frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Бухорийлар қандай тарбия қилинади?

30.06.2020   5754   2 min.
Бухорийлар қандай тарбия қилинади?

Она меҳри, заковати, фидойилиги… Бу фазилатлар ҳақида китоблар ёзилган, ашъорлар битилган… Бола парвариши, тарбияси, унинг билимли, интизомли, ҳунарли қилиш чоралари босқичма-босқич ўргатилган. Бугунги ахборот асрида бу мавзуда истаганча маълумот топиш мумкин: боланинг ривожланиш босқичи, кунма-кун, қадамма-қадам қандай парвариш қилинади, неча ёшида нима ўргатилади… Бола психологияси қандай? Унга нима дейиш мумкин-у, нимани айтмаслик лозим…
Бироқ, шунга қарамай, бир пайтлар – ўша қадим замонлардагидек зукко, одоби гўзал болаларни етиштириш ҳеч кимнинг қўлидан келмаяпти. Бухорийлар, Термизийлар, Ибн Синолар, Замахшарийлар… Нега ўзи эгаллаган соҳада карвоннинг энг бошида туриш билан бирга, комил мўминлик ҳаётини яшай оладиган, Аллоҳга чин бандалик қиладиган мукаммал шахсларни тарбия қилолмаяпмиз?! Бугун тарбия борасида кўплаб манбаларда болалар ҳамма пайт яхши кўрилиши, уларга ҳеч қачон жаҳл қилинмаслиги кераклиги, уларга кўпроқ диққат-эътибор қаратилиши даркорлиги айтилмоқда. Замонавий педагогика эса фарзандни шаҳзода ёхуд маликадек ардоқлашни, шароитлар яратилишини тарғиб этмоқда. Тан олиб айтиш керакки, бу тарбия услублари ўзини оқламади. Уларга амал қилинганда, ўзидан бошқани ўйламайдиган, худбин, манфаатлар ортидан чопадиган, жонини койитмай кун кўриш пайида бўладиган бир авлод етишиб чиқмоқда. Афсуски, исломий эътиқоддаги оилалар ҳам бу каби фикрлардан таъсирланмоқдалар ва мусулмонларнинг фарзандлари ҳам гўзал аҳлоқдан йироқлашмоқда.
Бироқ мазкур замонавий фикрлар, психологлик қарашлар ва педагогик тадқиқотлар ўзини оқлай олмади. Шундай экан, аждодларимизнинг тажрибадан ўтган, ўзини оқлаган тарбия усулларига, яъни болаларимизни Қуръони Карим ва ҳадиси шарифга кўра тарбиялашга қайтишимиз лозим.
Болаларни яхши кўриш, уларга шафқат кўрсатиш керак. Шу билан бирга бир имтиҳон воситаси эканликлари учун уларни назорат ҳам қилиш керак. Яъни, Аллоҳ Таоло бола тарбияси борасида ҳам биз учун бир мезон бўладиган ишоратларни кўрсатган. Қуръон билимларига суянган ҳолда Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг бола тарбиясига қандай ёндашганларини ўргансак, инсон фитратини камол топтиришда хатога йўл қўймаймиз, инша Аллоҳ.


“Ислом нури” газетасининг 2020 йил, 7-сонидан

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Сиз энг бой одамсиз!

10.08.2026   7102   1 min.
Сиз энг бой одамсиз!

Инсоннинг феъли қизиқ: биз кўпинча ўзимизда йўқ нарсалар ҳақида қайғуриб, қўлимиздаги бебаҳо неъматларни одатдаги ҳолдек қабул қиламиз. Ваҳоланки, биз оддий деб билган қулайликлар, соғлиқ ва бошқа имкониятлар сайёрамизнинг миллионлаб аҳолиси учун энг катта орзу ҳисобланади.


Жумладан, бугунги тонгни дунё бўйича 174 мингга яқин инсон қарши ололмади. Айни дамда 50 миллиондан ортиқ одам саратон касаллиги билан курашмоқда. 300 миллион инсон ранглар жилосини кўриш бахтидан маҳрум. 400 миллионга яқин киши эса эшитиш мосламаларисиз дунё товушларини эшита олмайди. 770 миллиондан ортиқ катта ёшдаги инсон ҳанузгача ўқиш ва ёзишни билмайди. 2,5 миллиарддан зиёд аҳоли глобал ахборот ва интернет имкониятларидан узилган ҳолда яшамоқда. 6,5 миллиард инсон эса самолётда умуман учиб кўрмаган...


Бу рақамлар шунчаки қуруқ кўрсаткичлар эмас. Улар ортида миллионлаб инсонларнинг ана шундай аянчли тақдири ётибди.
Агар сиз ҳозир ушбу матнни ўқий олаётган, атрофдаги ранглар ва товушларни ҳис қилаётган, энг муҳими, янги кунни соғ-омон яшаётган бўлсангиз, демак, сиз сайёрадаги энг бахтли инсонлардан бирисиз. Шундай экан, турмуш ташвишларидан нолишни тўхтатинг. Ён-атрофга боқинг: сиз яшаётган бугунги кунга кимлардир етмади. Демак, ҳар бир хотиржам олинган нафас, ҳар тинч отган тонг учун Яратганга ҳамдлар айтиб, шукроналик кайфияти билан яшанг. Чунки сиз энг бой одамсиз!
 

Акбаршоҳ РАСУЛОВ

 

Ибратли ҳикоялар