориса ибн Ваҳб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Жавваз ҳам, жаъзарий ҳам жаннатга кирмайди", дедилар.
* «Жавваз – муомаласи қўпол одам».
* Жаъзарий – мутакаббир, қилмаган иши билан фахрланувчи.
Баъзи бир кишилар ибодат миқёсидаги маънавий ва моддий амалларни қилиб, (ҳаж, умра ва масжид ёки йўл қуриб) кибрланиб, мақтаниб бошқа кишиларни бундай ишларни амалга оширмаганликда айблаб, ўзларини улардан юқори олишади. Аслида ана шу ишлар халқни пулига бажарилган бўлади. Бундай кимсалар аслида энг разил ва пасткашлардир.
Аллоҳ таоло айтади: “Бошқалар эса гуноҳларини эътироф қилдилар…”. (Тавба сураси 102-оят) Аллоҳ таоло биздан маъсумликни талаб қилмади. Аксинча, гуноҳ содир бўлганида тавба ва синиқликни истади.
Одам алайҳиссалом гуноҳ қилганида эътироф қилиб гуноҳига истиғфор айтди. Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилди.
Иблис эса гуноҳ қилганида мутакаббирлик қилди, тавба қилмади. Аллоҳ ундан юз ўгирди.
Ким гуноҳ қилиб қўйиб сўнгра тавба қилса қиёматда Одам алайҳиссалом билан тавба қилувчилар карвонида бўлади.
Ким гуноҳ қилиб сўнгра тавба қилмасдан мутакаббирлик қилса Иблиснинг карвонида бўлади.
Ортидан кибрни эргаштирувчи биттагина гуноҳ, ортидан синиқлик, пушаймонлик ва тавбани эргаштирувчи мингта гуноҳдан оғирроқдир.
Аллоҳ таоло гуноҳ қилганида пушаймон бўлиб тавба қилувчиларга муҳаббати ўлароқ Ўзини Ғофур дея номлади.
Бандаларини Ўз муҳаббатига тарғиб қилиш учун Ўзини Вадуд дея номлади.
Сизни синдириб сиздаги ужбни кетказадиган битта гуноҳ, қалбингизни мағрурланиш ва ужбга тўлдирадиган тоатдан яхшидир, қайсидир маънода!
Жаъфархон СУФИЕВ,
ТИИ талабаси,
Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби.