"Ҳудҳуднинг ажойиб хусусиятлари"
Ҳудҳуд ўз жуфтига вафодор қуш. Ҳаётида фақат бир марта оила қуради. Жуфти вафот этган тақдирда ҳам ундан кейин бошқа оила қилмайди. У ўз жуфтини тумшуғида унга дарахтнинг япроғи ёки бирорта ҳашорат ёҳуд қурт тақдим этиш орқали танлайди. Бошидаги чиройли тожисини ёйган ҳолатда жуфтининг розилигини олиш учун маҳр сифатида унга таом тортиқ қилади. Агар жуфти тумшуғи билан таомни еса, демак бу розилик аломати. Сўнгра жуфтини унинг учун қурган инига олиб боради. Кўпинча ин дарахтнинг ковагида бўлади. Агар ин жуфтига ёқса жуфтлик ҳаёти бошланади. Жуфти бештадан еттитагача тухум қўяди. Полапонлар тухумдан чиққач, иккиси навбат билан болаларини таомлантиради.
Ҳудҳуд ўз жуфтига вафоли қуш саналади. Агар озуқа ёки сув бор жойни топса, қичқириб жуфтини чақиради. Таомни фақат жуфти келгандагина у билан баҳам кўради. Агар жуфтини йўқотиб қўйса, қичқириб уни топгунича ахтаради. Агар жуфти вафот этса, вақти-вақти билан уни қумсаб, бирга парвоз қилиб юрган жойларига бориб қичқиради.
Ҳудҳуднинг танасининг олтидан бирига тенг келадиган тумшуғи бўлиб, у ердаги ҳашарот ва қуртларни осонлик билан топади. Ҳудҳуднинг бошқа қушларда мавжуд бўлмаган сезиш қобилияти мавжуд бўлиб, у ер ости сувларини сезади. Сулаймон пайғамбар ер ости сувларини излаб топишда ҳудҳуднинг ушбу сезиш қобилиятидан фойдаланар эди. Сув бор ерга ишора қилса Сулаймон а.с. жинларга ўша ерни қазишга фармон берар ва сувни топишар эди. Шунинг учун унинг замонавий исми - сув инженеридир.
Ҳудҳуд минглаб километрга етадиган масофани чарчоқсиз, чанқамай ва очиқмай учиб ўта олади. Бир давлатдан иккинчи давлатга тўхтовсиз учиб ўтишга қодир. Қуръони каримда унинг Фаластиндан Ямандаги Сабо ўлкасига сафар қилгани зикр этилган. Мен сенга Сабо ўлкасидан аниқ хабар келтирдим, деб Сулаймон пайғамбар билан бўлган қиссада кўплаб воқеалар келтирилади.
Ҳудҳуд азон айтилаётган, намоз ўқилаётган ва Қуръони карим тиловат қилинаётган вақтда қичқирмай тинч туради. Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. Аллоҳдан бошқага маълум бўлмаган яна кўплаб сир асрорлари борлиги учун ҳудҳудни ўлдиришни ҳаром қилганлар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
раисининг биринчи ўринбосари
Ҳомиджон Ишматбеков
Саҳиҳ хилватдан олдинги талоқ аталган маҳрнинг ярмини вожиб қилади.
Бу ҳукм Қуръони каримда келган. Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида бундай деб марҳамат қилади:
«Агар уларга қўл теккизмай туриб талоқ қилсангиз ва маҳрни белгилаб қўйган бўлсангиз, белгиланганнинг ярмини берасиз, магар улар афв қилса ёки никоҳ тугуни қўлида бўлган киши афв қилса», (бермайсиз) (237-оят).
Агар маҳр аталмаган бўлса, саҳиҳ хилватдан олдинги талоқда «мутъа», ундан кейингида «маҳри мисл» вожиб бўлади.
Бу ҳукм ҳам Қуръони каримда келган. Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида бундай марҳамат қилади:
«Агар хотинларни, уларга қўл теккизмай туриб ёки улар учун маҳрни белгиламай туриб, талоқ қилсангиз, сизга гуноҳ йўқ. Уларни бой борича, йўқ ҳолича маъруф ила баҳраманд этинг. Яхшилик қилувчилар зиммасига бурч ўлароқ» (236-оят).
Бу оятда никоҳдан кейин, маҳрни аниқламаган ҳолатда, духулдан олдин талоқ қилганда нима бўлиши ҳақида сўз кетмоқда. Аввало, шундай ҳолатда талоқ қилиш гуноҳ эмаслиги баён қилинди.
«Агар хотинларни, уларга қўл теккизмай туриб ёки улар учун маҳрни белгиламай туриб, талоқ қилсангиз, сизга гуноҳ йўқ».
Чунки инсонгарчилик юзасидан турли ҳолатлар бўлиб туради. Албатта, бу талоқ келин учун, унинг аҳли учун оғир бўлади. Умид билан никоҳдан ўтиб, орзу-ҳавас билан янги турмушни кўзлаб турганида, оилавий ҳаётни бошламай туриб, талоқ бўлиши катта мусибат. Бунинг устига, дўсту душман, ёру биродарларнинг олдида нима деган гап бўлади?! Ана шу ҳолатларни ҳисобга олиб, маҳр ҳали тайин бўлмаганлиги учун бу келинга «мутъа» (фойда) деб номланган молиявий тақдирлаш бериш шариатда ушбу ояти карима асосида жорий қилинган.
Бериладиган мутъанинг миқдори куёв тарафга боғлиқ, имконига қараб, кўпроқ нарса берса, яхши бўлади. Ривоят қилишларича, имом Ҳасан розияллоҳу анҳу мутъа учун ўн минг дирҳам берган эканлар.
Уламоларимиз: «Мутъа ўз даврларининг ўлчовида берилади: бой бир хизматчи олиб беради, камбағал уч сидра кийим-бош берсин», деганлар.
Шундай қилинса, келин тарафга енгил бўлади, кўнгиллари таскин топади. Дўст-душманнинг гап-сўзидан ҳам қутуладилар. Чунки шунчалик мол-дунё бериш қизда айб йўқлигининг, йигит тараф уни ҳурмат қилишининг, аммо ноиложликдан ажралаётганининг аломати бўлади. Шу билан бирга, куёв тарафни ҳам қийнаб юбориш керак эмас.
Оятда:
«Уларни бой борича, йўқ ҳолича маъруф ила баҳраманд этинг», дейиляпти.
Куёв тараф «яхшилик ила» ҳаракат қилиши керак, шунингдек, келин тараф ҳам. Оятнинг охирида фойда бериш юқори мақом экани:
«Яхшилик қилувчилар зиммасига бурч ўлароқ», деб яна бир бор таъкидланяпти.
«Маҳри мисл» ўша юртда, ўша замонда бошқа келинларга одат бўйича қанча маҳр бериш жорий бўлиб турган бўлса, ўша миқдордаги маҳрдир.
"Бахтиёр оила" китобидан