Британияда ўтказилган «Йил раҳбари» нуфузли танлов мукофотига халқаро хайрия ташкилотининг биринчи аёл бош раҳбари Ридвана Уоллес Лаҳер сазовор бўлди.
Уоллес Лаҳер 1 сентябрь куни Бирмингемда бўлиб ўтган тақдирлаш маросимида бош совринни қўлга киритди. Бу ҳақда Wakefield Express манбаси хабар берди.
«British Asian Professional Awards 2023»танловида «Йилнинг бош раҳбари» мукофотини қўлга киритиш мен учун шарафдир», дейди Уоллес Лаҳер.
– Бу эътироф нафақат шахсий ютуқ, балки жамоамнинг саъй-ҳаракатлари ва ижобий ўзгаришларни илгари суриш мажбуриятимизга ҳурматдир. Мен хилма-хиллик ва инклюзивликни қадрлайдиган жамиятнинг бир қисми эканлигимдан фахрланаман. Бундан кейин ҳам муваффақият ва имкониятлар йўлини кенгайтиришда давом этаман.
Oceanic Consulting томонидан ташкил этилган Британия Осиё Профессионал мукофотлари Британия ҳамжамиятида муҳим роль ўйнайди.
Уоллес Лаҳер шу йил бошида халқаро мусулмон хайрия ташкилотининг янги бош ижрочи раҳбари этиб тайинланган. У биринчи мусулмон аёл сифатида тарихга кирди.
У таълим ва хайрия соҳасида қарийб 20 йилдан бери етакчилик қилиб келмоқда. Катта тажрибага эга бўлган Уоллес Лаҳер инновациялар, ҳамкорлик ва рақамли трансформацияни тарғиб этиш орқали ташкилий ўсиш ва диверсификацияни рағбатлантирди.
Ҳар бир тарихий обида – халқимиз тарихи ва маданиятининг гувоҳи. Мирзачўл ҳудудида жойлашган “Ёғочли сардоба” ҳам ана шундай ноёб ёдгорликлардан бўлиб, унинг меъморий тузилиши ва муҳандислик ечими ўз даврининг илғор билимларига таянилганини кўрсатади.
– Сардобанинг гумбазсимон тузилиши, 15 метрлик ички диаметри ва 12 метр баландлиги уни нафақат амалиётда самарали, балки архитектура жиҳатдан ҳам ўзига хос намуна сифатида намоён этади. Ердан икки метр баландликдаги туйнуклар, салқинликни сақловчи вентиляция тизими, симметрияли қурилиши ва девор қалинлигининг юқорига кўтарилган сари юпқалашиб бориши – буларнинг барчаси сардобанинг бетакрорлигигидан далолат беради,– дейди тарихчи-археолог Солижон Қудратов.
Сардобага арксимон кириш қисми орқали ғиштли зинапоялардан фойдаланиб тушилади. Кириш қисмидаги йўлакча устидан эса хизматчилар учун махсус хоналарга чиқиш мумкин бўлган айланма зинапоя қурилган.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётган бир пайтда “Ёғочли сардоба” ҳам қайта тиклаш ишлари доирасида ўрганилмоқда. Баъзи реконструкция ишлари бошланган бўлса-да, маълум техник ва молиявий сабабларга кўра, қурилиш вақтинча тўхтаб қолган.
– Энди бу масканни тўлиқ таъмирлаб, туристик маршрутларга қўшиш, атрофида дам олиш масканлари, сув йўллари, маҳаллий ҳунармандчилик объектларини ривожлантириш режалаштирилган. Бунда давлат-хусусий шериклик асосида ёш тадбиркорларни ҳам жалб этиш кўзда тутилмоқда, – дейди Сирдарё вилоят ҳокимининг ўринбосари Шоҳруҳ Исоқулов.
“Тошкент – Самарқанд – Бухоро” магистраль йўли бўйлаб жойлашган “Ёғочли сардоба” ҳозирнинг ўзидаёқ саёҳатчилар диққатини ўзига тортмоқда. Шу боис, яқин истиқболда бу иншоот нафақат тарихий ёдгорлик, балки маданий-маърифий тадбирлар ўтказиладиган, маҳаллий ва халқаро туризмни қўллаб-қувватлайдиган муҳим марказга айланиши, шубҳасиз.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири