"Фотиҳа" сўзи луғатда "очувчи" деган маънони билдиради. Қуръони каримнинг биринчи сураси номи Фотиҳадир. Кўпгина уламолар уни Маккада нозил бўлган, дейишади, етти оятдан иборат. Мазкур сура Қуръоннинг аввалида келгани, ўзи етти оятли бўлса-да бутун Қуръони мажиднинг мазмун-моҳиятини ўзида мужассам этгани учун ҳам "Қуръон мазмунини очувчи" номини олган. Пайғамбар алайҳиссалом Фотиҳага "Қуръондаги энг улуғ сура" деб ном берганлар. Аллоҳ таоло уни "Сабъул-масоний" (такрорланувчи етти оят) деб атаган. Шунинг учун Фотиҳа сураси ҳар куни беш вақт намозда кўп марта такрор ўқилади. Бу сура номларидан бири "Ал-ҳамд"дир, чунки бандаларга ушбу сура орқали мақтов-ҳамд айтиш йўллари кўрсатилган; яна бир номи "Уммул-Қуръон"дир (Қуръон онасидир), яна бир номи "Аш-шифо"дир, чунки у ўлимдан бошқа ҳамма дардга шифодир. Бундан бошқа яна бир қанча номлари ҳам бор.
Шу ўринда "Бисмиллаҳ" ва Фотиҳа сурасининг нозил бўлиши ҳақидаги ҳадисларни келтириб ўтиш мақсадга мувофиқдир. Ислом динида ҳар бир амални, у намоз ўқиш ё Қуръон тиловат қилиш бўладими, овқатланиш ё касб-корни бошлаш бўладими, бир жойга кириш ё уйқуга ётиш бўладими, мактуб ёзиш ёки нутқ сўзлаш бўладими, барини "Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм" (Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман) калимаси билан бошлаш буюрилган. Ҳадисда айтилишича, "Бисмиллаҳ"сиз бошланган ишнинг орти кесикдир, яъни муваффақиятли тугамайди ё баракоти бўлмайди. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: "Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бундай деган: "Эй Муҳаммад, шайтоннинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ сўранг, сўнг "Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм" денг". Яна шу киши айтади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам "Бисмиллаҳ" нозил бўлмагунча сураларнинг ниҳоясини билмасдилар". Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: "Токи "Бисмиллаҳ" нозил бўлмагунича икки суранинг орасини ажратишни билмасдик", деган. Абдуллоҳ ибн Нофеъ отасидан, у эса Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилиб айтади: "Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм" ҳар бир сура аввалида нозил бўлган".
Фотиҳа сурасининг нозил бўлиши ҳақида эса, уламолар ихтилоф қилишади. Абу Майсара розияллоҳу анҳу айтади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ташқарига чиқсалар, "Эй Муҳаммад" деган нидо эшитардилар. Бундан қўрқиб, орқаларига қайтардилар. Шунда Варақа ибн Навфал у кишига: "Агар нидо эшитсангиз, жойингизда туриб нима дейилмоқчилигини кутинг", деди. Кейин у зот яна "Эй Муҳаммад" деган нидони эшитганларида "лаббайка!" дедилар. Нидо қилувчи бундай деди: "Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадар-Расулуллоҳ" дегин ва "Алҳамду лиллаҳи Роббил аламийн", деб айт!". Булар Алий ибн Абу Толибнинг сўзидир. Кўпчилик уламолар фикрича, Фотиҳа сураси Маккада нозил бўлган. Бунга далиллар: Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккада турганларида "Бисмиллаҳ"ни айтиб Фотиҳа сурасини ўқирдилар. Шунда Қурайш аҳли: "Аллоҳ оғзингни юмсин" деди ёки шунга ўхшаш гапни айтди". Буни Ҳасан ва Қатодалар ҳам ривоят қилишган. Мужоҳиднинг фикрича, Фотиҳа сураси Мадинада нозил бўлган. Ҳусайн ибн Фазл: "Ҳар бир олим ҳам янглишади, бу Мужоҳиднинг хатосидир, чунки бу сўзни якка унинг ўзи айтган. Уламолар эса бунинг аксини айтишади. Суранинг маккий эканига ушбу ояти карима далилдир: "Дарҳақиқат, Биз сизга етти такрорланувчини (яъни Фотиҳа сурасини) ва улуғ Қуръонни бердик" (Ҳижр, 87). Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: "Убай ибн Каъб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга "Уммул Қуръон"ни (яъни, Фотиҳа сурасини) ўқиб берди. Шунда у зот: "Жоним измида бўлган Зотга қасамки, Аллоҳ на Тавротда, на Инжилда, на Забурда ва на Қуръонда бу кабини нозил қилган. Албатта, у етти такрорланувчи ва менга берилган улуғ Қуръондир", дедилар" (Алий ибн Аҳмад Найсобурий. "Асбабун-нузул").
