УЧИНЧИ ҚИСМ
ҚУРЪОНИ КАРИМДА НАСХ
Насхнинг луғатдаги маъноси
Араб тилида «насх» сўзининг икки хил маъноси бор.
«Китобни насх қилди», деганда, ундан нусха олиш тушунилади. Худди шу маъно Жосия сурасидаги қуйидаги оятда келган:
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
هَٰذَا كِتَٰبُنَا يَنطِقُ عَلَيۡكُم بِٱلۡحَقِّۚ إِنَّا كُنَّا نَسۡتَنسِخُ مَا كُنتُمۡ تَعۡمَلُونَ٢٩
«Албатта, Биз қилган амалингизни ёзиб хурган эдик» (29-оят).
У дунёда нима амал қилсангиз, ҳаммасини ўз вақтида аниқ ёзиб турган эдик. Яъни фаришталарга қилган амалларингизни худди ўзидек қилиб ёзиб боришни буюрган эдик. Улар мазкур амалларни номаи аъмолларга ёзиб борар эдилар.
Ушбу маънодаги кетказиш ва ўчириш икки хил бўлади:
Биринчисида насх қилинган нарса бир йўла йўқ қилиб юборилади. Унинг мисоли қуйидаги оятда келган.
Аллоҳ таоло Ҳаж сурасида марҳамат қилади:
فَيَنسَخُ ٱللَّهُ مَا يُلۡقِي ٱلشَّيۡطَٰنُ ثُمَّ يُحۡكِمُ ٱللَّهُ ءَايَٰتِهِۦۗ
«Бас, Аллоҳ шайтон ташлайдиган нарсани кетказур. Сўнгра Аллоҳ Ўз оятларини мустаҳкам қилур» (52-оят).
Яъни Аллоҳ шайтон ташламоқчи бўлган шубҳани кетказиб, ундан асар ҳам қолдирмас.
Иккинчиси – насх қилинган нарсанинг ўрнига бошқаси келтирилади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло қуйидаги оятда марҳамат қилади:
وَإِذَا بَدَّلۡنَآ ءَايَةٗ مَّكَانَ ءَايَةٖ وَٱللَّهُ أَعۡلَمُ بِمَا يُنَزِّلُ قَالُوٓاْ إِنَّمَآ أَنتَ مُفۡتَرِۢۚ
«Қачонки бир оятни бошқа бир оят ўрнига алмаштирсак, – ҳолбуки, Аллоҳ нимани нозил қилишни Ўзи яхши билувчидир – улар: «Албатта, сен уйдирмачисан, холос!» дерлар» (Наҳл сураси, 101-оят).
Яъни «Аввал нозил қилинган оятнинг ҳукмини бекор этиб, ўрнига бошқа ҳукм жорий бўлганини баён қилувчи оят туширсак...» дейилмоқда.
Насхнинг истилоҳдаги маъноси
Қадимги уламолар «насх» сўзини жуда ҳам кенг маънода ишлатганлар. Улар бу сўзни мутлақ ҳолда – қайдланмаган маънони қайдлаш учун ҳам, умумий маънони хослаш учун ҳам, мубҳам ва мужмални баён қилиш учун ҳам ишлатаверганлар. Шунингдек, уларнинг бу сўзни ишлатишлари маълум бир шаръий ҳукмни кейин келган шаръий далил билан амалдан қолдиришни ҳам ўз ичига олган. «Насх» сўзининг худди мана шу охирги маънодаги ишлатилиши унинг «кетказиш ва ўчириш» деган маъносини ўз ичига олгандир.
Уламолар насхнинг таърифида бир қанча турли-туман ибора ва жумлаларни ишлатганлар. Уларнинг барчаси, иборалари турлича бўлишига қарамасдан, шариат ҳукмларидаги насхни ифода қилади. Ушбу таърифларни қунт билан ўрганиб чиққан мутахассис уламоларимиз уларнинг ичидан энг мукаммали ва мақсадни тўлиқ англатувчиси ўлароқ, қуйидаги таърифни танлаганлар:
«Насх – шаръий ҳукмни кейин келган шаръий далил билан бекор қилишдир».
Ушбу таърифни уламоларнинг кўпчилиги розилик билан ихтиёр этганлар ва уни амал учун қабул қилганлар.
Таърифнинг шарҳи:
У шбу таърифдаги бекор қилишни амалга оширувчи Аллоҳ таолонинг Ўзидир. У Зот шаръий ҳукмни насх қилади, яъни амалдан қолдиради – бекор қилади. Бу ҳакдаги буйруғини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий орқали етказади. Демак, шаръий ҳукмни насх қилувчи Аллоҳ таолодир. Мазкур илоҳий буйруқни татбиқ қилувчи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдир. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин насх бўлмайди.
Шаръий ҳукмнинг бекор бўлиши деганда унга бандаларни таклиф қилишнинг тугатилиши тушунилади. Бир нарса аввал ҳаром бўлган бўлса, ўша ҳукм насх бўлганидан кейин, мазкур нарса ҳалол бўлади. Ёки аксинча, ҳалол бўлган бўлса, ҳаром бўлади.
Шаръий ҳукм – мукаллафлар, яъни шариат ҳукмларига амал қилиши лозим бўлганларнинг матлуб ёки ихтиёрий амалларига боғлиқ хитобдир.
Матлуб амаллар икки хил бўлади: амалга оширилиши талаб қилинган фарз, вожиб ва мандуб амаллар ҳамда қилмаслик талаб қилинган ҳаром ва макруҳ амаллар.
Ихтиёрий амаллар – қилиш ёки қилмаслик мукаллафнинг ихтиёрида бўлган, яъни мубоҳ амаллар.
Шаръий далил – Қуръони Карим ва набавий суннатни ўз ичига олади.
Қуръони Карим Аллоҳнинг мутавотир, ожиз қолдирувчи, тиловат қилинадиган ваҳийсидир.
Набавий суннат Аллоҳ таолонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга юборган тиловат қилинмайдиган ваҳийсидир.
- Насхнинг таърифида «бекор қилиниши» иборасининг ишлатилишидан бекор қилиш бўлмаган нарсаларнинг насхга кирмаслигини билиб оламиз. Мисол учун, мужмални – қисқача, умумий тарзда айтилган гапни баён қилиш, мутлақни қайдлаш, умумийни хослаш кабиларда собит бўлган ҳукмни бекор қилиш йўқдир. Балки булар баъзи лафзларни тафсир ва баён қилишдан иборат, холос. Аммо баъзи уламолар булар билан насхни аралаштириб юбориб, хатога йўл қўйганлар.
Насхда бекор қилинган нарса шаръий ҳукм бўлиши Аллоҳ таоло янгидан фарз ёки вожиб қилган ибодат, қурбат ва таклифлар ҳамда ҳаром қилинган ишлар, зарарли одатлар, барча жоҳилият буйруқлари насх эмаслигини англатади. Буларнинг ҳаммаси насх эмас, балки аввал бўлмаган, шариатга янгидан киритилган нарсалардир.
Ақл тақозоси билан ёмон бўлсада, жоҳилиятда мубоҳ саналган нарсаларнинг ҳаром қилиниши ҳам насх эмас. Имом Шотибий бу ҳақда «Ал-Мувафақот»да қуйидагиларни айтади: «Насхнинг оз ва нодир эканига далолат қилувчи тўртинчи нарса – хамр ва рибога ўхшаш аслида мубоҳ деб юрилган нарсаларнинг ҳаром қилиниши насх эмаслигидир. Бу каби нарсаларнинг ҳаром қилиниши асл мубоҳлигининг насх қилиниши дейилмайди».
Таърифда «шаръий далил» дейилган. Демак, бу ерда насх қилувчи, яъни шаръий ҳукмни бекор қилувчи шаръий далил бўлиши шарт. У ҳам насх қилинган нарса каби собит бўлган ёки ундан ҳам кучлироқ бўлиши керак.
Таърифдаги ушбу қайд билан инсондан унинг ўлими, жинни бўлиб қолиши ва ғафлатда қолиши ила шаръий таклифнинг соқит бўлиши каби шаръий ҳукмнинг бекор бўлиши насхдан эмаслиги аён бўлади. Албатта, ушбу сабаблардан бирортаси воқеъ бўлса, шаръий таклиф соқит бўлишига ақл далолат қилади. Чунки ўлик, жинни ва ғофил кишилар Аллоҳнинг хитобини англаш қобилиятига эга эмаслар.
- Таърифдаги «кейин келган шаръий далил» деган жумладаги «кейин келган» деган қайд жуда ҳам зарур ва ниҳоятда муҳим шартдир. Бундан насх қилувчи насх бўлувчидан кейин келиши ангданади.
Шу билан бирга, насх қилувчи ва насх бўлувчи иккисининг орасида ҳақиқий қарама-қаршилик бўлиб, уларнинг орасини жамлашга мутлақо имкон бўлмаслиги шарт. Аммо иккисини жамлашга ва иккисига амал қилишга имкон бор бўлса, насх ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас.
НАСХ ҚИЛИНАДИГАН ҲУКМЛАРНИНГ ТУРЛАРИ
Яхши англаб етишимиз лозим бўлган нарсалардан бири насхнинг шариатнинг буйруқ ва қайтаришни ўз ичига олган жузъий-фаръий ҳукмларидагина бўлишидир. Аллоҳга, У Зотнинг расулларига, охират кунига иймон келтириш каби ақийдага оид, намоз, рўзанинг фарзлигига ўхшаш диннинг рукни ҳисобланган нарсаларда насх бўлмайди.
Шунингдек, ваъда бериш ва қўрқитишга ўхшаш матнларда ҳам насх бўлмайди. Чунки бу каби нарсаларнинг табиатининг ўзи насхни кўтармайди.
Яна ўтган умматларнинг хабарларига ўхшаш нарсаларда ҳам насх бўлиши мумкин эмас.
НАСХНИНГ ҲИКМАТЛАРИ
Аллоҳ таоло бузилиб, издан чиққан инсон жамиятининг ижтимоий касалликларини худди оғир касални усталик билан даволаётган табиб каби даволайди. Табиб асосий касалликни даволашдан олдин атрофдаги майда касалликларга қарши вақтинчалик дорилар бериб туриб, кейинчалик, фурсати келганда, асосий муолажани ишга солгандай, Аллоҳ таоло жоҳилият дардларини даволашда олдин бир хукмни жорий қилиб туриб, вақти етганда уни амалдан қолдириб, ўрнига асосий ҳукмни жорий этар эди. Насхда Аллоҳ таолонинг мусулмон умматига лутфу карами ҳамда бу умматга бахт-саодат ва оеонликни ирода қилгани намоён бўлгандир. У Зот уммат учун амал қилишда оғирлик ва машаққат туғдирадиган ҳукмларни бирданига эмас, аста-секин жорий қилиш учун насхни ишга солган. Шу билан бирга, осон нарсани насх қилиб, ўрнига қийинроғини жорий қилган тақдирда ҳам фақат яхшилик жалб қилинган. Бу ҳақиқатни Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг ўзида баён қилиб қўйган.
Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:
۞مَا نَنسَخۡ مِنۡ ءَايَةٍ أَوۡ نُنسِهَا نَأۡتِ بِخَيۡرٖ مِّنۡهَآ أَوۡ مِثۡلِهَآۗ أَلَمۡ تَعۡلَمۡ أَنَّ ٱللَّهَ عَلَىٰ كُلِّ شَيۡءٖ قَدِيرٌ١٠٦ أَلَمۡ تَعۡلَمۡ أَنَّ ٱللَّهَ لَهُۥ مُلۡكُ ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَٱلۡأَرۡضِۗ وَمَا لَكُم مِّن دُونِ ٱللَّهِ مِن وَلِيّٖ وَلَا نَصِيرٍ١٠٧
«Оятлардан биронтасини насх қилсак ёки унуттирсак, ундан яхшисини ёки унга ўхшашини келтирурмиз. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага ўта қодир эканини билмадингми? Албатта, осмонлару ернинг подшоҳлиги Аллохники эканини ва сизларга Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай дўст хам, ёрдамчи ҳам йўқлигини билмадинг-ми?» (106-107-оятлар).
Ушбу ояти карималарда Аллоҳ таоло ҳар бир нарсага қодир экани таъкидланган. Ана шу қудрати ила хохдаган оятни насх қилади, хоҳлаганини унуттиради, Бу хоҳишни бандалар чегаралай олмайдилар. Шунингдек, осмонлару ернинг мулки Аллоҳники, жумладан, қайси оятни насх этиш, қай бирини унут қилиш ҳам У Зотнинг Ўзининг мулки, Ўзи билади.
Тушуниш учун оддий бир мисол келтирадиган бўлсак, кўпчилик бўлар-бўлмасга Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига кириб, бекорчи гаплар билан у зотнинг вақтларини олаверганидан сўнг, Аллоҳ таоло оят нозил қилиб, ким Набий алайҳиссалом билан ҳузурларида ёлғиз қолиб гаплашмоқчи бўлса, уни гаплашишдан олдин садақа қилишга буюрди. Одамлар бу орқали Набий алайҳиссаломнинг қимматли вақтларини бекор ўтказмаслик лозим эканини англаб етганларидан сўнг, бошқа оят нозил қилиб, аввалги ҳукмнинг бекор қилинганини эълон қилди.
НАСХ БИЛАН ХОСЛАШ ОРАСИДАГИ ФАРҚ
Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, насх билан умумий нарсани хослаш орасида катта фарқ бор. Уларнинг ҳар икки-сининг ўзига хос хусусиятлари ва шартлари мавжуд. Улар қуйидагилардан иборат:
Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида марҳамат қилади:
وَلِلَّهِ عَلَى ٱلنَّاسِ حِجُّ ٱلۡبَيۡتِ مَنِ ٱسۡتَطَاعَ إِلَيۡهِ سَبِيلٗاۚ
«Одамлардан йўлга қодир бўлганларига Аллоҳ учун Байтни хаж қилмоқ бурчдир» (97-оят).
Ушбу қавлнинг «Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилмоқ бурчдир» деган жумласидан ҳаж қилиш ҳамма учун умумий тарзда фарзлиги англанади. Аммо «Одамлардан йўлга қодир бўлганларига» жумласи ўша умумийликни қодир бўлган одамларга хослайди. Бас, шунга биноан, ҳаж ибодати қодир бўлган, унинг шартларини ўзида мужассам қилган кишиларгагина фарз бўлади.
Насх Қуръони Карим ва Суннат билангина бўлади. Хослаш эса мазкур икки нарса билан ҳам ва яна ақл, урф ва қарийна – вазиятга қараб ҳам бўлиши мумкин.
Насх қилувчи нарса насх қилинган нарсадан кейин нозил бўлиши ёки айтилиши шарт. Насх қилувчи насх қилинган нарса билан баробар ёки ундан олдин нозил бўлиши ёки айтилиши мутлақо мумкин эмас. Хословчи эса хослангандан олдин ҳам, баробар ҳам, кейин ҳам келиши мумкин.
КЕЙИНГИ МАВЗУ:
Насхнинг ўринлари
Аллоҳ таоло Пайғамбарига ғам-ғуссаларни қандай аритишни ҳам ўргатган: «Уларнинг гапидан юрагингиз сиқилишини яхши билурмиз. Роббингизни ҳамди ила поклаб ёд этинг, сажда қилувчилардан бўлинг. Сизга яқийн келгунича Роббингизга ибодат қилинг» (Ҳижр сураси, 97-99-оятлар).
