Аллоҳ таолонинг биз бандаларга ато этган неъматлари жуда ҳам кўп бўлиб, энг буюк неъмати – иймон, яъни Аллоҳни таниш ва У Зотнинг Ўзигагина ибодат қилишдир.
Иймон Аллоҳ таолога шукр қилиш билан мукаммал бўлади.
Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтади: «Кимда ким Аллоҳнинг унга берган неъматларини танимай, билмай, фақатгина ейдиган ва ичадиган нарсаларнигина неъмат деб биладиган бўлса, ҳақиқатда илми жуда ҳам кам бўлиб, азобини ҳозир қилибди. Кимда ким дунёдан беҳожат бўлмаса, унга бирон бир дунё йўқдир».
Ушбу мақолада шукрнинг ҳақиқати, шукрли бўлиш нақадар улуғ неъматлиги ва ношукр бўлиш неъматлар заволи экани ҳақида сўз юритилади.
Шукр ҳақида таъриф
Шукр араб тилида аслида оз ем билан семирадиган ҳайвонга нисбатан ишлатилади. Неъмат берувчига мақтов сўзларини айтишга шукр сўзини ишлатиш машҳур бўлган.
Шукрли инсон – Роббига берилган неъматлар учун кўп шукр айтувчи, ўзига буюрилган вазифаларни сидқидилдан ва тиришқоқлик ила адо этувчидир.
Уламоларимиз шукрнинг истилоҳида бир неча тарифларни айтганлар.
Роғиб: «Шукр – неъмат тасаввури ва изҳоридир. Куфр эса – неъматни унутиш ва яширишдир», деган.
Кафавий: «Шукр урфда неъмат учун берилган ҳар бир мукофотдир. Шукрнинг асли - неъматни тасаввур ва изҳор қилишдир. Шукр бандадан бўлганда, эҳсонга нисбатан бўлган ирфондир. Аллоҳ таолодан бўлганда эса, савоб ҳамда гўзал мақтовдир», деб айтган.
Муновий: «Шукр икки хил бўлади: Биринчиси тил шукри бўлиб, у неъмат берувчига мақтов айтиш билан адо бўлади. Иккинчиси эса аъзоларнинг шукри бўлиб, неъматга яраша мукофот тақдим қилиш билан адо этилади», деган.
Ибнул Қаййим: «Шукр – Аллоҳ неъматининг банда тилида мақтов ва эътироф, қалбида шуҳуд ва муҳаббат, аъзоларида эса бўйсуниш ва тоат тарзида зоҳир бўлишидир», деб айтган.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир», дея марҳамат қилади. (Иброҳим, 7).
Ушбу оят ҳақида марҳум аллома Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ўзларининг «Тафсири ҳилол» китобида қуйидагича ёзади: «Шукр неъмат берувчи Зотга мақтов сўзларни айтиш ва у неъматни Аллоҳнинг розилиги йўлида сарфлашдан иборатдир. Берилган неъматга шукр этиш инсоннинг тўғри йўлда мустақим эканини кўрсатади. Шукр қилувчи инсон Аллоҳ таоло ўзини доим кузатиб туришини ҳис этади ва неъмат етганда зоҳир бўладиган манманлик, исроф ва шунга ўхшаш салбий ҳолатлардан холи бўлади. Натижада ўзига берилган неъматлардан фойдаланиб, яхши амалларни кўпайтиради».
Шукр ҳақида оятлар
Қуръони каримда шукр ҳақида оятлар жуда кўп бўлиб, бу ўринда улардан баъзиларини келтирамиз:
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло:
«Агар шукр қилсангиз ва иймон келтирсангиз, Аллоҳ сизни азоблаб нима қилади?! Аллоҳ шукр қилувчи ва билувчи зотдир», деб марҳамат қилган. (Нисо, 147).
Аллоҳ таолонинг ушбу оятдаги шукр қилувчилик сифати - банданинг озгина қилган амалига ҳам кўплаб савоблар бериш ила уни мукофотлайди, дегани бўлади.
Ибн Жарир Табарий бу оят тафсирида бундай дейди: «Эй мунофиқлар, Аллоҳ таоло агар унга итоат этсангиз ва буйруқларига ижобат этиб, қайтариқларидан тийиладиган бўлсангиз, сизларни дўзахнинг энг тубига солишига ҳожати йўқ. Зотан, сизларни азоблашдан У зотга бирон бир манфаат йўқ. Ким не қилса, ўз танлови ила қилур".
Қатода ушбу оят ҳақида: «Дарҳақиқат, Аллоҳ жалла саноуҳу шукрли ва мўмин бандани азобламайди», деб айтган.