أَعُوذُ بالله مِنَ الشَّيْطَانِ الرَّجِيمِ
بِسۡمِ ٱللَّهِ ٱلرَّحۡمَٰنِ ٱلرَّحِيمِ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман)
ٱلۡحَمۡدُ لِلَّهِ رَبِّ ٱلۡعَٰلَمِينَ٢
Қуръони каримнинг, унинг биринчи сураси Фотиҳанинг ушбу ояти карима билан бошланиши, очилиши бежизга эмас. Мусулмонлар доимо "Барча мақтовларимиз ва саноларимиз Аллоҳ таолога бўлсин!" дея дуо қилишади. Чунки ҳамду санога бутун оламларнинг, барча жонли ва жонсиз мавжудотларнинг яккаю-ягона яратувчиси, бошқарувчиси ва тарбияткунандаси Аллоҳ азза ва жаллагина муносибдир, ҳақлидир. "Оламлар" деганда Аллоҳ таоло яратган барча оламлар, яъни бутун мавжудот: инсоният, фаришталар ва жинлар, ҳайвонот, наботот, жамодот, коинот ва бошқа оламлар тушунилади. Аллоҳ таоло бу оламларни яратиш билан бирга уларни асрайди, бошқаради, ризқлантиради. Аллоҳ таоло билан оламлар орасидаги алоқалар ҳеч қачон, ҳар қандай ҳолатда ҳам узилмайди. Ана шу барча оламларнинг якка яратувчиси ва бошқариб турувчиси мутлоқ ҳукмдорликка эга ягона Аллоҳ таолодир.
Аллоҳ таоло яратган оламларни тўлароқ ҳис этиш учун хаёлан бир сафар қилиб кўрайлик: масалан, сиз яшаб турган қишлоқ ёки маҳаллада бир неча минг киши яшайди. Бундай маҳаллалардан бир туманда камида эллик-олтмиштаси бор. Бу маълумотларни вилоят миқёсига солиштирсангиз, салмоқ янада катталашади: вилоятда сизникидай туманларнинг камида ўн-ўн бештаси бор. Мамлакатимизда эса бундай вилоятлар сони ўн учта. Демак, бундан Ўзбекистонимизнинг ҳам жуда катта мамлакатлардан экани маълум бўлади. Шундай катта мамлакатни жаҳонга тенгласак, иш бошқачароқ тус олади. Дунё мамлакатлари майдони юз фоиз деб олинса, Ўзбекистон эгаллаб турган ер бунинг бор-йўғи 0,33 фоизига тенг. Аҳоли сони бўйича эса жаҳон кўрсаткичининг 0,4 фоизига баравармиз. Ер юзида инсонлар макон тутган қуруқлик эса жуда бепоён эмас: куррамизнинг йигирма тўққиз фоизигина одам яшайдиган қуруқликдан, қолган етмиш бир фоизи денгиз ва уммонлардан иборат.
Инсоният яшаб турган Ер куррасини Қуёшга менгзайдиган бўлсак, Қуёш салмоғининг ўзиёқ инсон ақлини шошириб қўяди. Қуёш Ердан миллиардлаб марта катта, Ердан Қуёшгача бўлган масофани босиб ўтиш учун энг учқур ҳаво кемаларининг йиллаб учишига тўғри келади. Энди фикр доирасини янада кенгайтириб, атрофимизни ўраб турган ҳамда Ер, Қуёш, Ой ҳамда бошқа сайёра ва юлдузлардан ташкил топган галактика (миллиардлаб осмон жисмлари тўплами) ўлчамлари билан танишайлик: биз ичида яшаб турган галактика "Сомон йўли" деб аталади. Сомон йўли таркибида Қуёш тизимига кирувчи Ер, Зуҳал, Миррих, Муштарий, Чўлпон каби тўққиз сайёра, шунингдек икки юз миллиарддан ортиқ юлдуз бор. Бу юлдузлардан айримларининг ҳар бири Қуёшга тенг: баъзиси ундан каттароқ, айримлари кичикроқ. Сомон йўлининг нақадар улканлигини тасаввур қилиш учун биргина мисол: Қуёшдан чиққан ёруғлик бизгача саккиз дақиқада етиб келади, ёруғлик Сомон йўлининг бир учидан иккинчи учигача бориши учун эса юз минг йил керак бўлади. Бу поёнсиз Коинотда қанча галактика борлиги номаълум. Франсуз олими Морис Букай улар сонини миллиардлаб дейди. Бизлар англаган битта Сомон йўли галактикаси шунчалар ақл бовар қилмас даражада улкан экан, яна бундай галактикалардан миллиардлаби мавжудлиги ҳар қандай соғлом ақлни ҳам шошириб қўйиши аниқ.
Аллоҳ таоло яратган биргина Коинот олами ҳақида фикр юритишнинг ўзиёқ Парвардигорнинг буюк қудрати ва яратиш ҳикматига мисол бўла олади. Ҳақ таоло яратган ҳайвонот, наботот, жамодот, инсон ва жинлар олами ҳақида тафаккур юритиш эса киши маърифатини янада оширишда улкан сабоқ бўлиши аниқ. Биргина мисол: олимлар ҳисобича, ер юзида ва сув остида тарқалган барча махлуқот-мавжудотлар тури (хили) 150 миллионтадан ошади.
Аллоҳ таоло бундай улкан Коинот тизими, инсон ақли бовар қилмайдиган бепоён оламларнигина яратиб қолмай, энг майда зарраларни ҳам халқ этган. Масалан, атомни олиб кўрсак, бунга яна бир бор имон келтирамиз. Бир атом шунақанги майда зарраки, уни ҳатто энг кучли заррабин (микроскоп) орқали ҳам кўришнинг иложи йўқ. Буни тасаввур қилиш учун бир тажриба қиламиз: бир сантиметрли ипни минг бўлакка бўлинг, сўнг ана шу бўлаклардан бирини яна минг қисмга бўлиб чиқинг. Ҳосил бўлган узунликнинг биттасини олиб, унинг юздан бирини аниқланг. Ана шу топган узунлигингиз атомнинг ярмига тенгдир. Аллоҳ таоло шундай кичик зарра бўлган атомни ҳам иккига: нейтрон ва протонга бўлинадиган қилиб яратганига нима дея оласиз?!
Аллоҳ таоло барча мавжудотларнинг ягона Яратувчиси, танҳо бошқарувчиси, буларнинг барини ягона илоҳий низомга бўйсундириб қўйган буюк Зот экан, мақтов ва саноларимиз ҳам фақат Унинг Ўзига бўлади! Шунинг учун ҳар гал Фотиҳа сураси қироат қилинганида юқоридаги мисолларни бир хотирга келтириш, Буюк Холиқимизни таниш, тенгсиз қудратига тасаннолар айтиш ва берган беҳисоб неъматларига шукр айтиш зарур бўлади.