Аллоҳ таоло Пайғамбарига бундай демоқда: «Қурайш мушриклари сизни масхара қилиб, мазах қилиб, сизга азият бераётганини, уларнинг азиятларидан маҳзун бўлаётганингизни ҳам биламиз. Аммо бу нарсалар сизни Роббингизнинг рисолатини етказишдан тўсиб қўймасин! Роббингизга таваккул қилингки, У Зот сизга кифоя қилади, душманларингиз устидан сизга ғалаба ато этади».
Кўриб турганингиздек, Аллоҳ таоло Пайғамбарига ғам-ташвишларга енгилиб қолмасин дея, тўрт нарсани буюрмоқда: Аллоҳга тасбеҳ айтиш, ҳамд айтиш, сажда қилиш (намоз ўқиш), ибодат қилиш.
Демак, намоз – ғам-ташвишларга қарши кураш воситаларидан бири экан. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Пайғамбарига «...сажда қилувчилардан бўлинг (шунда Аллоҳ дилингиздаги ғам-аламни кетказур)», демоқда. Шу ўринда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Роббоний буйруққа лаббай деб, барча муаммоларга қарши намоз билан куч-қувватга тўлдилар.
Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни бирор нарса маҳзун қиладиган бўлса, намоз ўқир эдилар», деганлар (Имом Аҳмад ривояти).
Бошқа бир ривоятда «Расулуллоҳни бирор нарса қайғуга солса, дарҳол намоз ўқир эдилар», дейилган.
Ҳузайфа розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кўп йиллар бирга бўлган саҳобадир, шунинг учун бу киши Расулуллоҳ бирор нарсадан қайғуга тушганларида ёки мусибатга, қийинчиликка дуч келсалар, қалбларини тинчлантириб, хотиржам қилиш учун, Парвардигорларидан мусибат ва қайғуда ёрдам сўраш учун намозга ошиққанларини кўриб яшаган.
Нафақат Расулуллоҳнинг, балки барча пайғамбарларнинг одати шундай эди – бошга бирор мусибат келса ёки ташвиш тушса, дарҳол намозга шошилишар эди.
Суҳайб ибн Синон розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни аср намозини ўқиб бўлгач, бир нималар деб пичирладилар. Ёнларидаги саҳобалар «Эй Аллоҳнинг Расули, аср намозидан кейин пичирлаб нималар дедингиз?» деб сўрашган эди, у зот шундай дедилар: «Сизлар ҳам сездингизми? Мен бир пайғамбарни эсладим. Унга ўз қавмидан бир қўшин берилди. У (қўшиннинг кучлилигини кўриб): «Буларга ким ҳам бас кела оларди?» деди. Шунда Аллоҳ таоло у пайғамбарга уч ишдан – душманнинг уларни босиб олишини, очарчиликни ёки ўлимдан бирини танлашни буюрди. Ўша пайғамбар шу уч нарса борасида қавми билан маслаҳат қилди. Қавм: «Бу ишни ўзингга топширамиз, чунки сен Аллоҳнинг пайғамбарисан», деди. Пайғамбар дарҳол туриб, намоз ўқиди, чунки анбиёлар бирор ишда тараддудланиб қолсалар, дарҳол намоз ўқийдилар. Бу пайғамбар ҳам намоз ўқиб, «Ё Роббим, душман ёки очарчиликни эмас, ўлимни танладим», деб дуо қилди. Аллоҳ уларга ўлимни юборган эди, улардан етмиш мингтасини ўлим олиб кетди. (Намоздан кейин) пичирлаганимда шундай деяётган эдим: «Аллоҳим, Сенинг номинг билан урушаман, Сенинг номинг билан душман устидан ғалаба қиламан. Куч-қудрат фақат Аллоҳ билан» (Имом Термизий ривояти).