Демак, шукр ва иймон бир-бирига яқин бўлиб, иймонли инсон шукрли бўлиши ҳам лозим экан. Шунингдек, доимо Ҳақ таолога шукр ила юрувчи инсонни У Зот азобламас ҳам экан.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасининг 152-оятида: «Бас, Мени эслангиз, сизни эслайман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз», деб марҳамат қилган.
Имом Абу Лайс Самарқандий ушбу оят ҳақида бундай дейди: «Аллоҳ таолонинг ушбу ояти маъноси «Эй бандалар, Мени тоат ила эсланг, шунда сизларни мағфират ила эслайман», ёки «Мени инсонлар ичида зикр қилинг, сизларни фаришталар ичида зикр этарман», ёки бўлмаса, «Мени хурсандчилик онларида зикр этсангиз, сизларни қийинчилик онларингизда эсларман», дея марҳамат қилингани бўлади.
Ҳақиқий неъмат илмдир. Зотан, илмдан бошқа барча неъматлар роҳатдан бошқа нарсага ўзгаради. Таом ейилгач, бир муддатдан сўнг ташқарига чиқишни талаб этади. Кийим ҳам кийилавергач, иссиқ ва совуқ таъсирида эскириб, ҳолати ўзгаради. Илмдан эса соҳиби сира ҳам малолланмайди. Балки кўпинча зиёдасини талаб қилаверади».
Шукр қилиш неъмат берувчи Зотга мақтов сўзларини айтиш ва неъматни уни берган Зотнинг розилиги учун ишлатиш билан бўлади. Аммо тили билан шукр деса-ю, амали билан Аллоҳнинг айтганидан бошқани қилса, куфрони неъмат қилган бўлади.
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло «Наҳл» сурасининг 114-оятида: «Бас, Аллоҳ сизга ризқ қилиб берган нарсалардан ҳалол-пок ҳолида енг. Ва агар унга ибодат қиладиган бўлсангиз, Аллоҳнинг неъматига шукр қилинг», деб марҳамат қилган.
Ушбу оят тафсирида аллома Шайх Муҳаммад Али Собуний бундай ёзади: «Сизларга Аллоҳ таоло мубоҳ қилган ҳалол покиза неъматларни енглар. Аллоҳ сизларга ато этган улуғ неъматга, агар У Зотга иймону ихлос ила ибодат этадиган бўлсангиз, Ундан бошқа ҳеч кимга ибодат қилмаслик ила шукр қилинглар».
Ҳақиқий шукр ~ неъмат берувчи Зотни таниш ва Унгагина ибодат қилишдир.
Аллоҳ азза ва жалла:
«Эй Оли Довуд, шукр қилинглар! Бандаларимдан шукр қилгувчилари оздир», дея марҳамат қилган(Сабаъ, 13).
Ибн Аби Ҳотим айтади: «Собит Буноний раҳимаҳуллоҳ: «Довуд алайҳиссалом оила аъзолари, фарзандлари ва аёлларига куннинг вақтларини ибодат учун тақсим қилиб берган эди. Куннинг ва туннинг бирон бирон вақти йўқки, унда Довуд алайҳиссаломнинг оила аъзоларидан бири намоз ўқимаган бўлса».
Бу оят ҳақида Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ шундай дейди: «Эй Оли Довуд, шукр қилинглар!», яъни эй Довуд алайҳиссалом аҳллари, сизларга дин ва дунёингиз борасида берилган неъматлар учун шукрли бўлингиз.
Муҳаммад ибн Каъб Қуразий: «Шукр – Аллоҳга тақво ва солиҳ амал этмоқдир. Бу сўз, феъл ва амалда шукрда қоим бўлганларга айтилиб, Довуд алайҳиссалом аҳллари шундай бўлган эдилар», деб айтган.
Фузайлдан ривоят қилинади: «Довуд алайҳиссалом: Эй Роббим! Сенга қандай шукр этаманки, шукр Сен ато этадиган неъматдир», деди. Шунда Аллоҳ таоло унга: «Эй Довуд, буни неъмат эканини англаган онингда шукр қила олдинг», дея ваҳий қилди.
Ибн Аби Ҳотим ривоятлари.
Абу Абдураҳмон Ҳубулий: «Намоз – шукр. Рўза ҳам – шукр. Аллоҳ ризосини кўзлаб қилинган ҳар бир амал – шукрдир. Шукрнинг энг афзали эса – ҳамддир», деган.
Ибн Жарир ривояти.
(давоми бор).
Суннатуллоҳ Абдулбосит
Буюк шоир ва мутафаккир, давлат арбоби, Шарқ Уйғониш даврининг ёрқин намояндаси Мир Алишер Навоийнинг порлоқ номи ва бебаҳо мероси халқимиз тарихида, миллий маънавиятимиз ва адабий-эстетик тафаккуримиз ривожида ғоят муҳим ўрин тутади. Улуғ аждодимиз ўзининг ўлмас асарларида она тилимизнинг сўз бойлиги ва ифода имкониятларини бутун жозибаси ва латофати билан намоён этиб, ўзбек адабий тилига асос солди. Айни пайтда ўзбек мумтоз адабиётининг шаклланиши ва такомилида ҳеч ким Навоийдек беқиёс хизмат қилган эмас, десак, айни ҳақиқатдир.
Алишер Навоий умумбашарий маданият ривожига улкан ҳисса қўшган Гомер ва Данте, Сервантес ва Шекспир, Гёте ва Толстой, Низомий Ганжавий ва Ҳофиз Шерозий каби жаҳон адабиётининг даҳолари сафида туради. Ғарб оламида Тристан ва Изолда, Ромео ва Жулетта сингари қаҳрамонлар қанчалик машҳур ва жозибали бўлса, Шарқ дунёсида ҳазрат Навоий яратган Фарҳод ва Ширин, Лайли ва Мажнун каби адабий персонажлар ҳам шу қадар севимли ва қадрлидир.
Алишер Навоийнинг асосий феномени – у буюк инсонпарвар ва юксак идеал соҳибидир. Шоир ҳаёт ва адабиётдаги асосий орзуси – комил инсон ғоясини тараннум этиш ва уни бутун дунёга тарғиб қилиш борасида улкан маънавий жасорат кўрсатгани алоҳида эътиборга лойиқдир.
Асрлар давомида шоир асарларидан баҳраманд бўлиб келаётган минглаб инсонлар, улар қайси миллат ва элат вакили бўлмасин, жаҳоннинг қайси мамлакатида яшамасин, ўз замонасининг барча ижтимоий-маънавий муаммоларига, ўзларини қийнаётган саволларга жавоб топа оладилар. Чунки бирон-бир ҳаётий масала, қадрият ва туйғулар, фазилат ва иллатлар йўқки, Навоий қаламга олмаган бўлса!
Буюк аждодимизнинг ўлмас мероси биз учун, айниқса, бугунги мураккаб глобаллашув даврида ҳар қачонгидан ҳам долзарб ва зарурдир. Бу бебаҳо хазина тинч ва барқарор, эркин ва обод ҳаёт барпо этиш йўлида башариятга катта маънавий куч бахш этади.
Улуғ гуманист Алишер Навоий ҳамиша халқнинг дард-у ташвиши билан яшагани, умр бўйи ёрдам ва кўмакка муҳтож инсонларга меҳр-мурувват кўрсатиб, илм-фан, санъат ва адабиёт аҳлига ҳомийлик қилгани бу мумтоз сиймонинг яна бир ибратли фазилатидир. Унинг мамлакат пойтахти Ҳирот шаҳрининг ўзида ўз маблағлари ҳисобига уч юз саксондан ортиқ ижтимоий муассаса – мадраса ва масжидлар, шифохона ва кутубхоналар, ҳовуз ва ариқлар, йўл ва кўприклар, боғ ва хиёбонлар барпо эттиргани, адиб ва олимлар, рассом ва меъморлар, созанда ва хонандалар, моҳир ҳунармандларни доимо моддий ва маънавий томондан қўллаб-қувватлаб келгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.
Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Шуҳрат Сирожиддиновнинг ўқувчиларга тақдим этилаётган янги асари – "Алишер Навоий феномени" номли китоби буюк шоир ижоди намуналари ҳамда илмий асосланган тарихий маълумотлар билан жаҳон афкор оммаси, хусусан, халқаро илмий, маданий-маърифий марказларини яқиндан таништириш мақсадида тайёрланган. Ушбу муҳташам китоб дунё аҳли томонидан Навоий даҳосига қизиқиш ўз давридан то бугунги кунга қадар сўнмай келаётгани ва тобора ортиб бораётганидан далолат беради.
Шоирлар сарвари, мутафаккирлар пешвоси, буюк қалб соҳиби Мир Алишер Навоийнинг барҳаёт мероси, умрбоқий асарлари ер юзидаги янги-янги авлодларни тарбиялаб, олам аҳлини доимо яхшилик ва эзгуликка, меҳр-оқибат, дўстлик ва ҳамжиҳатликка чорлаб туради.
Шавкат МИРЗИЁEВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
"Жадид" газетасининг 2025 йил 7 февралдаги 6-сонида