ٱلرَّحۡمَٰنِ ٱلرَّحِيمِ٣
Меҳрибонликни англатувчи Раҳмон ва раҳмлилиликни англатувчи Раҳим Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан бўлиб, "Раҳмон" неъматларини тўкис беҳисоб қилиб берувчи маъносини, "Раҳим" эса қиёматда мўминларга раҳм қилувчи маъносини билдиради. Унинг Раҳмон сифати фақат Аллоҳ таолонинг Ўзига хос, буни инсонларга нисбат бериб бўлмайди. Раҳимлилик эса инсон ва бошқа махлуқотларга ҳам хос бўлиб, инсонларда ҳам, жонзотларда ҳам ўз фарзандларига ҳамда яқинларига раҳм-шафқат туйғулари мавжуддир. Масалан, ўғил-қизи беморлик туфайли ёки моддий жиҳатдан сал қийналиб қолса, ота-оналар раҳм-шафқатлари туфайли жону молларини ундан аямай сарфлаб юборишади. Жонзотларда ҳам ўз наслига раҳм-шафқат ниҳоятда кучли. Ҳайвонлар ҳақидаги филмларда бу нарса кўп марта кўрсатилган. Энг ваҳший жонзот саналган арслон ҳам янги туғилган боласини шунчалик ялаб-эркалайдики, беихтиёр унинг ваҳшийлиги эсдан чиқади.
Баланд қояларга ин қуриб бола очадиган бир денгиз қуши бўларкан. Боласи улғайиб, парвоз қиладиган бўлганида илоҳий табиий туйғу (инстинкт) туфайли денгиз сари учиши керак экан. Аммо кўп палапонлар қоядан денгизгача бўлган масофани учиб ўта олмай, ярим йўлда чарчаб ерга қўнишига тўғри келиб қоларди. Ана шунда ризқ излаб юрган тундра тулкилари уларни пойлаб туришарди. Палапони тулкига ем бўлмаслиги ва насли давом этиши учун қушнинг онаси тулкига ўзини қурбон қилиб, боласини қутқаради.
Раҳмдилликнинг бундай кўринишлари инсонлар орасида айниқса кучли. Ривоят қилинишича, Пайғамбар алайҳиссалом жангларнинг бирида асирлар орасидаги бир аёл асирларнинг болаларини эмизаётганини кўриб қоладилар. Уни саҳобаларга кўрсатиб: "Мана шу хотин ўзгаларнинг боласини эмизяпти, шу аёлга "Ўз болангни ўтга ташла!" деб буюрилса, ташлайдими?" дея сўрадилар. Саҳобалар: "Асло, ўзини ўтга ташлаши мумкин, аммо боласини ташламайди", дейишди. Шунда Пайғамбаримиз: "Аллоҳ таоло ҳам бандасини ўтга ташлашни истамайди, бу онанинг ўз боласига бўлган меҳридан кўра Аллоҳнинг сиз билан бизга бўлган меҳрибонлиги буюкроқдир", дедилар. Ҳақиқатан, Аллоҳ таоло меҳрибонларнинг энг меҳрибони, раҳмлиларнинг энг раҳмлисидир.