Иброҳим алайҳиссалом ҳам ғам-ғуссаларини намоз билан муолажа қилар эдилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Бир куни Иброҳим алайҳиссалом Сора билан бир золим подшоҳнинг юртига келиб қолдилар. (Айғоқчилар золим подшоҳга) «Фалон жойда бир киши бор, ёнида мисли кўрилмаган гўзал аёли ҳам бор», дейишган эди, подшоҳ у кишини чақиртирди. «Ёнингдаги аёл ким?» деган эди, «Синглим», дедилар. Кейин Соранинг ёнига қайтиб келиб, шундай дедилар: «Сора, ҳозир ер юзида сен билан мендан бошқа мўмин йўқ. Анави мендан сени сўраган эди, «Синглим», дедим. Мени ёлғончи қилиб қўйма». Подшоҳ эса Сорани чақиртирди, Сора унинг ҳузурига кириб келди. Подшоҳ (унинг гўзаллигини кўриб) унинг қўлини ушламоқчи бўлган эди, қўли қотиб қолди. Подшоҳ қўрқиб кетиб, «Роббингга дуо қил, сенга ҳеч нарса қилмайман», деди. Сора Аллоҳга дуо қилган эди, анавининг қўли қўйиб юборилди. Подшоҳ эса яна Сорага ёпишмоқчи бўлган эди, қўли боягидек ёки бундан ҳам қаттиқроқ қотиб қолди. Шунда у яна: «Роббингга дуо қил, сенга ёмонлик қилмайман!» деди. Сора дуо қилган эди, анавининг қўли яна қўйиб юборилди. Шунда подшоҳ айғоқчиларини чақириб, «Сенлар менинг олдимга одам эмас, шайтонни олиб келибсанлар-ку!» деди. Сўнг Сорага Ҳожарни чўри қилиб берди. Сора эсон-омон Иброҳим алайҳиссаломнинг ёнларига қайтиб келди. Иброҳим алайҳиссалом намоз ўқиётган эдилар, қўли билан «Нима гап?» дея ишора қилдилар. Сора: «Аллоҳ анави кофирнинг [ёки фожирнинг] макрини ўзига қайтарди, шунга Ҳожарни менга чўри қилиб берди», деди» (Имом Бухорий ривояти).
Бир қиз айтади: «Бир дугонам бор, ниҳоятда асабий қиз. Бизнинг уйимизда ҳам кўп муаммолар бўлиб турар эди. Буни билган ўша дугонам «Уйингда шунча муаммо бўла туриб, қандай қилиб асабларинг жойида?» деб ҳайрон бўлди. Мен унга «Бунинг сири намозда!» дедим. У янада ҳайрон бўлиб, «Қандай қилиб?» деб сўради. Мен шундай жавоб бердим: «Авваллари оиламизда муаммолар кўплигидан ўзимни бечора, ожиз ҳисоблардим, муаммолар ҳақида кўп ўйлайверганимдан ақлдан озай дер эдим. Бундай аҳволдан қутулиш учун ҳамма нарса қилиб кўрдим, тинчлантирувчи дорилар ичдим, лекин фойдаси бўлмади.
Бир куни ғам-ташвишларимни, қайғуларимни намоз билан енгиш мумкинлигини эшитиб қолдим. Ғам-қайғулар ёпирилиб келганда, кимдир мени хафа қилиб, ҳис-туйғуларим оёқости бўлганда намозга ошиқадиган бўлдим. Намозларимда Аллоҳга аҳволимни арз қилиб, мени қайғулардан халос қилишини, муаммолардан қутулиш йўлларини кўрсатишини сўраб, илтижолар қиладиган бўлдим. Илтижо қилар эканман, руҳий, иймоний улкан куч-қувватни ҳис этардим, хотиржам яшаб, ҳаётни давом эттиришга куч топардим. Қайғуларим намозни севишимга, унга чинакам ошиқ бўлишимга сабаб бўлди».
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.