Куни кеча ижтимоий тармоқларда бир одамнинг (у руҳий носоғлом бўлса керак) “мен Аллоҳнинг элчисиман, коронавирус вабосининг йўқолиши менга боғлиқ, Хитойдаги ўлим масканига бориб келишим керак”, деган алжираши тасвирланган видео тарқалди.
Аввало таъкидлаймизки, илму маърифат ривожланган бугунги даврда кишиларнинг вақтларини олиб, шундай лавҳаларни тарқатиш ҳеч бир мантиққа тўғри келмайди. Бундай хабарларнинг кенг аудиторияга эга бўлган ижтимоий тармоқ юритувчилари ҳам тарқатаётгани жуда ҳам ташвишли ҳолатдир.
Ўз навбатида бу лавҳани ҳар қандай мақсадда тарқатмасликни қатъий таъкидлаймиз. Бизнинг вазифамиз ўлароқ, бу сохта даъвога раддия ёздик.
Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам расул (элчи) ва набийларнинг сўнггисидирлар. Аллоҳ таоло: “Муҳаммад сизлардан бирон эркакнинг отаси бўлган эмас. Лекин Аллоҳнинг Расули ва Набийларнинг сўнггисидир. Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билгувчидир”, дея хитоб қилган (“Аҳзоб” сураси, 40-оят).
Ушбу оятга кўра, кимда-ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин яна пайғамбар ё расул чиқади деб айтса, эътиқод қилса, кофир бўлади. Чунки у мазкур оятни инкор қилган ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг сўнгги пайғамбар ва расул эканини тан олмаган бўлади.
Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам: “...Келажакда умматимда ўттизта каззоб бўлур. Уларнинг ҳар бири ўзининг набийлигини даъво қилур. Ҳолбуки, мен набийларнинг хотими-тугатувчисиман. Мендан кейин набий келмас”, дедилар” (Имом Термизий ва Абу Довуд ривоятлари). “Каззоб” сўзи арабча сўз бўлиб, “кўп ёлғон гапирувчи”, “ўта кетган ёлғончи” маъноларини ифода этади.
Демак, Набий алайҳиссаломдан кейин ҳеч қандай пайғамбар ёки расул чиқиши мумкин эмас. Борди-ю, кимдир пайғамбарлик ё расулликни даъво қилса, у ёлғончи дея инкор этилади ва унга қарши чиқилади. Саҳобаи киромлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин пайғамбарлик даъвоси билан чиққан Мусайлама, Асвад Анасий ва Сажоҳ каби сохта пайғамбарларга қарши қаттиқ жанг қилганлар.
Бошқа бир ҳадиси шарифда шундай дейилади:
“Менинг ва анбиёларнинг мисоли, худди биноси гўзал бир қасрга ўхшайди. Унда бир ғишт ўрни тарк қилингандир. Бас, назар солувчилар уни айланиб кўриб, биносининг гўзаллигидан ажабланадилар. Фақат ҳалиги ғишт ўрнидан бошқа айб топа олмайдилар. Бас, мен ўша ғиштнинг ўрнини тўлғаздим. Мен билан бино хотимасига етди. Пайғамбарлар охирига етдилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Яна бир ҳадиси шарифда бундай дейилган:
“Бошқа анбиёлардан олти нарса ила афзал қилиндим: 1. Менга жамловчи калом берилди. 2. Менга душманимга қўрқинч солиш ила нусрат берилди. 3. Менга ўлжалар ҳалол қилинди. 4. Менга ер покловчи ва масжид қилинди. 5. Мен ҳамма халойиққа юборилдим. 6. Мен билан набийлар тугатилди” (Имом Муслим ва Имом Термизий ривоятлари).
Яна бир муҳим жиҳат, ушбу руҳий носоғлом кимса ғайбни даъво қиляпти. Тарқалган вирус одамларнинг қилган гуноҳига келди, деб ишонч билан айтмоқда. Ғайбни фақат Аллоҳ билади, уни биламан дейишнинг ўзи ҳам куфрдир. Қуръони каримда Аллоҳ таоло Ўзини васф қилиб, шундай деган: “(У) ғайбни билувчидир. Бас, Ўз ғайбидан бирор кимсани хабардор қилмас” (“Жин” сураси, 26-оят).
Бошқа бир ояти каримада:
“Айтинг: “Аллоҳ хоҳлаганидан ташқари ўзим учун (бирор) фойда ва зарар (келтириш)га эга эмасман. Агар ғайб (илми)ни билсам эди, хайрли ишларни кўп қилган бўлур эдим ва менга ёмонлик (ҳам) етмаган бўлур эди. Мен фақат имон келтирадиган қавм учун огоҳлантирувчи ва хушхабар берувчидирман” (“Аъроф” сураси, 188-оят).
Ҳатто Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам ғайбни билишни даъво қилмаганлар. Саҳобалар даврида ҳам бундай ваболар келган. Қанчадан қанча буюк саҳобалар вабодан вафот этишган. Улар Аллоҳ таолодан бундай ёмон гумонда бўлишмаган. Балки, сабр қилишган, Аллоҳдан ажр умид қилишган.
Ушбу кимсанинг қўлидаги хассаси ўзидан анча узун, аслида ҳасса нари борса одам бўйи баравар бўлади, қўлидаги тасбеҳ ҳам одатий эмас, балки фолбин, сеҳр-жоду қилувчиларнинг анжомига ўхшайди.
Шу ўринда яна бир муҳим масала бор. Юқоридаги каби тасвирларни кенг тарқалишига ҳисса қўшаётганлар бир нарсани яхши англаб олсинлар. Ҳар бир воқеани оммага кўрсатиш ҳамиша ҳам тўғри бўлавермаслигига инсоннинг ўз фаросати етиши керак.
Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда охирги пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом экани ва у кишидан кейин ким пайғамбарлик, расулликни даъво қилса ёлғончи экани аниқ айтиб қўйилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бундай хатти-ҳаракатларни қатъий қоралайди. Олинган маълумотларга кўра, ушбу шахс ҳақиқатан Самарқанд вилоятида яшайди. Айни вақтларда Самарқанд вилояти имом-хатиблари томонидан мазкур фуқаро билан Ислом дини ақидаси ва эътиқодий таълимотлар юзасидан суҳбатлар олиб бориш чоралари кўрилаётганини маълум қиламиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати
#Семинар
#Гиёҳвандликка_қаршимиз
Ислом динида ақлни хиралаштирадиган, соғлиққа зарар етказадиган ва инсонни ўз-ўзини ҳалокатга бошлайдиган ҳар қандай зарарли одатлар, хусусан, гиёҳвандлик қатъий қораланган ва ҳаром қилинган.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар қандай маст қилувчи ва баданни бўшаштирувчи, соғлиққа зарар берувчи моддаларни истеъмол қилишдан қайтарганлар.
Бинобарин, гиёҳвандликка қарши курашиш, ёшларни бу офатдан асраш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳар бир мусулмоннинг бурчидир.
2026 йил 2 июль куни Тошкент шаҳридаги муҳташам "Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф" жоме масжидининг мажлислар залида ўзгача бир файз ва илму маърифат шукуҳи ҳукмрон бўлди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллигининг "Ислом гиёҳвандликка қарши" деб номланган илмий-амалий семинари юқори кайфиятда ва кўтаринки руҳда ўтказилди.
Учрашувда диний-маърифий соҳанинг забардаст вакиллари, давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари ҳамда пойтахтимизнинг туман бош имом-хатиблари ва отинойилари жам бўлишди.
Қуръон тиловатидан сўнг Тошкент шаҳар бош имом-хатиби, йиғилиш раиси Абдуқаҳҳор домла Юнусов тадбирни очиб бердилар.
Сўнгра Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи Муҳиддин Ҳакимов, Тошкент шаҳар ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари, котибият мудири Абдуманнон Каримов, Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти раҳбари Маъмуржон домла Эркаевлар иштирок этиб, кун тартибидаги муҳим масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари ва қимматли тавсияларини айтиб ўтдилар.
Айтиш жоизки, маърифат ва иймон бирлашган жойда барака, тинчлик ва тараққиёт бўлади. Пойтахтимиз имом-хатиблари бугун халқимизга мана шу зиёни етказишда энг олдинги сафларда хизмат қилмоқдалар.
Суратлар орқали мазкур йиғилишнинг энг ҳаяжонли ва файзли дақиқалари ҳамда семинарнинг долзарб аҳамиятини кўриш мумкин.
MuslimShosh.uz