Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ислом соғликнинг Аллоҳ таоло томонидан бандага берилган улуғ неъмат эканини, унинг учун банда шукр килиши лозимлигини таъкидлаш билангина кифояланиб қолмайди. Ислом соғлиқни сақлашнинг йўлларини ҳам ўргатади. Келинг, ўша нарсалардан баъзиларини жуда ҳам қисқа равишда ўрганиб чикайлик.
1. Тозаликка риоя қилиш.
Ислом соғлиқни сақлаш борасида катта аҳамият берган нарсалардан бири тозаликка риоя қилишдир. Дунё тарихида ҳеч ким, ҳеч кандай тузум ва дин тозаликка риоя қилишга Ислом диничалик аҳамият бермагани маълум ва машҳурдир.
2. Соғликка зарар етказувчи ва атрофни ифлос қилувчи нарсалардан қайтариш.
Ислом маданиятида мусулмонларга покиза бўлиш билан бирга, юксак дидли бўлиш ва атроф-муҳитни ифлос қилмаслик ҳамда кишилар соғлиғига зарар етказувчи тасарруфлар қилмаслик уқтирилади. Чунки бундай ишлар турли хасталиклар тарқалишига сабаб бўлиши мумкин.
3. Бадантарбия.
Ҳозирги кунимизда соғлиқни сақлаш, хасталикка чалинмаслик учун бадантарбия қанчалик аҳамиятли эканлигини ҳамма тушуниб етган. Каттаю кичик иложи борича бадантарбияга эътибор беришга ҳаракат қилади. Бу нарсага айниқса ривожланган давлатларда одамлар ниҳоятда берилган. Ҳамманинг кучли, қувватли, эпчил, соғ-саломат бўлгиси келади ва хасталикларга чалинмасликка ҳаракат қилади. Бунинг учун эса бадантарбия билан шуғулланишни одат қилиш лозим.
Исломда бу ишга алоҳида эътибор берилган. Бу ҳақда Пайғамбар соллаллоху алайҳи васалламнинг баъзи ҳадиси шарифлари ҳам бор.
4. Соғлик учун зарарли нарсаларнинг ҳаром қилиниши.
Исломда соғлиқни сақлаш йўлида кўрилган чораларнинг энг муҳими инсон соғлиғи учун зарарли бўлган нарсаларнинг ҳаром қилинишидир. Ҳозирги кунга келиб, соғликни сақлаш бўйича анча муваффақиятларга эришилган бўлса ҳам, ушбу соҳада, яъни инсон соғлиғи учун зарарли бўлган нарсаларнинг ҳаром қилинишида бошқа бирорта дин Ислом диничалик деярли ҳеч нарса қила олгани йўк. Исломда эса бу масала бир минг беш юз йил илгари ҳал этилган.
5. Исроф ва қизғанчиқликнинг ҳаром қилиниши.
Исломда инсон соғлиғини сақлаш мақсадида ўзига керакли нарсаларни ҳам меъёридан оз еб, ўзини-ўзи хасталикка мубтало қилмаслик учун қизғанчиқ бўлиш ҳаром қилинган.
Шу билан бирга, Исломда соғликка зарарлиги эътиборидан ҳаддан ташқари кўп тановул қилиш ҳам ҳаром қилинган.
6. Жисмни толиқтиришдан қайтариш.
Исломда инсоннинг ўзини-ўзи толиқтириши ман қилинган. Агар бу толиқтириш ибодат орқали бўлса ҳам мумкин эмас. Мисол учун, кишиларнинг нафл намозни ҳаддан ташқари кўп ўқиб, ўзини толиқтиришига шариат қарши туради. Чунки бу нарса соғликка зарар келтириши мумкин. ІШунингдек, ҳаддан ташқари кўп нафл рўза тутиб, ўзини чарчатиш ҳам мумкин эмас.
7. Соғлиқни сақлаш мақсадида енгиллик ва рухсатлар берилган.
Исломда айнан соғлиқни сақлаш мақсадида Аллоҳ таоло фарз қилган баъзи ибодатларни енгиллаштириш, кейинга суриш ёки бутунлай кечириб юбориш йўлга қўйилган.
Мусулмонларнинг тиббиёт бўйича эришган ютуқларини, яна бу соҳага тегишли бошқа нарсаларни ҳам ўрганган мутахассислар жуда ҳам кўп. Ғарблик, европалик тарихчилар, шарқшунослар, тибшунослардан ҳам бу соҳага ўзини бағишлаганлар талайгина.
Ана ўшаларнинг тўплаган маълумотлари, ёзган китоб ва илмий мақолалари, қилган хулосалари билан танишган ҳар бир инсон, Ислом тиб соҳасида мўъжиза яратган экан, деган хулосага келиши турган гап. Аслида ҳам шундай.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ,
«Олам ва одам, дин ва илм» китобидан.
Оила – инсон ҳаётидаги маънавий суянч, ижтимоий тартиб, насл давомийлигини таъминловчи қўрғон ва меҳр-муҳаббат масканидир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир” (Рум сураси, 21-оят).
Бу оят оила қуришнинг илоҳий ҳикматга эга эканини, эр-хотин муносабатида муҳаббат ва меҳр-шафқат асосий омил бўлишини англатади.
Ислом никоҳни фақат шахсий хоҳиш эмас, балки маънавий, ахлоқий ва ижтимоий мажбурият сифатида қабул қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Никоҳ менинг суннатимдир. Ким суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас”, деганлар (Муттафақун алайҳ).
Бу ҳадисга кўра, никоҳ мусулмон ҳаётидаги ибодат ҳисобланади. Унинг асосий мақсадлари нафсни ҳалол йўл билан қондириш, наслий поклик, фарзанд тарбияси ва жамият барқарорлигини таъминлашдир.
Исломда эр ва хотиннинг вазифалари бир-бирини тўлдирувчи хусусиятга эга. Аллоҳ таоло эркакни масъулиятли раҳбар, аёлни эса оила мустаҳкамлигини таъминловчи қилиб яратган: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир” (Нисо сураси, 34-оят).
Эркак аёлдан баъзи хусусиятларда ортиқ қилиб яратилганида бир неча ҳикматлар бор. Муфассир уламолар, жумладан, қуйидаги шаръий нуқтаи назардан эркакларга хос хусусиятларни қайд этишган: пайғамбарлик, жисмоний куч-қувват, оила нафақасига масъуллик, ақлу идрок, хотира ва тафаккурнинг зиёдалиги, имом-хатиблик, муаззинлик, жамоат билан намоз ўқиш, жума намозининг вожиб бўлиши, ташриқ такбирини айтиш, жангларда қатнашиш, тўлиқ гувоҳлик, талоқ бериш ҳуқуқига эга бўлиш, оиланинг унга нисбат берилиши, намоз ва рўзани узрсиз адо этиш кабилар.
Шу жиҳатларни ҳисобга олиб, аёл киши эрига нисбатан итоатли, ҳамиятли ва иффатли бўлиб, оила тотувлиги йўлида доимий ҳаракатда бўлиши жуда матлуб ишдир.
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларнинг энг яхшиларингиз ўз аҳлига яхшилик қилувчиларингиздир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Эркак оила бошлиғи сифатида адолатли, ғамхўр ва меҳрибон бўлиши керак. У ўз аёли ва фарзандларининг эҳтиёжларини таъминлаб, уларни тўғри йўлга бошлаши лозим.
Хотиннинг вазифалари – оилада соғлом муҳит яратиш, эрга итоат ва унинг шаънини асраш. У оила тинчлиги ва фаровонлиги учун интилиши, эрига вафодор бўлиб, фарзандлар тарбиясида фидойилик кўрсатиши лозим.
Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Улар сизларнинг либосингиз, сизлар уларга либоссиз” (Бақара сураси, 187-оят).
Бу оят никоҳдаги жуфтларнинг бир-бирига муҳтожлиги ва улар ўртасидаги яқинликни таърифлайди.
Никоҳ фақатгина икки инсоннинг эмас, балки оилалар ва жамиятнинг ҳам масъулиятидир. Кўп ҳолларда ота-оналар, қариндошлар ва жамиятнинг қўллаб-қувватлаши никоҳнинг мустаҳкамлигида муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги кунда кўпчилик оилавий муаммолар учинчи томонларнинг (қайнона-қайнота, яқинлар, дўстлар) чуқур ва номуносиб аралашуви оқибатида келиб чиқмоқда. Ҳар бир инсон ўзига тегишли чегарани билиши зарур.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одамларнинг аразлашганларини яраштириб қўйиш нафл намоз ўқишдан ва нафл рўза тутишдан кўра савоблироқдир”, деганлар (Имом Табароний ривояти).
Ота-оналар, қариндошлар – ёшлар ҳаётига раҳбар сифатида керакли маслаҳат берадилар, аммо уларнинг шахсий муносабатларига бефарқ ёки ортиқча аралашиш – оилавий муҳитни бузиши, ўртадаги муҳаббатни сўндириши мумкин.
Кўпинча оилада ота-она ва фарзандлар, оиланинг бошқа аъзолари орасида ҳам турли келишмовчилик бўлиб туради. Арзимаган сабаб-баҳоналар билан тинч хонадонлар можаролар масканига айланади. Бир-бирига яқин, қадрдон, қариндошлар ўртасида меҳр-оқибат кўтарилади.
Кечира олиш – гўзал фазилат, динимизда мақталган сифатлардан. Бир қарашда оний ютқазишдай кўринган кечира олиш катта можароларнинг олдини олади, ғалабани таъминлайди. “Эр-хотиннинг уриши – дока рўмолнинг қуриши” деганларидай, икки ошуфта қалбнинг арази узоққа бормаслиги кундай равшан.
Сал ихтилоф чиқдими, бир томон дарров муроса-келишув йўлини кўриши керак. Бир томоннинг ақл-идрок билан иш тутиши шайтоннинг бўйнини синдириб, катта можароларнинг олдини олади.
Жорий йилнинг биринчи чорагида вилоят имом-хатиблари, отинойилари 838 та ана шундай низоми оилани яраштиришиб, ёшларнинг бахтли ҳаёт кечиришига сабабчи бўлдилар.
Хулоса шуки, Ислом оилага юксак мақом берган, уни жамиятнинг юраги деб баҳолаган. Биз оят ва ҳадислар асосида шу муқаддас неъматни асраш, мустаҳкамлаш ва ёшларга тўғри етказиш йўлида жиддий ҳаракат қилишимиз керак.
Убайдуллоҳ АБДУЛЛАЕВ,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби
"Ҳидоят" журналининг 5-сонидан олинди