Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту саломлар йўллаймиз.
Ўтган куни “азон.уз” сайтида “Шамсиддинхон Бобохонов” босмахонаси ва “Мовароуннаҳр” нашриёти фаолияти тўғрисида эълон қилинган мақолага Ўзбекистон мусулмонлари идораси ўз муносабатини билдиради.
Хабарингиз бор, жорий йилнинг бошида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан “Шамсиддинхон Бобохонов” номли босмахона таъсис этилган эди. Уни ташкил қилингани тўғрисида қарийб икки йилдан буён матбуотда хабар бериб келинади. Жумладан, 2019 йил 19 сентябрда “Муфтий ҳазрат янги қурилиш ишига дуо берди”, 28 октябрда “Муфтий ҳазрат бунёдкорлик ишлари билан танишди” номли мақолалар эълон қилинган. Жорий йили эса босмахона томонидан чоп этилаётган “Вабо инсонлар учун бир синов” каби китоблар тақдимоти орқали мазкур босмахона ҳақида телевидения ва босма нашрларда бир неча бор хабар бериб келинмоқда.
Мазкур босмахонани қуришдан мақсад, биринчидан, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг даврий нашрлари, шунингдек тизимда фаолият юритаётган диний соҳа ходимларининг ижодига мансуб асарлар, китоблар, қўлланмаларни чоп этишни осонлаштириш, иккинчи томондан эса, Диний идоранинг иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаш эди. Соҳа вакиллари нашр ишларидан тушадиган фойданинг салмоқли қисми босмахоналар ҳиссасига тўғри келишини яхши тушунишади.
Ушбу босмахонани қуриш, зарур техника ва ускуналар сотиб олиш учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан инвестиция маблағлари йўналтирилди. Натижада, мазкур корхона жорий йил бошидан шу кунгача сарфланган харажатларнинг қарийб учдан бир қисмини қоплади. Шунингдек, маблағлар мақсадли сарфланиши орқали молиявий тежамкорликка ҳам эришилди.
Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг баҳор фаслида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг даврий нашрларини чоп этиш ўз вақтидан бироз кечикди. Бу ҳолат республикада пандемия сабаб эълон қилинган форс-мажор ҳолати билан боғлиқ бўлиб, босмахона ходимлари ҳам бошқа фуқаролар сингари карантинга риоя этган ҳолда уйда қолдилар. Ҳозирги кунда карантин талаблари асосида иш-фаолият жорий этилган. Газета ва журналларни муштарийларга етказиш чоралари кўрилмоқда.
Қайд этиш керакки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси “Мовароуннаҳр” нашриёти ва “Шамсиддинхон Бобохонов” босмахонасининг таъсисчиси сифатида мазкур корхоналарнинг самарали фаолиятини йўлга қўйиш учун истиқболли режаларни амалга ошириш, шу жумладан, хўжалик юритиш шаклини ўзгартириш ва йўналтириш каби ҳуқуқларга эга.
Нашриётни босмахона таркибига қўшиб юбориш орқали “Шамсиддинхон Бобохонов” нашриёт-матбаа ижодий уйини қайта ташкил этишдан асосий мақсадлар қуйидагилар ҳисобланади:
- босма маҳсулотлар тайёрлашнинг тўлиқ мажмуи ва ягона бошқарувини жорий этиш. Бу маҳсулот сифатини туширмаган ҳолда умумий иш жараёнини тезлаштириш ва ишлаб чиқариш унумдорлигини оширади;
- чоп этилаётган маҳсулотларга нашриёт ва босмахона томонидан икки марта устама нарх қўйилишини бартараф этиш;
- доимий ва йирик миқдордаги буюртмачилар билан ишлашда мунтазам ҳамкорликни ўрнатиш ва келишув асосида нархларни белгилаш;
- нашриёт ва босмахонанинг қўшимча харажатларини камайтириш, ортиқча меҳнат сарфини қисқартириш. Жумладан, бухгалтерия, иқтисод, маркетинг ва омбор каби штатларни мақбуллаштириш;
- босма маҳсулотлар тайёрлаш ишини тезлаштириш, жумладан, таҳрирлаш, саҳифалаш, сайқаллаш, безаклаш ва чоп этиш кабиларни тизимлаштириш;
- маркетинг ва реклама ишларини жадал олиб бориш;
- ҳужжатлар айланмасини соддалаштириш;
- банк хизмат ҳақи ва солиқ юкини қисқартириш (масалан, икки ташкилотдан эмас, балки бир ташкилотдан солиқ тўлаш);
- нашриёт ва босмахона ўртасидаги ўзаро манфаатлар тўқнашуви борасида юзага келадиган салбий омилларни бартараф этиш;
- молия-хўжалик сарфларини тежаш;
- ЎМИ тизимида фаолият юритаётган соҳа вакилларининг ижодига мансуб маҳсулотларни чоп этиш ишини осонлаштиришдир.