Яна такрорлаймиз, Унинг меҳрибон (Раҳмон) сифати фақат Унинг Ўзига хосдир. Аллоҳ таоло шунчалик меҳрибонки, хоҳлаган пайтимизда, ҳеч қандай огоҳлантиришларсиз Ўзининг ҳузурига киришга, ҳузурида истаганча туришга ижозат бериб қўйган. Илтижо ила қўлларимизни кўтариб, "Аллоҳ акбар" дейишимиз билан Аллоҳнинг олий ҳузурига кирамиз, Ўзигагина ибодат қиламиз ва ниҳоясида хоҳлаган нарсамизни сўрай оламиз. У шунчалик меҳрибонки, инсонлар орасида Аллоҳни ва Унинг амр-фармонларини инкор қилувчилари бўлса-да, уларни ҳам эсдан чиқармай ризқ бераверади, неъматларини дариғ тутмайди. У шунчалар меҳрибонки, банда қанча гуноҳ ишлар, ёмонликлар қилса ҳам, улар учун жазолашни охиратга қолдирмайди: "Бандам тавба қилса, барча гуноҳларини кечираман", "Менинг раҳматимдан ноумид бўлманглар", дейди. У шунчалар меҳрибонки, бирор махлуқни ризқсиз, оч қолдирмайди, Ер юзида қимирлаган жон борки, уларнинг ризқини ҳамиша бериб туришга ваъдаси бор. Осмондаги қушлар ҳам Раҳмоннинг меҳрибонлиги туфайли бемалол қанот қоқиб парвоз қилиб юрибди. Қуръони каримда бундай дейилган: "Тепаларида учаётган қушларнинг қанотларини қандай очиб-ёпаётганини кўришмайдими? Уларни Раҳмондан бошқа ушлаб турадиган зот йўқ, У ҳамма нарсани кўриб туради". (Мулк, 19). Яъни, Аллоҳ таоло Раҳмон сифати билан қушларнинг самода парвоз қилишлари учун уларга қанот қоқиш имконини берди, тана аъзоларини шунга мослади, уларни учишга ўргатди, ҳатто ризқларини ҳам ўша ерда таъминлади. Худди шу каби У инсониятга учоқлар ясаб, уларда парвоз қилишни ўргатди. Парвоз қилаётган қушларни ҳам, инсон кашф этган учоқларни ҳам осмонда ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи меҳрибонлиги билан тутиб, асраб туради. У Раҳмон сифати билан нафақат қушларни, балки бутун мавжудотларни ҳам Ўз паноҳида асрайди. У ҳамма нарсани кўриб-билиб туради.
مَٰلِكِ يَوۡمِ ٱلدِّينِ٤
"Жазо куни" қиёматдир, яъни, Аллоҳ таоло жазо кунининг, бандаларнинг амаллари ҳисоб-китоб қилинадиган, солиҳ амаллар қилганлар жаннат ила мукофотланадиган, кофир ва мушрик кимсалар дўзахга ташланадиган Қиёмат кунининг Подшоҳидир. Чунки ўша куни ҳамма-ҳаммага - фаришталару жин ва инсонларга, ҳайвонлару қуш-ҳашаротларга амр қиладиган, ҳисоб-китобга тортадиган, жазо ёки мукофот белгилайдиган, адолат ўрнатадиган ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Бу ишда Унга ҳеч бир жонзот шериклик қилолмайди, ҳеч бир жонзот Унинг қарорини ўзгартиролмайди. Ўша куни мутлоқ ҳукмдор фақат Аллоҳ азза ва жалланинг Ўзи бўлади.
إِيَّاكَ نَعۡبُدُ وَإِيَّاكَ نَسۡتَعِينُ٥
Бу оятни, умуман сурани Аллоҳ таоло бандалар шундай дейишлари учун улар тилидан баён қилади. Инсонлар фақат Аллоҳгагина ибодат қиладилар, сиғинадилар ва Унинг Ўзидангина ёрдам кутадилар. Бундан бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. "Ибодат" сўзи "тоат", "итоат қилиш" ва "Парвардигорни улуғлаш" маъноларини ўзида жамлаган. Шариатда бажарилгани учун савоб бериладиган ва ниятга боғлиқ бўлган амал "ибодат" дейилади. Аллоҳ таоло амр-фармонлари ва Унинг Пайғамбари кўрсатмаларини бажариш, Парвардигор розилигини топиш ва Унга бандаликни адо этиш учун буюрилган намоз ўқиш, рўза тутиш, закот бериш, ҳаж қилиш, дуо ва зикрлар айтиш, яхшилик ва эҳсонлар қилиш каби тоат ва амаллар ибодатдир. Ибодатларнинг энг асосийси, энг улуғи, энг аҳамиятлиси намоздир.
Инсоннинг Ўзини Аллоҳ азза ва жалла яратган, унга Ер юзида ҳаёт кечириш, кўриш, эшитиш, ҳис этиш, кўпайиш, ризқ излаш, ухлаш, хурсандчилик қилиш неъматларини бериб қўйган. Инсоннинг яхши ҳаёт кечириши учун Парвардигори ато этиб қўйган неъматларини санаб адоғига етиб бўлмайди. Қорни очса турфа таомлар, мева ва бошқа маҳсулотларни муҳайё этади. Касал бўлса, шифони ҳам Аллоҳ беради. Бошига ғам тушса, Унинг Ўзи ғамини аритади. Қийналса, Парвардигорнинг ўзи ёрдамга келади. Шундай бўлгач, меҳрибон ва раҳмли Аллоҳдан ўзгага сиғиниб, Ундан бошқадан нажот кутиб бўлармиди! Банданинг ҳар ишда, ҳар қадамда Аллоҳга юкуниши, ҳожатларини Унинг Ўзига ҳавола қилиши, Аллоҳдангина қўрқиши, Унинг раҳмат ва мағфиратидан умидвор бўлиши унинг имон, илм ва салоҳиятда пешқадам эканига далолатдир.
Мутахассислар сўнгги йилларда ажойиб бир кашфиёт қилишди: бир одам инсонларнинг ёмонлигидан, мусибат ва фалокатлардан, бало-офатлардан қаттиқ қўрқса, асаб тизими ишдан чиқиб, бунинг оқибатида юрак, қон томири, жигар ва бошқа аъзоларининг фаолияти бузилар экан. Доимий қўрқув эса ҳатто тузалмас хасталикларга сабаб бўлиши ҳам мумкин. Аллоҳдан қўрқилганида эса бунинг тамоман аксини кузатишган. Бунда инсон руҳи чексиз лаззат ва хотиржамликка ғарқ бўлар, бу эса тана аъзоларининг ишлашига фақат ижобий таъсир кўрсатар экан. Олимлар яна инсоннинг дунёвий ташвишлардан ғам чекиб ёки яқинларининг ўлимига қайғуриб узоқ вақт йиғлаганида кўз ёши қуриб, ҳатто кўзи кўрмай қолиши мумкинлигини аниқлашди. Лекин Аллоҳдан қўрқиб, ё Унга тавба-тазарру ва илтижолар билан кўз ёши тўкканларнинг, Аллоҳ Каломини доимий тиловат қилганларнинг кўриш қобилиятлари яхшилангани тажрибаларда исботини топган. Ана шу мисолларнинг ўзиёқ банда учун Аллоҳдан ўзга сиғиниладиган Зот йўқлигини исботловчи энг яхши далиллардир.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда мутафаккир алломаларимизнинг ибратли ҳаёт йўлларини ўрганиш, уларнинг бой илмий-маънавий меросини кенг тарғиб қилишга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эътибор қаратилмоқда. Зотан, инсоният цивилизацияси ривожига бебаҳо ҳисса қўшган аждодларимизнинг асарларидаги эзгу ғоялар, умуминсоний қадриятлар, бағрикенглик ва мўътадиллик, илм-фан, ақл ва тафаккурнинг инсон ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятига оид қарашлар ёшларни комил инсон этиб тарбиялаш, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашнинг муҳим омили бўлиб ҳисобланади.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижаси ўлароқ ташкил этилган Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари бой тарихий-маданий меросимизни ўрганиш ва қайта тиклашга хизмат қилмоқда.
Мамлакатимизда буюк мутафаккир аждодимиз, ақида илми ривожига улкан ҳисса қўшган Имом Абу Мансур Мотуридий ва у асос солган мотуридийлик таълимотини ўрганишга алоҳида аҳамияти берилиши диққатга сазовордир. Ҳануз ўз долзарблигини йўқотмасдан келаётган мазкур таълимотнинг бугунги кундаги ўрни ва аҳамияти ҳақида муҳтарам юртбошимиз: “Мотуридий таълимоти илм эгаллаш жараёнида бағрикенглик ғояси асосида инсон ақл-заковатининг ўрни ва аҳамиятига юксак эътибор қаратади. Бу ўз навбатида ушбу таълимотнинг кенг оммалашувида муҳим ўрин тутган. Бундай ғояларга бугунги кунда ҳам инсоният катта эҳтиёж сезмоқда”, деб таъкидлаган эди.
