Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
07 Октябр, 2024   |   04 Рабиъус сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:08
Қуёш
06:26
Пешин
12:16
Аср
16:10
Шом
17:58
Хуфтон
19:10
Bismillah
07 Октябр, 2024, 04 Рабиъус сони, 1446

Гуноҳларингиз кечирилишини хоҳлайсизми?

28.06.2020   3258   4 min.
Гуноҳларингиз кечирилишини хоҳлайсизми?

Аллоҳ таоло тақводор инсонлар ҳақида шундай марҳамат қилади: “Улар фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-садақа қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар.” ( Оли Имрон сураси 134-оят). Яъни тақводор инсонлар – булар ҳар қандай ҳолатда ҳам тўқликда ҳам, тангликда ҳам, қийинчиликда ҳам, енгилликда ҳам, соғликларида ҳам, касал бўлганларида ҳам ўз молларидан фақирларга садақа ва қариндошларга эса силаи раҳм қиладиганлардир. Улар  ўзлари кучли бўлсалар ҳам бировга озор бермаслик учун ғазабларини ютадиганлардир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Пахлавонлик тош кўтаришда эмас, балки кучлилик инсоннинг ғазаби келганида ўзини тия олишидадир”- дедилар”. (Имом Аҳмад ривояти)  Хориса ибн Қудома ас-Саъдий айтади: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Менга бир иш қилишни маслаҳат беринг!”- деб сўрадим. Шунда “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ғазаб қилма!”- дедилар. (Имом Аҳмад ривояти) 

Ғазабнинг давоси ҳақида Утя бин Саъд ас-Саъдий розияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадис ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, ғазабланиш шайтондандир. Шайтон эса оловдан яратилган. Олов сув билан ўчади. Кимнинг ғазаби келса, у таҳорат олсин!”- дедилар”. (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти.) 

Тақводор инсонлар одамларнинг хато ва камчиликларини афв этадилар ҳамда уларга қилинган озорларини ўзларига қайтаришга имконлари бўлса ҳам, уларга илтифот қиладилар. Бу эса инсондаги ақл ва фикрнинг мулоҳазакорлиги, кучли ирода ва қувватга эгалигини намоён қилади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат кунида Нидо қилувчи: “Инсонларнинг хато ва камчиликларини афв этганлар қаерда? Роббингизнинг олдига шошилинглар, ажр (мукофот)ларингизни олинглар. Ҳар бир кечиримли олийжаноб мусулмоннинг жаннатга кириши ҳақдир”-деб айтади”- дедилар”.  (Табароний ва Ҳоким ривояти.) 

 (Ҳар қандай) ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаш ёмонликдир. Бас, кимки афв этиб (ўртани) тузатса, бас, унинг мукофоти Аллоҳ зиммасидадир”. ( Шўро сураси 40-оят). Адолат нуқтаи назаридан қараганда, ҳар қандай ўлчовда ўлчанмасин ёмонликнинг жазоси ана ўшандай ёмонлик, яхшиликнинг мукофоти худди шундай яхшилик бўлади. Агар шундай қилинса, уни ҳеч ким маломат қилмайди. Лекин агар ким ёмонлик ила зулм қилган кимсани афв этса, орадаги гиналарни унутиб, унга чиройли муомала қилса, унинг мукофоти Аллоҳнинг зиммасида бўлиб, Аллоҳ таоло унга улуғ ажр беради. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бандасига унинг афви сабабли унга иззат-икромни кўпайтиради.”- дедилар.” (Имом Аҳмад, Муслим ва Термизий ривояти“Албатта, кимки (азиятларга) сабр қилса ва (Аллоҳ учун) кечириб юборса, албатта, бу пухта ишлардандир.” ( Шўро сураси 43-оят). 

