Ота-онанинг дуоси шубҳасиз қабул бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ҳар бир нарса билан Аллоҳ азза ва жалланинг орасида парда бор. Фақатгина “Лаа илаҳа иллаллоҳ” шаҳодати ва ота-онанинг дуоси бундан мустасно", дедилар.
Бошқа ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ота-онанинг дуоси Аллоҳ азза ва жалладан тўсилмайди”, деганлар.
Фарзанднинг ҳаққига қандай дуо қилиш керак?1. Фарзандингиз намозни қоим қилувчилардан бўлишини сўраб дуо қилинг. Чунки "...намоз фаҳш ва мункардан қайтарур" (Анкабут сураси, 45-оят). Бунинг учун қуйидаги дуони ўқинг:
Ўқилиши: "Роббижъалний муқиймас солаати ва мин зурриййатий Роббанаа ва тақоббал дуъааи".
Маъноси: "Роббим! Мени ва зурриётларимни намозни тўкис адо этадиганлардан қилгин. Роббимиз, дуони қабул этгин" (Иброҳим сураси, 40-оят).
2. Фарзандингиз кўзингиз қувончи бўлишини сўраб ушбу дуо қилинг:
Ўқилиши: "Роббана ҳаблана мин азважина ва зурриййатина қуррота аъйунин важъална лил-муттақийна имама".
Маъноси: "Парвардигоро, хотинларимиздан ва зурриётларимиздан бизга кўз қувончини бахш эт ва бизларни тақводорларга пешво қилгин!" (Фурқон сураси, 74-оят).
Фарзандингиз солиҳ эканини кўрсангиз кўзларингиз қувончга тўлади. Ота-онангиз дуосини олиб қолинг, ота-онаси борлар...
Даврон НУРМУҲАММАД
Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани аҳолиси билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари маънавий-маърифий тадбирлар, юзма-юз мулоқотлар ва жонли савол-жавоблар ўтказмоқдалар.
Суҳбатларда сўнгги йилларда барча соҳалар қатори диний-маърифий жабҳада ҳам жуда катта ўзгаришлар амалга оширилгани, 100 та янги жоме масжид очилгани, кўплари ҳавас қиладиган даражада обод бўлгани, Қуръони карим курсларида бир неча ўн минг фуқаро Қуръони каримни мутолаа қилишни ўргангани, ҳаж-умра сафарига борган кишилар сони сезиларли ошгани кабиларни айтиш баробарида оят ва ҳадислар асосида мана шундай неъматларга шукр қилиш зарурлиги билдирилди.
Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда илм ва ҳунарга тарғиб қилувчи кўрсатмаларни мисол сифатида келтириб, ҳар бир ота-она фарзандига элу юрт учун керакли бўладиган ҳунар ва фойдали илмларни ҳам ўргатиши лозимлиги тушунтирилди. Шунингдек, ёш авлод онгига она юртга муҳаббат, тинч-осойишта ҳаётимизни қадрига етиш ҳамда шукроналик туйғуларини сингдириш кабиларга урғу қаратилди.
Учрашувларда риё-хўжакўрсин иллатлари, илмсиз фатво бериш, шаръий масала айтиш, жамоада тафриқа, бўлинишлардан сақланиш ва бидъат-хурофотларни тарк этиш кабиларга ҳам тўхталинди.
Иштирокчиларнинг мурожаат-таклифлари эшитилди, оилавий, ижтимоий ва ибодатга оид саволларига батафсил жавоб берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати