Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Октябр, 2024   |   05 Рабиъус сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:09
Қуёш
06:27
Пешин
12:15
Аср
16:09
Шом
17:56
Хуфтон
19:09
Bismillah
08 Октябр, 2024, 05 Рабиъус сони, 1446

Гуноҳларингиз кечирилишини хоҳлайсизми?

28.06.2020   3264   4 min.
Гуноҳларингиз кечирилишини хоҳлайсизми?

Аллоҳ таоло тақводор инсонлар ҳақида шундай марҳамат қилади: “Улар фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-садақа қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар.” ( Оли Имрон сураси 134-оят). Яъни тақводор инсонлар – булар ҳар қандай ҳолатда ҳам тўқликда ҳам, тангликда ҳам, қийинчиликда ҳам, енгилликда ҳам, соғликларида ҳам, касал бўлганларида ҳам ўз молларидан фақирларга садақа ва қариндошларга эса силаи раҳм қиладиганлардир. Улар  ўзлари кучли бўлсалар ҳам бировга озор бермаслик учун ғазабларини ютадиганлардир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Пахлавонлик тош кўтаришда эмас, балки кучлилик инсоннинг ғазаби келганида ўзини тия олишидадир”- дедилар”. (Имом Аҳмад ривояти)  Хориса ибн Қудома ас-Саъдий айтади: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Менга бир иш қилишни маслаҳат беринг!”- деб сўрадим. Шунда “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғазаб қилма!”- дедилар. (Имом Аҳмад ривояти) 

Ғазабнинг давоси ҳақида Утя бин Саъд ас-Саъдий розияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадис ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, ғазабланиш шайтондандир. Шайтон эса оловдан яратилган. Олов сув билан ўчади. Кимнинг ғазаби келса, у таҳорат олсин!”- дедилар”. (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти.) 

Тақводор инсонлар одамларнинг хато ва камчиликларини афв этадилар ҳамда уларга қилинган озорларини ўзларига қайтаришга имконлари бўлса ҳам, уларга илтифот қиладилар. Бу эса инсондаги ақл ва фикрнинг мулоҳазакорлиги, кучли ирода ва қувватга эгалигини намоён қилади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат кунида Нидо қилувчи: “Инсонларнинг хато ва камчиликларини афв этганлар қаерда? Роббингизнинг олдига шошилинглар, ажр (мукофот)ларингизни олинглар. Ҳар бир кечиримли олийжаноб мусулмоннинг жаннатга кириши ҳақдир”-деб айтади”- дедилар”.  (Табароний ва Ҳоким ривояти.) 

 (Ҳар қандай) ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаш ёмонликдир. Бас, кимки афв этиб (ўртани) тузатса, бас, унинг мукофоти Аллоҳ зиммасидадир”. ( Шўро сураси 40-оят). Адолат нуқтаи назаридан қараганда, ҳар қандай ўлчовда ўлчанмасин ёмонликнинг жазоси ана ўшандай ёмонлик, яхшиликнинг мукофоти худди шундай яхшилик бўлади. Агар шундай қилинса, уни ҳеч ким маломат қилмайди. Лекин агар ким ёмонлик ила зулм қилган кимсани афв этса, орадаги гиналарни унутиб, унга чиройли муомала қилса, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасида бўлиб, Аллоҳ таоло унга улуғ ажр беради. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бандасига унинг афви сабабли унга иззат-икромни кўпайтиради.”- дедилар.” (Имом Аҳмад, Муслим ва Термизий ривояти“Албатта, кимки (азиятларга) сабр қилса ва (Аллоҳ учун) кечириб юборса, албатта, бу пухта ишлардандир.” ( Шўро сураси 43-оят). 

 (Эй, Муҳаммад!) Иймон келтирган кишиларга айтинг, улар Аллоҳ кунлари(қиёмат)дан умид қилмайдиган кимсаларни кечириб юбораверсинлар! Шунда (У сабрли) кишиларни қилган ишлари (кечиришлари) сабабли мукофотлагай!” ( Жосия сураси 14-оят). Яъни эй Аллоҳнинг набийси Аллоҳ ва унинг расулини тасдиқлаганларга айтинг: “Улар Аллоҳнинг турли азоблари қоим бўладиган кундан қўрқмайдиган мушрикларнинг азиятларини афв этсин, кечирсин ва уларга сабр қилсинлар!” Шунда Аллоҳ таоло у мўминларни бу дунёда азиятларга сабр қилиб, ғазабларини ичларига ютиб, ёмонликлардан ўзларини сақлаб ва яхши амаллар қилганликлари сабабли мукофотлагай. Ва албатта, “Кимки яхшилик қилса, бас, ўзи учундир. Кимки ёмонлик қилса, бас, ўз зараригадир. Сўнгра Роббингиз ҳузурига қайтарилурсиз.” ( Жосия сураси 15-оят). 

Демак, юқоридаги оят ва ҳадислардан маълум бўладики, кечиримли бўлиш, ғазаби келганда ўзини тия олиш ва бошқаларнинг азиятларига сабр қилиш улкан ажр-у савобларга сабаб бўлади. Ҳаётимиз давомида бошқа инсонларга ғазаб қилмасдан, уларни камчиликларини кечириб, улар билан аҳил-иноқ яшар эканмиз ана ўша ҳадисда келтирилгандек ҳақиқий “паҳлавонлик” ҳисобланади. Инсонларга нисбатан кечиримли бўлсак, шояд Аллоҳ таоло бизнинг ҳам гуноҳларимизни кечиб юборса. Аллоҳ таоло барчаларимизни ҳаётимиз давомида Ўзининг динида бардавом бўлишимизни насиб этсин! Омийн! 

Жалолиддин Ҳамроқулов

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ҳамма бало "Мен сендан яхшироқман"дан бошланади

7.10.2024   694   4 min.
Ҳамма бало

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Сиз ҳам опа-сингилларингиз билан бирор нарсада – пешқадамлик, чирой, буюм, кийим, ота-онаниг ёки бошқаларнинг меҳрини кўпроқ қозониш кабиларда пойга ўйнайсизми? Хўш, натижага қандай?

Олийжаноб синглим!

Опа-сингиллар орасида мусобақалашиш қандай натижага олиб келишини очиб берган набавий ҳадис бунчалар ажойиб!

 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: "Аввал рақобатлашасизлар, кейин ўзаро ҳасад қиласизлар, ундан кейин юз кўрмас бўласизлар, охирида эса ғазаблашасизлар" (Имом Муслим ривоят қилган).

 

Демак, туғишганлар орасида пайдо бўладиган рақобат тўрт босқични босиб ўтади. Биринчи босқич – мол-дунё, пешқадамлик ва бошқа нарсалар атрофида бўладиган рақобат. Бу рақобат юқоридагиларнинг бирида ёки бир нечасида бўлиши мумкин. Бундай рақобат, қизғаниш ва тортишувлардан кейин ҳасад босқичи бошланади. Энди иккала рақобатчи рақиби қўлидаги неъматдан айрилишини, унга ўзи эга чиқишни, ундан устун бўлишни ўйлай бошлайди. Ҳасад энг юқори чўққига етганда ака-укалар бир-биридан воз кечиб, кам гаплашадиган, ўзаро ёрдамлашмайдиган бўлиб қолади, меҳр учқунлари қолган бўлса-да, бир-бирини кўришни истамай қолишади. Ниҳоят, орага нафрат оралайди ва ришталар буткул узилади. Ислоҳ қилишнинг имкони қолмайдиган даражада катта муаммолар пайдо бўлиб, маҳкамалар ҳам уларни тўғрилашдан ожиз қолади. Бу ишлар бир кунда бўлмайди, аммо йиллар давомида кучайиб бораверади. Энг ачинарлиси, бу босқичларнинг барчаси аламли кўз ёшлари билан кечади.

Бу ўринда оқила қизнинг қиладиган иши – синглиси ёки опаси билан рақобатга киришмай, ўзининг ҳам, туғишганининг ҳам қалбига сокинлик бахш этиш, ҳар кимнинг ўзига хос устун жиҳати ҳамда заиф тарафлари борлигини чин дилдан эътироф этишдир. Шунда опа ўз синглисидан ҳар тарафлама устун бўлишга уринмайди, синглиси ундан ўзиб кетишидан ғам чекмайди. Ахир ҳар бир қизда ўзига хос, ўзига мос чирой бор. Ҳар бир қизда ўзгача чирой, қайсидир соҳада пешқадамлик, меҳр ва ақл неъмати бор. Бошқалар у билан ҳар қанча рақобатлашса-да, бу неъматни тортиб ола олмайди. Бир инсон ҳеч қачон бировнинг ризқини олиб қўя олмайди.

 

Энди мана шу саволга жавоб беринг:

Синглингиз ёки опангиз билан рақобатлашаётган бўлсангиз, ҳозир қайси босқичга етиб келдингиз? Энди ўртадаги муносабатни қандай қилиб аввалги ҳолига қайтариш мумкин?

 

Опа-сингилларим билан ўртамиздаги рақобатдан мукаммаллик йўлида фойдаланишим мумкинми?

Оқила қизнинг тутадиган йўли – Мусо алайҳиссаломнинг укалари Ҳорун билан бўлиб ўтган воқеадан ибрат олишдир. Мусо алайҳиссалом пайғамбар эдилар, лекин ғазабланган пайтида гапиришга қийналиб, баъзи ҳарфларни тўғри талаффуз қила олмай қолардилар. Укалари Ҳоруннинг эса тили бурро эди. Мусо алайҳиссалом сизу бизга ўхшаб, бу борада укалари билан рақобатга киришмадилар. Ҳар бир инсонда ўзига хос устунликлар, заифликлар бўлади. Оқил инсон ўзининг заиф жиҳатини тан олиб, биродаридан ёрдам олади. Мусо алайҳиссалом айнан шундай қилдилар. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломни Фиръавннинг олдига бориб, уни Аллоҳга иймон келтиришга чақиришни буюрди. Шунда Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таолодан укаларига мисли кўрилмаган буюк неъматни сўраб олдилар:

«Биродарим Ҳоруннинг мендан кўра тили бурророқ, уни ҳам мен билан юборгин, мени тасдиқлаб турсин, чунки улар мени ёлғончи қилишидан қўрқаман» (Қасас сураси, 34-оят).

Аллоҳ таоло бу илтимосни қабул қилди:

«Биз сени оғанг билан қувватлаймиз, икковингизга шундай имконият берамизки, улар сизга етиша олмаслар. Бизнинг оятларимиз ила иккингиз ва сизга эргашганлар ғолибдир» (Қасас сураси, 35-оят).

Шундай қилиб, Аллоҳ таоло Ҳорунни ҳам пайғамбарлик билан сийлади. Бу эса аканинг укага қилиши мумкин бўлган энг катта яхшилиги эди. Инсоният тарихида укага қилинган энг катта яхшилик мана шудир, чунки Мусо алайҳиссаломнинг шафоати билан укаси улуғ пайғамбарлик мақомига эришди.

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.

Мақолалар