Ар-Раҳмон – Аллоҳнинг гўзал исмларидан бири. Сурада Аллоҳ таоло инсонларга, жинларга берган беҳисоб неъматлари эслатилган, ўттиз бир марта: “Парвардигорингизнинг қайси бир неъматини инкор этасизлар?!” – деб хитоб қилинган.
Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромлар олдига чиқиб, Ар-Раҳмон сурасини бошидан охиригача ўқиб бердилар. Саҳобалар қироатга қулоқ солиб жим ўтираверишди. Бу ҳолни кўрган Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам жинлар қандай жавоб қайтарганини айтдилар: жинлар билан учрашилган тунда у зот Ар-Раҳмон сурасини ўқиб берганлар. Ҳар сафар “Парвардигорингизнинг қайси бир неъматини ёлғонга чиқарасизлар?!” оятидан ўтилганда, жинлар: “Парвардигоро, Сенинг биронта ҳам неъматингни инкор қилмайсиз. Барча мақтовлар Сенгагина хос!” деб жавоб қайтаришган.
Ҳар нарсанинг зийнати бўлади. Қуръоннинг зийнати – Ар-Раҳмон сураси. Бу сурада дунё ва охират неъматлари, жаннат аҳлининг келинлари бўлмиш ҳурлар васф этилган, уларнинг зеб-зийнатлари ҳақида маълумот берилган.
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ҳар бир нарсанинг келини бор. Қуръоннинг келини Ар-Раҳмон сурасидир” (Имом Байҳақий ривояти).
Фотима розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда: “Ҳадид, Воқеа, Ар-Раҳмон сураларини ўқийдиган қори осмонлару ер малакутида “Фирдавсда яшовчи” деб чақирилади”, дейилган (Имом Байҳақий ривояти).
Бир одамнинг қорни очди. У гарчи иқтисодий аҳволи яхши бўлмаса-да, бир тамаддихонага кириб, таом буюртма қилди. Буюртма тайёр бўлгунга қадар деразадан ташқарига қараб ўтираркан, эллик ёшлардаги одам тез-тез тамаддихонага қараб қўяётгани, киришга жазм қилолмай турганига кўзи тушди. Ўтган кетганлар унга эътибор бермас, у эса афтидан жуда оч қолган эди.
Шу пайт буюртма берилган таом олиб келинди. У эса ҳеч ўйланмасдан овқатни олиб, ўзи оч бўлса-да, кўчадаги одамга олиб чиқиб берди. Сўнг ортига қайтиб, ҳисобни беришларини сўради. Ҳолатни зимдан кузатиб турган тамаддихона раҳбари хизматчига бир қоғоз берди. Унда бундай сўзлар ёзилган эди:
“Инсонийлик бебаҳодир, сиздай олийжаноб инсон бизнинг тамаддихонага келганидан бахтиёрмиз. Рухсат берсангиз, сиз бир мискинни меҳмон қилганингиз каби биз ҳам сизни меҳмон қилсак”.
Хулоса шуки, Аллоҳ таоло ҳеч бир амални зое қилмас, бандасини бандасидан қарздор ҳолда қолдирмас, эҳсонга эҳсон билан жавоб қайтарар экан.
Шундай экан, имконимиз борида бошқаларга яхшилик қилиб қолайлик.
Акбаршоҳ Расулов