Айни кунларда “Мовароуннаҳр” нашриёти “Шамсиддинхон Бобохонов” босмахонаси таркибига қўшиб юбориш орқали қайта ташкил этилаётган “Шамсиддинхон Бобохонов” нашриёт-матбаа ижодий уйини давлат рўйхатидан ўтказиш учун зарур меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш босқичлари давом этмоқда. Шунингдек, Фуқаролик кодексининг тегишли моддалари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги қонуни талаблари асосида тўлиқ инвентаризациядан ўтказиш ва мазкур жараённи амалга ошириш учун танланган “Қўшиб юбориш”га тайёргарлик тадбирлари амалга оширилмоқда.
Шунингдек, “Мовароуннаҳр” нашриёти зиммасидаги барча шартномавий бурч ва мажбуриятлар, хусусан, обуначиларга нашрларни ўз вақтида етказиш вазифаси янги ташкил этилаётган корхона зиммасида бўлиши алоҳида белгилаб қўйилган. Мазкур тартиботлар мукаммал тарзда якунига етгандан сўнг янги корхонани давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжатлар Давлат хизматлари агентлигига тақдим этилади. Матбаа-ижодий уйи ишлаб чиқарадиган маҳсулотларга “Мовароуннаҳр” МЧЖнинг вориси сифатида “Мовароуннаҳр” савдо белгиси қўйилиши лойиҳа ҳужжатларида мавжуд. Яъни, “Мовароуннаҳр” савдо белгиси (бренди) сақлаб қолинади ва амалиётда қўлланиши давом этади.
Мазкур ўзгаришлар ҳар жиҳатни ҳисобга олиб, иқтисодий билим ва тадбиркорликка оид қонун ҳужжатлари асосида амалга оширилмоқда.
Эълон қилинган мақолаларда изоҳ бериладиган яна икки масалага эътибор қаратамиз. Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси муассислигидаги икки ташкилотни бирлаштиришда “қўшиб юбориш” амалиётини қўллашнинг боиси мазкур шакл муддат ва иқтисодий жиҳатдан (янги ташкилот очиш ҳисоб рақамларни тугатиш, янгиларини очиш, барча шартномаларни ёпиш ва бошқалар билан боғлиқ) мақсадга мувофиқ экани ҳисобланади. Айни вақтда нашриётда ҳам, босмахонада ҳам инвентаризация ўтказилган.
Шунингдек, “Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналлари, “Ислом нури” газетаси Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг даврий нашрлари сифатида чоп этиб келинмоқда. Матбаа-ижодий уйини ташкил этиш ушбу таҳририятларнинг ҳозирги фаолиятига ва ижодий эркинликларига ҳеч қандай салбий таъсир кўрсатмайди, аксинча ижобий нуқтаи назардан мувофиқлаштириб борилади.
Шу ўринда, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфида яхши ниятлар ва йирик лойиҳалар ила хўжалик юритувчи корхона сифатида иш бошлаётган “Шамсиддинхон Бобохонов” нашриёт-матбаа ижодий уйи халқимиз ва динимиз манфаатлари йўлида хизмат қилиши учун айни паллада, муҳтарам журналист, блогер, ижод аҳли ва соҳа мутахассисларининг холис фикрлари, албатта ўз ўрнидаги танқид ва таклифларини самимий қабул қиламиз.
Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси фаолиятини ривожлантириш, соҳадаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимларини ёритишга доир мақолаларни тайёрлашда Диний идора Матбуот хизмати яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини маълум қиламиз.
Ҳақ таоло барчамизни тўғри йўлда собитқадам айласин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Инсонга меҳр кўрсатиш, муҳтожнинг ҳолидан хабар олиш, беморга тасалли бериш ва эҳтиёжмандларга кўмак қўлини чўзиш халқимиз маънавиятининг азалий фазилатларидандир. Ислом таълимотида ҳам саховат, меҳр-оқибат ва инсон қадрини улуғлаш энг улуғ амаллардан бири сифатида эътироф этилган. Чунки бир инсоннинг кўнглини кўтариш, унинг қалбига умид ва ишонч бағишлаш жамиятда меҳр-муҳаббат, ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлайди.
Шу эзгу қадриятларни ҳаётга татбиқ этиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш ва юртдошларимиз қалбида меҳр-шафқат туйғуларини янада кучайтириш мақсадида 2026 йил 13 август куни Самарқанд вилояти Ургут туманида кенг кўламли маънавий-маърифий ҳамда хайр-саховат тадбирлари ўтказилди.
Мазкур хайрли тадбирларда Самарқанд вилояти бош имом-хатиби вазифасини вақтинча бажарувчи Нурсултонхон домла Абдуманнонов, вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров, ВАҚФ хайрия жамоат фонди Самарқанд вилояти филиали раҳбари Ёқубжон домла Мансуров, унинг ўринбосари А.Султонов, шаҳар ва туман бош имом-хатиблари, «Ҳаж–2026» зиёратчилари, маҳалла фаоллари ва нуронийлар иштирок этдилар.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилган ушбу хайрли акция доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган ва боқувчисидан айрилган 300 та оила ҳолидан хабар олинди. Уларнинг хонадонларига ташриф буюрилиб, турмуш шароитлари ўрганилди, оилаларга зарур озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
Ташрифлар давомида бемор ва кексаларнинг ҳолидан хабар олиниб, улар билан самимий суҳбатлар ўтказилди. Уларнинг ҳаққига шифо, хонадонларига файзу барака, юртимизга тинчлик-хотиржамлик тилаб дуолар қилинди. Зеро, муҳтожнинг кўнглини кўтариш ва уни ёлғиз эмаслигини ҳис эттириш ҳам инсонпарварликнинг юксак кўринишидир.
Шу билан бирга, ҳаётида турли ижтимоий қийинчиликларга дуч келган ҳамда ёт ғоялар таъсирига тушиб қолиш хавфи мавжуд бўлган айрим фуқаролар билан якка тартибда мулоқотлар ташкил этилди. Суҳбатларда соф эътиқод, оила муқаддаслиги, фарзанд тарбияси, ҳалол меҳнат, Ватанга садоқат, миллий ва диний қадриятларга ҳурмат, шунингдек, турли бузғунчи ғояларга нисбатан маънавий иммунитетни мустаҳкамлаш масалалари ҳаётий мисоллар асосида тушунтирилди.
Тадбирлар доирасида Ургут туманидаги жоме масжидларда пешин намозидан сўнг маънавий-маърифий учрашувлар ҳам ўтказилди. Уларда меҳр-оқибат, қўни-қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва диний қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш, оила тинчлигини асраш, жамиятда ўзаро ҳурмат ва аҳиллик муҳитини қарор топтириш каби долзарб мавзулар атрофлича ёритилди.
Учрашувлар якунида мамлакатимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, Ватанимиз равнақи ва ёш авлоднинг илмли, одобли ҳамда ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етиши ҳақида хайрли дуолар қилинди.
Бугун юртимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятда меҳр-саховат ва ўзаро ғамхўрлик муҳитини қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ургут туманида ўтказилган мазкур хайрли тадбирлар ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилиб, аҳоли ўртасида ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва инсонпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлади.
Меҳр бор жойда ишонч, саховат бор жойда барака, инсон қадри улуғланган жамиятда эса тинчлик ва фаровонлик қарор топади. Ана шундай эзгу амаллар халқимиз ўртасидаги бирдамлик ришталарини мустаҳкамлаб, юртимизнинг янада обод ва файзли бўлишига хизмат қилади.
Самарқанд вилояти вакиллиги матбуот хизмати