Сўнгги кунларда мамлакатимиз тарихида, хусусан, мотуридийшунослик соҳасида юқорида зикр қилинган ишларга ҳамоҳанг бўлган улкан тарихий воқелик содир бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёев “Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида” қарор қабул қилди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ушбу қарор нафақат юртимизда, балки халқаро миқёсда ҳам Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотини тизимли ҳамда илмий асосда ўрганишни янги босқичга олиб чиқишга замин яратади.
Унга мувофиқ, жорий йилда буюк аждодимиз, мутафаккир олим Имом Абу Мансур Мотуридий таваллудининг 1155 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланади. Шу муносабат билан ташкил қилинадиган тадбирлар доирасида Самарқанд шаҳрида “Мотуридийлик – бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкиллаштириш, хорижлик тадқиқотчилар ўртасида мотуридийлик таълимоти бўйича илмий танлов ўтказиш, олим асарларининг ўзбек тилидаги илмий-изоҳли академик таржималарини нашр қилиш, унинг серқирра ҳаёт йўли ва илмий меросининг бугунги кундаги аҳамиятини очиб берадиган бадиий-публицистик фильм яратиш, эсдалик сувенирлари, почта маркалари, тақвимлар ва бошқа кўргазмали ахборот воситаларини муомалага чиқариш, Самарқанд шаҳридаги Имом Абу Мансур Мотуридий мажмуасини қайта таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш белгилаб олинди.
Мазкур Қарорнинг қабул қилиниши нафақат Ўзбекистонда, балки мусулмон мамлакатларида ҳам катта қувонч билан кутиб олинди. Таъкидлаш лозимки, Қарор юртимизда Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотини ўрганишни янада рағбатлантириш, бу борада амалга оширилаётган ишларни мутлақо янги босқичга кўтариш, Имом Мотуридий сиймосини халқимизга янада кенгроқ танитишга хизмат қилиши билан бирга, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказига алоҳида масъулият ҳам юклайди. Биринчи навбатда, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказида Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотини ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш юзасидан амалга ошириладиган ишлар, илмий тадқиқот мавзуларини Қарорда белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда белгилаб, асосий фаолият йўналишларини мувофиқлаштиради.
Имом Абу Мансур Мотуридий мусулмон оламида буюк мутакаллим, қомусий олим ва улуғ мутафаккир, мотуридийлик таълимотининг асосчиси сифатида кенг эътироф этилади. У асос солган мотуридийлик таълимоти пайдо бўлганидан то ҳозирги кунга қадар эътиқод мусаффолигини асраб-авайлаш, мусулмонларнинг жипслиги ва бирдамлигини таъминлаш, ислом ниқоби остидаги оқимларнинг бузғунчи ғояларга қарши раддиялар беришда муҳим илмий-амалий аҳамиятга эга бўлиб келмоқда. Хусусан, турли адашган оқимларнинг ғояларига қарши нақлий ва ақлий далиллар асосида раддия бериш методологияси ҳамда маърифий асосларини ишлаб чиққан Имом Мотуридий мазкур хизматлари учун “Имом ал-ҳуда” – “Ҳидоят имоми”, “Мусаҳҳиҳ ақида ал-муслимин” – “Мусулмонларнинг ақидасини тўғриловчи” деган шарафли номларга сазовор бўлган. Алломанинг Абу Муин Насафий, Абу Баракот Насафий, Абу Ҳафс Насафий каби издошлари унинг йўлини муносиб давом эттириб, ихтилофли ақидавий муаммоларга илмий ечим топиш, мўътадил таълимотни одамлар орасида кенг тарқатишга улкан ҳисса қўшганлар.
Имом Мотуридийнинг мутаассибликка қарши кураш методологияси ҳам нақлий, ҳам ақлий далилларга асослангани сабабли бузғунчи оқимлар фаолиятига барҳам беришда ўта самарали бўлган. Ушбу методологиянинг асосини олимнинг “Қуролингни илмда яса”, деган ҳикматли сўзи ташкил қилган. Бугунги кунда Имом Мотуридийнинг ушбу ҳикмати мамлакатимизда муваффақиятли қўлланилаётган “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси билан ҳар томонлама муштарак эканлигини кўришимиз мумкин. Умуман олганда, юқоридагилардан келиб чиқиб, Имом Мотуридий ҳаёти, илмий мероси ва мотуридийлик таълимотини ўрганиш ҳамда кенг тарғиб қилиш ёшлар тарбиясида, шунингдек, жамиятда бағрикенглик ва мўътадиллик тамойилларини қарор топтириб, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда нақадар юксак аҳамиятга эга эканлиги ойдинлашади.
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотининг ўрганилиши хусусида шуни айтиш мумкинки, бугунги кунда Марказда бу борада кенг кўламли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Энг биринчи навбатда, Марказ қошида ташкил қилинган Халқаро илмий ҳайъат фаолиятини алоҳида тилга олиш зарур. Миср, Туркия, Иордания, Босния ва Герцеговина, Германия, Россия, Малайзия каби мамлакатларнинг етук олимлари, маҳаллий мутахассисларни ўз таркибида жамлаган ушбу Ҳайъат илмий тадқиқот мавзуларини мазмунан бойитиш ва янада такомиллаштириш, Марказ фаолиятини замонавий талаблар асосида йўлга қўйишда беназир платформа вазифасини бажармоқда. Шу билан бирга, Ҳайъат аъзолари Имом Мотуридий сиймосини жаҳонга танитишга ҳам катта ҳисса қўшмоқдалар.
Шунингдек, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилоти (ICESCO), Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA), Туркия Ислом тадқиқотлари маркази (ISAM), Ислом тафаккури институти, Салжуқ университети, Анқара Йилдирим Боязид университети, ал-Азҳар университети, Малайзия ислом илмлари университети каби жаҳоннинг нуфузли илмий ва таълим муассасалари билан имзоланган ҳамкорликка оид меморандумлар доирасида мотуридийлик таълимоти тарихи ва бугунги кундаги аҳамияти, шунингдек, замонавий исломшуносликка оид долзарб муаммоларни ҳал қилишга қаратилган конференция, семинар, давра суҳбатлари ва бошқа илмий-маърифий тадбирлар мунтазам ташкил этиб келинмоқда.
Марказ томонидан Мисрнинг ал-Азҳар мажмуаси тадқиқотчилари ўртасида Имом Мотуридий мероси бўйича халқаро танлов ўтказилди. Шунингдек, хорижлик тадқиқотчилар учун Имом Мотуридий номидаги халқаро стипендия жорий қилинди. Бу ўз навбатида Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ижобий ўзгаришларни жаҳон ҳамжамиятига етказиш билан бирга, Марказ фаолиятини ҳам хорижда кенг тарғиб қилишга хизмат қилмоқда.
Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотига оид манбаларнинг ўзбек тилидаги илмий-изоҳли академик таржималарини яратиш, қўлёзмалар асосида илмий танқидий матнларини тайёрлаш, шу асосда халқчил рисолаларни нашр қилиб, аҳоли, айниқса ёшлар орасида мотуридийлик таълимотидаги бағрикенглик ва мўътадиллик ғояларини кенг тарғиб қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлаб ўтиш лозим. Жумладан, ўтган йилнинг ўзида бугунги кундаги долзарб муаммоларга бағишланган 40 га яқин монография, китоб ва халқчил рисола чоп этилди.
Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарорнинг қабул қилиниши Марказ фаолиятини янги босқичга олиб чиқишга, уни маҳаллий ва халқаро миқёсда кенгайтиришга хизмат қилади. Шу нуқтаи назардан, ушбу Қарор нафақат Ўзбекистон, балки халқаро миқёсдаги мотуридийшунослик соҳаси ривожида муҳим ўрин тутишига шубҳа йўқ.
Жамолиддин Каримов,
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори