Муҳтарам дўстлар!
Барчангизни 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан чин қалбимдан самимий табриклаб, сизларга ўзимнинг юксак ҳурматим ва эзгу тилакларимни билдираман.
Фурсатдан фойдаланиб, жаҳон миқёсида юз берган пандемия туфайли вужудга келган бугунги мураккаб вазият ва қийинчиликларга қарамасдан, аҳолига тезкор ва ишончли ахборот етказиб бериш, мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни атрофлича акс эттириш йўлида ўз профессионал бурчини сидқидилдан адо этиб келаётган сиз, журналистлар аҳлига чуқур миннатдорчилик билдираман.
Ҳурматли оммавий ахборот воситалари ходимлари!
Сизларга аёнки, мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга кўтаришда ахборот соҳасини тубдан ислоҳ қилиш ва ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилмоқда.
Кейинги уч йилда бу борада ўндан зиёд қонун ҳужжатлари қабул қилингани ҳам бу фикрни тасдиқлайди. Хусусан, “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорига мувофиқ бу соҳада янги тизим яратилди.
Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш мақсадида ўтган бир йил давомида кўплаб вазирлик ва идораларда ахборот хизматлари замон талаблари асосида қайтадан, 201 та туман ва шаҳар ҳокимликларида эса биринчи марта ташкил этилди.
Ана шу хизматлар томонидан ижтимоий жараёнлар ҳақида ишончли ахборот бериш мақсадида матбуот анжуманлари, брифинглар, медиатурлар ташкил этилмоқда, ҳаётимиздаги муаммо ва ҳодисаларга тезкор муносабат билдирилмоқда, уларнинг веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлар, мобиль мессенжерлардаги саҳифалари янгилаб борилмоқда.
Охирги йилларда мамлакатимизда катта аудиторияга эга бўлган қарийб 290 та хусусий ва идоравий Интернет нашрлари ташкил этилди. Улар бошқа материаллар қаторида энг муҳим расмий ахборотлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўзбек, рус ва инглиз тилларида тарқатмоқда.
Энг асосийси, оммавий ахборот воситалари мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгариш ва янгиланиш жараёнларини ҳар томонлама таҳлил қилиб, жойлардаги ижтимоий муаммолар, хато ва камчиликларга давлат идоралари ва жамоатчилик эътиборини қаратаётганини алоҳида қайд этиш лозим.
Албатта, бугун биз ҳамма соҳада, жумладан, оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш борасида ҳам изланишдамиз. Бинобарин, бу йўлда ютуқлар билан бирга, камчилик ва нуқсонлар бўлиши ҳам табиийдир.
Бу ҳақда гапирганда, миллий медиа майдонимизда замоннинг ўткир талаб ва мезонлари, энг муҳим тенденцияларини очиб бериш, танқидий таҳлил, одамлар кутаётган мавзу ва муаммоларни дадиллик билан ўртага ташлаш ҳали ҳам етакчи ўрин эгалламаётганини айтишга тўғри келади. Афсуски, аксарият ахборот воситаларида ижтимоий салмоғи енгил бўлган, ҳисобот ва баландпарвозлик руҳидаги материаллар ҳануз устунлик қилмоқда.
Яна бир муҳим масала – айрим журналист ва блогерларимизда билим ва профессионал малака, баҳс маданияти етишмаслиги жамоатчиликни ташвишлантирмоқда.
Бу борадаги энг асосий вазифа – ана шундай камчиликларни чуқур ўрганиб, уларни бартараф этиш, мавжуд миқдор кўрсаткичларини сифат кўрсаткичларига айлантириш, оммавий ахборот воситаларининг самарадорлигини оширишдан иборат.
Биз бугун ҳуқуқий демократик давлат қураётган эканмиз, журналистиканинг бутун дунёда эътироф этилган, ўзгармас талаб ва мезонларига амал қилишимиз зарур. Бу мезонларнинг энг асосийси – холислик ва ҳаққонийликдир. Бинобарин, матбуот майдонига кирган инсон – у журналист бўладими, блогер бўладими, бундан қатъи назар – ана шу қоидаларга амал қилиши шарт.
Биз бўлғуси журналистларимиз чуқур билим ва касб маҳоратини, она тилимиз билан бирга чет тилларни, фаол фуқаролик позициясини, ахборот-коммуникация технологиялари, нотиқлик малакасини пухта эгаллашларига алоҳида эътибор қаратишимиз зарур.
Ана шундай етук кадрларни тайёрлашда энг аввало ўзимизнинг бой маънавий меросимизга таянсак, албатта натижа бўлади. Бу борада жадидлар, хусусан, бу йил 145 йиллик таваллуд санаси кенг нишонланаётган улуғ аллома ва публицист Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг миллий журналистика мактаби айниқса муҳим аҳамиятга эга.
Сиз азизларнинг бугунги касб байрамингиз баҳона бир эзгу таклифни илгари сурмоқчиман. Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабалари учун Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги стипендияни таъсис этсак, ўйлайманки, бу ҳам ёшларимизни миллий ғоя руҳида тарбиялашга хизмат қилади.
Шунингдек, айни вақтда жаҳондаги етакчи медиа компанияларининг кадрлар тайёрлаш ва улар билан ишлашга оид тажрибасини чуқур ўрганиб, чет эллик журналистлар билан тажриба алмашиш, халқаро ҳамкорликни кучайтиришимиз зарур.
Муҳтарам матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари!
Сизларни ва сизларнинг ижод маҳсулингиздан баҳраманд бўладиган жамики муштарий ва мухлисларингизни касб байрамингиз билан яна бир бор самимий муборакбод этаман.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, янги ютуқлар, хонадонларингизга файзу барака тилайман.
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ғам-қайғусиз ҳаётни кутиб яшаётган қизга «Сиз кутаётган кун бу дунёда ҳеч қачон келмайди», деб айтиш керак.
Аллоҳ таоло «Биз инсонни машаққатда яратдик», деган (Балад сураси, 4-оят).
Бу ҳаёт – ғам-ташвишли, азоб-уқубатли, машаққатли ҳаётдир. Мўмин одам буни жуда яхши тушунади. Бу дунёда қийналса, азоб чекса, охиратда албатта хурсанд бўлишини билади. Инсон мукаммал бахтни фақатгина охиратда топади. Шунинг учун улуғлардан бирига «Мўмин қачон роҳат топади?» деб савол беришганда, «Иккала оёғини ҳам жаннатга қўйганида», деб жавоб берган экан.
Аллоҳнинг меҳрибонлигини қарангки, охират ҳақида ўйлаб, унга тайёргарлик кўриш ҳаётни гўзал қилади, қайғуларни камайтириб, унинг салбий таъсирини енгиллатади, қалбда розилик ва қаноатни зиёда қилади, дунёда солиҳ амалларни қилишга қўшимча шижоат беради, мусибатга учраганларни бу ғам-ташвишлар, азоб-уқубатлар бир кун келиб, бу дунёда бўлсин ёки охиратда бўлсин, барибир якун топишига ишонтиради. Охират ҳақида ўйлаб, фақат солиҳ амаллар қилишга интилиш инсонни бахтли қилади.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Кимнинг ғами охират бўлса, Аллоҳ унинг қалбига қаноат солиб қўяди, уни хотиржам қилиб қўяди, дунёнинг ўзи унга хор бўлиб келаверади. Кимнинг ғами дунё бўлса, Аллоҳ унинг дардини фақирлик қилиб қўяди, паришон қилиб қўяди, ваҳоланки дунёдан унга фақат тақдир қилинган нарсагина келади».
Аллоҳ таоло фақат охират ғами билан яшайдиган (охират ҳақида кўп қайғурадиган, ҳар бир амалини охирати учун қиладиган) қизнинг қалбини дунёнинг матоҳларидан беҳожат қилиб қўяди. Қарабсизки, бу қиз ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзини бахтли ҳис қилади, ҳаётидан рози бўлиб яшайди. Хотиржамликда, осойишталикда, қаноатда яшагани учун истамаса ҳам қўлига мол-дунё кириб келаверади. Зеро, Аллоҳ таоло охират ғамида яшайдиган, шу билан бирга, ҳаётий сабабларни ҳам қилиш учун ҳаракатдан тўхтамаган кишининг ризқини кесмайди, уни неъматларига кўмиб ташлайди.
Аммо Аллоҳ таоло бор ғам-ташвиши дунё бўлган қизни фақирлар қаторида қилиб қўяди. Бундай қиз мол-дунёга кўмилиб яшаса ҳам, ўзини фақир, бечора ҳис қилаверади. Натижада дарди янгиланаверади, дардига дард қўшилаверади, фикрлари тарқоқ бўлиб, изтиробга тушади. Афсуски, шунча елиб-югургани билан фақат дунёнинг неъматларига эриша олади, охиратда насибаси бўлмайди.
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.