Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Август, 2025   |   19 Сафар, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:02
Қуёш
05:30
Пешин
12:33
Аср
17:22
Шом
19:29
Хуфтон
20:50
Bismillah
13 Август, 2025, 19 Сафар, 1447

Алишер Навоий асарларида исро ва меърож тавсифи

24.06.2020   1438   7 min.
Алишер Навоий асарларида исро ва меърож тавсифи

Маълумки ислом тарихи Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг туғилишларидан то ҳозирги кунимизгача бўлган даврни қамраб олади. Бу тарихнинг энг аввали, яъни Пайғамбаримиз салолоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари ислом тарихининг асосий босқичидир. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари шу кунгача кўпчилик тарихчилар хоҳ мусулмон, хоҳ ғарб олимлари томонидан ўрганиб келинмоқда.

Шунингдек бу борада бизнинг юртимиз олимлари томонидан ҳам кўпгина ишлар қилинган, асарлар битилган. Шулар қатори мумтоз адабиётимиз намоёндалри ҳам бу соҳада кўпгина асарлар битишган. Масалан Носириддин Рабғузий “Қисаси Рабғузий” Алишер Навоий “Тарихи анбиё ва ҳукамо” кабилар.

Ислом тарихининг ҳар бир босқичи буюк аҳамиятга эга. Шулар қаторида Исро ва меърож ҳодисаси ҳам ислом тарихининг муҳим босқичларидан бири ҳисобланади. Шу маънода бизниг мумтоз адибларимиз ҳам бу воқеани ўз шеру рубоийлари, ғазалу достонларида ўзига хос тасвирлаганлар. Масалан Бобораҳим Машрабнинг:

  Кел, энди Жаброил, Аршни супурғил,

Анга меҳмон бўлгани Расулуллоҳ келадур – деб бошланувчи ғазалини ёзган.

Буюк шоир, ғазал мулкининг султони Алишер навоий ҳам ўз ижодларида бу воқеага ўзига хос бадий тавсифлар беради. Масалан, шоир “Бадойиъ ул бидоя” асаридаги Расулуллоҳнинг таърифида шундай дейди:

Шарбати «юҳйил-изом» эрни майи нобиндадур,

Сурайи «ваш-шамс» тафсири юзи бобиндадур,

Шарҳи «мозоғал-басар» наргислари хобиндадур,

Лайлатул-меърожнинг шарҳи сочи тобиндадур,

Қоба қавсайн иттиҳоди қоши меҳробиндадур[1].

Бу муҳаммасда шоир Қуръони карим оятлари билан Расулуллоҳни сафатлаяпти. Биринчи қаторда Ёсин сурасининг 78 оятидаги «юҳйил-изом»[2] яъни суякларни тирилтирувчи сув эрнинг тоза майи (манийсида) эканини хабарини бераяпти. Иккинчи қаторда эса “Ваш шамс” сурасининг биринчи оятидаги “Ваш шамси ва зуҳаҳаа” [3]оятини тафсири Расулуллоҳнинг юзларида экани тасвирлаяпти. Учинча қаторда эса “Нажм” сурасининг 17 оятидаги:  «мозоғал-басар»[4] ни Расулулоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг уйқусидаги кўзларининг ҳолатини тасвирлайди. Тўртинча қаторда Лайлатул меърож – меърож туннинг шарҳи сочи тобинда эканлиги айтади. Бу ердаги “тоб”нинг бир неча маънолари бўлиб, улар 1) ҳарорат, иссиқлик; 2) куч-қувват, бардош; 3) ўрам, жингалак[5] маънолари экан. Шулардан келиб чиқиб Расулуллоҳнинг сочларининг ҳарорати, бардоши “лайлатул меърож” – мерож туннинг шарҳи ҳисобланар экан.

Яна бу қаторда йигирманчи асрга келиб кашф қилинган буюк мўъжизага ишора бор. Байтда айтилганидек Расулуллоҳнинг сочларининг ҳарорати меърож тунига шарҳдир. Бу шарҳни бир гуруҳ япон олимлари ўзлариниг илмий тажрибалари орқали топдилар. Улар: Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳақиқатдан ҳам меърожга яъни фазога кўтарилган бўлса, у кишида нурланиш бўлиши керак деб расулулоҳнинг мўйи мубораклари – сочларини нурланишни ўлчайдиган асбоб билан текшириб кўришибди. Тажриба шундоқ бўлибдики Расулуллоҳнинг сочларидаги нурланиш миқдори энг юқори даража экан. Бу мўжизани кўрган барча олимлар имонга келишибди.

Энди охирги бешинча қаторда эса Алишер Навоий Меърож тунида Жаброил алайҳиссаломнинг   Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга  “Қоба қавсайн” яъни икки камон миқдорида яқинлашганини жуда чиройли ўхшатиш яъни икки қош туташган жой - қоши меҳробидек эканлигини айтади.

Яна шоир “Хазоинул маоний” девонинг Наводир уш-шабаб қисимида Расулулоҳни таърифлаб шундай дейди:

Зиҳе бошинг уза ва-ш-шамс зеваридин тож,

Сочинг саводида тафсири лайлат-ул-меърож[6].

Яъни, бошингдаги “Ваш шамс” безагидан бўлган тож қандай яхши. Сочингнинг қоралиги эса Лайлатул меърожнинг тафсиридир.

Яна шу асарнинг “Бадоъ ул-васат” бўлимида шундай байт бор:

Ҳашрға тегру меърожинг афсонаси,

Хайли хайл малойик аро можаро[7].

Яъни, “Эй расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам меърожинг афсонаси Ҳашр кунигача фаришталар аро можаро бўлади”.

Яна “Хазоинул маоний” китобининг учинчи қисми Фавоид ул-кибар асарида Меърож тунидаги бир ҳолат, яъни Аллоҳдан Расулуллоҳнинг умматлари учун мағфират сўраб турган ҳолатини тасвирлайди:

Тилаб уммат гуноҳин ҳар неким истаб топиб бахшиш,

Зиҳи сойил, зиҳи бозил, зиҳи рифъат, зиҳи меърож[8].

Яъни, Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам умматнинг гуноҳининг мағфиратини сўраб, ҳар нимаики истаса бахшиш – инъом топди. Бунда сўровчига ҳам, бозил – саҳига ҳам, кўтарилиш ва меърожга офаринлар бор.

Бундан ташқари Алишер Навоийнинг яна кўпгина асарларида меърож васфи ва ундаги воқеалар ҳақида ҳам байтлар бор. Масалан биргина “Ҳамса”нинг бешала достонида ҳам Исро ва Меърож воқеасига бағишланган боблар бор. Масалан “Хайрат ул-аброр” ва “Фарҳод ва Ширин” достонларининг бешинчи боби, “Лайли ва Мажнун”, “Сабъаи Сайёр” ва “Садди Искандарий” достонларининг тўртинчи боби айнан Исро ва Меърож воқеаси тавсифидан иборат.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак Исро ва Меърож воқеаси нафақат ўз даврининг балки ундан кейин келган ҳар бир мусулмоннинг, у шоирми ёки олимми ёки оддий одамми ҳаммага бирдек қизиқ. Чунки бу Ислом тарихидаги буюк кишининг ҳаётидаги буюк воқеадир.

 

Тошкент ислом институти

 “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари”

кафедраси ўқитувчиси Юсуф Абдурахимов

 

[1] Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. Биринчи том. Бадойиъ ул-бидоя. Ўзбекистон сср «Фан» нашриёти. Тошкент.1987 й. 593 бет.

[2] Оятнинг тўлиқ шакли: “У Бизга: «Чириб кетган суякларни ким ҳам тирилтира олур?»– деб, нақл келтирди-ю, (аммо) ўзининг (қандай) яралганини унутиб қўйди”. (Ёсин 78) Шайх Абдулазиз Мансур таржимаси.

[3] Оятнинг маъноси: “Қасамёд этаман Қуёш ва унинг зиёси билан”.

[4] Оятнинг тўлиқ маъноси: “(Пайғамбрнинг) кўзи (четга) оғгани ҳам йўқ, ўз ҳаддидан ошгани ҳам йўқ.”

[5] Навоий асарлари учун қисқача луғат. Ботирбек Ҳасанов. Тошкент. “Фан” нашриёти. 1993й. 280 бет.

[6] Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. Тўртинчи том. Ҳазоинул маоний  Наводир уш-шабоб. Ўзбекистон сср «Фан» нашриёти. Тошкент.1989 й. 69 бет.

[7] Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. Бешинчи том. Ҳазоинул маоний  Бадоеъ ул-васат. Ўзбекистон сср «Фан» нашриёти. Тошкент.1990 й. 7 бет.

[8] Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. Олтинчи том. Ҳазоинул маоний  Фавоид ул-кибар. Ўзбекистон сср «Фан» нашриёти. Тошкент.1990 й. 68 бет.

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Қуръон ўқувчининг фазилатлари

14.03.2025   12110   9 min.
Қуръон ўқувчининг фазилатлари

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Умматимнинг шарафлилари Қуръонни (ёдлаб) олиб юрувчилар ва кечаси қоим бўлувчилардир” (Имом Табароний ривояти).

Анна розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонлар ичида Аллоҳнинг хос бандалари бор”, дедилар. Улар кимлар, деб сўрашди. У зот алайҳиссалом “Қуръон аҳли – Аллоҳнинг аҳли ва хос бандаларидир”, деб жавоб бердилар (Имом Ибн Можа ривояти).

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ё Али, Қуръонни ўрганиб, уни ўргатгин. Шунда вафот қилсанг, инсонлар худди Аллоҳнинг байтини тавоф қилганлари каби фаришталар қабринг атрофини тавоф қилади” (Имом Абу Нуайм ривояти).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, Уни ўргатганларингиздир” (Имом Бухорий ривояти).

Абу Ҳарайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қуръон бойликдир, ундан сўнг фақирлик йўқ, ундан бошқа бойлик ҳам йўқ” (Имом Абу Аъло, Имом Табароний ривояти).

Қуръони карим зиё, ойдинлик сочган бир нурдир. Қуръони каримни ёд олиш мусулмонлар зиммасидаги фарзи кифоядир. Яъни, бир шаҳарда Қуръони каримни ёд олмаган ҳофиз инсон бўлмаса, шаҳар халқининг барчаси гуноҳкор бўлади. Бир ёки бир неча инсоннинг Қуръонни ёд олиши билан уларнинг устидаги фарз соқит бўлади.

Кунлардан бир кун қориларнинг султони Ҳофиз Исҳоқ Мавлоно Жалолиддин Румийнинг ҳузурига келди. Мавлоно унга катта ҳурмат кўрсатиб, ўрнидан турди ва юқорига чиқиб ўтиришини илтимос қилди: “Меҳмонни қандай иззат-ҳурмат билан кутиб, уни уй тўрига ўтқазиш лозим бўлганидек, Қуръони карим қориларини ҳам худди шундай иззат-ҳурмат билан кутиб олиб, энг юқорига таклиф қилиш лозимдир. Қалбида Қуръони карим нури бўлган инсон жаҳаннам юзини кўрмас! Бир қоғоз парчасига Қуръони карим ояти ёзилган бўлса, унга ҳурмат кўрсатиб, уни оловга отмаслар, бунга Қуръони карим ёзилган дерлар. Қалбида Қуръони карим нури бўлган, бутун бир Қуръони каримни ўзига жо қилган бўлса, уни қандай қилиб, жаҳаннамга отишади?” деди.

Қуръони каримни қалбига ва ҳофизасига нақш этган илк инсон Пайғамбаримиз ҳазрат Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар. Улардан кейин тўрт буюк халифа ҳазрат Абу Бакр, ҳазрат Умар, ҳазрат Усмон ва ҳазрат Али розияллоҳу анҳумдир. Саъд ибн Абу Ваққос, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абу Мусо Ашъарий, Абу Ҳурайра, Муоз ибн Жабал, Убай ибн Каъб, Абу Зарр Ғифорий, Абу Дардо, ҳазрат Оиша розияллоҳу анҳум каби саҳобийлар Қуръонни ёд олишган.

Имом Бухорий, Ибн Сино, Амур Темур каби улуғ аждодларимиз, буюк алломаларимиз Қуръони каримни жуда ёшликларидаёқ ёд олганлар.

Ҳофиз фақат Қуръони карим лафзини ҳофизасига олиб, ёдлаган бўлиши эмас, балки унинг маъносини қалбига жо қилган, ҳукмларини муҳофаза этган, уни яхши кўрган, буйруқларига итоат этиб, қайтариқларидан қайтган бўлиши керак. Қуръонни унутган, Қуръонга амал этмасдан, дунёнинг зеб-зийнатларига алданган инсонни Қуръон ҳам унутади ва Маҳшар куни унга жуда оғир бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимнинг энг шарафлиси Қуръони каримни ёд олганлардир”, деганлар.

Ҳазрат Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан келган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръони карим аҳли (яъни, уни ўқиган ва унга амал қилган инсонлар) жаннатга кириши билан “Ўқи ва юксал!” дейилади. У эса ўқиб, юксалади. Ҳар оят учун бир даража берилади. Шу усулда у билган оятларини охиригача ўқийди (ва ҳар бири учун бир даража юксалади)”, деганлар.

Муоз ибн Жуҳайний розияллоҳу анҳудан келтирилган ривоятга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Қуръони каримни ёдлаб, унга амал қилса, қиёмат кунида унинг ота ва онасига бир тож кийдирилади. У тожнинг зиёси дунёда уйлардаги қуёш нуридан ҳам порлоқ”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Буюк валийлардан бири Суфёни Саврий “Киши Қуръони каримни ўқиган пайтда фаришта унинг икки кўзи орасидан ўпади. Яъни, ўқувчига ҳурмат ва ўқиганига таъзим учун фаришталар Одам боласидан Қуръони каримни тинглашга зиёда ошиқдир”, деган (“Иҳёу улумид дин”дан).

﴿إِنَّ الَّذِينَ يَتْلُونَ كِتَابَ اللَّهِ وَأَقَامُوا الصَّلَاةَ وَأَنْفَقُوا مِمَّا رَزَقْنَاهُمْ سِرًّا وَعَلَانِيَةً يَرْجُونَ تِجَارَةً لَنْ تَبُورَ لِيُوَفِّيَهُمْ أُجُورَهُمْ وَيَزِيدَهُمْ مِنْ فَضْلِهِ إِنَّهُ غَفُورٌ شَكُورٌ﴾

«Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиган, намозни баркамол адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора эҳсон қиладиган зотлар сира касод бўлмайдиган тижоратдан (ажру савоб бўлишидан) умидвордирлар. Зеро, (Аллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз фазлини уларга янада зиёда қилур. Албатта, У мағфиратли ва ўта шукур қилувчидир» (Фотир сурасии, 29-30).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонни ўқиган ва унга моҳир бўлган қорилар улуғ ва мукаррам фаришталар билан бирга бўлади, Қуръонни тутилиб-тутилиб ўқиган ва қироат унга машаққатли бўлган киши учун икки ажр бордир”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бу Китоб (Қуръон) билан баъзи қавмларнинг даражасини кўтаради ва баъзи қавмларнинг даражасини туширади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръон ўқинглар, зеро у қиёмат кунида ўз эгалари учун шафоатчи бўлиб келади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фақат икки нарсада ҳасад (ҳавас маъносида) қилиш жоиз: Аллоҳ унга Қуръонни ато қилган бўлиб, кечаю кундуз унинг тиловати билан машғул бўладиган кишига ва Аллоҳ таоло унга мол дунё ато қилган бўлиб, кечаю кундуз уни инфоқ қиладиган кишига”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ таолонинг Китобидан бир ҳарф ўқиса, бунинг баробарига у киши учун бир яхшилик берилур. Алиф, лам, мимни бир ҳарф деб айтмайман . Балки алиф бир ҳарф, лом бир ҳарф ва мим бир ҳарфдир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганлари ривоят қилинади: “Аллоҳ таоло айтади: “Кимни Қуръон ўқиш ва менинг зикрим уни бошқа нарсаларни сўрашдан тўсиб қўйса, мен унга сўраганларга берганимдан кўра кўпроғини бераман. Аллоҳ таоло каломининг бошқа каломларга нисбатан фазли Аллоҳ таолонинг бандаларга нисбатан фазли кабидир” (Имом Термизий ривояти).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Қалбида Қуръондан ҳеч нарса бўлмаган инсон хароба уй кабидир” (Имом Термизий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қуръон ўқинглар зеро, Аллоҳ таоло Қуръонни ёд олган қалбни азобламайди. Албатта, бу Қуръон Аллоҳ таолонинг зиёфатидир. Ким унга ташриф буюрса, омонда бўлади. Кимки Қуръонни яхши кўрса, бас, у қувонсин”, дедилар (Имом Доримий ривояти).

Абдулҳамид ибн Ҳаммоний айтадилар: “Мен Суфён Саврийдан: “Сиз учун ғазот қиладиган киши суюклими ёки Қуръон ўқийдиган кишими?”, деб сўрадим. Шунда у зот: “Қуръон ўқийдиган киши. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, уни (бошқаларга) ўргатганларингиздир”, деб жавоб бердилар.

Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръон (қироати)га моҳир киши итоаткор улуғ фаришталар биландир. Қуръонни тиловат қилиб (тили) дудуқланган ва бу унга машаққат бўлган киши учун икки ажр бордир”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Қуръони карим тунлари бедор бўлиб қироат қилиб чиққан кишини Қиёмат кунида шафоат қилади. Бу ҳақда Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Қуръон ва рўза Қиёмат куни бандани шафоат қилади. Рўза: “Эй Роббим, мен (бандангни) кундузлари таом ва ўзи қаттиқ хоҳлаб турган нарсалардан тўсдим, мени унга шафоатчи қилгин”, деб айтади. Қуръон: “Роббим, мен уни тунлари уйқудан қўйдим, мени унга шафоатчи қилгин”, дейди ва иккиси бандани шафоат қилади”.

Мақолалар