 (Эй, Муҳаммад!) Иймон келтирган кишиларга айтинг, улар Аллоҳ кунлари(қиёмат)дан умид қилмайдиган кимсаларни кечириб юбораверсинлар! Шунда (У сабрли) кишиларни қилган ишлари (кечиришлари) сабабли мукофотлагай!” ( Жосия сураси 14-оят). Яъни эй Аллоҳнинг набийси Аллоҳ ва унинг расулини тасдиқлаганларга айтинг: “Улар Аллоҳнинг турли азоблари қоим бўладиган кундан қўрқмайдиган мушрикларнинг азиятларини афв этсин, кечирсин ва уларга сабр қилсинлар!” Шунда Аллоҳ таоло у мўминларни бу дунёда азиятларга сабр қилиб, ғазабларини ичларига ютиб, ёмонликлардан ўзларини сақлаб ва яхши амаллар қилганликлари сабабли мукофотлагай. Ва албатта, “Кимки яхшилик қилса, бас, ўзи учундир. Кимки ёмонлик қилса, бас, ўз зараригадир. Сўнгра Роббингиз ҳузурига қайтарилурсиз.” ( Жосия сураси 15-оят). 

Демак, юқоридаги оят ва ҳадислардан маълум бўладики, кечиримли бўлиш, ғазаби келганда ўзини тия олиш ва бошқаларнинг азиятларига сабр қилиш улкан ажр-у савобларга сабаб бўлади. Ҳаётимиз давомида бошқа инсонларга ғазаб қилмасдан, уларни камчиликларини кечириб, улар билан аҳил-иноқ яшар эканмиз ана ўша ҳадисда келтирилгандек ҳақиқий “паҳлавонлик” ҳисобланади. Инсонларга нисбатан кечиримли бўлсак, шояд Аллоҳ таоло бизнинг ҳам гуноҳларимизни кечиб юборса. Аллоҳ таоло барчаларимизни ҳаётимиз давомида Ўзининг динида бардавом бўлишимизни насиб этсин! Омийн! 

Жалолиддин Ҳамроқулов

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Нега Аллоҳдан сўрамайсиз?

7.10.2024   280   2 min.
Нега Аллоҳдан сўрамайсиз?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ айтадилар:

“Агар ҳаётда бирор мусибат ёки қийинчиликка дуч келсангиз Аллоҳдан ёрдам сўранг. “Аллоҳим, менга офият бер, бу бало-офатни, муаммони мендан кетказгин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимга тавфиқ бергин”, деб илтижо қилинг.

Ҳар куни кечаси ўз нафсингиз ва амалларингизни ҳисоб-китоб қилишга одатланинг. Уйқуга ётишдан олдин: “Аллоҳим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу-бу суннатларига амал қилмоқчиман, лекин нафсим устидан ғолиб кела олмаяпман, нафсимни енгишга ва Расулинг алайҳиссаломнинг суннатларига амал қилишимга куч-қувват бер. Албатта, Сен ҳар бир ишга Қодир Зотсан”, деб дуо қилинг.

Шундай дуо қилиш сиз учун қийинми? Унга қанча вақтингиз кетади?

Тасаввур қилинг, Қиёмат куни бутун оламларнинг Робби – Аллоҳнинг ҳузурида турибсиз. Аллоҳ сиздан фалон-фалон амалларга нима учун амал қилмаганингизни сўраса, сиз шароитингиз ёки вақтингиз бўлмаганини айтасизми? Шунда Аллоҳ таоло сиздан: “Нега Мендан ёрдам сўрамагансан? Қуръони каримда ҳар бир ишга Қодир эканимини билдирмадимми? Ҳар қандай ҳолатни ўзгартириш Менинг қудратим ва изним ила бўлиши билмасмидинг?” деса нима деб жавоб берасиз?

Устозим менга “Аллоҳ билан кўп мулоқот қилгин” деб айтарди. Бу гаплашиш дуодан кўра фарқлидир. Унда Сиз Аллоҳдан ҳар бир ҳолатингиз учун ёрдам сўрайсиз. “Аллоҳим, бу ишни қилишга Ўзинг менга ёрдам бер, агар уддалай олмасам Қиёмат куни мени бу учун ҳисоб-китоб қилма. Аллоҳим, менга куч-қувват бер, мени бу гуноҳдан Ўзинг асра, Сен асрамасанг мен қутила олмайман. Қиёмат куни мени жазолама. Мен фақатгина Сенга суянаман” деб Аллоҳга ожиз эканингизни маълум қиласиз. Аллоҳ албатта дуоларингизни эшитади ва қабул этади. Энг муҳими – Қиёмат куни “Аллоҳим мен Сендан ёлвориб сўраганман, мени жазолама, мағфират эт” деб айта оласиз. Шундай экан, ҳамиша Аллоҳдан сўранг, асло ноумид бўлманг!”.

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар